Анвар Ғофуров: "Чемпионликни муносиб ҳимоя қилиш учун барча куч ва маҳоратимизни ишга солишга тайёрмиз"

Sherzod Nurmatov
30 дек 2026, 20:04
"Нефтчи" ҳимоячиси Анвар Ғофуров клуб матбуот хизматига интервью берди.

- Ортда қолган мавсум ҳақида фикрларингиз...

Ортда қолган футбол мавсуми биз учун жуда катта масъулиятли бўлгани билан бир қаторда бизга катта қувонч бағишлади. 

- Бу мавсумда сиз учун эсда қоларли ва энг оғир кечган ўйинларни айтиб бера оласизми?

Эсда қоларли ўйинларимиз кўп бўлди. Жумладан, "Динамо", "Насаф" ва "Қизилқум"га қарши ўтказган сўнгги ўйинимиз ажойиб тарзда кечди. Ушбу беллашувларда қозонилган ғалабалардан жамоамиз аъзолари ўзгача завқ олишди. Аммо мавсум давомида бизни ранжитган учрашувлар эса "Пахтакор" жамоасига қарши ўтказган баҳсларга тўғри келади, чунки ўз майдонимизда ҳам, сафардаги учрашувда ҳам имкониятни тошкентликларга бой бердик.

- Сиз Суперлигада чемпион бўлишимизга ишонганмидингиз? Чемпионликни қўлга киритганингиздан кейинги илк ҳис-туйғуларни қандай сўзлар билан изоҳлайсиз?

- Ҳа, биз Суперлигада чемпион бўлишимизга тўла ишонч ҳосил қилган эдик ва чемпионликни қўлга киритганимиздан сўнг хаёлимга келган дастлабки фикрим, йил бошида олдимизга қўйилган юксак мақсад ва вазифаларни шараф билан бажардик. 

- Севимли жамоамизнинг жонкуяр мухлислари ҳақида фикрингиз қандай? Сизнингча, "Нефтчи" мухлислари бошқа жамоа мухлисларидан ажралиб турадиган жиҳатлари нимада? 

- Жонкуяр ва ашаддий мухлисларимиз бу йил ҳар йилгиданда кўра бизга жуда катта далда бўлишди. Бошқа жамоа мухлисларидан ажралиб турадиган жиҳатларидан бири, олис масофага қарамай барча сафар учрашувларимизда мухлисларимиз бизга 12-ўйинчи вазифасини аъло даражада бажариб келишганлари бўлди.

- Мавсум давомида сизни энг кўп руҳлантирган гол ёки эпизод қайси бўлди? 

- Йован Жокичнинг учрашувнинг сўнгги дақиқаларида "Қўқон-1912" дарвозасига урган голи ва Аброр Исмоиловнинг "Андижон"га урган голи мени жуда руҳлантирди десам, асло муболаға бўлмайди. 

- Янги мавсум олдидан қандай фикрдасиз? Мухлисларга айтар сўзингиз...

- Янги мавсум бошланмасдан туриб катта хис-ҳаяжонни сезмоқдамиз. Шу билан бирга, келаси мавсумда ҳамма жамоаларга омад тилайман. Биз эса чемпионликни муносиб ҳимоя қилиш учун барча куч ва маҳоратимизни ишга солишга тайёрмиз. Севимли жамоамизнинг футболсевар ва жонкуяр мухлисларини кириб келаётган Янги йил билан табриклайман!

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: "Нефтчи" матбуот хизмати