Сардор Сулаймонов: "Ҳозир чемпионатимизда яққол ажралиб турадиган жамоа йўқ"
11 may 2018 09:48
News
Сардор Сулаймонов: "Ҳозир чемпионатимизда яққол ажралиб турадиган жамоа йўқ"
Ўша ўйинда аввал фарғоналиклар ҳисобни очишганди. Захирадан майдонга туширилган Сардор Сулаймонов эса меҳмонлар дарвозасини аниқ нишонга олиб, мувозанатни тиклади ва “лочинлар”нинг 2 йиллик ёқимли анъанаси, яъни ўз майдонидаги мағлубиятсиз сериясини сақлаб қолди. Эътиборлиси, бу Сардорнинг жорий мавсумдаги илк голи эди. Мазкур футболчини мухлисларга яқинроқ таништириш мақсадида ундан интервью олдик.
Сардор, аввало Суперлигада голлар ҳисобини очганингиз билан табриклайман. Айтингчи, “Нефтчи” клубига қарши кечган “водий дербиси” баҳсидан қандай таассурот олдингиз?
Табрик учун раҳмат. Хабарингиз бор, “Навбаҳор” таркибида бу йилдан бошлаб тўп суряпман. Жамоамизнинг “Нефтчи” билан азалий рақиблигини билардим ва фарғоналиклар билан ўтказиладиган “водий дербиси” баҳсларининг жуда шиддатли ҳамда курашларга бой тарзда ўтишини эшитгандим. Лекин шундай ўйинда ўзингиз иштирок этсангиз, бунинг завқи ўзгача бўларкан. “Нефтчи” билан бўлган баҳс аъло даражада ўтди. Буни сўз билан таърифлаш қийин. Бундай дерби ўйинларида жамоаларнинг турнир жадвалида қайси поғонани эгаллаб туришганининг аҳамияти йўқлиги 29 апрель кунги учрашувда ҳам ўз исботини топди. Меҳмонлар гарчи турнир жадвалининг сўнги поғонасида боришаётган бўлса-да, бизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилишди ва учрашувда ҳисобни очишди. Худога шукр, менга ҳисобни тенглаштириш насиб этди. Бундан эса жуда хурсандман. ☺•
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, бундан олдин ҳам сафарда “Қўқон-1912” ҳамда Ўзбекистон кубоги 1/16 финали доирасида “Андижон” клублари билан бўлган “водий дербиси” ўйинларида ҳам қатнашдим. Лекин барибир Суперлиганинг мунтазам иштирокчиси бўлган “Нефтчи”га қарши кечган учрашув менда ўзгача таасурот қолдирди.
Бунгача “Навбаҳор” ўз майдонида “Локомотив” (2:1) ва “Бунёдкор” (2:1) сингари кучли жамоаларни мағлубиятга учратган, “Насаф” каби яна бир кучли клуб билан дурангга имзо чекканди. Жорий мавсумда ишлари унчалик юришмаётган “Нефтчи” устидан ғалаба қозониш учун “Навбаҳор”га сизнингча, нима етишмади?
Тўғри, жамоамиз фарғоналикларни мағлубиятга учратишга қодир эди. Лекин айтганимдек, бунга биринчидан, меҳмонларнинг “водий дербиси” баҳсига ўзгача иштиёқда тайёргарлик кўришгани ва майдонда олдинги баҳсларга қараганда, бошқача тўп суришгани сабаб бўлди. Бундан ташқари, ўша ўйинда дисквалификация сабабли, тажрибали ҳимоячи Жаҳонгир Меҳмонов майдонга тушолмади. Бу ҳам ўйинимизга ўз таъсирини ўтказди ва ҳимоядаги биргина хато қимматга тушиб, “Нефтчи” футболчилари гол уришга муваффақ бўлишди. Энди кейинги ўйинларда ғалаба қозониб, мухлислар ишончини оқлашга интиламиз.
“Навбаҳор” кўпчилик учун кутилмаганда Ўзбекистон кубоги 1/16 финали доирасидаги баҳсда сафарда “Андижон”га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ваҳоланки, “Андижон” Про-лига вакили эди. Ўша мағлубиятни қандай изоҳлайсиз?
Тўғри, Ўзбекистон кубоги баҳсларининг илк учрашувидаёқ мағлубиятга учраб, кубок баҳсларини тарк этганимиз, бунинг устига Про-лига жамоасидан мағлубиятга учраганимиз аламли бўлди. Бунга эса гарчи мезбонлар қуйи лига вакили бўлишса-да, барибир ўша учрашувнинг ўзига хос “водий дербиси” мақомига эга бўлганлиги учун уларнинг майдонда ўзгача иштиёқда тўп суришгани, бизнинг эса рақиб Про-лига аъзоси бўлганлиги сабаблими, бироз хотиржамликка берилганлигимиз, шунингдек, жамоамиздан омад юз ўгирганлиги сабаб бўлди, менимча. Андижонликлар юзага келган кам сонли стандарт вазиятларнинг бирини голга айлантиришди, биз эса...
Ҳақиқатанам Андижондаги мағлубият кутилмаган ва аламли бўлди. Нимаям қилардик, бу футбол, унда эса доимо ғалаба қозонолмайсиз ва тасодифий мағлубиятлар ҳам учраб туради.
Жорий мавсум баҳслари борасида нима дея оласиз?
Олий лига Суперлигага айлантирилганидан кейин миллий чемпионатимизда шунга яраша кучайиш бўлди. Ҳозир чемпионатимизда яққол ажралиб турадиган жамоа йўқ. Барча жамоаларнинг кучи тенг. Учрашувларнинг натижаларини олдиндан башорат қилиш қийин бўляпти. Масалан, “Сўғдиёна”нинг Қаршида “Насаф”ни мағлубиятга учратишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз? Бундан ташқари, 9-турга келиб, Суперлигада мағлубиятга учрамаган бирортаям жамоа қолмади. Бу ҳам жорий мавсумнинг қизиқарли тарзда кечаётганлигидан далолат.
Ортда қолган баҳсларда сизнингча, жамоангиз учун энг қийин ўйин ва энг аламли мағлубият қайси клублар билан кечган баҳсларда юз берди?
Ортда қолган учрашувларда энг қийин учрашув ўз майдонимизда “Бунёдкор” жамоасига қарши кечган баҳс бўлди. Боиси, Миржалол Қосимов ажойиб таркиб шакллантирган. Бундан ташқари, ўша ўйинда ўз дарвозамиздан биринчи бўлиб тўп ўтказиб юбордик. Шундай бўлса-да, ўзимизга бўлган ишонч анча кучли эди. Мураббийларимизнинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ҳамда мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида ҳали мағлубият аламини тотмаган “Бунёдкор” устидан иродали ғалабага эришиб, томошабинларга хурсандчилик улашдик. Энг аламли мағлубият сифатида эса Ўзбекистон кубоги /16 финали доирасидаги Андижонда кечган баҳс ҳамда Жиззахда “Сўғдиёна” билан бўлган ўйинни келтириш мумкин. Андижонда Про-лига вакилига имкониятни бой берган бўлсак, Жиззахда 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб, якунда 2:3 ҳисобида мағлубиятга учрадик.
Устозингиз Илҳом Мўминжонов ҳақида нима дея оласиз?
Мени “Навбаҳор”га Илҳом Иброҳимович таклиф қилган. У ёш бўлишига қарамай, кучли мутахассис. Барча футболчилар билан муносабатлари яхши. Машғулотларни қизиқарли ва ранг-баранг тарзда олиб боради. Учрашувлар олдидан керакли сўзларни топиб, бизни руҳлантира олади. Унинг бошчилигида жамоамизнинг олдига қўйилган вазифани бажаришмизга ишонаман.
“Навбаҳор”да энг яқин дўстингиз ким?
Жамоамиз аҳил-иноқ. Барча жамоадошларим билан муносабатим яхши ва улар билан худди ака-укадекмиз. Бир сўз билан айтганда, баҳамжиҳатликда ҳаракат қиламиз.
11-турда “Навбаҳор” ўз майдонида “Қизилқум” жамоасини қабул қилади. Бўлажак ўйин борасида нима дея оласиз?
12 май куни ўтказиладиган учрашувга астойдил тайёргарлик кўрдик.Биз ҳар бир ўйинда майдонга ғалаба иштиёқида тушамиз ва мухлисларнинг ишончларини оқлашга интиламиз. Албатта, "Қизилқум"га қарши кечадиган баҳс ҳам бундан мустасно бўлмайди.
Блиц-саволлар
Ёқтирган рангингиз?
Оқ.
Ёқтирган автомобилингиз?
“Феррари”.
Мухлислик қиладиган жамоангиз?
“Ливерпуль”.
Ҳавас қиладиган футболчингиз?
“Лестер” клуби ҳужумчиси Жимми Варди.
Бизнинг маълумот
Сардор Сулаймонов – 1994 йил 5 августда Бухоро шаҳрида туғилган.
Футбол билан 13 ёшидан шуғулланишни бошлаган.
Биринчи мураббийи: Сулаймон Раҳматов.
Амплуаси: ҳужумчи.
Ўйнаган жамоалари: “Бухоро” (Бухоро) – 2011-2014 йиллар, 2015 йилнинг 2-давраси- 2016 йил, “Машъал - 2” (Муборак) – 2015 йилнинг 1-давраси, “Динамо” (Самарқанд) – 2017 йил.
2018 йилдан “Навбаҳор”да.
Улуғбек Умаров суҳбатлашди.
Comments