Захирада ўтирмаслик учун Зидандан қочган ва ёруғликка чиқиш мақсадида "Арсенал"га ўтган Эдегор
30 jan 2021 18:05
News
Захирада ўтирмаслик учун Зидандан қочган ва ёруғликка чиқиш мақсадида "Арсенал"га ўтган Эдегор
Биринчидан, "Қироллик клуби"да рақобат доим кучли, иккинчидан эса, Зиданнинг эски "гвардия"сига бўлган ишончи жуда юқори. Эҳтимол, Зизу муносиб ва ҳали ҳам кучли "қариялари"га бундай эътибор қаратиши французнинг "Реал"даги фаолиятига қимматга тушиши мумкин. Сабаби клуб ва мураббий ўртасида зиддиятлар борлиги ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. "Қаймоқранглилар" раҳбарияти Зидан истиқболли футболчиларга етарлича вақт ажратмаяпти деб ҳисобламоқда. Чунки иқтидорли ёшларни ривожлантириш клубнинг стратегик устувор йўналишларидан биридир.
Сўзимизнинг ёрқин исботи — Мартин Эдегор. Иқтидорини эрта намоён қила олган норвегиялик "Реал" сафига қўшилишдан олдин турли қийинчиликлар ва қатор ижара серияларидан ўтган. Бироқ Мартин Зидан қўл остида айтарли имкониятга эга бўлгани йўқ. Унинг айтишича, мураббий мавсум бошида унга берган ваъдаси устидан чиқмаган. Таъкидлаш лозимки, Эдегор "Реал"га қайтишни истамаганига сабаб, у айниқса, сафар дастлаб икки йилга мўлжалланганини ҳисобга олиб, яна бир мавсум "Сосьедад"да ўйнаш фойдалироқ бўлади деб ҳисоблаган.
"Мадрид" муваффақиятли мавсумдан сўнг Мартинни Сан-Себастьяндан қайтариб олганди. Эдегор мунтазам равишда Модрич ўрнини эгаллашга кучи етадигандек ва "қаймоқранглилар" ярим ҳимоясида муҳим фигура бўладигандек туюлган. Аммо ҳеч бири кутилганидек бўлмади: норвегиялик атиги 367 дақиқа ўйнади, бу жамоадаги 19-кўрсаткич. Хўш, деярли ўйнамаётган 22 ёшли футболчи келажаги ҳақида нима дейиш мумкин? "Арсенал"да вазият ўзгариши керак. Ахир Эдегорга у ерда аввал Месут Озил ўйнаган бўш зонани тўлдиради деб ишонч билдиришмоқда.
"Арсенал" Мартин ижараси учун 2 млн евро берди ва маошини ҳам тўлиқ тўлайди
"Канонирлар"нинг нияти жиддий. Буни улар Мадриднинг захира футболчиси учун олти ойга 2 млн еврога тўлашга рози бўлгани ва бу вақт мобайнида норвегиялик олдидаги барча мажбуриятларни бажариш (маошини тўлиқ тўлаш)га тайёр эканидан билиш мумкин. Бу битимдан "Реал" Эдегор маошидан 2.8 млн евро тежайди ва 2 млн евро миқдорида пулга ҳам эга бўлади. Клуб ҳар бир центини тежаб сарфлашга мажбур бўлаётган ҳозирги шароит учун бу ёмон эмас. Эдегорнинг ижараси клуб ва Серхио Рамос шартномасига ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Ушбу ижара орқали келган пул "Мадрид" таклиф қилган ҳамда Рамос сўраётган фарқни қоплаб кетиши мумкин.
Ўз навбатида, "Арсенал" ва Микель Артета футболчининг ақл билан ўйнаб, узатмалар бериши "канонирлар" ҳужумига ўзига хослик бера олади деб ҳисоблайди.
Сўнгги вақтларда "Арсенал" 4-2-3-1 схемасида ўйнамоқда, марказий ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида 20 ёшли Смит-Роу ҳаракатланади. Эмиль умуман олганда ёмон ўйинчи эмас, бироқ ҳали кўп нарсани ўрганиши керак. Мартин ҳам жуда ёш, аммо унинг ҳисобида Эредивизие ва Ла Лигада ўтказган ажойиб мавсумлари бор. Шунчаки унга тўғри йўналиш, кўрсатма берилса етарли. Артета ҳам айнан шу иш билан шуғулланади. Норвегиялик футболчи ҳам янги жамоаси устозининг ишига ижобий муносабатдалигини билдирди: "Трансфер арафасида мен Артета билан гаплашдим. Бу жуда муҳим эди. Микелда топ-мураббий сифатлари бор, унинг футболга бўлган қарашлари ва ғоялари менга ёқди.
Мартин Эдегор ҳақида 5 факт
1. Норвегия термасида 15 ёшида дебют қилди
2014 йил 27 август куни 15 ёшли Эдегор илк бор Норвегия термасида ўйнади. Ва табиийки, жамоа тарихида энг ёш футболчи бўлди ва 104 йиллик рекордни янгилади. Мартин ўша куни БААга қарши ўртоқлик учрашувида асосий таркибда майдонга тушди ва 90 дақиқа ўйнади. Орадан икки ой ўтиб, ярим ҳимоячи Евро-2016 саралаш босқичи Болгарияга қарши баҳсда 27 дақиқа ҳаракатланди. Эдегор ҳисобида 25 ўйин, 1 гол ва 6 ассист бор (терма жамоа).
2. Унинг отаси у билан бирга "Реал"га ўтган
2015 йил 16 ёшда Мартин "Реал" сафига келиб қўшилади. Битимдаги шартлардан бири отаси Ханс Эрик Эдегор ҳам Мадрид клубида ишлашга ўтиши эди. Норвегиялик U-11 жамоаси бошқарувини ўз қўлига олди. У шартнома имзолаши учун 3 млн евро миқдорида бонусга эга бўлди, йиллик маоши эса 100 минг еврони ташкил этди. Ўша пайтда футболчининг отаси "Кастилья" мураббийи Зинедин Зидандан кўра кўпроқ топарди.
3. Мартин болалигида "Ливерпуль"ни қўллаб-қувватлаган
Эдегор ҳаттоки, биринчи жамоаси "Ливерпуль" билан бир нечта машғулот ҳам ўтказган. Ўшанда менежер Брендан Рожерс эди. Бу "Реал" билан шартнома имзолагунга қадар бўлган. 2014 йил берган интервьюсида Мартин шундай деган: "Ливерпуль" доим менинг орзумдаги клуб бўлган".
4. У фаолиятидаги энг бахтли дамларни Леонид Слуцкий қўл остида ўтказган
Россиялик мутахассис "Витесс"да ишлаганида норвегиялик учун мос ёндашувни топган: ўйинчи Слуцкий назорати остида 39 ўйинда майдонга тушди ва 11 гол уриб, 12 ассист берди. У Альгуасиль қўл остида "Сосьедад"да ҳам яхши ўйнади, лекин Мартин самарадорлиги бир мунча камтар кўрсаткичларни ташкил қилди (7+9).
5. Клубдаги умумий 216 учрашувдан 118 тасини ижарада ўтказди
Мартин фаолиятидаги ўйинларнинг 55 %ини ижарада ўтказди. Яқин ойлар ичида бу кўрсаткич ўсади: "Арсенал" Эдегорни ижарага олган "Херенвен", "Витесс" ва "Реала Сосьедад"дан кейинги тўртинчи жамоа ҳисобланади.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments