ЖЧ-2014. Мундиал иштирокчилари - Аргентина
09 jun 2014 19:21
News
ЖЧ-2014. Мундиал иштирокчилари - Аргентина
Аргентина термаси дунёнинг энг совриндор жамоаларидан бири ҳисобланади. Аргентина Франция каби ФИФАнинг барча мусобақаларида ғалаба қозонган. Жаҳон чемпионати, Олимпиада ва Конфедерациялар кубогида Марадона юрти вакиллари бош совринга эга чиқишган. Шунингдек улар ўз минтақаларида ҳам бир неча бор чемпионликни қўлга киритишган.
Аргентина ҳар доим ҳар қайси чемпионатда қатнашмасин, фақат фаворит сафида эътироф этилиб келинади. Аргентина сўнгги бор 1986 йилда Жаҳонда тенгсиз бўлган. Шундан кейин Аргентина халқаро майдонда соврин ютолмай келмоқда. Аргентина таркиб жиҳатдан ҳар қайси даврда энг кучлиларидан бири бўлиб келган. Ушбу терма жамоасида дунё футбол юлдузлари ҳаракат қилишган. Биргина Диего Армандо Марадона бутун бошли Аргентинани Жаҳон чемпиони бўлишида ўзининг ўлкан ҳиссасини қўшган. 1986 йилги мундиалда футбол афсунгари Марадона ўзининг бетакрор ўйинлари билан кўплаб футбол ишқибозларини олқишларига сазовор бўлган. Ўша мундиалда Аргентинани Жаҳон чемпионлигига етаклаган Марадона мусобақа "Олтин тўпи" соҳибига айланган эди. Шундан сўнг Аргентина футбол оламида катта танффус қилди. Гарчи Марадонадан кейинги авлод ҳам чакки бўлмаган бўлсада, Батистута, Верон, Айала, Симеоне, Лопез, Ортега, Кили Гонзалес, Креспо, Савиола каби футболчилар даврида Аргентина сайёрамизнинг энг йирик мусобақасида айтарли натижа кўрсата олишмаган.
ЖАРда бўлиб ўтган чемпионатда Аргентина ғолибликка асосий даъвогарлар қаторида эди. Аммо Диего Армандо Марадона бошчилик қилган Аргентина терма жамоаси 2010 йилдаги мундиалда ўзларидан кутилган натижани қайд эта олишмади. Жуда кучли таркибга эга бўлган аргентиналиклар чорак финалда Германиядан қақшаткич зарбани қабул қилиб олишади ва кутилмаганда ўз юришларини чорак финалда тўхтатишга мажбур бўлишади. Ўз таркибида Карлос Тевез, Гонсало Игуаин, Серхио Агуэро, Лионель Месси, Диего Милито сингари даҳшатли ҳужум чизиғига эга бўлган Аргентинани кўпчилик эрта чемпион қилиб юборишганди. Аммо бу каби қудратли ижрочиларни тўплаган Марадона жамоаси ҳамжиҳатликда ҳаракат қила олмаган эди.
Ушбу мундиал олдидан ҳам Аргентинанинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда. Ҳозирги таркиби ҳам аввалгисидан кучсиз эмас ва улар энг азалий рақиблари майдонларида ғалабани тантана қилишни режалаштиришмоқда. Айни пайтда Аргентинани Алехандро Сабелья бошқариб бормоқда. Ушбу мутахассис жамоада ички муҳитни анча яхшилаган ва Аргентинанинг жамоавий ўйин сифати ҳам сезиларли даражада ўсган.
Аргентина ўз гуруҳида сўзсиз фаворит ҳисобланади. Уларга қаршилик қилишга Босния ва Герцеговина, Нигерия ва Эрон терма жамоалари уриниб кўришади.
Аргентина терма жамоаси ҳақида:
Ташкил топган йил:
Минтақаси: КОНМЕБОЛ
Бош мураббий: Алехандро Сабелья
Жамоа сардори: Лионель Месси
Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Хавьер Занетти (145 ўйин)
Энг яхши тўпурар: Габриэль Батистута (56)
Илк ўйин: Уругвай - Аргентина 0:6 (1902 йил)
Энг йирик ғалабаси: Аргентина - Эквадор 12:0 (1942 йил)
Энг йирик мағлубияти: Боливия - Аргентина 6:1 (2009 йил)
Эришган ютуқлари:
Жаҳон чемпиони: (1978, 1986)
Америка кубоги соҳиби: 14 карра (1921, 1925, 1927, 1929, 1937, 1941, 1945, 1946, 1947, 1955, 1957, 1959, 1991, 1993)
Олимпияда ғолиби: (2004, 2008)
Конфедерациялар кубоги: (1992)
Аргентина терма жамоасининг якуний таркиби:
Дарвозабонлар: Серхио Ромеро («Монако», Монако), Марьяно Андухар («Катания», Италия), Агустин Орион («Бока Хуниорс»).
Ҳимоячилар: Мартин Демичелис, Пабло Сабалета (иккиси – «Манчестер Сити», Англия), Эсекиэль Гарай («Бенфика», Португалия), Федерико Фернандес («Наполи», Италия), Маркос Рохо («Спортинг», Португалия), Уго Кампаньяро («Интер», Италия), Хосе Басанта («Монтеррей»).
Ярим ҳимоячилар: Хавьер Маскерано («Барселона», Испания), Фернандо Гаго («Бока Хуниорс»), Лукас Биглия («Лацио», Италия), Аугусто Фернандес («Сельта», Испания), Энцо Перес («Бенфика», Португалия), Рикардо Альварес («Интер», Италия), Макси Родригес («Ньюэллс Олд Бойз»), Анхель Ди Мария («Реал», Испания).
Ҳужумчилар: Лионель Месси («Барселона», Испания), Серхио Агуэро («Манчестер Сити», Англия), Гонсало Игуаин («Наполи», Италия), Родриго Паласио («Интер», Италия), Эсекиэль Лавесси («ПСЖ», Франция).
Шаҳбоз Беғамов тайёрлади.
Comments