Усмон Тошевдан жиддий гаплар
30 aug 2017 13:41
News
Усмон Тошевдан жиддий гаплар
Лекин бу йилги биринчи лига мусобақалари жуда кескин ва қизиқарли тус олаётганини кўриш мумкин. Шу боис у ерда ҳам интрига жуда кучайди. “Андижон” жамоаси учун барча ўйинлар худди финал каби жиддий аҳамиятга эга. Шу боис уларга қарши ўйинда рақиблар астойдил ва бор кучлари билан ҳаракат қилаётганини ҳам айтиш жоиз. Куни кеча “Андижон” бош мураббийи Усмон Тошев “Истиқлол”га қарши ўйиндан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“ИСТИҚЛОЛ" БИЛАН ЎЙИН ҲАҚИДА
- Биз жуда қийин йўлни танлаганмиз. Бу чинакам футбол йўлидир. Ўйинимизни яхшилашга ҳаракат қиляпмиз ва бунинг уддасидан чиқяпмиз. Лекин барибир ҳам индивидуал хатоларимиз бор. Биз бу камчиликларни бартараф қилиш учун ишлаяпмиз. Биласизми, яна нима? “Цементчи” билан ўртадаги очколар фарқи футболчиларимизга бироз ҳалақит қиляпти. Ўйинга тўхталадиган бўлсак, Акмал Холматов стандарт вазиятдан гол урди. Лекин бу нуқтадан анча-мунча футболчи гол ура олмайди. Бу ерда унинг тажрибаси иш берди. Айнан у ўз маҳоратидан келиб чиққан ҳолда индивидуал жиҳатдан гол ура олди. Ўз дарвозамиздан ўтказиб юборган голга келсак, йигитлар ўз позицияларида хато қилишди, бу шунчаки, индивидуал хато эди. Рақиб эса қарши ҳужумда гол урди. Лекин мени қувонтиргани шу бўлдики, барча футболчилар охиригача ҳаракат қилишди. Захирадан майдонга тушганлар ҳам сўнгги дақиқаларгача курашишди. Баъзида эса ўйинчилар охиригача курашишмасди. Бунгача уларга қандай ва нималарни тушунтиришган, билмадим. Шунинг учун танлаган йўлимиз қийин. Биз ҳам уларни тайёрлашимиз, ҳам ғалаба қозонишимиз керак. Умуман олганда, ҳаракатларимиз ёмон эмас. Ўйиндан кейин ечиниш хонасига кирганимда барча футболчиларнинг аҳил эканлигини яна бир бор кўрдим. Айнан мана шуниси бизга куч беради. Лекин бизга қарши ким ишлаяпти, қандай ишлаяпти, ҳаммасидан хабарим бор. Чунки мен бу ерга ўтин териш учун келмаганман. Узоқ йилдан бери футболнинг ичида юрганим учун кимнинг нима қилаётганини яхши биламан. Биз мана шундай қийинчиликларни енгиб ўтишга ҳаракат қиляпмиз. Насиб қилса, ўйинимиз янада яхшиланади. Ёш футболчиларимиз эса янада ривожланадилар. Шуни унутмаслик керакки, футболчи фақат мана шундай қийинчиликлар пайтида ўсади. Осон ўйнаб туриб кўп гол уриб бўлмайди. Ҳозирги вазиятни барча йигитлар яхши тушуниб туришибди. Бу эса барчамизни янада бирлаштиради.
ИШҚИБОЗЛАР ХУСУСИДА
- Андижонлик мухлислар энг зўри! Мен бунга 100 фоиз аминман. Фақат улардан бир илтимосим бор эди. Улар ўйин пайтида уни алмаштир, бунисини майдонга тушир деб қичқирмасинлар. Менга бундай гаплар таъсир қилмайди. Лекин биламанки, ишқибозлар ҳам ҳаяжонланиб бақир-чақир қиладилар. Биз эса ундан-да кўпроқ ғалабани хоҳлаймиз ва мухлисларимизни қувонтиришни жуда истаймиз. Уларнинг ҳайқиришлари эса футболчиларга таъсир қилади. Масалан, 10-рақамдаги футболчини алмаштир деб бақирадилар. Уни ўша футболчи эшитади ва руҳий тарафдан салбий таъсир кўрсатади. Мен эса уни яна руҳиятини кўтаришим керак бўлади. Биз кимни қачон алмаштиришни биламиз. Чунки олдиндан тактик ўзгаришларни тайёрлаб қўямиз. Биз шунчаки бошидан охиригача бирга бўлишимиз, бирга куч бўлишимиз керак. Бу дегани мавсум охиригача бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Ўйиндан кейин кўп инсонлар мени табриклади. Ваҳоланки, уларнинг аксариятини танимайман. Уларнинг раҳмат дейишаётгани мен учун эмас, бутун жамоага раҳмат деганидир. Биз биргаликда бутун жамоа бўлиб ютдик. Биламан, бошқа жамоалар бизнинг ютқазишимизни роса кутишганди. Лекин Худога шукрки, биз ғалабага эришдик. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Бунинг учун ишқибозлар бизни охиригача ишонч билан қўллаб-қувватласинлар.
ОХИРГИ ДАҚИҚАЛАРДАГИ ҲОЛАТ
- Албатта, ўйин охирларида ўзига яраша ҳаяжон бор эди. Кимни ўзгартириш, тактикани қандай кўринишга келтириш борасида ўйландим. Кейин ҳимоячининг ўрнига ҳужумчини туширдим. Бу билан таваккалчиликка қўл урдим. Яъни, уч ҳимоячи ва уч ҳужумчи билан ўйнадик. Тўғри, ўйинимизда айрим вазиятларда пала-партишликлар бўлди. Аммо энг асосийси, биз ютдик.
Comments