Янги регламентдаги янгиликлар
24 feb 2021 20:13
News
Хабарингиз бор, 9 март санасидан бошлаб Суперлига ўйинларига старт берилади. Мухлисларимизни бу йилги мусобақалар қай тартибда ўтиши ҳамда регламент билан боғлиқ ўзгаришлар қизиқтириши табиий. Шу боис қуйида баъзи янгиликлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
ҲАКАМЛАР ҚАНЧА ҲАҚ ОЛАДИ?
Шуниси аниқки, 2021 йилги мавсум мусобақалари учун чиқарилган регламентда ҳакамлар иш ҳақи қанча эканлиги кўрсатилмаган. 2020 йилги ҳолат бўйича учрашув расмийларининг меҳнат ҳақи қуйидагича кўринишда эди:
Бош ҳакам: 3 миллион сўм
Қанот ҳакамларининг ҳар бири: 1,5 миллион сўм
Захира ҳаками: 500 минг сўм
Назоратчи: 800 минг сўм
Комиссар: 400 минг сўм
Лекин бу йилги Регламентда ҳакамлар учун тўланадиган ҳақ эълон қилинмаган. Буни катта эҳтимол билан ЎФА Ҳакамлар қўмитаси учрашув расмийлари билан ўзаро келишган ҳолда ҳал қилса керак.
ТРАНСФЕРЛАР ОЙНАСИ
Бизда ҳар мавсум учун иккита трансфер ойнаси бор: қишки ва ёзги. Бу мавсум учун қишки "дарча" 4 январдан очилди ва 12 мартга қадар давом этади. Ёзги трансферлар ойнаси эса 5 июль - 31 июль оралиғига белгиланган. Дарвоқе, ёзги "дарча"да ҳар бир клуб ўз сафига таклиф этган янги футболчилар сони 10 нафардан ошмаслиги керак.
ЛЕГИОНЕРЛАР ЛИМИТИ
Легионерлар лимити ўтган йилгидек ўзгаришсиз қолди: 4+1. Бунда камида бир нафар осиёлик футболчи бўлиши шарт, агар клублар ўз сафини тўлиқ 5 нафар хорижлик билан тўлдирадиган бўлса. Бундан ташқари хорижлик футболчилар ва мураббийлар учун тўланадиган бадал пуллари миқдори ҳам камайтирилди.
Суперлигада хорижлик фуқарони рўйхатдган ўтказиш:
Футболчи - 40 миллион (ўтган йил 50 миллион сўм эди)
Мураббий - 20 миллион (ўтган йил 25 миллион сўм эди)
Про лигада хорижлик фуқарони рўйхатдган ўтказиш:
Футболчи - 20 миллион (ўтган йил 50 миллион сўм эди)
Мураббий - 20 миллион (ўтган йил 25 миллион сўм эди)
Биринчи лига ва аёллар футболи жамоалари хорижлик фуқароларни бепул рўйхатдан ўтказа олишади. Яна бир гап. Агар легионер узлуксиз 4 мавсумни Ўзбекистонда ўтказаётган бўлса, бу йилги бешинчи мавсум учун клуб бадал тўловини амалга оширмайди. Бундан ташқари, агар легионер футболчи бир клуб сафида кетма-кет иккинчи мавсум учун рўйхатдан ўтказилса, унда бадал тўлови 50 фоизга қисқаради, яъни клуб 20 миллион сўмни ПФЛга тўлаб футболчини рўйхатдан ўтказиши мумкин.
БАДАЛ ПУЛЛАРИ
Тўғри, янги регламентда турли мусобақалар учун тўланадиган бадал пуллари миқдори келтирилмаган. Шунга қарамай, анча олдин ПФЛ буни ошкор этди. Айтиш мумкинки, бу йилдан бадал миқдори анча камайган.
Суперлига - 350 миллион (ўтган йил 500 миллион сўм эди)
Про лига - 100 миллион (ўтган йил 200 миллион сўм эди)
Биринчи лига - 50 миллион (ўтган йил 100 миллион сўм эди)
Аёллар чемпионати - 0 сўм (ўтган йил 50 миллион сўм эди)
ФУТБОЛЧИЛАРНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ
Суперлига клуби кўпи билан 45 нафар футболчини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Шулардан камида 17 нафар футболчи 1999 й. ва ундан кичик ҳамда камида 5 нафари 2003 ва ундан кичик бўлиши лозим. Пролига ва Биринчи лига клублари кўпи билан 25 нафар футболчини рўйхатдан ўтказа олишади.
U-21 чемпионатида 1999 й. ёки ундан катта 2 футболчининг майдонга тушишига рухсат берилади. U-18 чемпионатида эса 2003 ва ундан кичиклар ўйнайди ҳамда камида 20 нафар футболчи рўйхатдан ўтказилади.
ИЖАРА ВА УЧРАШУВ ҚАЙДНОМАСИ
Бир мавсумда ҳар қандай клуб бошқа бир клубга 2 нафардан ортиқ футболчини ижарага бера олмайди. Умумий ҳисобда эса клублар ўзлари иштирок этадиган Лиганинг бошқа клубларига 6 нафардан кўп футболчини ижарага бера олишмайди. Шунингдек, ижарага берилган футболчи аввалги жамоасига қарши майдонга тушишга ҳақли ва бу ўринда ижара шартномаси тузилаётган пайтда мазкур бандга зид келувчи шарт қўйиш тақиқланади.
Яна бир янгилик ўйиндан олдин тўлдириладиган учрашув қайдномаси билан боғлиқ. Ўтган мавсум Суперлига клублари жами 20 нафар футболчини учрашув қайдномасига киритишлари мумкин эди. Бу йилдан яна олдинги тизимга қайтилди: эндиликда клублар 18 нафар футболчини қайдномага киритишлари мумкин бўлади: 11 асосий таркиб ва 7 захира футболчилари.
Ўйин пайтида нечта футболчи алмаштиришга рухсат берилади? Биласиз, пандемия сабаб ПФЛ ўтган йил 5 нафаргача футболчининг захирадан тушишига рухсат берганди. Бу йилдан яна 3тага қайтилди. Демак, Суперлига учрашувлари пайтида ҳар бир клуб 3 тадан футболчини алмаштира олади. Қуйида мусобақалардаги алмаштиришлар сонини келтириб ўтамиз:
Суперлига — 3 та
Ўзбекистон кубоги — 3 та (+1 экстра таймда)
Лига кубоги — 3 та (+2 танаффус вақтида, йўқса бу лимит кучини йўқотади)
U-21 — 5 та
U-18 — 5 та
U-16 — 7 та
U-14 — 7 та
Про лига — 3 та
Биринчи лига — 5 та
Аёллар олий лигаси — 3 та
Аёллар биринчи лигаси — 5 та
U-16 аёллар чемпионати — 7 та.
P.S Мазкур қоида эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб ўзгаришлар сони қайта кўриб чиқилиши мумкин.
"БОЛБОЙЛАР"НИ ПФЛ КИЙИНТИРАДИ
Яна бир янгилик шуки, бу йилги мавсумдан бошлаб тўп узатиб берувчи болакайларни ПФЛ кийинтиради. ОЧЛ ўйинлари пайти "болбойлар" киядиган либос ОФК томонидан берилишини кўпчилик билса керак. Энди ПФЛ ҳам шундай йўл тутишга қарор қилди ва бу жуда яхши.
ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ ВА ЛИГА КУБОГИ
Ўзбекистон Кубоги бу йил ҳам дастлаб гуруҳ шаклида бўлади. Гуруҳ ўйинларида 24та жамоа (6 гуруҳга бўлинган ҳолда) қатнашади. Бу мусобақада фарм клублар қатнаша олмайди. Гуруҳ босқичидан бошлаб токи финалгача ҳар бир баҳс битта ўйиндан иборат бўлади.
Лига Кубоги бу йил ўтказиладими? Бу саволга жавоб бериш қийин, негаки ҳаммаси пандемия билан боғлиқ вазиятга қараб қолган. Маълумки, Лига Кубогида ўтган йил қўшни Тожикистон ва Қирғизистон клублари ҳам қатнашиш истагини билдиришганди. Бу йил нима бўлади, Лига Кубоги ўтказиладими, бу каби саволлар жавоби кейинроқ ойдин бўлади.
Comments