Тезлик оламиз... 1,2,3,4,5,6,7 – кетти!
10 mar 2015 13:36
News
Тезлик оламиз... 1,2,3,4,5,6,7 – кетти!
Бизнинг иш эса олий лигани даҳшат қилиб ёритиб бериш. Сайтимиз аллақачон ўзбек футболининг марказига айланиб бўлди. Асосий мақсад ҳам аслида шу эди. Хориж футболи ўз йўлига, қора бўлса, ҳам қўнғизимиз бор ва у биз учун ҳаммадан ҳам оппоқ.
Олий лигага сайтимиз ходимлари жиддий тайёргарлик кўряптилар. Бу ерда ФИФА.уз аллақачон ишга тушиб улгурди. Биринчи турга икки кун қолган бир пайтда деярли барча жамоаларимиз ўз таркибларини тўлиқ аниқлаб бўлганлар. Бундан буёғига катта трансферларни кутмаймиз. Юқоридаги тўрт жамоа аллақачон ОЧЛ заявкасидан ўтишди.
Келинг, жамоалар кўрган тайёргарлик ва трансфер бозоридаги иштирокидан келиб чиқиб, уларнинг олий лига - 2015даги имкониятларини чамалаб чиқамиз. Аввалига келишиб олайлик. Йил бошида ПФЛда сценарий ёзиб бўлинган деган фисқу-фасодни йиғиштирайлик. Истасангиз, 2014 йил бошидаги “комент”лар архивини кўрсатаман. 99% фойдаланувчи “Локомотив” чемпион, “Бунёдкор” кумуш, “Пахтакор”га бронзани олиб берганди. Амалда нима бўлди? “Бунёдкор” учликка ҳам кира олмаган бўлса, “Пахтакор” пойтахт дербисида “Локомотив”ни мағлубиятга учратиб чемпионликни қўлга киритди. “Насаф” эса бронзани олди. Тўғрими, гар шундай экан, керак эмас, сайтда уруш-жанжал чиқариб асабга тегиш. Чемпионлик шундай нарса-ки, унга жамоа ўзи эришмаса биров ёрдам бера олмайди. Демак, сизлар билан келишиб олган ҳолда таҳлилни давом эттирамиз.
ЧЕМПИОНЛИК УЧУН КИМЛАР КУРАШАДИ?
Шубҳасиз, “Пахтакор”, “Локомотив”, “Насаф” ва “Бунёдкор”. Айни пайтда уларнинг барида бир хил имконият бор. “Пахтакор” ва “Насаф”нинг ютуғи 3 йилдан ортиқ бир таркибда ҳаракат қилишяпти. Бу жамоа футболчилари бир-бирларини бир қарашда тушунадилар. Лекин бу икки жамоада молиявий муаммо бўлиши мумкин. Масалан, “Пахтакор” анча йилдан бери амал-тақал қилиб мавсумни якунлаяпти. Клуб стабил ҳомийга эга эмас.
“Бунёдкор”нинг ҳам чемпионлик пойгасида имконияти йўқ эмас. Жамоа ўтган йил таркибини “тозалаб” олди ва бир қатор ёшларга жой берди. Бу йил жамоа 2014 йилгидан кўра яхшироқ ўйнаши мумкин. Лекин асосий таркибдан жой олаётган футболчиларнинг аксарияти май ойи сўнггида бошланадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига кетади. Бу эса Сергей Лушанга ортиқча муаммо туғдириши мумкин. “Локомотив” ҳам чемпионлик учун кураш олиб боради. Уларда ҳам ҳаммаси жойида, фақат таркибни янгилиги бироз панд бериши мумкин. Қолган ҳаммаси жойида.
Кўриб турганингиздек, тўртта жамоанинг ҳам плюс ва минуслари бор. Шунинг учун ҳам чемпионлик учун кураш бу йил аввалгиларидан кўра қизиқроқ бўлади.
ОЧЛ УЧУН КИМ КУРАШАДИ?
Юқоридаги тўрт жамоа ичига икки клубни қўшишимиз мумкин. Бу “Олмалиқ” ва “Нефтчи”. Игорь Шквирин бу борада жуда зўр селекция қилди. Саломов ва Мурзоев Ўзбекистон чемпионатининг савиясидан келиб чиқсак, жуда яхши харид. Абдумўминов ҳам чакки эмас. Жамоа бош ҳомийси клуб олдига ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишни вазифа этиб қўйди. Буни “Олмалиқ” чемпионатда тўртликка кириш билан бажарадими ёки кубокни ютиб, бу энди Шквириннинг иши. Яна бир жамоа бу - “Нефтчи”. Мурод Исмоиловнинг Фарғонада иш бошлаганига ҳам оз эмас, кўп эмас икки йилдан ошди. 3 мавсум ҳар қандай мураббий учун “қаймоғи” бўлади. Қолаверса, жамоа Туркияда бўлиб ўтган йиғин чоғида ҳам ёмон ўйнамади. Курашувчилар қаторига “Машъал”ни ҳам қўшган бўлардим, аммо жамоа эртанги кунини сотиб юборди. Шомуродов, Шойқулов, Шукуров кечаги “Пахтакор”, бугунги “Бунёдкор” каби жамоани янги босқичга олиб чиқиши мумкин бўлган футболчилар эди. Ундан ташқари Жаҳонгир Абдумўминов ҳам клубни тарк этди.
ОЛТИЛИК УЧУН КИМ КУРАШ ОЛИБ БОРАДИ?
“Машъал”, “Навбаҳор”, “Металлург”, “Қизилқум”, “Бухоро” ва “Шўртан” жамоалари мавсумни олтинчи ўринда якунлашга ҳаракат қиладилар. Аммо бу дегани, ҳеч ким 10-ўринни олмайди дегани эмас. Демоқчи бўлганим, 6-12 ўринлар айнан мана шу жамоалардан ташкил топади. Бу борада “Машъал” ва “Навбаҳор”нинг имконияти юқори. Баъзи йўқотишларни инобатга олмаса, “Машъал”нинг ўйинида айтарли ўзгариш бўлмайди. “Навбаҳор” эса молиявий ҳолатини ўнглаб олса бўлгани. “Металлург”га эса қийин бўлади. Жамоада энди Маъмур Икромов йўқ. Бу рақибларга устунлик беради. “Бухоро” катта ният қилаётган бўлса-да, жамоа янгидан ташкил топгани муҳим паллада панд бериб қолиши мумкин. “Бухоро”га бирон йил имкон бериш керак. “Қизилқум” эса деярли таркибни сақлаб қолди. “Шўртан”нинг ҳам таркиби мазкур ўринлар учун курашиш имконини беради.
ОЛИЙ ЛИГАДА ҚОЛИШ УЧУН КИМ КУРАШАДИ?
Мухлисларга ҳар қанча оғир ботмасин,бу - “Динамо”, “Қўқон-1912”, “Андижон” ва “Сўғдиёна”. Мазкур рўйхатда ўз клубини кўраётган мураббий ва раҳбарлар ҳам аччиқ қилманг. Кўзни катта очинг, бу олий лига. “Динамо”нинг қарзи кун сайин ошиб боряпти. “Сўғдиёна”нинг ҳам молиявий ҳолати яхши эмас. “Андижон”да эса таркиб муаммоси мавжуд, катта эҳтимол билан жамоа бош мураббийининг иш услуби аллақачон олий лигамиз талабига жавоб бермайди. Аниқроқ қилиб айтганда, жуда ҳам кўп нарса талаб қилади. “Қўқон-1912” эса олий лигада рақибларга босим берадиган номга эга эмас, ҳозирча! Ундан ташқари жамоа таркиби деярли ўзгармади. Бундай таркиб билан олий лигада иштирок этиш жуда қийин.
Лекин бу жамоа мухислари ортиқча хафа бўлмасалар ҳам бўлади. Бор-йўғи битта жамоа қуйи лигага тушиб кетади. 15-жамоа эса биринчи лигада иккинчи ўринни қўлга киритган жамоа билан қолиш учун баҳс олиб боради. Биринчи лигада эса, иккинчи ўринни қўлга киритиши мумкин бўлган клубнинг ўзини кўрмаяпмиз ҳозирча.
Ҳозирча шулар, сизлардан битта илтимос. Ўз жамоангиз иштирокида бўлмаган ўйинларда жанжалга сабаб бўлувчи коментларни қолдирманг. Агар жамоангиз ғалаба қозонса, шунчаки қувонинг. Мағлубиятга учраса, сўкинманг. Биласиз, сайтимизнинг қонун-қоидаси жуда ҳам жиддий ва огоҳлантирмасдан банд қилиб қўйишимизни барча билади. Аҳилликка нима етсин? “CA” - бир оила, имкон қадар фикрларда саволларингизга жавоб берамиз. Имкон қадар сизлар билан биргамиз. Шундай экан, биз бир оила эканмиз, биз ака-ука эканмиз (орамизда қизлар ҳам бор), бир-биримизга ҳурматни сақлайлик. Биз сизлар учун ишлаяпмизми, демак, сиз биз учун иноқ бўлинг!
Нодирхўжа Юлдашев.
Comments