Latest news

10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли швециялик ҳужумчи билан шартнома тузди  1 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  2 09:45Игор Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  14 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  1 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  8 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  7 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  2 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  1 20:50Бруну МЮ раҳбарияти билан келиша олмаяпти  2

Ёшлар термасидаги шонли йўлини давом эттира олган ўзбекистонликлар News

Ёшлар термасидаги шонли йўлини давом эттира олган ўзбекистонликлар

Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидан кейин миллий терма жамоада ҳам ўзини намоён эта олган футболчилар ҳақида фикр юритамиз.

Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ўз тарихида бешинчи бор ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этади. Жорий мундиалда Осиё чемпионларидан улкан натижалар кутилмоқда. Ҳар ҳолда термамизнинг аввалги иштироклари ҳам чакки чиқмаган. Қолаверса, ҳар бир авлоддан бўлажак истеъдод эгалари етишган. Аммо уларнинг барчаси ҳам кейинчалик ёрқин ўйинчи бўлиб шаклланмаган. Қуйида ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган ҳамда юлдузлик касалига берилмасдан, клуб ва терма жамоа миқёсида ҳам ишончли ўйин намойиш эта олган футболчилар ҳақида фикр юритамиз.


1989 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати

Миржалол Қосимов


Ўзбек футболининг афсонаси ушбу мундиалда мамлакатимиз мустақилликка эришишидан илгари СССР терма жамоаси сафида иштирок этган. Тўғри, Қосимовдан илгари "Пахтачи", "Пахтакор", "Хоразм" каби клубларда фаолият олиб борган Фахриддин Исломов Мексикада ўтказилган кичик мундиалда иштирок этган (Нигерига қарши илк ўйинда асосий таркибда майдонга туширилиб, 66-дақиқада алмаштирилган). Бироқ унинг йўли терма жамоа билан туташмади.

Миржалол Қосимов эса 14 ёшидан бошлаб Собиқ Иттифоқ терма ўсмирлар терма жамоасида ўйнаган ҳамда жамоа сардори бўлган. Қаҳрамонимиз сардорлиги остида Собиқ Иттифоқ ўсмирлар терма жамоаси жаҳон ҳамда Европа чемпионатида зафар қучган. Шунга қарамай, Ўсмирлар ўртасида қаҳрамонликлар кўрсатиб келаётган Қосимов ёшлар ўртасидаги мундиалда антиқаҳрамонлардан бирига айланди. 

Гап шундаки, Миржалол Қосимов билан бир қаторда Андрей Тимошенко, Олег Саленко каби иқтидорларни ўзида жамлаган СССР ёшлар терма жамоаси гуруҳ босқичида юз фоизли натижа кўрсатиб, чорак финалга йўлланмани қўлга киритди. Ушбу босқичда Нигерияга қарши беллашув ҳам кутилганидан яхшироқ бошланди: жамоа 58-дақиқага келиб, 4:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Бироқ кейинчалик "қизиллар" осмонида қора булутлар пайдо бўла бошлайди ва учрашув якунига қадар ўз дарвозасидан тўртта тўп ўтказиб юборади. Пенальтилар сериясида эса айнан 6-рақамдаги ҳамюртимиз омади келмайди ва жамоаси мусобақа билан хайрлашади. Нигерия эса финалга қадар етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда Португалияга ютқазади.

Кейинчалик Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорига айланган Миржалол Қосимов жамоанинг асосий фигурасига айланди. Футболчи Ўзбекистон терма жамоаси сафида 67 ўйин ўтказган ва рақиблари дарвозасига 31 маротаба йўл топа олган. Осиё ўйинлари-1994 даги муваффақиятимизда ҳам Миржалол Қосимовнинг хизматлари катта бўлган. "Бунёдкор" жамоаси билан уч маротаба Ўзбекистон чемпионлиги, Ўзбекистон кубоги соҳиби ва ОЧЛда ҳали ҳеч бир ўзбекистонлик мураббий эришмаган чўққи, яъни ярим финалга қадар етиб борган. Ўзбекистон терма жамоаси билан эса ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритиш учун жуда яқин келганди. Ҳал қилувчи босқичга гуруҳда тўплар нисбатига кўра жамоамиз Бразилияга чиптасига эга чиқа олмай қолганди. Ҳозирда мутахассис Олмалиқнинг ОКМК клубида бош мураббий сифатида фаолият олиб бормоқда.

