Latest news

13:42Ҳеч нарса қилмаган одам хатога йўл қўймайди  3 13:21Ройсга МЛС клублари қизиқиш билдирмоқда, аммо...  0 13:13U-23 Осиё Кубоги. Финалдан кейинги кадрлар ва тақдирлаш маросими ГАЛЕРЕЯ  7 12:51"Реал" бугун чемпион бўлиши мумкин, агар...  0 12:02Тарихий натижага эришган Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Тошкентда тантанали тарзда кутиб олинди   18 11:46Неъматулло Қутибоев: "Таркибида Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнаган футболчилари бор бўлган "Бухоро"га муносиб қаршилик қилдик"  1 11:38Улуғбек Бакаев: "Арал" билан баҳсдаги дуранг адолатли натижа"  2 11:34Кеча Ўзбекистон олимпия терма жамоасига ғалаба учун нима етишмади? Николай Егоричевнинг фикрлари  11 11:11Руслан Аҳмедов: "Вилоят ҳокими 2024 йилда "Хоразм" клубига база қуриб беришга ваъда берган"  3 10:55Асрор Алиқулов: "Машъал" гол ўтказмаганига битта сабаб бор"  0 10:45Жасур Жалолиддинов: "Финалда кучли жамоа ютқазди"  22 10:36Анвар Бердиев: "Рақиб 10 киши бўлиб қолганида тайёр ғалабани қўлдан чиқаришни тушунтириш ва тушуниш қийин"  0 10:25"Дўстлик" бош мураббийи Николай Шевченко: "Қўқон-1912" яримта вазиятдан ҳам гол уришга эришди"  1 10:20Муҳсин Низомиддинов: "Дўстлик" жамоасини яхши ўрганиб чиққандик"  0 10:00"Андижон" 8 йиллик қора анъанага чек қўядими?  3

Шаржадаги драма. Хюистрадан яна бир "юриш", "Пахтакор"дан эса чиройли камбэк News

Шаржадаги драма. Хюистрадан яна бир "юриш", "Пахтакор"дан эса чиройли камбэк

Кеча ОЧЛ-2021 Ғарб минтақасида гуруҳ баҳсларига старт берилди.

Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони "Пахтакор" мусобақанинг "B" гуруҳидан ўрин олган. Кеча "шерлар" дастлабки турни Эроннинг "Трактор" клубига қарши ўтказишди ва 3:3 ҳисобида жанговар дурангга имзо чекишди.

Pakhtakor Tashkent

Dragan Ceran - 69', Sharof Mukhiddinov - 75', Khozhimat Erkinov - 82'

AFC Champions League Grp. B . Round 1

14/04/2021, 20:00

3
:
3
Finished

Tractor

Ashkan Dejagah - 53', Mohammad Abbaszadeh - 56', Mohammad Abbaszadeh - 85'

45'
90'
52'  Anzur Ismailov
57'  Azizbek Turgunbaev (Khozhimat Erkinov)
57'  Khoziakbar Alidzhanov (Ibrokhimhalil Yoldoshev)
68'  Sardor Rashidov (Sharof Mukhiddinov)
68'  Sardor Sabirkhodjaev (Diyor Kholmatov)
69'  Dragan Ceran
75'  Sharof Mukhiddinov
82'  Khozhimat Erkinov
84'  Yegor Krimets
23'  Mohammad Reza Khanzadeh
53'  Ashkan Dejagah
56'  Mohammad Abbaszadeh
76'  Peyman Babaei (Saeid Vaseei)
78'  Ashkan Dejagah
79'  Ashkan Dejagah (Mohammad Ghaderi)
79'  Akbar Imani (Hamid Bouhamdan)
82'  Meysam Teymouri
85'  Mohammad Abbaszadeh
87'  Mohammad Abbaszadeh (Amin Assadi)
90'  Mohammad Ghaderi

Хюистра доимий тактикани танлади, Хатиби эса урғуни марказга берди

"Пахтакор" устози Питер Хюистра бу ўйинга доимий тактикаси (4-2-3-1)да тушиб келди, Расул Хатиби эса урғуни марказга берди (4-1-3-2).

Кўриб турганингиздек, Хюистра одатий 4-2-3-1 тактик схемадан фойдаланди.


