Рустам Абдуллаев: “Нефтчи”га янада юқори савияли футболчилар керак”
30 apr 2016 08:15
News
Рустам Абдуллаев: “Нефтчи”га янада юқори савияли футболчилар керак”
Футбол мухлисларига “Қўқон-1912” клубининг бош мураббийи сифатида яхши таниш бўлган мутахассис айни пайтда “Нефтчи”да ўз фаолиятини бошлади. Гап айнан Рустам Абдуллаев ҳақида кетаётган эканлигини англаб турган бўлсангиз керак. Куни кеча Абдуллаев “Нефтчи” матбуот хизмати вакиллари билан суҳбат қурди ва жамоадаги илк таассуротлари билан ўртоқлашди.
- “Нефтчи” жамоаси менга бегона эмас. Ўз вақтида ушбу жамоа шарафини ҳимоя қилганман. Ана энди бу клубда мураббий сифатида ишлаш имконияти менда пайдо бўлди, - деб гап бошлади Абдуллаев – “Нефтчи” жамоасида яхши ниятлар билан иш бошладим. Қўлимдан келганча, фаолиятим давомида йиққан тажрибаларимни ишга солиб жамоа равнақи йўлида меҳнат қиламан. Агар жамоага фойда келтирсам бундан фақат хурсанд бўламан. Андрей Фёдоров менинг дўстим. 14 ёшимдан буён Андрей билан танишмиз. Клубда ва терма жамоада бирга тўп тепганмиз. Жуда ҳам яхши мутахассис. Энди Фёдоров билан бир бўлиб “Нефтчи”нинг муваффақияти йўли меҳнат қиламиз.
- Рустам ака, мана бевоситада жамоа машғулотларида иштирок этяпсиз. Илк таассуротлар қандай?
- Жамоага келганимга кўп бўлгани йўқ. Энди секин-аста клуб билан танишяпман. Машғулотларда футболчиларни кузатиб шунга амин бўляпманки, футболчиларда ғалабага бўлган иштиёқ юқори. “Нефтчи”да яхши футболчилар жам бўлишган. Бироқ сўнгги ўйинларда уларга бироз омад етишмади. Бу футбол. Унда ҳамма майдонга ғалаба қозониш учун чиқади. Фақат омади келган жамоа баҳс тақдирини ўз фойдасига ҳал этади. Фёдоров Фарғонада ажойиб жамоа шакллантирмоқда. Унга бироз вақт керак ва унга имконият бериш лозим. Бироқ менинг шахсий фикримча, жамоага 2-3 нафар юқори савияли, тажрибали ва техникали футболчилар зарур.
- Маълумот вақт футболдан четда бўлдингиз. Севимли соҳадаги кичик танаффусдан сўнг яна катта футболга қайтиш кишига янада юқори сижоат бериши табиий. Ўйлашимизча, сиз айнан мана шундай юқори сижоат билан клубда иш бошладингиз..?
- Мураббийлик шундай соҳаки, унда хар доим ҳам ишларингиз аъло бўлмайди. Қайсидир жамоада натижа кўрсатасиз, бошқа клубда эса йўқ. Мана сиз менинг қисқа танаффусим ҳақида гапирдингиз. Бундан аввалги танаффус Қўқон жамоасига келишимдан аввал юз берганди. Ўша кезлари 2 йил футбол ташқарисидан юрдим. Қўқон клубидан кетганимдан сўнг беш ойлик танаффусда бўлдим ва мана яна катта футболга қайтдим. Мураббийларнинг тақдирини хар доим раҳбарият ҳал қилади. “Нефтчи” раҳбарлари мени жамоага керак деб ҳисоблаб клубга таклиф қилишдими демак қўлдан келганча жамоа равнақи йўлида меҳнат қилишга тайёрман. Очиғи, “Нефтчи”дан тушган таклифдан хурсандман.
- Мухлисларга тилакларингиз?
- Мухлис аҳли доимо ўз жамоасига ишониши керак. Мен “Нефтчи” мухлисларидан жамоани ҳамиша қўллаб-қувватлашларини сўраган бўлардим. Фақат ғалаба қозонганда эмас балки мағлуб бўлганда ҳам олқишлар билан кузатиб қўйилса футболчиларга ишқибозларнинг мана шу қўллаб-қувватлаши қўшимча куч бўлади. Стадионга қанча кўп мухлис келса, “Нефтчи” янада кучаяверади. Қўқондаги фаолиятимдан келиб чиқиб фикр билдирадиган бўлсам, “Қўқон-1912” жамоасининг катта кучи мухлисларни ташкил қиларди. Жамоа мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши натижасида ўз уйида кучли ўйнарди. “Нефтчи” жамоаси мухлислари ҳам жамоани энг камида мана шундай қўллашларини сўрайман, - деб фикрларини якунлади Рустам Абдуллаев.
Ҳожиакбар Жабборов суҳбатлашди.
Comments