2003 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати

Игнатий Нестеров 

Терма жамоамиз тарихидаги энг яхши посбон ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги дастлабки иштирокида ҳам дарвозани қўриқлаган 12 рақамли посбонимиз жами 6 та тўп ўтказиб юборди. Шу жумладан, Аргентинага қарши учрашувнинг 90+2 дақиқасида Герман Эррера ҳужумда Игнатий Нестеров билан тўқнашиб кетади, сенегаллик ҳакам эса бу вазиятда 11 метрли нуқтага ишора қилади. Фернандо Кавенаги пенальтини аниқ ижро этиб, сўнгги лаҳзада ғалабани илиб кетади. 

Бир йил аввал миллий терма жамоа сафида Озарбайжонга қарши ўртоқлик учрашувида дебют қилган "Осиё Буффони" кейинчалик ишончли ўйинлари билан Евгений Сафоновнинг ўрнини эгаллайди ҳамда кетма-кет бешта Осиё кубогида иштирок этган ҳолда рекорд ўрнатади. Клублар миқёсида 13 карра Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби бўлган посбонга жорий мавсум аввалида бирор жамоа эшигини очмади.


Александр Гейнрих

Фото: Getty Images

Терма жамоада 17 ёшидаёқ дебют қилган Саша Бирлашган Араб Амирликлари яшил майдонларида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ёрқин келажагини башорат қилаётганларнинг ишончини оқлаган ҳолда гуруҳ босқичида иккита гол урди. Улардан бири 9-рақамли форвард томонидан Аргентина дарвозасига жаримадан киритилди.

Гейнрих кейинчалик ҳам ривожланишда давом этди ва Ўзбекистон терма жамоасининг асосий голеадорларидан бирига айланиб, 98 учрашувда 32 та гол уришга муваффақ бўлди. Айниқса, Самвель Бабаян даврида миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги муҳим голларига муаллифлик қилди. Шунингдек, у 2002 йил Ўзбекистоннинг энг футболчиси деб топилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон чемпионати ва кубоги, Россия ва Қозоғистон чемпионатларида ҳам чемпионлик титулига эга чиққан ҳужумчи 2018 йилнинг март ойида бутсаларини михга илди.


Жасур Ҳасанов

Фото: Alamy

Ҳадемай 40 ёшни қарши оладиган тезкор чап қанот ўйинчиси 2003 йилги кичик мундиалда атиги 20 дақиқа майдонда тўп тепади. Малига қарши баҳсда захирадан Марат Бикмаев ўрнига майдонга туширилган Ҳасанов жамоасига мағлубиятдан қутулишга ёрдам беролмайди. Ўша баҳснинг 90+1 дақиқасида Кулибали томонидан киритилган гол африкаликларга 3:2 ҳисобидаги ғалабани тақдим этади. Гарчи 6-рақамли футболчи навбатдаги ўйинларда захирада қолдирилганига қарамай, ўзини йўқотиб қўймайди.

2007 йил Украинага қарши учрашувда миллий терма жамоа сафида дебют қилган ярим ҳимоячи кейинчалик муҳим фигуралардан бирига айланди. Айниқса, 2011 йилги Осиё кубогида Жасур Ҳасанов ҳар томонлама ўзини намоён эта олди. Шунингдек, у терма жамоа билан 2015 йилги қитъа турнирида ҳам иштирок этди.

Беш карра Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби, шунингдек, Қатар чемпионати ғолибига айланган Жасур Ҳасанов ҳозирда Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.

2009 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати

Санжар Қувватов ва Шерзод Аъзамов

Фото: Alamy

Ўзининг учта геометрик кўринишга эга қадимий обидалари билан машҳур Африка мамлакати мезбонлик қилган турнирда иштирок этган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бу сафар ҳам иштирокини гуруҳ босқичида якунлашга мажбур бўлди. Гана, Уругвай ва Англия билан бир гуруҳдан ўрин олган вакилларимиз ягона бир очкосини Англияга қарши ўйинда қўлга киритди. Келгуси фаолияти ҳам ўхшаш бўлгани учун биргаликда тилга олган футболчиларимиз — Санжар Қувватов ва Шерзод Аъзамов ҳам иштирок этган. Иккала футболчи ҳам ўша вақтларда "Машъал" академиясидан эндигина униб чиққан ниҳол эди. Кейинчалик иккала футболчи "Насаф" таркибига қўшилди. Аъзамовда бу жараён анча эрта рўй берди. Буни қарангки, уларнинг йўли навбатдаги жамоа — "Пахтакор"да ҳам туташди. Амалдаги мамлакат чемпионлари бир муддат терма жамоага ҳам жалб этилди, аммо ҳозирда Сречко Катанец назаридан бироз четда турибди.