Хатиби эса 4-1-3-2 схемасини қўллашни маъқул кўрди.


"Шерлар"нинг бошланғич таркибида Ҳожиакбар Алижоновнинг тушиши мен учун кутилмаган ҳолат бўлди. Бир кун олдин тахминий таркибимни тузганимда ҳам икки қанотга Сайфиев ва Йўлдошевни қўйгандим. Чунки, Алижонов мавсумни ёмон бошлади. Яна эски формасига қайтиши учун вақт керак ҳали.

Форслар устози эса битта соф таянч ярим ҳимоячини туширди ва марказга уч нафар ярим ҳимоячини юқоридаги схемадаги каби бир чизиқда жойлаштирди. Икки марказий ҳимоячи ўз-ўзидан Дердийокка кўзқулоқ бўлса, 6-рақамдаги Акбар Имани Черан билан шуғулланиши керак эди. Марказдаги учлик Дежага - Наримонжаҳон - Тикдари эса Собирхўжаев - А.Исмоилов тандемига қарши. Бу билан Хатиби марказда устунликни қўлга олишни асосий мақсад қилгани кўриниб турганди. Дежага ва Тикдари марказга яқинроқ ўйнагани сабаб икки қанот ҳимоячилари олдинроққа ўтиб ҳаракат қилишди.


Хатолар билан ёдда қолган биринчи бўлим

"Пахтакор" ўйинчилари дастлабки 45 дақиқаликда кўп бор тўпни йўқотишди. Сайфиев илк 13 дақиқада Рашидов ва Собирхўжаевга икки эпизодда элементар пас беролмади, Черан икки марта оддий вазиятда пасни рақиб оёғига берди. Алижонов эса 4-5 марта тўпни йўқотди, бу ОЧЛ учун кўп. Лекин, шунча хатоларга қарамай "Пахтакор" бўлимни форслардан яхшироқ ўтказди. 8-дақиқада Рашидов Иманидан тўпни олиб қўйиб ўзига ўзи хавфли вазият яратдию, кейин орқароқда зарба бериш учун қулай позицияга чиқиб тўп сўраган Эренга пас бермай ўзи зарба берди. Тўп дарвозабонга тегди ва йўналишини ўзгартирди. 17-дақиқада эса Рашидовнинг чап қанотдан узатган тўпига Дердийок бош билан зарба берди, бироз ноаниқ.


"Трактор" ўйиндаги биринчи зарбасини 20-дақиқага келибгина берди. Марказий ҳужумчи Аббосзода аутни отиб берганидан кейин 4-рақамдаги марказий ҳимоячи Ҳади Муҳаммади иккинчи қаватда Кримецдан устун келди ва тўпни бошқа бир марказий ҳимоячи 3-рақамдаги Муҳаммадризо Хонзодага узатди. У эса жуда ноаниқ зарба берди. Қизиғи, аутни айнан мана шундай ижро этиш бу форсларнинг "уйга вазифаси" бўлган экан. Чунки, жамоа бутун ўйин давомида рақиб дарвозасига яқин жойдан олинган аутларни ҳаммасини айнан шундай ижро этди: Аббосзода Муҳаммадига, Муҳаммади эса бош билан Хонзодага.

34-дақиқада Турғунбоев жарима зарбасини ижро этди, Черан эса тўпни боши билан дарвоза томон йўналтирди. Эронликларни муқаррар голдан устун қутқарди. Расул Хатиби шогирдлари биринчи 45 дақиқаликдаги чинакам хавфли вазиятни 45+1-дақиқага келибгина яратишди. 9-рақамдаги Бобойи чап қанотдан марказга силжиб кирди ва йўл-йўлакай ҳаммани чалғитган ҳолда зарба берди. Кримецнинг оёғига теккан тўп рикошет бўлиб Қувватовга жиддий муаммо туғдиришига оз қолди. Санжар рикошетга тез реакция кўрсата олди.

LIVE  "Тезкор студия". "Пахтакор"дан 3:3, АГМКнинг дебюти қандай бўлади?


"Трактор"дан 2-бўлимда шиддатли старт ва "Пахтакор" ўтказиб юборган голлар

Иккита бўлим орасида жуда катта фарқ бўлди, бу ўйинда ҳам, ҳисобда ҳам ўз аксини топди. Форслар иккинчи 45 дақиқаликни шиддат билан бошлашди. Бунинг самараси ўлароқ жамоа иккита тезкор гол киритди. Шу ўринда "шерлар" ўтказиб юборган голларга тўхталиб ўтмоқчиман.

52-дақиқада Сайфиев тўпни ён чизиқдан ташлаб берди ва Собирхўжаев иккиси рақиб босимидан "девор" ўйнаб чиқиб кетмоқчи бўлишди. Афсуски, тўп йўқотилди. Кейин Сайфиев Бобойидан тўпни олиб қўйишга уринди, аммо у "Пахтакор" жарима майдончасига кириб борганидан кейин Фарруҳ эҳтиёткор ҳаракат қилишни бошлади ва 9-рақамли ҳужумчини қочириб юборди. У эса фурсат топиб зарба берди, Анзур тўпни қўли билан қайтарди ва пенальти. Тажрибали Ашкан Дежага 11 метрликдан адашмади. Кейинги иккита гол эса жуда қўпол хатолар натижасида ўтказиб юборилди.

56-дақиқа. "Трактор"нинг чап қанот ҳимоячиси Темури тўпни ерлатиб олдиндаги Бобойига узатди. Ҳожиакбар Алижонов эса тўпни юуриб чиқди ва бир қарашда уни ўз жамоасига олиб бераётгандек эди. Аммо, Алижонов тўпни олдинроқдаги Собирхўжаевнинг ўзига эмас, ёнроққа пас берди. Оқ чизиқ ўнг қанот ҳимоячимиз пас бериши керак бўлган йўналиш, қизил чизиқ эса пас берилган йўналиш. Сардор ва Имани жойлашган масофага эътибор беринг.

Имани анча орқароқда бўлишига қарамай тўпга Собирхўжаевдан олдин етиб келди ва биргина пас билан Аббосзодани олдинга чорлади. Биринчи қўпол хатони Алижонов қилди, кетидан Сардор суст ҳаракати сабаб иккинчи хатони амалга оширди.


Иккинчи голдан олдинги хатоларнинг давоми. Егор Кримец тўп билан қочишни бошлаган Аббосзодадан подкат эвазига тўпни олиб қўймоқчи. Анзур Исмоилов эса Кримец подкат ташлаётганини кўриб ёнга икки қадам ташлади. Жамоа сардори подкат ташлашда хато қилди, ҳужумчи эса тўпни чапроққа ташлаб ундан ўтиб кетди, Анзур эса шеригига ишониб ёнроққа ҳаракатни бошлагани сабаб 33-рақамли форварддан ортда қолиб кетди. Кўриб турганингиздек, хатолар жамланмаси иккинчи голга олиб келди.


"Пахтакор" 0:2дан чиқиб кетгандан кейин 84-дақиқада форслар бурчак зарбасини ижро этишди. Учрашувнинг расмий мезбонлари тўпни ўз жарима майдончаларидан узоқлаштиришди ва ҳимоячилар тезда олдинга югуриб кетишди, мақсад - рақиб ҳужумчисини офсайдда қолдириш. Аммо, юқоридаги скриншотда кўриб турганингиздек Егор Кримец бир ўзи орқада қолиб кетмоқда.


9-рақамдаги Бобойи бош билан тўпни шунчаки олдинга ташлаб юборди. Аслида офсайдда қолиб кетган бўлиши керак Аббосзода эса Кримецнинг шарофати билан сунъий офсайддан қутулиб қолди. Камига Кримец ҳужумчини жарима майдончасига кирмасдан йиқитса ҳам бўларди, лекин у айнан жарима майдончаси чизиғига келганда фол ишлатди. Ўтказиб юборилган учинчи гол тўлиғича Кримецнинг зиммасига тушди.


Иккинчи голдан кейин Хюистра ишга киришди

Бўлим аввалида ўтказиб юборилган иккита тезкор голдан кейин Питер Хюистра захирадагилар ёрдамида ишга киришди. Ўйин давомида энг тўп йўқотган Алижонов ўрнига Иброҳим Ҳалил Йўлдошев, Турғунбоев ўрнига эса Ҳожимат Эркинов тушди. Ўз-ўзидан ўнг қанот ҳимояга Сайфиев ўтди, Иброҳим Ҳалил эса чапга. 67-дақиқада Аброр Исмоиловнинг ажойиб пасидан сўнг Сайфиев зўр вазиятга чиқиб борди. Икки футболчини чалғитиб ортда қолдирган Фарруҳ аниқ зарба берди, аммо зарба ерлатиб ва кучсиз йўллангани сабаб марказий ҳимоячи Хонзода дарвозага кириб кетаётган тўпни қайтариб қолди. Майдонда "шерлар" бироз жонланишди, аммо нимадир етишмаётгандек эди. 68-дақиқада нидерландиялик мутахассис навбатдаги юришни амалга оширди. Рашидов ўрнига Диёр Холматов, Собирхўжаев ўрнига эса Шароф Муҳитдинов туширилди. Ўзгаришлардан кейин ўйин тизгини тўлиғича "шерлар" тарафига ўтди.

Захирадан қўшилганларнинг ҳаммаси ўйинни кучайтирди, улар ўйинга тетиклик олиб киришди. Деярли барча голларда Диёр, Шароф ва Ҳожиматларнинг ҳиссаси бор, Иброҳим Ҳалил ҳам гол уриши мумкин эди. Аммо, 72-дақиқада унинг кучли зарбасига аниқлик етишмади.


Кетма-кет ҳужумлар уюштира бошлаган "Пахтакор" 69-дақиқага келиб ниятига етди. Ҳ.Эркиновнинг пасидан кейин Черан тўпни чап оёғига тўғрилаб олди ва айланма зарба билан биринчи жавоб голини киритди. Орадан 6 дақиқа ўтиб Сайфиевнинг пасидан кейин Шароф Муҳитдинов жарима майдони ташқарисидан "пушка" йўллади. Бу вазиятда "Трактор"га ҳеч ким ва ҳеч нима ёрдам бера олмасди. 82-дақиқада эса Ҳожимат Эркинов тўпга охиригача курашди ва якунда жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Голдан кейин уни нишонлаш учун югуришни бошлаган Эркиновни 34-рақамдаги Милад Фахриддини атайлаб чалди, бу жуда ҳунук қилиқ бўлди. Тўғри, ҳамма голни нишонлаб бўлганидан кейин Милад келиб ёш футболчимиздан узр сўраб кетди. Лекин, барибир бу профессионал спортчига хос қилиқ бўлмади. Хюистра яна бир бор ўйиннинг боришини ўзгартириб юборишда аъло даражада юриш қила олишини кўрсатди. Бу борада мен уни Шота Арвеладзедан кучлироқ мураббий деб ўйлаяпман. Ҳар ҳолда, "Насаф" ва "Трактор"га қарши жуда қийин вазиятдан чиқиб кетишни уддалади.

Питер Хюистра бошланғич таркиб танлашда хато қилди: Алижонов. Бу хатони эса иккита гол ўтказиб юборилганидан кейин тўғрилади. Учрашувнинг анти қаҳрамони бўлган Кримец борасида эса танловда катта хато бўлди дейиш тўғри бўлмаса керак. Сабаби, Суперлигада ўйнаб келаётган, боз устига жамоа сардори бошланғич таркибда бўлиши ҳайрон қоларли жиҳат эмасди. Масалан, Ҳожиакбар ёмон формада ва унинг асосийда тушиши ҳайрон қолдирди. Лекин, Кримецни тушиши ҳайрон қоларли қарор эмас. Аксинча, маълум нарса эди. Шу куни ҳимоячилар қўрқинчли хатоларни кўпайтириб юборишди. Бу ҳавотирли. Бундай хатолар устида ишланмаса ҳали кўп бор қимматга тушиши мумкин.

Питер Хюистра: "Хатолардан хулоса чиқарамиз"

Қанотларда Рашидов ва Турғунбоевга Ҳ.Эркинов ва Д.Холматов жуда яхши ўринбосар бўлмоқда. Кеча голли ҳаракатни амалга оширмаган бўлса-да, "Нефтчи" афсонаси Акмал Холматовнинг ўғли Диёр жуда яхши таассурот қолдирди. Тезлик ва техника зўр. Ўз устида ишлашда давом этса Ҳожимат иккиси яқин келажакда "Пахтакор" қанотларини "ёндиришади".

Author : Tolibjon Qosimov
Rating: +15   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика