Суперлига клублари кичик танаффусга қандай ҳолатда йўл олди? (2-қисм, ўрталикдаги жамоалар)
27 may 2021 22:06
News
Суперлига клублари кичик танаффусга қандай ҳолатда йўл олди? (2-қисм, ўрталикдаги жамоалар)
Гарчи ҳали олдинда биринчи давраниг бир нечта учрашувлари қолган бўлса-да, жамоаларнинг ортда қолган турлардаги иштироки ҳақида бироз фикр ва мулоҳаза юритиш истаги туғилди. Мақоламизнинг аввалги сонида турнир жадвалидаги дастлабки 6 клуб ҳақида сўз борган бўлса, эндиликда турнир жадвалининг ўрталигида кетаётган жамоалардаги вазиятга нигоҳ ташлаймиз.
"Қўқон-1912" - Бахтиёр Ашурматов мураббийлигидаги жамоа мавсум аввалида таркибда бир қатор йўқотишларга учради. Асосий йўқотиш эса Қувондиқ Рўзиев билан боғлиқ. Бир неча йиллар давомида қўқонликларнинг марказдаги етакчиси бўлган ярим ҳимоячи "Навбаҳор"га йўл олди. Унинг ўрнини тўлдириш мақсадида Фарҳод Бекмуратов, Анвар Хожимирзаев таклиф қилинди. Якуба Бамба ортга қайтарилди. Шунга қарамасдан, барибир Рўзиевнинг ўрни билинмоқда. Мавсум бошидаги ўйинларда Мурод Ҳолмуҳаммедов таянч ярим ҳимоячи сифатида ўйинни бошқаришга ҳаракат қилди. Қайсидир маънода бу самара бераётганди. Бобир Акбаров жароҳат олгач, Ҳолмуҳаммедов ҳимояга қайтди. Жамоанинг ўйинидаги асосий камчилик сифатида шуни айтишимиз мумкин. Бевосита натижаларга тўхталадиган бўлсак, "шунқорлар" тўққизинчи турдан сўнг "Бунёдкор" билан бир хил кўрсаткич қайд этган ҳолда еттинчи ўринни эгаллаб турибди. Фақатгина тўплар фарқи "Қўқон-1912"да 9-10, -1. Жамоада 3 та гол билан Мўминжон Мелиев тўпурар бўлиб турибди. "Пахтакор" билан ўйинда Бахтиёр Ашурматов шогирдлари жорий йил ҳисобидан сафардаги илк мағлубиятини тан олди. Ўтган мавсумларда "уй жамоаси" деб номланган "Қўқон-1912"нинг бу йил ўз майдонида ҳали ғалаба қозонгани йўқ. Сафарда эса 7 очко ишлашни уддасидан чиқа олди. Қуйида барча учрашувларнинг натижалари билан танишинг. Яна бир маълумотни айтиб ўтиш керак, ўтган мавсумда Бахтиёр Ашурматовга яқиндан ёрдам берган мутахассис Даврон Файзиев жамоага қайтди. Мазкур ҳолат кўпчилик мухлисларни қувонтиргани табиий.
1-тур. "Турон" - "Қўқон-1912". 1:2
2-тур. "Қўқон-1912" - "Қизилқум" 0:0
3-тур. "Сурхон" - "Қўқон-1912" 1:1
4-тур. "Қўқон-1912" - "Бунёдкор" 0:0
5-тур. "Машъал" - "Қўқон-1912" 0:2
6-тур. "Қўқон-1912" - "Металлург" 0:1
7-тур. "Андижон" - "Қўқон-1912" 1:2
8-тур. "Пахтакор" - "Қўқон-1912" 3:0
9-тур. "Қўқон-1912" - "Сўғдиёна" 2:3
Кейинги тўртта турда жамоанинг рақиблари: "Локомотив", "Насаф", АГМК, "Навбаҳор".
Ёзги трансферлар ойнаси вақтида таркиб кучайтирилиши эҳтимоли йўқ эмас. Дарвоза чизиғига Асилбек Амоновни таклиф қилиниши мумкин. Буни бош мураббийнинг ўзи ҳам матбуот анжуманида айтиб ўтганини айтиш жоиз.
"Насаф" - Юртимизда академия ва футболчи етиштириб бериш бўйича Нидерландиянинг "Аякс" клубига қиёсланаётган "Насаф" учун мавсум яхши бошланмади. Жамоани тарк этганларнинг ўрнини тўлдирган ёшлар жипслашиб олишлари ва ўзаро тушуниб кетишлари учун маълум вақт талаб этиларди. Стартдаги дастлабки ўйинлардаги салбий натижаларнинг ҳам сабаби шунда, деб ўйлаймиз. Учта турда 2 очко ишлаган "Насаф" кейинги турларда кетма-кет учта ғалабани қўлга киритди. Мазкур беллашувларда Ҳусайн Норчаев, Марко Станоевич, Шерзод Насруллаев каби ижрочилар катта саҳнага чиқди. Марко Станоевич бу йил том маънода лидерлик қобилиятини ишга солмоқда, десак муболаға бўлмайди (7 та ўйин - 4 та гол). ОФК кубоги муносабати билан 8, 9-турдан ўрин олган "Машъал" ва "Металлург"га қарши баҳслар қолдирилди. Айни пайтда турнир жадвалида 3 та ғалаба, 2 та дуранг, 2 та мағлубият билан 11 очко тўплаган ва 4 ўринни эгаллаб турибди.
1-тур. "Насаф" - "Пахтакор" 2:3
2-тур. "Насаф" - АГМК 1:1
3-тур. "Навбаҳор" - "Насаф" 0:0
4-тур. "Насаф" - "Турон" 4:0
5-тур. "Қизилқум" - "Насаф" 1:2
6-тур. "Насаф" - "Сурхон" 6:0
7-тур. "Бунёдкор" - "Насаф" 2:0
"Аждарлар"нинг қолган ўйинлардаги рақиблари: "Машъал", "Металлург", "Андижон", "Қўқон-1912", "Сўғдиёна", "Локомотив".
"Навбаҳор" - Ҳар йили катта мақсадлар билан Суперлига карвони сари йўлга чиқадиган "Навбаҳор" учун ҳам мавсум ёмон бошланди. Илк турда минглаб мухлислари қаршисида "Сўғдиёна"га мағлубиятга учраган жамоа мураббий Нўъмон Ҳасановга чиқиш эшикларини кўрсатди. "Локомотив" билан баҳсда Виктор Жалилов бошлаб тушди. Гарчи битта ўйинда бу самарасини берган бўлса-да, қолган ўйинларда қониқарсиз натижалар давом этди.
1-тур. "Навбаҳор" - "Сўғдиёна" 0:1
2-тур. "Локомотив" - "Навбаҳор" 1:2
3-тур. "Навбаҳор" - "Насаф" 0:0
4-тур. АГМК - "Навбаҳор" 2:1
5-тур. "Навбаҳор" - "Пахтакор" 1:2
6-тур. "Навбаҳор" - "Турон" 0:0
7-тур. "Қизилқум" - "Навбаҳор" 1:1
8-тур. "Навбаҳор" - "Сурхон" 2:0
9-тур. "Бунёдкор" - "Навбаҳор" 0:0
Жамоада ўзини кўрсатаётган яққол бирор футболчини ажратиб кўрсата олмаймиз. Славиша Стоянович ва Эҳсони Паншанбе 2 тадан гол урган ҳолда тўпурар бўлиб турибди. Турнир жадвалидаги ҳолати ҳавас қиларли даражада эмас. 9 та ўйинда 2 та ғалаба, 4 та дуранг, 3 та мағлубият қайд этган ҳолда, 10 очко билан 9 ўринда кетяпти.
Биринчи давранинг қолган тўртта турида "Машъал", "Металлург", "Андижон", "Қўқон-1912" билан рўбарў келади.
"Қизилқум" - Навоийнинг бош жамоаси учун мавсум бир текис ўтаётгани йўқ. Жамоага юқори ўринларга чиқишига кўп дуранг ўйнагани халақит қилмоқда, дейишимиз мумкин. Тўғри йўқдан кўра 1 очко ҳам очко. Лекин совринли ўринлар сари интилмоқчи бўлган жамоа рақибларини мағлубиятга учратиши керак. Қизиқарли факт сифатида айтиш мумкинки, Ҳамид Актамов шогирдлари бу мавсум сафарда ҳали мағлубиятга учрамади. Жорий йилда "Қизилқум"нинг ўйинида қисман бўлса-да, мураббий имзоси сезилмоқда, дея оламиз. Жамоа 2 та ғалаба, 4 та дуранг, 2 та мағлубият қайд этган ва 10 очко билан 10 ўринга жойлашган, тўплар фарқи эса – 6:6. Жамоанинг голларига Ойбек Қиличев (2 та), Мате Ватсадзе, Элгужа Григалашвили, Жамшид Ҳасанов, Салим Мустафоев муаллифлик қилган.
1-тур. "Қизилқум" - "Андижон" 1:0
2-тур. "Қўқон-1912" - "Қизилқум" 0:0
3-тур. "Қизилқум" - "Сўғдиёна" 1:1
4-тур. "Локомотив" - "Қизилқум" 1:1
5-тур. "Қизилқум" - "Насаф" 1:2
7-тур. "Қизилқум" - "Навбаҳор" 1:1
8-тур. "Турон" - "Қизилқум" 0:1
9-тур. "Қизилқум" - "Пахтакор" 0:1
Қолган ўйинлардаги рақиблари: АГМК (олтинчи тур қолдирилган ўйини), "Сурхон", "Бунёдкор", "Машъал", "Металлург".
"Машъал" - Қишда испаниялик мураббийни таклиф қилиб, кўпчиликнинг эътиборини жалб қилишга уринган "Машъал"ни чемпионат старти арафасида Александр Хомяков қабул қилиб олди. Серхио Маринангели эса оилавий сабабларга кўра юртига қайтиб кетди. Хомяков "газчилар"га бегона эмас. Узоқ йиллар шу клубда фаолият олиб борган. Дастлабки турларда ўйинни топиб олишга қийналган жамоа, секин-аста оптимал спорт формасига кириб борди. Аммо барибир ҳали бир текис йўлга тушиб олди, дея олмаймиз. Натижалар бунга яққол мисол бўла олади. Тўққизинчи турда АГМК устидан қозонилган ғалаба балки кўп нарсани ўзгартириб юборар. Кучли рақибни мағлуб этиш футболчиларга қўшимча куч бериши тайин. Танаффусда мураббийлар штаби кўпроқ ҳимоядаги муаммолар ҳақида бартараф этиш ҳақида ўйлашларига тўғри келади. Жамоа 8 та ўйинда ўз дарвозасидан 15 та тўп олиб чиққани сўзимизга исботдир.
1-тур. "Бунёдкор" - "Машъал" 1:0
2-тур. "Пахтакор" - "Машъал" 3:0
3-тур. "Машъал" - "Металлург" 2:1
4-тур. "Андижон" - "Машъал" 1:1
5-тур. "Машъал" - "Қўқон-1912" 0:2
6-тур. "Сўғдиёна" - "Машъал" 2:2
7-тур. "Машъал" - "Локомотив" 1:4
9-тур. "Машъал" - АГМК 2:1
Турнир жадвалидаги ҳолат: 2 та ғалаба, 2 та дуранг, 4 та мағлубият билан 8 очко тўплаб, 11 ўринда турибди.
Олдинда кутаётган баҳслар: "Насаф" (8-тур қолдирилган ўйини), "Навбаҳор", "Турон", "Қизилқум", "Сурхон".
Суперлигамизда танаффус узоқ давом этади. Турнир жадвалидаги жон сақлаш учун курашаётган учта жамоа ҳақида мақоламизни кейинги сонларида тўхталиб ўтамиз.
Абдулазиз Искандаров
Comments