Ислом Тўхтахўжаев

Фото: Getty Images

Фарғоналик футболчи "Нефтчи"дан ёшлар термасига жалб этилди ва жамоанинг асосий метин қўрғонидан бирига айланди. Мундиалдаги қониқарсиз натижага қарамай, Тўхтахўжаев ўз ишлашда давом этди ва кўп йиллар давомида "Локомотив" ва терма жамоа сафида майдонга тушди. 33 ёшли футболчи айни дамда Қатарнинг "Ал Гарафа" жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.

2013 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати

Сардор Собирхўжаев

Фото: Getty Images

2011 йил Мексикада ўтган жаҳон чемпионатида барча ёқни ловуллатиб, кейинчалик бирдан сўнган авлоднинг чўғларидан бир қисми орадан икки йил ўтиб, Туркиядаги ёшлар мундиалида ҳам иштирок этди. Улардан бири Сардор Собирхўжаев эди. Сардор ўша вақтларда тилдан тушмайдиган футболчи эмасди, эҳтимол, ҳозир ҳам шундайдир, бироқ у майдонда катта ҳажмдаги кўринмас ишни амалга оширади. Шу боис, ҳамиша унга жой топилиб келган. Қардошларимиз мезбонлигидаги турнир биз учун омадли келди. Хорватия, Уругвай ва Янги Зеландияга рўбарў келган вакилларимиз 4 очко билан энг яхши учинчи ўрин соҳиблари қаторидан ўрин олди ва нимчорак финалга йўлланмани қўлга киритди. Ушбу босқичда эса Греция 3:1 ҳисобида таслим этилди. Афсуски, чорак финалда таркибида Погба, Зума, Умтити, Верету каби юлдузларни жамлаган Францияга кучимиз етмади. Ёшлар термасининг асосий таркиб футболчиларидан бўлган 18-рақамли ярим ҳимоячи кейинчалик бир қатор клублар шарафини ҳимоя қилгач, собиқ жамоаси "Бунёдкор" сафига қайтади ва янги қирраларини кашф эта бошлади. "Пахтакор"га келгач, эса Ҳамробеков билан ажойиб тандем ҳосил қила олди. 29 ёшли беш карра Ўзбекистон чемпиони ҳозирда миллий терма жамоага ҳам доимий равишда жалб этилмоқда.


Жалолиддин Машарипов

Фото: Getty Images

"Пахтакор" тарбияланувчиси кичик мундиалда асосан захирадан иккинчи бўлимда ўйинни кучайтириш учун майдонга туширилган. Кейинроқ Ўзбекистоннинг 23 ёшгача бўлган термаси сафида ҳам майдонга туша бошлаган хоразмлик ҳужумкор ярим ҳимоячи клубдаги фаолияти давомида ўсишга эришиб, "шерлар"нинг етакчиларидан бирига айланди. Кейинчалик араб ўлкасига йўл олган ҳамюртимизнинг ҳозирда Криштиану Роналду билан жамоадош эканлигини яхши билсангиз керак. Қолаверса, Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши футболчиси терма жамоада ҳам ўз ўрнига эга ўйинчи саналади.


Жамшид Искандеров

Фото: Getty Images

Хоразмлик яна бир истеъдод эгаси ёшлар жамоасининг асосий плеймекерларидан бири эди, аммо 3-тур доирасидаги Уругвайга қарши ўйиннинг 34-дақиқасидаёқ жароҳат олиб, майдонни тарк этган Искандеров кейинги учрашувларда жамоасига ёрдам бера олмайди. Ярим ҳимоячи Машарипов сингари U-23 термасида ҳам тўп тепишга улгурди. "Пахтакор"даги узоқ йиллик фаолиятидан сўнг "Локомотив" либосини кийган ўйинчи кўп ўтмасдан Кореяга йўл олади, аммо унинг сафари кўнгилдагидек бўлмайди. 2022 йилдан бери футболчи Наманганнинг "Навбаҳор" клуби шарафини ҳимоя қилиб келади.

Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги энг яхши футболчиси терма жамоа сафида 24 ўйинда 6 та тўп киритган. Бироқ миллий терма жамоанинг айни дамдаги бош мураббийи томонидан мунтазам йиғинларга жалб этилмаяпти. Шунга қарамай, 3 карра Ўзбекистон чемпиони клубдаги сермаҳсул ўйинлари орқали терма жамоага лойиқ эканлигини исботлашга уринмоқда.


Игорь Сергеев

Фото: Getty Images

Ҳозирда Қозоғистонда фаолият олиб бораётган ҳужумчи голеадорлик қобилиятини ёшлар ўртасидаги мундиалда ҳам намойиш эта олган ҳамда турнир давомида рақиблар дарвозасини уч бора аниқ нишонга олишга муваффақ бўлган.

"Пахтакор" тарбияланувчиси кейинчалик клуб билан биргаликда 4 марта Ўзбекистон чемпиони ва 2 бора мамлакат кубогини қўлга киритди. Шу билан бирга, 2015 йилги мавсум 24 гол билан чемпионат тўпурарига айланди. Шунингдек, ҳозирги жамоаси билан Қозоғистон чемпионатида ғолиб бўлди. 

Терма жамоа таркибида 2013 йил Иорданияга қарши баҳсда дебют қилган форвард Вьетнамга қарши иккинчи учрашувида терма жамоа сафидаги илк голини уришнинг уддасидан чиқди. Игорь ўзбекистонликлар билан 2015 йилги Осиё кубогида иштирок этиб, ўйинда битта тўп киритди. Умуман олганда, Сергеев миллий терма жамоа сафида 67 ўйинда 19 та тўп киритган.

2015 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати

Рустам Ашурматов

Фото: Getty Images

Янги Зеландия мезбонлик қилган 2015 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида терма жамоа футболчилари аввалиги мундиал сингари чорак финалга қадар етиб боришди. Эътиборли жиҳати, ўша авлодни мундиалга Равшан Ҳайдаров олиб борганди.

Гуруҳ босқичида Германия, Гондурас ва Фижига қарши майдонга саф тортган вакилларимиз сал қолмаса, сўнгги поғонада турнир эрта якунлаши мумкин эди. Дастлабки турда Гондурас, сўнгра Германияга имкониятни бой бериб қўйган ўзбекистонлик ёшлар охирги ўйинда Фижи дарвозасига жавобсиз учта тўп киритиб, иккинчи ўрин билан нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Чорак финалда австриялик тенгқурларини мағлуб этган юртдошларимиз чорак финалда Сенегалга 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйганди. 

Рустам мусобақанинг дастлабки учрашувида захирада қолдирилди, бироқ келгуси баҳсларда асосий таркибдан ўрин эгаллади. "Бунёдкор" тарбияланувчиси кейинчалик клубнинг ҳам асосий мудофаачиларидан бирига айланди. "Қалдирғочлар"даги ишончли ўйинлар кореяликларнинг қизиқишига сабабчи бўлди ва Ашурматов навбатдаги икки мавсумни ушбу мамлакат жамоалари либосида ўтказди. Ўтган мавсум эса "Навбаҳор" таркибида ҳам етакчилардан бирига айланди. Жорий мавсум эса ҳимоячи ўз омадини Россиянинг "Рубин" клубида синаб кўришга қарор қилди. 

2017 йил Грузияга қарши беллашувда дебют қилган ҳамда ҳозиргача 23 учрашувда майдонга тушган Ашурматов бугунги кунда терма жамоанинг асосий мудофаа қўрғони вакилидан бири саналади.


Одил Ҳамробеков

Фото: Getty Images

"Насаф" тарбияланувчиси ҳам жаҳон чемпионатида жамоасининг муҳим ўйинчилардан бири бўлган. 5-рақамли футболчи турнир давомида барча учрашувларда тўлиқ ўйнаган ва жамоасининг муваффақиятига улкан ҳисса қўшган. Мундиалдан кейин ҳам фаолиятини Қарши жамоаси давом эттирган ярим ҳимоячи 2019 йилдан бери "Пахтакор" либосида ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, у бир муддат "Шабаб ал Аҳли"да ҳам фаолият олиб борди. 27 ёшли ўйинчи "шерлар" билан уч марта Ўзбекистон чемпиони, шу билан бирга, кубок ва суперкубок соҳибига айланди.

Рўзиқул Бердиев бошқарган ягона терма жамоа ўйинида дебют қилган Ҳамробеков бугунги кунда марказий зонанинг ажралмас футболчиларидан бири ҳисобланади ҳамда 36 та учрашувда майдонга тушишга улгурди.


Отабек Шукуров

Фото: Getty Images

Миллий терма жамоа марказида Ҳамробековга айнан Шукуров тандем бўлмоқда. Туркияда Андреа Пирло каби мутахассис сабоқларини олаёган ярим ҳимоячи мундиалда ҳам асосий таркиб футболчиларидан бири бўлган ва 10-рақамли либосда майдонга тушган.

Кейинчалик "Бунёдкор"даги самарали ўйинлардан сўнг Шукуров Бирлашган Араб Амирликларининг "Шаржа" клуби сафига қўшилди. Араб ўлкасида кўп йил тер тўккан ҳамюртимиз мавсум аввалида ўз омадини Европада синаб кўришга қарор қилди ва Туркияга йўл олди. Ҳозирда у "Фатих Карагумрук"да ҳам бошланғич рўйхатдан жой олиб келмоқда.

Шукуров МТЖ сафида 2016 йил Канадага қарши баҳсда дебют қилган ва шу кунга қадар 52 марта мамлакат шаънини ҳимоя қилган.


Достон Ҳамдамов

Фото: Getty Images

Футболдаги илк сабоқларини "Янгиер" футбол-интернатида олиб, кейинчалик "Бунёдкор" академиясида улғайган ҳужумкор ярим ҳимоячи ёшлар ўртасидаги мундиалда жамоа тўпурарига айланганди. 17-рақамда тўп тепган футболчи Гондурасга қарши учрашувда жамоасининг дастлабки голига муаллифлик қилади. Шу билан бирга, Австрияга қарши баҳсда айнан Ҳамдамовнинг дубли вакилларимизни чорак финалга олиб чиқади. "Бунёдкор"даги бир неча йиллик фаолиятидан сўнг ўйин қисқа муддат "Анжи"да ҳаракат қилди ва мамлакатизга қайтиб, "Пахтакор" сафига қўшилди. Бир мавсумдан кейин у БААнинг "Ал Наср" клуби билан 1,5 йиллик шартнома имзолади, аммо ўйин амалиётига эга бўла олмади. Шу боис, Достон яна "шерлар" таркибига қайтди ва ҳозирда мамлакатнинг амалдаги чемпиони билан бирга. 

2015 йил Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган Ҳамдамов ёшлар ўртасидаги жамоа чемпионатидан кейин олимпия терма жамоаси билан биргаликда 2018 йилги Осиё чемпионатида Равшан Ҳайдаров мураббийлигида ғолибликни қўлга киритди. Миллий терма жамоадаги дебютини эса 2016 йил Канадага қарши ўтказди. Шунингдек, у 2019 йилги Осиё кубогида иштирок этди.


Элдор Шомуродов

Фото: Getty Images

Миллий терма жамоамиз етакчиси ва сардорининг шаклланишида ёшлар термаси ҳам катта роль ўйнаган. "Машъал" тарбияланувчиси мундиалда 2 та тўп киритишга муваффақ бўлган. Шомуродов "Бунёдкор"даги фаолиятидан сўнг Россиянинг "Ростов" клубига йўл олади ва уч мавсумни ушбу жамоада ўтказади. 2020 йил эса у Италия А Сериясида иштирок этадиган "Женоа" сафига бориб қўшилади. Бир мавсумдан кейин эса "Рома" клуби назарига тушади ва Жозе Моуриньо бошқарувидаги жамоага келиб қўшилади, унга аммо португалиялик мураббий томонидан етарлича ўйин амалиёти берилмади. Шу боис, жорий мавсумдан бошлаб ўзбекистонлик ҳужумчи "Специя"да ижара асосида ўйнамоқда. 

Миллий терма жамоа сафида 2015 йил Яманга қарши ўйинда дебют қилган Шомуродов кейинчалик ажралмас ўйинчисига айланди. 2019 йилги Осиё кубогида Элдор ўзини ҳар томонлама намойиш этиб, турнир давомида 4 та тўп киритишга муваффақ бўлди, аммо Ўзбекистон иштирокини 1/8 финалдаёқ кунлади. "Бургутлар" форварди ҳозирга қадар 34 та тўп киритиб, Шацких билан биргаликда терма жамоанинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Элдорда якка пешқадамга айланиш учун имконият бисёр. Шунингдек, икки бор Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб топилган Шомуродов "Рома" билан бирга Европа Конференциялар лигасида зафар қучган.

Rating: +7   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика