Халқаро тақвим. Июнда бизни нималар кутмоқда?
23 may 15:39
News


Халқаро тақвим. Июнда бизни нималар кутмоқда?
Қуйида июнь ойида бўлиб ўтадиган халқаро ўйинлар ва бошқа воқеаларга тўхталамиз. Ҳозирдан айтиб қўяйлик, келаси ой Ўзбекистон миллий терма жамоаси жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу ойда Жаҳон чемпионати масаласи ҳал бўлади.
5 июнь. ЖЧ-2026 саралаш босқичи. Учинчи раунд 9-тур
5 июнь куни Осиё жамоалари ЖЧ саралашнинг учинчи раунд 9-тур ўйинларида майдонга тушадилар.
A гуруҳи: Ўзбекистон учун яхши имконият
Терма жамоамизнинг тарихда илк бор Жаҳон чемпионатига чиқишига бир қадам қолди. Биз бу имкониятни бой бера олмаймиз. Бунинг учун аввало 5 июнь куни Абу Дабида бўлиб ўтадиган БААга қарши баҳсда чиройли ўйин кўрсатиб, яхши натижа қайд этишимиз талаб этилади. Ҳозирги вазиятда ҳаммаси фақат ўз қўлимизда, терма жамоамиз бошқа ўйинга қараб қолмаган. Математика билан ҳисоблашишга ҳам вақтимиз йўқ.
5 июнь. БАА - Ўзбекистон
5 июнь. Қатар - Эрон
5 июнь. КХДР - Қирғиз Республикаси
B гуруҳи: Кураш авжида
Жанубий Корея биринчи ўрин билан ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди дейлик. Аммо иккинчи ўрин учун кураш охиригача кечади. Иордания, Ироқ, Уммон - бу жамоаларнинг ҳаммасида иккинчи бўлиш имконияти бор. Уммон - Иордания, Ироқ - Жанубий Корея ўйинларида кўп нарса ҳал бўлади. Дарвоқе, Ироқ терма жамоаси бу турни ўз уйида - Басра шаҳрида ўтказади.
5 июнь. Уммон - Иордания
5 июнь. Ироқ - Жанубий Корея
5 июнь. Қувайт - Фаластин
C гуруҳи: Япония масалани ҳал қилган, иккинчиси ким бўлади?
Охирги гуруҳда Япония терма жамоаси 20 очко билан Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб бўлди. Шу боис уларнинг Австралияга қарши ўйини ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Лекин бу ўйин Австралия учун жуда муҳим, чунки "сокерузлар" иккинчи йўлланма учун кураш олиб боряпти. Шунингдек, Саудия Арабистони ҳам мундиалдан четда қолмаслик учун охиригача ҳаракат қилади.
5 июнь. Австралия - Япония
5 июнь. Индонезия - Хитой
5 июнь. Баҳрайн - Саудия Арабистони
10 июнь. Осиё Кубоги-2027 саралаш финал босқичи 2-тур
Маълумот учун, 2027 йилги Осиё Кубоги Саудия Арабистонида бўлиб ўтади ва бунда 24та терма жамоа қатнашади. Ҳозирги пайтга келиб Осиё Кубоги йўлланмасини қўлга киритган жамоалар қуйидагича: Саудия Арабистони, Австралия, Ироқ, Эрон, Ўзбекистон, Қатар, БАА, Япония, Жанубий Корея, Уммон, Фаластин, Баҳрайн, Иордания, Хитой, Индонезия, КХДР, Қувайт, Қирғиз Республикаси.
Демак, 24та жамоадан 18таси маълум ва 6таси кейинроқ аниқ бўлади. Шу йилнинг 25 март куни ҳал қилувчи саралаш босқич старт олганди. Ўйинлар келаси йил 31 мартга қадар давом этади. Ҳал қилувчи раундда 24та терма жамоа 6 гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб бормоқда. Фақат гуруҳ ғолибларигина Осиё Кубоги иштирокчисига айланади. 10 июнь куни 2-тур учрашувлари ўтказилади.
Шарқий Тимор - Мальдив
Филиппин - Тожикистон
Бруней - Бутан
Яман - Ливан
Гонконг - Ҳиндистон
Бангладеш - Сингапур
Шрин Ланка - Хитой Тайпейи
Туркманистон - Таиланд
Мьянма - Покистон
Афғонистон - Сурия
Лаос - Непал
Малайзия - Вьетнам
10 июнь. ЖЧ-2026 саралаш босқичи. Учинчи раунд 10-тур
10 июнь куни ЖЧ-2026 саралаш босқичининг учинчи рануд баҳслари ўз ниҳоясига етади. Шу куни биз уйда Қатарни қабул қиламиз ва "Бунёдкор" стадионидаги ўйиндан кейин терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатига чиқққанини биргаликда нишонлаш насиб этади деган умиддамиз. Охирги 10-турда барча гуруҳларда қуйидаги учрашувлар ўтказилади:
Ўзбекистон - Қатар
Қирғиз Республикаси - БАА
Эрон - КХДР
Жанубий Корея - Қувайт
Иордания - Ироқ
Фаластин - Уммон
Япония - Индонезия
Хитой - Баҳрайн
Саудия Арабистони - Австралия
14 июнь - 13 июль. Клублар ўртасида Жаҳон чемпионати
Бу йил клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг географияси анча кенгайди. Чунки тарихда биринчи марта бу мусобақада 32та клуб қатнашади. Мезбонлик АҚШга топширилганидан хабарингиз бор. 14 июнь куни клублар ўртасидаги мундиалга старт берилади ва қарийб бир ой давом этади. Мундиалда Осиёдан 4та клуб қатнашади: "Ал Ҳилол", "Урава Редс", "Ал Айн", "Ульсан".
Ўтган йилнинг 5 декабрь санасида ушбу мусобақа учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтганди. Қуръа натижаларига кўра, 32 жамоа 4тадан 8 гуруҳга бўлинган. Ўйинлар 12та стадионда ўтказилади.
1. "Rose Bowl" (сиғими 88 минг)
2. "MetLife Stadium" (сиғими 83 минг)
3. "Bank of America Stadium" (сиғими 75 минг)
4. "Mercedes-Benz Stadium" (сиғими 75 минг)
5. "Lincoln Financial Field" (сиғими 69 минг)
6. "Lumen Field" (сиғими 69 минг)
7. "Hard Rock Stadium" (сиғими 65 минг)
8. "Camping World Stadium" (сиғими 65 минг)
9. "Inter&Co Stadium" (сиғими 25 минг)
10. "Geodis Park" (сиғими 30 минг)
11. "TQL Stadium" (сиғими 26 минг)
12. "Audi Field" (сиғими 20 минг)
Яна бир маълумот шуки, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига Ўзбекистондан ҳакамлар бригадаси таклиф этилган. Бош ҳакам Ильгиз Танташев ва унинг ёрдамчилари - Тимур Гайнуллин, Андрей Цапенко.
1-тур учрашувлари (14-15 июнь)
"Ал Аҳли" - "Интер Майами"
"Пальмейрас" - "Порту"
ПСЖ - "Атлетико"
"Ботафого" - "Сиэтлл Саундерс"
"Бавария" - "Оклэнд Сити"
"Бока Хуниорс" - "Бенфика"
"Челси" - Саралаш ғолиби
"Фламенго" - "Эсперансе де Тунис"
"Ривер Плейт" - "Урава Редс"
"Монтеррей" - "Интер"
"Флуминенсе" - "Боруссия Д"
"Ульсан" - "Мамелоди Сандаунс"
"Манчестер Сити" - "Видад"
"Ал Айн" - "Ювентус"
"Реал" - "Ал Ҳилол"
"Пачука" - "Ред Булл"
23 июнь - 5 июль. Аёллар Осиё Кубоги-2026 саралаш босқичи
Июнь ойида Аёллар футболи бўйича Осиё чемпионатининг саралаш баҳсларига старт берилади. Маълумот учун, навбатдаги Осиё чемпионати келаси йил 1-21 март кунлари Австралияда бўлиб ўтади. Мусобақага 5та стадион мезбонлик қилади. Финал ўйини Сиднейдаги ҳашаматли "Stadium Australia" (сиғими 82 минг) ўйингоҳида ўтказилади.
Осиё Кубогида 12та терма жамоа қатнашади. Ҳозирги пайтда 4та иштирокчи маълум. Мезбон Австралиядан ташқари Хитой, Жанубий Корея ва Япония 2022 йилги қитъа биринчилигида юқори 3 ўринни эгаллаб, йўлланмани қўлга киритган.
Аёллар Осиё Кубогининг саралаш баҳсларида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам иштирок этади. Шу йилнинг 27 март куни қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Саралашда жами 34та аёллар терма жамоаси иштирок этади. Иккита гуруҳда 5тадан, қолган олтита гуруҳда 4тадан жамоа бор. Фақат гуруҳ ғолибларигина Осиё чемпионатига йўл олади.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси гуруҳ ўйинларини "Дўстлик" стадионида ўтказади. Гуруҳдаги рақибларимиз - Непал, Лаос ва Шри Ланка. Учрашувлар тақвими қуйидагича:
29 июнь. 20:00. Ўзбекистон - Шри Ланка
2 июль. 20:00. Лаос - Ўзбекистон
5 июль. 20:00. Ўзбекистон - Непал
26 июнь. Футзал бўйича Осиё чемпионатига саралаш қуръаси
Келаси йилнинг 14-31 май кунлари футзал бўйича Осиё Кубоги бўлиб ўтади. Индонезия мезбонлик қиладиган ушбу мусобақада 16та миллий терма жамоа қатнашади. Шу йилнинг 26 июнь куни эса мазкур мусобақанинг саралаш босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, саралаш ўйинларида Нодир Элибоев бошчилигидаги Ўзбекистон футзал терма жамоаси ҳам қатнашади.
Х.Холиқов
Similar news

Comments