У Роналдунинг ўрнига гол урди. Гонсалу Рамуш билан танишамиз
07 dec 2022 13:00
News
"Бенфика"нинг 21 ёшли ўйинчиси Гонсалу Рамуш Португалиянинг асосий таркибида Криштиану Роналдунинг ўрнини эгаллади. Унинг қандай кўринишга эга эканлигини билган бўлишингиз эҳтимоли паст, аммо энди аниқ эслаб қолдингиз – форвард Швейцария (6:1)га учта урди ва жамоасининг чорак финалга чиқишига ёрдам берди.
"Нима дейишни ҳам билмайман. Асосий таркибдаги илк ўйинда учта гол – бунга ишона олмайман. Яна асосий таркибда чиқаманми ёки йўқ, буни билмайман", – деди Рамуш ўйиндан сўнг.
Албатта, ундан Роналду ҳақида сўрашди.
"Криштиану мен билан барча каби гаплашади. У сардоримиз ва доим ёрдам беришга тайёр", – деб жавоб қайтарди форвард.
Қизиқарли, аммо плей-оффга қадар Рамуш ЖЧда атиги 10 дақиқа ўйнади – Ганага қарши 2, Уругвай билан 8, Жанубий Кореяга қарши ўйинда эса захирадан тушмади. Фернанду Сантуш ўзининг махфий қуролини плей-офф учун сақлаб қўйганди!
Рамуш – ЖЧ плей-оффларида Эйсебио вақтларидан бери ўйинда биттадан кўп гол урган илк португалиялик.
Ким ўзи у? Келинг танишамиз!
• Рамуш – "Бенфика"нинг марказий ҳужумчиси. Бўйи 185 см. Ёши 21да. Туғилган жойи – Ольян (Португалия жанубидаги шаҳар).
• Гонсалу – "Фаренсе" собиқ ўйинчиси Мануэль Рамушнинг ўғли. Отаси 2000-йиллар ўрталарида кучли бўлмаган жамоаларда вингер бўлган, кичик Рамуш эса отасининг ўйинини кўрмаганини тан олади. "Аммо, айнан у мени футболга бўлган меҳрни берган".
• Рамуш 13 ёшида "Бенфика" академиясига келди. Ва порлади!
Португалия клуби 2018/19 йилги мавсум УЕФА ўсмирлар лигаси (18 ёшгача бўлган ўйинчилар учун ЧЛ аналоги)да финалга қадар етиб борди, Рамуш эса турнирнинг энг яхши тўпурари бўлди.
Гонсалу Португалиянинг турли терма жамоаларида ҳам яхши ҳаракат қилди. Португалия 2019 йилда U-19'нинг финалига қадар етиб борди ва Рамуш 3та ўйинда 4та гол урган ҳолда юқори натижа қайд этди. 2 йилдан сўнг эса Евро U-21 финали бўлди – Рамуш у ерда асосий таркибда эмасди, аммо Италияга қарши чорак финалда муҳим голни урди.
Рамуш 2019/20 йилги мавсум асосий таркибда порлади: ҳужумчи бир йўла "Бенфика"нинг тўрт турли жамоаси учун гол урди: ёшлар, U-23, ўринбосарлар ва асосий. Шу билан бирга катталар сафидаги дебют омадли чиқди – у ўйин сўнггида майдонга тушиб, 3 дақиқа ичида "Авеш" дарвозасига дубль қайд этди.
• Бу йигитгача ишонч билдиришди – "Бенфика" иқтидорли футболчиларни кўра олади. Аммо, фақатгина 2022 йилга келиб асосий таркибга кирди. Рамуш баҳорда "Энфилд"да "Ливерпуль"га (Клопп ўйиндан сўнг Дарвинни олди, бошқа форвардни кўриш керак эди) гол урди.
ЕЧЛ. "Ливерпуль" - "Бенфика" 3:3 (ВИДЕО)
"Бенфика" Нуньес кетганидан сўнг унга ўринбосар қидиришга тушмади ва Гонсалуга ишонч билдирди. Ва у буни оқламоқда: чемпионатида 9та (энг яхши тўпурар), ЧЛ саралашида 4та ва ЧЛда 1та (аммо биринчи ўринни олган жамоа асосий таркибида) гол урди. Шунингдек, 6та ассистни қўшимча қиламиз – бу 21 ёшли ўйинчи учун мавсумнинг ярми!
Сантуш Рамушдан ҳайратда. У терма жамоада дебют қилганига бир ой ҳам бўлмаган
Айнан сўнгги муваффақиятлар сабаб Фернанду Сантуш Рамушга ишонди ва ЖЧга олди – ҳужумчи терма жамоада фақатгина 17 ноябрда (Нигерия билан ўртоқлик ўйини) дебют қилди. Айтганча, Рамуш ўша ўйинда гол урди ва захирадан майдонга тушган Жоау Мариуга ассистентлик қилди.
Швейцарияга қарши ўйин – Гонсалу учун халқаро даражадаги илк асосий таркибдаги баҳс. Мураббий ноябрь ойидаёқ Рамуш ва Антонио Силва ("Бенфика"нинг яна бир иқтидори, ҳимоячи) каби ёшларнинг фойдаси ҳақида гапирган.
"Улар мен кутган нарсани қилишмоқда. Бири гол уради, бошқаси рақибга гол уришга қўймайди. Ва уларнинг иккиси ҳам ишини ажойиб даражада қилмоқда".
Рамушни кўпроқ Криштиану Роналду билан эмас, Томас Мюллер билан таққослашади. Гонсалу рақиб ҳимоячисида идеал тарзда бўш ҳудудларни топади – у нафақат ҳужумни якунлайди, балки шерикларига ҳам ёрдам беради.
Рамуш шу билан бирга ўйинни олиб бориш, якунлаш ва прессингда яхши – сўнгги жиҳатни унда "Бенфика" мураббийи ривожлантирмоқда. "Ҳа, мен гол ураман, аммо бу билан менинг репертуарим чекланмайди – доим ҳам ҳужумчи бўлмаганман", – дейди Рамуш.
Гонсалу – кўп жиҳатларда Португалия чемпионатидаги ўйинчилар орасида биринчи қаторда: рақиб жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олиш, тўпни олиб қўйиш, прессинг, кутилган голлар.
Рамушни ҳозирда яна бир афсонавий немис билан солиштириш мумкин. У ЖЧдаги илк асосий таркибидаги ўйиндаёқ хет-трик қилган – Гонсалуга қадар бундай ишни 2002 йилда Мирослав Клозе қила олган. Ҳа, Миро буни гуруҳда Саудия Арабистони билан қилган, Рамуш эса плей-оффда Швейцария билан.
Ёздаёқ Рамуш учун АПЛ клублари келганди
Ўшанда "Вулверхэмптон" (бошқа ким ҳам бўлиши мумкин!), "Ньюкасл", "Эвертон" ва "Саутгемптон" келишганди, аммо "Бенфика" музокараларни Жорже Мендешнинг ўзи олиб борган бўлса ҳам, 25 миллион евролик таклифни қабул қилмаган.
ВИДЕО ЖЧ-2022. Португалия - Швейцария 6:1
Куздаёқ "Манчестер Юнайтед"нинг қизиқиши ҳақида гап-сўзлар янгради. Рамуш Эрик тен Хаг жамоасида ҳам Криштианунинг ўрнини эгаллаши қизиқ бўларди. Энди португалияликлар жасорат билан бутун товон пулини сўрашлари мумкин – бу эса 100 миллион евро!
Алишер Остонов таржимаси
Comments