Latest news

10:42"Пахтакор"нинг Эрон клублари билан ўйинлари статистикаси қандай?  0 10:06Руд ван Нистелрой АПЛ жамоасини бошқариши мумкин  1 09:33Роналдуни судга беришди  26 08:53Дебют ўйинида «Ипсвич»ни юта олмаган Аморим нималар деди?  4 08:14Саудия Арабистони чемпионати. «Ал Иттиҳод» «Ал Фотеҳ»ни мағлуб этди ва турнир жадвалининг 1-ўрнига кўтарилиб олди  1 07:39Элит ОЧЛ. Бугун «Пахтакор» Машарипов жамоасига қарши баҳс олиб боради  6 02:05Илёс Қурбонов: "Ҳаёт-мамот ўйинида зафар қучдик. "Насаф"га қарши ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз"  2 01:45Иван Бошкович "Локомотив"га қарши ўйинда Йовович асосий таркибда тушмаганини айтди  3 01:29Григорий Колосовский: "Зарба бермасдан гол уриб бўлмайди"  2 00:24Ла Лига. "Реал" меҳмонда "Леганес"ни йирик ҳисобда мағлуб этди  47 23:59А Серия. "Наполи" — "Рома" ўйини тақдирини битта гол ҳал қилди  4 23:30АПЛ. МЮ Аморим қўл остидаги илк ўйинда "Ипсвич Таун"ни мағлуб эта олмади  26 22:55Машарипов "Пахтакор"га қарши ўйин олдидан: "Бу жамоада катта бўлганман, аммо..."  7 22:12"Лестер" Куперни истеъфога чиқарди  3 21:15АПЛ. "Саутгемптон" ва "Ливерпуль" ўртасидаги ўйинда 5та гол урилди  38

"Хорижлик мураббий фақат терма жамоага эмас, бутун бошли ўзбек футболига нимадир бера олиши керак" Ислом Иномов билан интервью News

"Хорижлик мураббий фақат терма жамоага эмас, бутун бошли ўзбек футболига нимадир бера олиши керак" Ислом Иномов билан интервью

Ушбу футболчи билан интервью қилишни анча йиллардан бери ният қилиб келаётган эдим.

Футбол оламига кириб келганимдан бери кўпроқ яқин ўтмишдаги юлдуз футболчилар, мураббийлар, ўз вақтида ажойиб ўйинлари билан мухлислар эътирофини қозона олган, ҳозирда мураббийлик соҳасига қадам қўйган шахслар билан интервью қилишга, уларнинг фикрларини эшитишга ҳаракат қилиб келмоқдаман. Нега дейсизми? Чунки, уларни ҳар бири ўзгача олам, ҳар бирининг фаолияти битта катта китоб. "Тарихсиз келажак йўқ",- деганларидек яқин тарихдаги футболчиларнинг, мураббийларнинг фаолияти, ҳаёти билан танишмасдан бугунги кун футболи ҳақида батафсил ёзиш мушкул деб ўйлайман. Суҳбатдошимдан ҳеч қаерда айтмаган гапларини, оргинал фикрларни, ҳозирги футболимизга муносабатини ичидан суғуриб олиш бош мақсадим ҳисобланади. Ўйлаганларим қай даражада муваффақиятли чиққанига эса мухлислар ва устозлар баҳо беришади. 

Бугунги суҳбатдошим ким учундир ўртамиёна, ким учундир юлдуз, яна ким учундир оддий футболчи. Аммо, мен учун ўз вақтида позициясининг энг яхши футболчиларидан бири саналади. Барча ёшдаги терма жамоаларнинг ажралмас футболчиси бўлиш ҳаммага ҳам эмас. Бунинг учун муносиб бўлмоқ лозим. Суҳбатдошим барчангиз яхши таниган ҳам клуб, ҳам терма жамоа либосида мухлисларининг ёқимтойига айланган Ислом Иномов. Таниган ишқибозларга Иномовнинг футболчилик фаолиятини эслатиш шарт эмас. Билмаганлар эса интервьюни ўқиш жараёнида қисқача танишиб олишлари мумкин. 

"Авваллари турнирлар кўп бўларди. Ҳозир эса..."

- Биз футболчи сифатида таниган, ўз вақтида ажойиб ўйинларидан баҳраманд бўлган Ислом Иномов бугунги кунда нималар билан банд? Нима учундир футболчилик фаолиятингизни якунлаганингиздан сўнг сизни диққат марказидан йўқотиб қўйдик... 

- Узоқ йиллик футболчилик фаолиятим давомида дам олишга вақт бўлмади. Ҳали бу ерда йиғин, ҳали бошқа жойда йиғин, машғулотлар, ўйинлар сабаб оиламга етарлича вақт ажрата олмадим. Мана яқин бир-икки йилдан бери оиламга, болаларимга кўпроқ эътибор бермоқдаман. Футболдан бутунлай кетганим йўқ, Тошкент вилоятида селекционер мураббий бўлиб фаолият олиб бормоқдаман. Мураббийликдаги илк қадамларни ёшлар, болалар билан ишлашдан бошладим. Футболчилик ва мураббийликни ўртасида фарқ катта. Бошланишига шу йўлни яъни болалар билан ишлашни танладим. 

- Тошкент вилоятидан ўз вақтида кўплаб юлдуз футболчилар етишиб чиққан. Илёс Зейтуллаев, Александр Гейнрих, "Семурғ" жамоасидаги ўйинлари билан танилган Элдор Қосимов ва ҳоказо. Шундай юлдузларни катта жамоаларда пайдо бўлишида селекцияни ўрни катта. Хўш, бугунги кунда Тошкент вилоятида селекция жараёнлари қандай кетмоқда? Олдинги давр билан солиштирганда қандай тофовутни кўрмоқдасиз?

- Олдин ҳар хил турнирлар кўп бўларди. Масалан, кўп иқтидорлар иккинчи лигадан чиқиб келарди. Ҳозирда иккинчи лигага эътибор кам. Ўша вақтларда иккинчи лига жамоаларининг ўринбосар таркиби ҳам бўлган. Мактаблараро ҳам яхшигина турнирлар йўлга қўйилган эди. Босқичма-босқич ютиб борилар, охирги учинчи босқич республикага чиқиларди. Турнирлар кўп бўлгани сабабли селекционер мураббийларга ҳам бир мунча осонроқ эди. Ҳозир нисабатан олиб қаралганда мусобақалар жуда камайиб кетган. Иккинчи лига чемпионатида бирон бир учрашув ўтказилса Тошкент вилоятида байрам бўлиб кетарди. Ҳозир ҳеч кимга керак эмасдек бўлиб қолган. Стадионлар ҳувуллаб ётибди. Иккинчи лига жамоаларида тўп тепадиган футболчиларга қарасак бир хил футболка, бутса, гетриларда ўйнаганини кўришимиз мумкин. Муҳими эътибор бор керак, бугунги кунда вилоятлараро турнирларни ҳам савияси тушиб кетган. Агарда жиддий эътибор қаратилса ўзбек футболини, селекция жараёнларини, рақобатни яхшиланишига олиб келиши мумкин. 

- Нима учундир охирги йилларда терма жамоаларимизни ўзагини "Пахтакор", "Бунёдкор", "Насаф" жамоаларининг футболчилари ташкил қилмоқда. Бу вилоятларда мактабларга, академияларга эътибор сустлигидан далолатми?

- Ёш ўйинчилар етакчи жамоалар сари интилишади. "Бунёдкор", "Пахтакор" ёки "Локомотив"га ўтишни исташади. "Пахтакор" 2-3 йилда ишини йўлга қўйиб олади, аммо вилоятлар жамоаларида барқарорлик йўқда. Масалан, пули бўлса ярим йил яхши ўйнаши мумкин. Фақат маошлар эмас, ташкилий ишлар, сафар ҳаражатлари, овқатланиш барчасига маблағ зарур. Ўйлашим бўйича "Пахтакор"да барқарорлик бўлгани учун натижалар ҳам яхши. Қолган жамоаларда маблағ бир бўлиб бир бўлмаслиги учун натижалар ҳам қониқарсиз.

Ислом Иномов 7-рақамда.

"Проффессионал футболчи сифатида шаклланишимда Усмон Тошевнинг ҳиссаси катта"

- Келинг бироз футболчилик йилларингизни ёдга олсак. Хўш, "Семурғ"да ўйнаб юрган ёш иқтидор эгаси Ангрендан нима сабабдан кетди?

- Ўзимизда ўша пайтларда мактаб-интернат бўларди, ҳозирда футбол маҳорат мактаби дейилади. Ангренда ўқиб юрганимизда шароитлар ҳозиргидек бўлмаган. 73-сонли спорт мактаби бўларди, у интернатни ярими футболга ихтисослашганди. Биттагина футбол майдони бўларди. У ҳам асфалт эди, чимли майдонда шуғулланиш учун яна 6-7 километр йўл босишга тўғри келарди. Ҳар доим ҳам шуғулланишга руҳсат беришмасди. Бутсаларда эмас кеталарни кийиб асфалт майдонда шуғулланардик. Ангренда ўқиб юрган кезларимизда "Семурғ" иккинчи лигада иштирок этар, биз мухлис бўлиб ўйинларини кўргани борардик. Босқичма-босқич Олий лигага чиққанди, адашмасам 2000 йил Олий лигада 20та жамоалик форматда қатнашганди. Интернатдан 3та болани танлаб олишди, ўринбосарлар жамоасига қабул қилишди. Сергей Жуковский деган мураббийимиз бўларди. Олий лигадаги биринчи йилимизда кучли олтиликдан ўрин олдик. Кейинги йили жамоани ҳомийлар ташлаб кетиб қолган. Ўзингиз яхши биласиз, Олий лигада иштирок этишни ўзига яраша талаблари бўларди. 2001 йилнинг иккинчи даврасида "Бухоро"га ўтганмиз, Усмон Тошев жамоасига қабул қилганди. Усмон Қудратовичнинг услублари, кўрсатмалари кечагидек эсимда. Айтишим мумкинки, футболга Ангренда кириб келган бўлсам айнан "Бухоро" жамоасида проффессионал футболчи сифатида шаклландим. Усмон Тошевдан кўп нарсани ўрганганман. Футболда майда хатолар бўлмаслигини таъкидларди. Ҳаттоки, кичик камчиликларни ҳам эътиборсиз қолдирмасди. Усмон Тошевни ўз ишини устаси дея оламан. Илёс Қурбонов, Элдор Қосимов ва мен Ангрендан Бухорога келгандик. 

- "Пахтакор"га Тачмурод Агамуродов мураббийлигида келгансиз. Рақобат ниҳоятда юқори бўлган, Кошелев, Кроҳмал, Ашурматов, Алиқулов, Солиев, Тожиев каби юлдузлар бор жамоага ўтгандингиз. Бу қадар кучли рақобатда ўзингизни кўрсатишингиз қандай бўлган? 

- 2003 йилги Жаҳон чемпионатидан кейин Самвел Вячеславович Бабаян "Пахтакор"га таклиф қилганди. Рақобат кучли бўлгани учун ҳам "Пахтакор" яхши жамоа бўлган. Биринчи йил қийналганман. Ёш бўлганим сабабли Агамуродовнинг фалсафасига тушуниб кета олмаганман. Билсангиз агар Агамуродов ўша пайтлар ўзбек футболига янгича услуб олиб кираётган пайтлари эди. Унинг тактикасига менинг ўйиним мос келмаган. Ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида бир давра "Навбаҳор"да, бир давра Грузиянинг "Локомотив" жамоасида ижарада ўйнаганман. 

- 2003 йилги Жаҳон чемпионати арафасида терма жамоага германиялик мутахассис Юрген Гёде таклиф этилганди. Гёдени келиши нимани ўзгартирди? 

- Виктор Борисов мураббийимиз эди. Ушбу мутахассис билан Қатардаги Осиё чемпионатида жуда яхши қатнашиб Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиққандик. Бизнинг авлод ўз ёш тоифасида тарихда биринчи маротаба Жаҳон чемпионатига йўлланма олганди. Шундан кейин терма жамоага Гёдени олиб келишди. Барибир чет эллик эканлиги билиниб турарди. Ўйин услуби ҳам бошқача эди, ўзининг қарорларини ўтказа оларди. Ҳеч қайси мураббий жамоага ютқазиш учун келмайди. Гёде келган илк давридаёқ биз Афро-Осиё кубогида ғолиб чиқдик. Гёде биз билан бир йил ҳам ишламади, унга вақт етишмади. Жаҳон чемпионати саралаш босқичи аввалида кўпинча мураббий билан тўрт йиллик шартнома тузишади. Яъни битта цикл якунига қадар. Клубларда эса бир ёки ярим йиллик тузилади. Бизда эса мураббийни олиб келишади, битта ўйинда ютқаздими бўлди тўғри келмайди деб кетказиб юборишади. Дараҳт эксангиз ҳам камида уч йил кутасиз. Мураббийга вақт ва ишонч билдиринг бўлди. Вақтни ўзи ҳаммасини жой жойига тўғирлаб қўяди.  

- Лекин, Гёденинг ихтиёрида вақт ҳам, футболчилар ҳам етарли бўлганди...

- У биз билан аниқроғи ёшлар терма жамоаси билан бир йил ҳам ишламади. Терма жамоада ҳам худда шу нарса. Хитойдаги Осиё кубогида ҳам ёмон иштирок этмаганмиз, Бахрайн билан эса пенальтилар сериясида енгилганмиз. Гёде яхши жамоа шакллантирганди менинг назаримда. Ўзининг қарашларини сингдира олди. Барибир унга етарлича вақт берилмади. Бир йил у вақт эмас. 

- Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги энг гуллаган даврингиз Рауф Инилеев даврига тўғри келади. Инилеев бошқарувидаги қайси мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг ғолиб чиқиш имконияти нисбатан юқори баҳоланганди?

- Барчаси Қатардаги Осиё ўйинларидан бошланди. Инилеев билан биринчи муваффақиятли юришни айнан шу Осиё ўйинлари бошлаб берганди. Кейинчалик тўрт давлат мезбонлик қилган Осиё кубогида ҳам ҳамкорлигимиз давом этди. Энди ўша вақтда бир йилни ўзида жуда кўп мусобақаларда қатнашардик. "Пахтакор" таркибида Ўзбекистон чемпионати, кубоги қишда МДҲ кубоги, терма жамоа билан турли турнирлар ва ҳоказо. Ғолиб чиқиш имконияти кўпроқ Қатардаги Осиё ўйинларида юзага келганди. Таркиб ҳақиқатдан ҳам кучли эди. Денисов, Гейнрих, Суюнов, Магдеев, Ҳайдаров каби ижрочилар йиғилганди. Осиё кубогида Эрон ва Саудия билан тенгма-тенг ўйнаганмиз.  

- Шу вақтга қадар биз билан тўқнаш келган Эрон терма жамоасининг қайси авлодини кучсиз деб таърифлаган бўлардингиз?

- Назаримда 2007 йил Осиё кубогида иштирок этган Эрон нисбатан кучсизроқ эди. Боиси уларда ҳам ўша пайт авлодлар алмашинуви жараёни кетаётганди. Карлос Кейруш келгач улар яна аввалги даражасига қайтди. 2012 йил Абрамов мураббийлигида Эрон билан ўйнадик, бутун учрашув давомида ҳужум қилдик якунда эса битта қарши ҳужумни ўтказиб юбориб енгилдик. Футболда икки тайм ҳужум қилиб битта қарши ҳужумдан зарба ейишингиз ҳеч гап эмас. Агар битта авлодни кучсизланишини кутадиган бўлсак бутун умр кутишимизга тўғри келади. Биз бунга қарамаслигимиз керак. Авлодлар алмашинуви бизда ҳам бўлади. 


"Хорижлик мураббий фақат терма жамоага эмас, бутун бошли ўзбек футболига нимадир бера олиши керак"

- Бизга ҳар доим йўлимизга тўғаноқ бўладиган Жанубий Корея, Япония, Австралия каби терма жамоаларни қачон ютамиз? Излайдиган бўлсак омиллар кўп, уларнинг футболи бошқа, даражаси бошқа, чемпионати кучли. Аммо, битта ўйинда уларни ютадиган пайтда бу баҳоналар ўзининг аҳамиятини йўқотиши керак. Ёки битта ўйин биргина йўлланма берадиган учрашувда ютқазиб юраверадиган бўлсак демак бизда нимадир нотўғри ишламоқда?

- Масалан, голландиялик Гус Хиддинг Жанубий Кореяда ишлаган 3-4 йиллик даврида ишни шу қадар тўғри йўлга қўйиб аниқ тизимни ўрнатиб кетди. У Корея терма жамоасини янги босқичга олиб чиқди. Ҳозирги вақтда Корея футболида ишлаётган аксарият мутахассислар унинг шогирдлари ҳисобланади, ўз вақтида қўлида ўйнаган. Бизда қайси мураббийни айта оласиз? Бир йилда иккита, учталаб мураббий бошқарган пайтлар бўлди. Агарда барчаси майдон ичида ҳал бўлганида Бразилия ҳар сафар Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан бўларди. Афсуски, майдон ташқарисидаги ишлар ҳам кўп нарсани ҳал қилиб беради. Хорижлик мураббий керак, фақат ўзбек футболига мос тушадиган айнан терма жамоани эмас бутун бошли ишни тўғри йўлга қўйиш, тизимни яратиш йўлида олиб келиш керак. 

- Кучли рақибларни, қитъа грандларини ютиш учун хориждан мутахассис олиб келинганди. Купердан шу нарса кутилган эди...

- Тўғри, юқорида ҳам айтиб ўтдим, хорижлик мураббий фақат терма жамоага эмас бутун бошли ўзбек футболига нимадир бера олаши керак. Купер Осиёда ишламаганди. Тўғри шакллантириб ишни ва тизимни тўғри йўлга қўйиш лозим. Бунинг учун футболни ичида юрган барча бирдек қизиқиши керак. Буни яширишни ҳожати йўқ. Футболни тушунмайдиганлар ҳам футболни ичида ишламоқда. Европани олиб қарайдиган бўлсак Маурицио Сарри ҳам банкир бўлган. Лекин, улар футболни тушунади, футболчиларига тўғри тушунтириб бера олади. Бизда ҳафа бўлманг 20 метрга пас бера олмайдиган футболни тушунмайдиганлар ҳам мураббий бўлиб ишламоқда. Улар келажакда қандай қилиб яхши футболчи тарбиялаб беради? Бундай мураббийлардан қандай футболчилар чиқади? Бу нарсалар ҳам шу тизимни ичига киради. Бориб кўрсангиз қоғозда мураббий бўлиши мумкин аммо футболни ичидаги одам эмас. Тошкентни ўзида ҳам бундайлар кўп. 

- Купер келиб ҳимоявий ўйинни йўлга қўймоқчи бўлди. Ўхшамади, натижада Абрамов келди. Барибир норозиликлар тўхтамади...Бизга қандай мураббий керак ўзи? Куперни олиб келиш хато қарормиди?

- Яқинда Абрамовнинг бир интервьюсини ўқидим. "Журналист журналистлигини қилсин мураббийни ишига аралашмасин". Тўппа тўғри айтмоқда. Мураббий журналистни ишига аралашмаяптику. Тўғри, танқид ҳам керак. Футбол мухлислар учун ўйналади. Танқид бўлмаса ўсиш ҳам бўлмайди. Мураббий ердан чиққан қўзиқорин эмас, Абрамов ўзидан-ўзи мураббий бўлиб қолмаганку. Битта ўйинда ютқазса фожеа ясаворамиз. Ишлашга қўйиб бериш керак. Ҳа, Куперни олиб келиш бироз хато эди. Бизга Осиёни биладиган хорижлик мураббий зарур эди. Кейруш Эронга келди уч йилда натижа кўрсатди. У ҳам бошида қийналди, Осиё кубогида муваффақиятсиз қатнашди. Тизимни йўлга қўйди ва мунтазам мундиалда қатнаша оладиган ҳолатга келтирди. 

- "Пахтакор" ОЧЛда муваффақиятли иштирок этишига ишонасизми?

- Шота Арвеладзе "Пахтакор"да ҳамма нарсани зўр қилиб қўйган. Лекин, Ўзбекистон чемпионатида ва кубогида ғолиб чиқиш жамоа учун янгилик эмас. Клуб яна юқорироқни кўзлаши учун ОЧЛда ғолиб чиқиши керак. Таркиб жуда кучли, зўр футболчилар йиғилган. "Пахтакор" 90 фоиз гуруҳдан чиқиб узоқроққа бора олади. Ўзбекистон чемпионатида улар билан рақобатлаша оладиган жамоа йўқ. Машғулотларни зўр ўтади Арвеладзе. Ўзим бориб бир неча маротаба кузатганман. Бир жамоани кучайгани билан қолганлар кучсизланиб қолмайди деб ўйлайман. Мисол 2008 йилларда "Бунёдкор"нинг кучайган пайтида унга эргашиб ўрнак олиб Олий лигани кўплаб жамоалари ўсишга эришди. 

- Тизим ҳақида гапирдингиз. Қизиқ, ўзбек футболида шу вақтгача тизим бўлганми деган савол туғилади?

- Ўзим ҳам қизиқиб олдим, тизим бўлганми?(кулади). Тизим бўлмади қайси маънода Корея, Япония каби давлатлардаги каби тизим яратилмади. Худо раҳмат қилсин Мираброр Усмонов даврида бироз бўлса ҳам тизим йўлга қўйилгандек бўлди. Лекин, у тизим натижа бераман деганда яна кўп нарсалар ўзгариб кетди. Бугунги кунда Б классдаги лицензияга ўқияпман. Инструкторимиз Ислом Аҳмедов кўпроқ Қатарда йўлга қўйилган ишларни видеосини қўйиб берадилар. Қатардаги тизимли ишлар, ислоҳотлар натижаси кўп ҳам куттирмади. Бизда ҳам барча бирдек ишлаб аниқ тизим асосида фаолият олиб бормагунча натижага эриша олмаймиз. Ўзбекистонда иқтидорлар кўп. Бироқ, қуруқ иқтидорнинг ўзи камлик қилади. Агарда шу иқтидорни устида ишламасангиз, тўғри йўналиш бермасангиз у иқтидор ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетаверади. Бизда бу ҳолат жуда кўп учрайди. Иқтидор бор дегани футболчи дегани эмас. 

- Бу футболчилар орасида рақобатни ҳам йўқолишига олиб келмоқда. Ҳужум чизиғини оладиган бўлсак ички чемпионатимизда терма жамоамизга номзод узоғи учта яхши ҳужумчи чиқиши мумкин, аксарият клублар кўпинча легионер ҳужумчиларга таянишни маъқул кўрмоқда...

- 2000 йилларга назар ташласангиз ҳар бир клубнинг иккита, учтадан етакчи ҳужумчилари бўларди. "Насаф"да Зафар Холмуродов, "Андижон"да Бахтиёр Ҳамидуллаев, "Навбаҳор"да Шуҳрат Мирҳолдиршоев, "Пахтакор"да Анвар Солиев, Зайниддин Тожиев, Александр Гейнрих, "Бухоро"да Бақоев, "Нефтчи"да Умид Исоқов ва Анвар Бердиевлар. Ҳозир менга бешта энг яхши терма жамоа даражасидаги ҳужумчини санаб бера оласизми? Йилдан йилга йўқолиб кетишини сабаби тизимда. Бу шахсан ўзимни фикрим. 

2007 йилги "лой жанги" деб номланган Ўзбекистон кубооги финалидан сурат. 

"Бу кетиш бўлса ҳали Жаҳон чемпионатига чиқмаймиз"

Мана ўзим Тошкент вилояти футбол ассоциациясида мураббийликдан 1 миллион сўм маош оламан. Бунга ишонмаслигингиз ёки кулишингиз мумкин. Ҳақиқатдан ҳам маошим шундай. Бу автомобилимни бензин пулига ҳам етмайди. Қолган мураббийлар ҳам инсон, оила боқиши керак, рўзғор тебратади. Лекин, мен футболни яхши кўрганим учун, шунча йил шу футболни ичида юрганим учун шу ишни бошини ушладим. Номига тушундими тушунмайдими мураббий олишади, 10та 10та қилиб болаларн ўйнатади, машғулот тамом. Ҳамма нарса кўзбўямачилик, қоғозда бор фақат. Бунда қандай қилиб футболчи чиқади? Гейнрих, Қосимовлар яна қачон чиқади? Турнирлар кўп эди, 4-5та босқичдан ўтиб чиқиларди. Муаммони энг пасидан қидириш керак. Беркитиш шарт эмас, болани красовка олишга пули йўқ, яна уни ота-онасидан пул сўрашади. 

- Ушбу ҳолат ўзимни ҳам бошимдан ўтган, болалигимда футбол машғулотларига борардим. Ўша пайт футбол формам йўқ, бутса олишга ҳам имконим бўлмаган. Ҳали ой бошланмасдан пул сўрарди мураббий, банер қўйдирса ҳам пул йиғиларди. Ҳаммада шароит ҳар ҳил бўларди...

- Авваллари инсоф, виждон деган нарсалар ҳозир унутилиб боряпти. Ёшлар футболидаги тизимни олиб қарасак коррупция бўлиб ётибди. Журналистлар чиқиш қилиб нега Жаҳон чемпионатига чиқа олмаймиз, унақа қилиш керак, бунақа қилиш керак дейишади. Бу кетиш бўлса ҳали мундиалга чиқмаймиз. Бошқа кучли терма жамоаларни даражасига чиққунимизга қадар биздан улар 2-3 калла олдинга ўтиб кетишади. Селекционер мураббий бўлиб 2005-2006 йилларда туғилган болаларни Андижонга мусобақага олиб бордик. Ачинарли томони болалар ўртасидаги ўйинга Олий лига даражасидаги ҳакамни қўйишган. У ўйинга Олий лигани кўзи билан қарамоқда, пенальти белгилаяпти, ўйинни бошқара олмаяпти. Ҳей инсофинг борми дедик. Кейин билсак ютилмаса унга бонус ёзилмас экан. Ҳамма нарса маблағга бориб тақалмоқда. 

- Футболчиларимизни жисмоний жиҳатдан кучсизланаётгани футболимиз ўзгарганидан далолатми? 

- Битта дараҳтни кўкартиришингиз учун кўп бор парвариш қиласиз. Футболчига ҳам шундай парвариш керак, бунинг учун овақатланишни тўғри йўлга қўйиш зарур. Масалан ҳозир 16-17 ёшдаги болалар қаерда ўйнайди? 2002 йиллар академияларни тамомлайди бу йил. Шундан кейин уларни 18 ёшдан жамоаларга бериш керак. Про лигада 2 миллион, 3 миллион ҳам ойлик қилиб бера олмайди. Нима қилади улар, Россияга ишлашга кетмоқда. Янги йўлдан ҳам иккитагина бола жамоага жойлашди. Ўзбекистонда кўп нарса кўзбўямачиликка бўлади, куним ўтса, кимгадир яхши кўринсам бўлди қабилидаги иш тутишади. Агарда бу нарсалар йўқ бўлиб барча шароитлар яратиб берилиб ишга киришилса бирор нимага эришиш мумкин. Тожикистон, Қирғизистон биздан анча паст эди. Улар етиб ҳам кела олмасди. Эътибор беринг бизга етиб олди. Биз Япония, Корея, Қатар, Саудия Арабистонидан анча ортда қолиб кетмоқдамиз. Баҳрайндан ҳам ортда қолиб кетамиз. Мутахассислар етишмаяпти, Усмон Тошев Тожикистонда ишламоқда. Ўзимизда шунга шароитлар йўқми? Жаҳон чемпионатига чиқиш учун бизга 20та Одил Аҳмедовлар керак. Уларни пасдан олиб чиқиш зарур. 

- Аввалги раҳбарият даврида спорт мактабларида футбол бўлими мутахассис етишмаяпти дея ёпиб юборилди..

- Гап мутахассис етишмаслигида эмас, давлатга ортиқча ҳаражат бўлиб қолди. Футбол мактабларини номини ўзгартиришмоқда, футбол маҳорат мактаби, интернатлар ва ҳоказо. Қуруқ номни ўзгартирганни фойдаси йўқ. Оддий жигулига мерсадесни маркасини ёпиштириб қўйсангиз бу жигули мерсадесга айланди деган маънони англатмайди. Футбол маҳорат мактаби бўладими ёки бошқами олдин шакллантириб қўйиш, яхши савиядаги мураббийларни олиб келиш керак. Ўзим яшайдиган янги йўл мисолида олиб қарасак қишда у ерда футбол ўйнашни имкони йўқ. Майдон шунақанги лой бўладики тасаввур қилиб кўринг. Битта суъний майдон қуриб бера олишмайдими? Очилганига 10 йилдан ошди, ҳалигача бу муаммо бартараф этилмаган. Ишонсангиз газ йўқ, кўмирда иситишади. Автобус йўқ, битта автобус ажратилмаган. Энди вилоятлардаги аҳволни ўйлаб кўринг. Ҳамма келиб кетди, натижа йўқ барибир. Мираброр Усмонов даврида футболимизда анча ўсиш кўзга ташланганди.  

"Футболимиз ва терма жамоамизни келажаги, бўлғуси ҳақида бирор нарса дея олмайман"

-  Фаолиятингизни сўнги йилларида "Сурхон" ва "Андижон" жамоаларида тўп тепдингиз. Хўш, бу вилоятларнинг бош жамоаларини ҳозирда Суперлигадаги иштирокига назар солсак қандай хулосага келиш мумкин?

- "Андижон"нинг ҳозирги таркибининг ярими маҳаллий футболчилардан иборат. Иқтидорлар кўп бу вилоятда ҳам. Лекин, жамоа сифатида шакллантира олишмаяпти. "Сурхон" Суперлигада барқарор иштирикони таъминлаши лозим. Боиси мухлислар шу қадар қизиқадики, жонини беради керак бўлса. Ўзбекистон бўйича биринчи ўринда наманганлик мухлислар бўлса, иккинчи ўринда сурхандарёлик ишқибозларни айтишим мумкин. "Сурхон" сафида биринчи лигада тўп тепганимда гувоҳ бўлганман, чироқлар бўлмаса ҳам, иссиқ бўлса ҳам ўйиндан 2-3 соат олдин келиб туриб олишарди. Сурхандарёлик мухлислар водйиникидан қолишмайди. Қанийди "Пахтакор"га ўхшаган жамоаларни водий ва воҳада ҳам ташкил қилса ёки шакллантирса. Стадион тўлади, одам сиғмай кетади. Мухлисларга чиройли футбол ёқади, уларга жоиз бўлса байрам қилиб бериш лозим. 

- Суперлига клубларида ўйин услуби сизга ўхшаган, сизнинг ўринбосарингиз сифатида етишиб чиқаётган футболчилардан кимни кўрсата оласиз?

- Ўйинларни кузатиб бораман. "Пахтакор"даги Ҳожиакбар Алижоновни айтишим мумкин. Ёрқин порлаб чиқаётган ёшларимиздан бири, унинг ҳаракатларида ўзимнинг ўйинимни кўраман. Агарда бу бола ишлашдан тўхтаб қолмаса Европа даражасидаги футболчи сифатида етилади. "Бунёдкор"даги Иброҳим Ҳалил Йўлдошевнинг тезлиги, ҳаракатлари чакки эмас. "Насаф", АГМКда ҳам шунақа футболчилар бор. Муҳими ишлашдан тўхтаб қолмаслик. Суперлигада ўйнаётган футболчиларни камчилиги ишлашдан тўхтаб қолишади. 

- Футболимиз ва терма жамоамизни келажагини, бўлғусини қандай тасаввур қилмоқдасиз?

- Футбол мактаби ва интернатига бориб ёшларни кузата туриб келажак ва бўлғуси ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Агар мен Жаҳон чемпионатига чиқамиз, ундай қиламиз бунда қиламиз десам ўзимни алдаган бўламан. Бу тизим ва бу шароит билан бирор натижага эриша олишимиз қийин. 

- Бутсаларингизни михга илганингиздан сўнг ортга фаолиятингизга назар солдингизми? Нималар йўқотдингиз, кўнглингиз тўлмаган жиҳатлар бўлдими?

- Барибир футболчиликни тугатганингиздан кейин сезилар экан. Кўнглим тўлмаган жиҳати проффессионал футболчи сифатида бир жамоада узоқ ўйнамадим, қайсидир жойда ўз устимда ишлашдан тўхтаб қолдим. Футболдан узоқлашмадим, мураббийликни бошладим. Илёс Зейтуллаев билан яқин ўртоқмиз. Италияда ўзининг иккита жамоаси бор, пайт бўлганда бориб тураман, кўриб гаплашиб керакли кўникмаларни оламан. Шуларни кўра туриб биз проффессионаликка амал қилмаганлигимизни биламан. Бу фақат майдонга чиқиб ўйнаш ёки машғулотларга бориб юриш эмас. Унинг ичига нонуштангиз, танаввул қилаётган овқатларингиз, ётиш туришингиз барчаси киради. Футболда майда хато бўлмайди. Европалик футболчилар бекорга кучли эмас, улар кун тартибини жуда мукаммал тузади ва амал қилади. Шу сабабли 90 минут югуради ва яна шунча вақтга етадиган кучни сақлаб қолади. Мураббийликни болалар футболидан бошлашга қарор қилдим, футболда кўп нарсани биламан деб ўйлар эканман. Ваҳоланки, ҳозир ишлаб туриб 40 фоиз нарсани ҳам билмаслигимни англадим. Янгийўлда ва шу вилоятимизда тизимни тўғри йўлга қўйишига ҳиссамни қўшсам хурсанд бўлардим. Жамоаларга кўпроқ болаларни етказиб беришни мақсад қилганман. Қолганини нима бўлишини вақт кўрсатади.

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди. 

Rating: +13   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика