Latest news

11:04«Бухоро» «Локомотив» футболчиси билан шартнома тузди  1 10:40Лени Йоро «Арсенал»га қарши учрашувда жароҳат олди  2 10:12«Ювентус» юлдузи Лондонга кўчиб ўтишга яқин  0 09:46Неймар идеал футболчи қандай бўлиши кераклиги ҳақида фикр билдирди  2 09:17«Пахтакор» икки нафар футболчи билан шартнома тузганини эълон қилди  6 08:50Sofascore. Кечаги учрашув учун Ўзбекистон ОТЖ футболчилари қандай баҳоларга лойиқ кўрилди?  32 08:24Париж-2024. Япония муддатдан аввал плей-офф йўлланмасини қўлга киритди  18 08:00Ўртоқлик учрашуви. ОКМК «Машъал»ни кичик ҳисобда мағлуб этди  1 07:35Ўртоқлик учрашувлари. «Арсенал»дан камдек, Манчестер клубларида мағлубият ва бошқа натижалар  3 01:39Расман: Ўткир Юсупов — "Фулад" футболчиси!  11 01:32"Арсенал" Рафиньянинг трансфери бўйича "Барселона"га кўп миллионлик таклиф тайёрлайди  1 01:05Париж-2024. Ўзбекистон - Миср 0:1, Ҳимоядаги хато қимматга тушди  18 00:53"Атлетико" ва Испания терма жамоаси собиқ футболчиси фаолиятини якунлади  2 00:15РПЛ. Эсанов ҳаракат қилаётган "Акрон" меҳмонда "Факел"ни ишончли ҳисобда мағлуб этди  16 23:35Тимур Кападзе: "Иккала ўйинда ҳам ютишимиз мумкин эди"  128

«Зенит» - бош голеадор News

«Зенит» - бош голеадор

ФИФА кунлари, яъни терма жамоалар ўйинлари сабаб, миллий биринчиликларда кичиккина танаффус юзага келганидан хабарингиз бор, албатта.

Шундай фойдаланган footballhd.ru сайти Европадаги етакчи лигаларга статистика нуқтаи назаридан қараб, сентябрь якунларини таҳлил қилди. Яъни «Энг, энг, энг» даражасидаги эътиборли кўрсаткичларни ажратиб кўрсатди.

Интизом муҳим:

«Боруссия» (Дортмунд) ва «Герта»


Интизом масаласида айнан шу икки жамоанинг пешқадам эканлигида ажабланарли томони йўқ. «Герта» устози Пал Дардаи ўз шогирдларига ҳакамлар билан тортишишни қатъий тақиқлаб қўйган.  Бу Берлин жамоасининг ҳимоявий ҳаракатларида яққол сезилмоқда - футболчилар ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳакамлар қарорига эътироз билдиришмайди. Қолаверса, «Герта» вакиллари рақиблар ҳужумини асосан майда «фол»лар орқали тўхтатишади. «Боруссия»да эса қўполлик ва карточкалар сони камлигининг сабаби битта: Томас Тухель машғулотлар чоғи футболчилар қўлига теннис тўпчасини бериб қўяди. Бундан кўзланган мақсад тайин - футболчилар яккакурашларда бир-бирларининг формаларидан тортолмайдилар. Қарангки, шу қизиқ усул ўз самарасини беряпти. Хуллас, «Боруссия» ҳам, «Герта» ҳам чемпионат доирасидаги 5та ўйинда атиги 4тадан сариқ карточка олди, холос.

«Иккинчи қават» билимдони:

«Аугсбург»

Ҳа, ҳаводаги тўп учун курашларда энг  кўп  устун  келган жамоа - «Ауг-сбург». Бу факт кишини бироз ҳайратлантиради. Зеро, жорий мавсум «Аугсбург» сафида майдонга тушаётган бирор футболчининг бўйи 190 сантиметрдан баланд эмас. Демакки, жамоа аъзолари жисмоний куч ва тўғри позиция танлаш ҳисобига «иккинчи қават»да устунлик қилишмоқда. Одатда ҳимояда ўйнайдиган жамоа ҳаводаги тўплар учун курашга кўпроқ киришади ва бу борада яхшироқ натижа қайд этади. Бироқ «Аугсбург»да тўп назорати чакки эмас - 49 фоиз.  Яъни унинг ўйини фақат ҳимояга асосланган эмас. Шундай экан, битта учрашувда ўртача ҳисобда 25,4та «ҳаво кураши» ютилгани - феноменал натижа.

Ҳимоя «устуни»:

«Леганес»


Испаниянинг «Леганес» клуби примеро дебютанти ва шунинг учунми, асосий эътиборни ҳимоя чизиғига қаратмоқда. У майдонга асосан 4 нафар ҳимоячи ва 2 нафар таянч-бузувчи билан тушмоқда. Хуллас, жамоа ҳар бир ўйинда орқа чизиқда ўртача 24 марта тўпни олиб қўймоқда. Бироқ шуниси борки, бу борадаги фаоллик «Леганес»га унча наф бермаяпти: чемпионат доирасидаги дастлабки 7та учрашувда 10та гол қўйиб юборди.

Техникадан сабоқ:

«Ливерпуль»


5та топ-чемпионат бўйича олсак, энг кўп алдамчи ҳаракатлар «Ливерпуль» ҳисобида. Аслида Юрген Клопп комбинацион футболни йўлга қўймоқда, лекин шунинг баробарида футболчиларнинг  индивидуал сифатларига ҳам лоқайд қараётгани йўқ. Чунончи, унинг ихтиёрида маҳоратли ижрочилар етарли. Ахир Мане, Старриж, Вейналдум, Коутиньо ва Фирмино каби ҳужумкор футболчиларга эга бўла туриб, уларнинг дриблинг бобидаги хусусиятларидан фойдаланмаслик мумкинми? Қисқаси, «қизиллар» битта ўйинда ўртача 14,5 мартадан муваффақиятли алдамчи ҳаракатларни амалга оширишяпти.

Асосийси ҳужум:

«Реал» (Мадрид)

 «Реал»нинг доимо ҳужумкор футболга таяниши ҳеч кимга сир эмас. Мадридликлар хусусан, сентябрь ойида ҳам барчадан кўп ҳужум ташкил этишди. Ваҳоланки, жамоа етакчиси Криштиану Роналду 2 ҳафтача четда юрди. Шунга қарамай, «Қироллик клуби» кескин узатмалар (битта ўйинда 16,6та) ва дарвоза томон зарба йўллаш (битта ўйинда 8та) бобида энг юқори натижага эришди. Рақиблар орасидан ўтувчи «пас»лар сони бўйича «Барселона»дан ҳам ўзиб кетгани эса, шунчаки, космик кўрсаткичдир.

Узатмалар устаси:

«Бавария»

Пеп Гвардиола «Бавария»дан кетди, бироқ Мюнхен жамоасида тўп узатиш миқдори камайгани йўқ. Германия чемпионати пешқадами ўйиннинг ушбу элементи бўйича катта устунликка эга. Айни пайт Карло Анчелотти шогирдлари 90 дақиқа давомида ўртача ҳисобда 714 марта тўп узатишяпти. Бунинг нақадар космик рақам эканлигини англаш учун иккинчи яхши кўрсаткичга эга «ПСЖ»нинг натижасига қараш кифоя - ўртача 667та «пас». Боз устига, Париж суперклуби бундай статистикани нисбатан енгилроқ чемпионатда қайд этяпти.

Бош голеадор:

«Зенит»


Ҳа, футболнинг асосий мазмуни - гол масаласида «Реал», «Барселона», «Боруссия» ёки «Ювентус» эмас, балки «Зенит» пешқадам бўлиб турибди. Тўғри, питерликлар ички биринчиликда ўта кучли рақибларга дуч келишмади. Лекин факт шуки, улар ой давомидаги 6та ўйинда 25та гол уришди ва бу айниқса, Россия чемпионати учун супернатижа саналади. Айтиш жоиз, жамоа айни пайт ўз ўйинини қайта шакллантиряпти ва маҳсулдорлик меъёри ҳали янада ошиши мумкин.

Зарба беришга ўч:

Эдин Жеко


Босниялик доимо иқтидорли ҳужумчи сифатида таърифланган, бироқ уни «топ» ибораси ёрдамида мақташга тил айланмайди, барибир. Ҳарқалай, Эдин зарба йўллаш учун позиция танлаш бобида беназир, аммо унда фойдаланиш коэффициенти ҳамон паст. Эътибор беринг, Жеко битта ўйинда ўртача 5,8 марта зарба беряпти. Хуллас, 5та учрашувда рақиблар дарвозасини нақ 29 марта ўққа тутган футболчи атиги 4та гол билан кифояланди.

