Терма жамоада бош мураббийдан ташқари яна нимани ўзгартириш керак? Катанецнинг келиши кимга кўпроқ фойда? Эксперт фикри
18 aug 2021 10:30
News
Терма жамоада бош мураббийдан ташқари яна нимани ўзгартириш керак? Катанецнинг келиши кимга кўпроқ фойда? Эксперт фикри
Бу борада турли мутахассислар, футбол ичидаги шахслар ўз фикрларини ва муносабатларини билдиришмоқда. Албатта ҳар ким ўз қарашига эга. Буни инкор қила олмаймиз. Сречко Катанецнинг терма жамоамиз бош мураббийи бўлишига тажрибали мутахассис Ёрқин Назаров ҳам ўз мулоҳазаларини билдирди.
- Сречко Катанецнинг терма жамоамизга бош мураббий бўлаётганлигини эшитганингиздан сўнг дастлаб қандай фикр юзага келди?
- Тўғрсини айтсам, ушбу мураббий ҳақида кўп маълумотга эга эмасман. Сречко Катанецнинг иш жараёнини кузатмаганман. Лекин охирги иш жойи Ироқ терма жамоаси бўлди. Мазкур мамлакатда ёмон фаолият олиб борди, дея олмайман. Ироқни Жаҳон чемпионати саралаш раундининг ҳал қилувчи босқичига олиб чиқди. Эрон билан рақобатлашди. Ўзбекистон футбол ассоциациясида терма жамоа мураббийлари билан ишлайдиган бўлим бор. Улар яхшилаб ўрганган, деб ўйлайман. Боиси бир маротаба Эктор Куперни илк турдан сўнг истеъфога чиқариб катта пул тўлашган. Хориждан мураббий таклиф қилишдан олдин ҳар томонлама, услуби, характери, футболимизга қай даражада мос эканлигини билиш зарур. Керак бўлса, аввалги ишлаган жойидан сўраш лозим.
- Катанец Купердан фарқли равишда Осиёда ишлаган. Тактик жиҳатдан яхши мутахассис, дея оламиз. Мана шу жиҳатдан у Эктор Купердан фарқли равишда фойда келтира оладими?
- Аргентиналик мутахассис ҳимоявий услубда ўйнатарди. Сречко Катанецни эса келгач энди билиб оламиз. Хорижлик мураббийнинг келиши кўпроқ ёш футболчиларга, иккинчидан терма жамоага чақирилмаган, кўпчилик эътибор қилмаган ижрочиларга фойдалироқ бўлади.
- Бош жамоамиз учун муносиб бўлган яна қайси хорижлик мураббийлар номзодини кўрсата оласиз? Шахсий фикрингиз қизиқ...
- Билишим бўйича номзодлар орасида Қурбон Бердиев ҳам бор эди. У ҳам ёмон танлов эмасди. Биринчидан тил билан боғлиқ муаммо бўлмайди. Кўрсатмаларини тушунарли қилиб етказади. Ўзбекистоннинг менталитетини билади.
- Ўзимизнинг маҳаллий мураббийлардан айни пайтда кимни терма жамоани бошқаришга лойиқ, деб ўйлайсиз?
- Маҳаллий мутахассислардан кимни айтишни ҳам билмайман. Чунки терма жамоада босим катта бўлади. Қайсидир клубда ишлагандан сўнг, ўзи билган футболчиларни чақиришига тўғри келади.
- Бош мураббийдан ташқари яна нимани ўзгартириш керак?
- Ушбу масалада шахсий фикрим шундан иборатки, Ўзбекистон футбол ассоциациясига Россия, Украина ёки Германиядан битта яхши савиядаги техник директор таклиф қилиш керак. Барча ишларни жойига қўяди. Европа терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувларини ташкил қилади. Кейин нафақат миллий терма жамоа, балки барча ёш тоифалариларидаги жамоаларга ҳам таъсир кўрсатади. Бу амалиётда қўлланилган. Асли германиялик дўстим Озарбайжон футбол федерациясида техник директор сифатида фаолият олиб борди. Барчасини йўлга қўйди. Миллий терма жамоада ўзгаришлар рўй берди. Бизга ҳам Европадан техник директор керак.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
Comments