Сречко Катанецни ўйлантираётган муаммо нима?
13 nov 2021 12:00
News
Сречко Катанецни ўйлантираётган муаммо нима?
Агарда вазиятга холисона ва таҳлилий ёндашиш билан ўз мулоҳазаларини билдиришни юқоридаги гапга боғлайдиган бўлсак, терма жамоани мураббий эмас шу кунгача журналистлар бошқариши керак эди. Шаҳбоз Беғамов Самвел Бабаян ва Эктор Купер, Фахриддин Рўзиев эса Вадим Абрамов бошқарган даврлардаги муаммоларни таҳлилий тарзда оммага етказа билган. Бўлса, шулар бош мураббий бўларди. Сречко Катанец бошчилигидаги терма жамоамизда ҳам бугунги кунда айрим муаммолар йўқ эмас. Бу мураббийни ҳам ўйлантираётгани турган гап. Тўғри вақт керак, ҳали олдинда йиғинлар кўп, оптимал таркиб шакллантиришга улгуради. Лекин ўтиб бораётган вақт Катанецнинг ҳам зарарига ишламоқда. Нима учун? Ақл ўргатиш ниятидан йироқлашган ҳолда қуйида шу ҳақида батафсил.
1. Мудофаа чизиғидаги муаммолар
Ҳимоя чизиғидаги барча билиб турган камчиликлар Абрамовнинг Катанецга қолдирган мероси ҳисобланади. Айниқса марказий ҳимояда барқарор ўйнайдиган ва етакчиликни қўлига оладиган футболчи айни дамда йўқ. Катанец келганидан сўнг бу чизиқда турли тандемларни синаб кўрмоқда. Швеция билан Абдулла Абдуллаев - Достон Турсунов, Малайзияга қарши Рустам Ашурматов - Ҳусниддин Алиқулов, Иордания билан Достон Турсунов - Ислом Қобилов жуфтликлари илк дақиқалардан ҳаракат қилди. Ортда қолган учта баҳсда термамиз 6та тўп олиб чиқди. Голларнинг аксарияти марказий ҳимоячиларнинг хатосидан кейин дарвозамиздан жой олди.
Грузия билан ўйинга таклиф қилинган Рустам Ашурматов ўрнига кутилмаган номзод Марлен Чобанов чақирилди (Факт: Суперлигада сўнгги 4та турда 2тасида бошланғич, 1тасида захирадан, "Пахтакор" 7та гол ўтказиб юборган). Агарда жароҳати бўлмаганида балки Ҳусниддин Алиқулов ҳам уларнинг қаторидан жой олган бўларди. Жароҳат олган Достон Турсунов ўрнига эса Аббос Отахонов жалб қилинди. Шу ўринда Отахонов қайси критерияларга кўра чақирилгани мен учун тушунарсиз. (Факт: АГМК сўнгги 4та учрашувда 5та тўп олиб чиққан, Аббос Отахонов 3та баҳсда бошланғич таркибда, 1та ўйинда захирадан тушган). Грузия билан ўйинда марказий ҳимояда ким ўйнайди? Менимча бу савол Катанецни ҳам ўйлантирмоқда. Тахмин: Ислом Қобилов - Абдулла Абдуллаев. Уларга захира варианти Марлен Чобанов ва Аббос Отахонов.
2. Жароҳатлар ва йўқотишлар
Ҳа, кутилмаган жароҳатлар Катанецнинг режаларига таъсир ўтказгани кундек равшан. Дастлаб йиғинга чақирилган Шаҳбоз Умаров коронавирусга чалинганлиги учун рўйхатдан тушиб қолди. Унинг ўрнига "Қизилқум"дан Ислом Кенжабоев машғулотларга келиб қўшилди. Йиғиннинг илк кунларидан бошлаб иштирок эта бошлаган Достон Турсунов эски жароҳати безовта қилгани боис АГМКдан Аббос Отахонов таклиф этилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Икки сафардан бери Сречко Катанец синовдан ўтказиб олгиси келаётган Жасур Яхшибоев ниҳоят терма жамоага келди, деганимизда унда ҳам жароҳат панд берди. Маълумотга кўра у терма жамоа ихтиёрига эски жароҳати билан келган ва ўзини ноқулай ҳис қилган. Ҳужум чизиғида танлов имконияти кенг эканлигини ҳисобга олсак, Яхшибоевни ўрнига ҳеч кимни чорлов олмагани табиий ҳолат. Тошкентдаги йиғиннинг сўнгги кунида Хожиакбар Алижонов ҳам жароҳат сабаб Грузия сафарига отланмади. Унинг ўрнига муқобил вариант сифатида Шуҳрат Муҳаммадиев ёки Дилшодбек Аҳмадалиевни чақирилиши кутилганди. Грузия билан баҳсда бу чизиқда Давронбек Ҳошимов бошланғич таркибда майдонга чиқади. Бошқа йўли ҳам қолмаган. Шунингдек Фарруҳ Сайфиев ва Иброҳимҳалил Йўлдошев ўрин алмашган ҳолда тўп тепишлари ҳам мумкин.
3. Тажрибаларни синовдан ўтказиб олишнинг айни пайти
Ўртоқлик учрашуви мураббий учунлигини таъкидлаб келаман. Унда мураббий керакли тактикаларни, ўзининг ўйлаб қўйган режаларини кўриб олади. Аралаш таркибни ҳам тушириши мумкин. Катанец учун ҳозир шуларни синовдан ўтказиб олиши учун айни муддао. Энг асосийси расмий ўйинларга оптимал ва аниқ шаклланган ўйин билан етиб келсин. Шахсан ўзим ҳаттоки, Абрамов пайтда ҳам ўртоқлик ўйинларидаги натижаларни, кўрсатган ўйинни танқид остига олмаганман. Словениялик мутахассис ўз тажрибаларини расмий эмас, ўртоқлик ўйинларида қўллагани яхши.
Абдулазиз Искандаров
Comments