Аниқ «пас» тимсоли:

Николя Н~кулу


Бу борада кўпинча ҳали яхши танилмаган футболчилар ўзларини кўрсатишади. Николя Н~Кулу - «Лион» марказий ҳимоячиси. Унинг тўп узатиш бобида 94,9 фоизлик аниқликка эришаётганини асосан қисқа «пас»лар орқали ўйнаши билан изоҳлаш мумкин. Ҳарқалай, француз футболчисининг 55та узатмасидан атиги 2таси узоқда турган жамоадошига йўналтирилади.

Ҳимоя ҳаракатлари «пешво»си: Петрос Матеус

Н~Голо Канте жорий мавсум жаҳон футболида ҳимояда энг кўп ишлайдиган ўйинчи мақомини бериб қўйди. Чунончи, унинг янги клуби - «Челси» ўйинни кўпроқ назорат қилади ва унда тўпни тортиб олиш ёки узатмалар йўлини тўсиш асосий вазифа эмас. Лекин бу масалада янги қаҳрамон бош кўтарди. «Бетис»нинг таянч ярим ҳимоячиси Петрос сентябрь ойида битта ўйинда ўртача 5,3 марта тўпни тортиб олди ва 3 марта рақиб узатмаси йўлини тўсди. Хуллас, у бутун Европада энг яхши кўрсаткични қайд этиб турибди.

Кескинлаштирувчи узатмалар: Жулиано

«Энг, энг, энг» рўйхатига тушган «Зенит»нинг ягона вакили. Супержамоавий футболчи саналадиган Жулиано яқинида турган жамоадошларига «пас» беришдан ташқари, ақлга асосланган кескинлаштирувчи узатмалар устаси эканлигини исботлаяпти. У сентябрь ойида битта ўйинда ўртача 5,4 марта шундай узатмани амалга оширди. Яна бир эътиборли факт: Жулиано ижросидаги 7та кескин «пас» гол билан тугади.

Алдамчи ҳаракатлар:

Ибраим Траоре

Ўзи Ибраим айнан шу мавсум нур соча бошлади. Зеро, Андре Шуберт гвинеяликка энг мос келадиган позицияни топиб берди ва у эффектли ўйнашни пайсалга солмади. Хуллас, Траоре Менхенгладбах «Боруссия»сининг қарши ҳужум тактикасига идеал даражада киришиб кетди. Бунда тезкорлиги ва техник салоҳияти қўл келди. Ушбу вингер ўтган ой битта ўйинда рақибларини тезлик олганча 4,5 марта алдаб ўтишга муваффақ бўлди.

«Пас» билан ўйнаш:

Сократис Папастатопулос


Тан олиш керак, Дортмунд «Боруссия»си бу мавсум кенг доира бўлиб ўйнаш ва тўпни кўпроқ назорат қилиш бобида янада ёрқинроқ кўринмоқда. Табиийки, ҳужумларни ишонч билан бошлаш учун яхши «пас» берувчи марказий ҳимоячи зарур. Томас Тухель ихтиёрида бундай ижрочи бор. Орқа чизиқнинг марказий қисмида ҳаракатланувчи Сократис битта ўйинда шерикларини нақ 92,6 марта тўп билан таъминлаяпти. У бу кўрсаткич бўйича бутун қитъада тенгсиз.

Кросс иштиёқманди: Виллиан

Виллианнинг «Челси»даги ролига нисбатан оғиз кўпиртириб гапириш мушкул. Лекин бразилиялик футболчи жорий мавсум анча ўзгарди. Дейлик, қанот бўйлаб олдинга интилишга одатланди. Ҳар ҳолда, сентябрь ойида ҳар бир ўйинда ўртача 3,7 марта кроссга киришди. Умуман, у бу борада фаолликни янада ошириши ҳеч гап эмас. Чунончи, тезлиги ва дриблинг салоҳияти жойида.

«Иккинчи қават»да енгилмас: Шейк Н~дойе

Ҳаводаги тўплар учун курашда «Анже»нинг бақувват марказий ярим ҳимоячисига тенг келадигани йўқ. Бўйи нақ 192 сантиметрга тенг футболчи яккакурашларга барчадан кўп киришиб, уларда асосан устун келяпти. Шейк бу ишни майдоннинг исталган ҳудудида бажаришга тайёр: ҳар икки жарима майдонида ҳам, марказда ҳам ўта фаол. Рақамлар билан айтсак, Н~Дойе битта ўйинда 8,9та яккакураш якунида тўпнинг ўз жамоасига насиб этишини таъминлаяпти.

А. АҲМЕДОВ тайёрлади

Rating: +2   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика