Хайрулла Ҳамидов: "Купер услубидан воз кечмаса керак"
20 nov 2018 22:00
News
Хайрулла Ҳамидов: "Купер услубидан воз кечмаса керак"
Ўзбекистон – Жанубий Корея учрашуви (0:4) якунланганидан сўнг, терма жамоамиз билан бирга Австралия йиғинига борган таниқли журналист ва футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов билан боғланиб, суҳбат қуришга ҳаракат қилдик.
– Бугун ниманинг эвазига терма жамоамиз йирик ҳисобда мағлубиятга учради?
Бугунги мағлубият кўпчиликка оғир ботгани турган гап. Биз стадионда туриб кузатдик ва бошқаларга қараганда кўпроқ сиқилдик. Ўйиндан кейин Купернинг ҳолатини кўрдик, матбуот анжуманида саволларга жавоб беришни истамаётганини кузатдик. Футболчиларнинг жим бўлиб қолишганини томоша қилиш, албатта, осон эмас. Лекин бу мағлубият барибир керак эдими, деб ўйлаб қолдим. Чунки бу натижа янги мутахассисга кўп фойдали жиҳатлар тақдим этди. У Осиё футболи билан ҳазиллашиб бўлмаслигини тушуниб етди, ўзбек футболчиларининг салоҳияти қай даражадалигини оз бўлса-да англади, ўзи қўлламоқчи бўлган тактик қарашлари бу терма жамоага қанчалик мос келади, анчайин билиб олди.
Бугунги мағлубият сабаблари эса, кўп, деб ўйлайман. Энг асосийлари – Ўзбекистон терма жамоасининг оптимал таркибда эмаслиги, Жанубий Корея терма жамоасининг салоҳияти олдингидан кўра ошганлиги ва матбуот анжуманида ўзи айтиб ўтганидек, жамоалар ўртасидаги жисмоний фарқ. Буларнинг сафига шунингдек, аргентиналик мутахассиснинг Кореядек рақибга етарлича қаршилик кўрсатишга таркиб жиҳатидан ҳам, тактик жиҳатдан ҳам кучи етмаганини асосий омил сифатида келтирсак бўлади.
Корейсларнинг Австралия терма жамоасига қарши кечган ўйинини кузатганимиздаёқ, бизга осон бўлмаслигини тахмин қилгандик, ҳатто мағлубиятга учрасак ҳам фожиа ясамасак керак, деб ўйладик. Аммо бунақа фарқ билан ва бунақа ўйин билан енгилиш одамнинг хаёлига ҳам келмаганди, албатта. Бу мағлубият матбуот анжуманида ўзи тан олганидек, Куперникидир.
– Купернинг олиб бораётган сиёсати бош жамоамизга қанчалик мос? Умуман, бу мутахаcсисдан Осиё Кубогида натижа кутсак бўладими?
Олиб бораётган футбол сиёсатига мен бир нарса дея олмайман. Чунки тажрибали мутахассис натижа учун жавобгар шахс бўлгани учун ҳам бор талабни ўзи истаганидек ва ўзига маъқул келганидек қўяди. Менимча, унинг талаби ўртоқлик ўйинлари мисолида у қадар ёмон кўриниш ҳосил қилмади. Қисқа вақт ичида шунча ўртоқлик ўйини ўтказилди, олдин бундай ҳодиса кузатилмаган.
Кейин, унинг келган муддатига ҳам қарашимизга тўғри келадики, Купер терма жамоамизни йил аввалида эмас, мундиал тугагач, Осиё чемпионатига ярим йилдан камроқ муддат қолганида қабул қилиб олди. Бу муддат ичида жанубий америкалик мураббий икки ўт оралиғида қолиши турган гап эди – режасида ўзи истагандек узоқ муддат давомида терма жамоани тайёрлаш, қаршисида эса, тўрт ойдан сўнг бошланажак Осиё чемпионати. Эркин тайёргарлик кўрай деса, ундан ҳамма натижа сўрайди. Мағлубиятлар эса, ФИФА рейтингидаги ўрнимизга ҳам салбий таъсир ўтказиб, мундиал саралашини қийинроқ ҳолда бошлашимизга сабаб бўлиб қолади. Хуллас, Купер ана шу икки ўт орасида биринчисини танлади ва ўзи билганича терма жамоа тузишни бошлади. Токи Жанубий Корея билан ўйин бўлмагунча...
Билишимча, Австралия сафарини у ўзи сўраган, аслида терма жамоамизнинг навбатдаги ўйинлари яна Тошкентга мўлжалланган. Бунга сабаб, узоқроқда йигитларнинг салоҳиятини буткул билиб олишни истаган. Мана, уддасидан чиқди ҳам – қай футболчининг қандай кучга эга эканини, қисқа вақт ичида кўрсатмалари қанчалик бажарилиши мумкинлигини жуда-жуда яхши англаб олди.
Энди декабрдаги йиғинларда у ўзи танлаган таркибини то янги йилга қадар яна тайёрлайди ва ўйлашимча, БААга барибир яхшироқ натижа қайд этиш учун йўл олади. Бу борада у яшил қитъага бормаган етакчиларимизга ҳам суянади, деб ҳисоблайман. Жанубий Корея Куперни шунга мажбур қилмоқда.
– Ўзбекистон ҳимоявий ўйин орқали қанчалик ўсишга эришди?
Купер 63га кирган инсон, ҳаёти футболнинг ичида ўтган ва истаймизми, истамаймизми, унинг услуби шу – барчасини ҳимоядан тузади. Ўша “Валенсия”нинг жозибали ўйинларини кузатганимизда ҳам, ундан олдин машаққатли ишлар олиб борганини, валенсияликларга унинг услуби умуман ёқмаганлигини, кейин бор заҳматлар ортда қолгач, роҳатланиб жамоавий ўйин кўрсатишганини эслашимиз зарур. Купер ўз услубини “катеначчио” асосчиси ҳисобланган (асли аргентиналик бўлган) франциялик даҳо Эленио Эррерадан олганлигини ҳам яширмайди. (Гвардиола Кройффдан руҳланганини айтади, демакки, ўйин ҳам шунга яраша ҳужумкор бўлган, фарқ учун айтяпман) Шундай экан, терма жамоамиз бош мураббийи ўз услубини ўзгартирмаса керак, ўзгартирса ҳам баъзи омиллар сабабидан озгина таҳрирлаши мумкин, бундан ортиғи эмас.
Матбуот анжуманида Купер ҳимоявий томондан тактик ўсишга эришдик, деди. Аслини олганда, ўртоқлик ўйинлари аслида мана шунақа майда деталлар, боғламлар устида ишлаб олиш учун, янги футболчиларни кўрикдан ўтказиш учун ўтказилади. Купер мазкур масалаларни-да уддасидан чиқди. Майда деталлар устида ишлаб, бизнинг футболчиларимизга тактик қарашларини қанчалик сингдириши мумкинлигини пайқаб бўлди чамамда. Боғламлар устида ҳали кўп тер тўкиш лозимлигини англади, олдин терма жамоага чақирилмаган йигитларни ҳам кўрикдан ўтказиб олди. Қандай хулосалар чиқарганини шахсан билмайман. Аммо кайфиятидан маълумки, декабрда анча жиддий ишлайди. Туркия сафарида танланган таркибнинг устида бошқа масалалар бўйича ҳам иш олиб боради ва терма жамоамизнинг ҳимоявий кучини қай даражагача кўтариши мумкинлиги борасида охирги хулосага келади.
– Қайси футболчиларимизни терма жамоага жалб этиш керак, деб ўйлайсиз?
Умумий олганимизда, фалончи-пистончини олиш керак, дейиш осон. Лекин терма жамоамиз рулида ҳаммага таниш бўлиб улгурган услуб эгаси ўтиргач, энди унинг ҳолатидан келиб чиқишимизга тўғри келади. Менимча, Купер Австралияга олиб келган йигитларнинг ҳаммасини ҳам БААга олиб бормайди. Одил Аҳмедов, Сардор Рашидов, Виталий Денисов, ҳатто тажрибали Азиз Ҳайдаров жалб этилади. Чунки Купер ўзи истаётгандек терма жамоани барибир Осиё чемпионатигача тайёрлай олмайди, қитъа биринчилигида терма жамоа барибир натижа учун ўйнашига тўғри келади. Натижа учун ўйналганда, одатда, эски гвардияга мурожаат қилинади. БАА-2019да яхшироқ натижа қайд этиб, ҳеч ким ҳалақит бермайдиган ҳолда узун циклга тайёргарлик кўриш тажрибали мутахассис учун айни муддао бўлса керак.
Нодир Абдурасулов суҳбатлашди
Comments