Ёқубжон Бобожонов: “UzReport TV” олдинга интилишда давом этади”
14 jul 2016 11:15
News
Ёқубжон Бобожонов: “UzReport TV” олдинга интилишда давом этади”
Бир ой давомида кўҳна қитъанинг энг кучли 24 терма жамоаси бош соврин учун кураш олиб боришди. Якунда Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоаси финалда мусобақа мезбонларини мағлуб этиб ўз тарихида илк бор Европа чемпиони бўлди. Ушбу мусобақани Ўзбекистон ҳудудида намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритган “UzReport TV” телеканали Евро-2016нинг барча 51та ўйинини халқимиз футбол ишқибозларига намойиш этиб берди. Телеканалнинг спорт таҳририяти бош муҳаррири Ёқубжон Бобожонов финал учрашуви бўлиб ўтган Париж шаҳрига учиб бориб ҳал қилувчи ўйиндан аввал Ўзбекистонга финал муҳитини ҳис этишга ёрдам берди. Португалия – Франция учрашувини “Стад де Франс” стадионидан кузатиб борган ҳамкасбимиз сафар таассуротлари билан ўртоқлашди.
Францияга ташриф
Хабарингиз бор, UzReport TV телеканали Евро-2016 мусобақасини Ўзбекистон ҳудудида трансляция қилишнинг эксклюзив эгаси ҳисобланади. УЕФА ташкилоти мана шундан келиб чиққан ҳолда, бизга расмий ҳамкор сифатида аккредитация тақдим этди. Ўтган йилнинг ўзидаёқ УЕФАнинг расмий сайтидан рўйхатдан ўтиб, аккредитация масаласини ҳал қилиб қўйгандик. Бу масалага урғу бераётганимнинг сабаби, Евро-2016 каби мусобақалар учун Европадан ташқарида бўлган давлатлар журналистлари аккредитация олишлари катта муаммо ҳисобланади. Сабаби мусобақани ёритиш истагида бўлган талабгорлар кўплаб топилади. Бизда эса ҳаммаси осон кечди.
Парижга етиб келган куннинг эртасига, яъни 9 июль куни Сен-Денида жойлашган “Стад де Франс”га бордим. Медиа марказни излаб топдим (Шундоққина стадион ёнида жойлашган). У ерда ишлаётган волонтёрлар, яъни кўнгиллиларга шахсимни тасдиқлайдиган ҳужжатни кўрсатдим. У ерда 100 ортиқ волонтёрлар хизмат олиб бораётганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Уларнинг орасида 17-18 ёшдан 60-65 ёшгача бўлган инсонларни учратасиз. Ҳар бир волонтёрнинг олдида кичкина фотокамера жойлашган. Ўша камера орқали сизни суратга олади ва аккредитациянгизни 5 дақиқада тайёрлаб беради. Шу аккредитация орқали махсус медиа трибунага кириб, ишлашингиз мумкин. Мен стадионнинг ўзидан туриб “жонли” репортаж олиб боришни режалаштирганим учун қўшимча стикерни ҳам олишим кераклигини тушунтиришди. Айтилган жойдан қўшимча рухсатномани олдим ва эртанги ўйиншга тайёргарлик кўришни бошладим.
Париж ҳақида
Париж катта шаҳар. Бу ерда йилнинг исталган қисмида кўплаб сайёҳларни учратиш мумкин. Аммо Европа чемпионати каби катта мусобақалар пайтида шаҳар янада гавжумлашиб кетади.
Мусобақа шукуҳи ҳар қадамда сезилиб турибди, дейсам нотўғри бўлади. Парижда футболдан ташқари ҳам сайёҳларни қизиқтира оладиган мавзулар кўп. Шундай бўлса ҳам махсус жойларга Евро-2016 афишалари осиб қўйилганини, таъкидлаб ўтиш керак. Шунингдек, бу ерда севимли футболчиси либосида юрган мухлисларни ҳам кўплаб учратиш мумкин. Бундан ташқари меҳмонхоналарда Евро-2016га бағишланган махсус постерлар ҳам жойлаштирилган эди.
“Стад де Франс” ҳақида
Стадион жуда ҳашаматли ва ажойиб кўринишга эга экан. Барчаси мухлислар учун қулай бўлишига ҳаракат қилинган ҳолда барпо этилган. 80 минг нафардан ортиқроқ мухлис ҳеч қандай қийинчиликларсиз ва асаббузарликларсиз стадионга бир зумда кириб, ўз ўрнини эгаллашлари мумкин. Стадиондаги иккита катта монитор мухлисларга ўйинни ёрқин лаҳзаларини тақдим қилиб боради. Стадион атрофидаги нафақат операторлар, балки фотомухбирларгача барча қулайликлар яратиб берилган. Медиа трибунада ҳам журналистлар учун барча қулайликлар мавжуд. Стадионнинг ичида деярли ҳар қадамда ичимлик ва егуликлар сотуви йўлга қўйилганини таъкидлаб ўтиш керак.
Финалда ТВ орқали намойиш этилмаган вазият ҳақида
Финал учрашувини барча телевизор орқали кўриб гувоҳи бўлди. Замонавий трансляцияларда ўйиннинг ҳеч қайси эътиборга молик жиҳати мухлислар нигоҳидан панада қолмайди. Фақатгина учрашув давомида мухлислардан бири стадионга югуриб чиқиб, тартибни бузгани ҳақида айтиб ўтишим мумкин. Барчага маълум сабабларга кўра бундай ҳолатлар намойиш қилинмайди. Стюардлар бир зумда бу тартиббузарни стадиондан олиб чиқиб кетишди.
Мухлислик маданияти
Франциялик мухлислар мағлубиятдан кейин анча тушкун аҳволга тушиб қолишди. Мен атайин ўйинни медиа трибунада эмас, мухлислар орасида кузатишга қарор қилгандим. Баҳс давомида мухлислар ҳаракатини ҳам кузатиб бордим. Ҳеч қандай жанжал ёки тўполонни кўрганим йўқ. Ёнма-ён ўтирган португалиялик ва франциялик мухлислар ўйинни катта ҳаяжон билан кузатиб боришди. Аммо учрашув давомида бир-бирларига бирорта ҳам ножўя гап-сўз айтишгани ёки ҳаракатни амалга оширишганини кўрганим йўқ. Бу мухлислик маданияти қанчалик кучли эканидан далолат бериб турарди.
Финалдаги машҳурлар
Парижга келишим билан меҳмонхонада таниқли италиялик мутахассис Фабио Капеллони учратиб қолдим. У ўз турмуш ўртоғи билан бирга финал учрашувига келган экан. Бундан ташқари Валерий Карпин ҳам биз жойлашган меҳмонхонада истиқомат қилди. У Россиянинг “МАТЧ ТВ” телеканали учун ўйинларни таҳлил қилиб борди.
Стадионда ўтмишнинг таниқли юлдузлари Эммануэль Пети ва Кристиан Кармбёга кўзим тушди. Мен UzReport TV телеканали мухлислари учун “жонли” репортаж олиб бораётганимда, улар шундоққина ёнимда ўз телеканаллари учун ишлашаётганди.
Кейинги режалар ҳақида
UzReport TV телеканали олдинга интилишда давом этади. Олдинда бизни яна кўплаб йирик мусобақалар кутиб турибди. Тез орада Англия Премьер-лигаси ва Европа чемпионлар лигаси баҳслари старт олади. Шунингдек, янги мавсумдан телеканалимиз орқали Европа лигаси баҳсларини ҳам намойиш этиш ҳақида аввал маълум қилгандик. Мазкур учрашувларни мухлислар учун юқори сифатда тақдим қилиш асосий режамиз. Шунингдек, янги мавсумда АПЛ ва ЕЧЛнинг бир қатор муҳим ўйинларини бевосита стадиондан туриб ёритиб боришни режалаштирганмиз.
Кўпчилик телеканалимиз шарҳловчилари қачон ўйинларни бевосита стадионлардан туриб шарҳлаб боришлари ҳақида сўрашмоқда. Тез орада бу ҳам йўлга қўйилади. Биз ҳаммасига аста-секин, босқичма-босқич эришишни мақсад қилиб қўйганмиз. ЕЧЛ ва Евро-2016 финалидаги стадионнинг ўзидан туриб амалга оширилган “жонли” репортажлар ўзбек телевидениеси тарихида илк бор амалга оширилди. Бундай ишлар аввал амалга оширилмаган эди. Баъзи камчиликлар юзага келган бўлса мухлислардан узр сўраймиз. Бу ҳаракатларнинг барчаси бизга катта тажриба бўлиб хизмат қилмоқда. Умид қиламанки, келгусида амалга оширадиган ишларимиз бундан-да сифатли ва бундан-да яхшироқ бўлади. Мақсадимиз жаҳон футболи мусобақаларини мухлислар эътиборига юқори сифатда тақдим этиш ва уларга катта футбол байрамларидан баҳра олиш имкониятини тақдим этиб бориш.
Нарзулла Сайдуллаев ёзиб олди
Comments