Рустам Абдуллаев: “Ғалаба қозониб мухлисларимизга хурсандчилик улашишни хоҳлагандик”
19 oct 2014 09:30
News
Рустам Абдуллаев: “Ғалаба қозониб мухлисларимизга хурсандчилик улашишни хоҳлагандик”
Гарчи “Қўқон-1912” олий лига йўлланмасини расмийлаштирган бўлсада, шу куни жамоанинг мағлубиятга учрагани табиийки бош мураббийга руҳий таъсир ўтказганди. Кайфияти яхши бўлмасада, қисқача бўлса ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Авваламбор қўқонлик ишқибозларни олий лига йўлланмаси қўлга киритилгани билан табриклайман. Афсуски бугун ўз майдонимиздаги сўнгги учрашувда ғалаба қозониб, мухлисларимизга хурсандчилик улашишни жуда-жуда истаган эдик. Лекин футбол шундай спортки, унда кўп нарса омадга ҳам боғлиқдир. Ўзингиз ҳам кўрдингиз бугун омад биздан юз ўгирди. Мағлубият учун барчадан узур сўрайман – дея гап бошлади Рустам Абдуллаев.
- Жамоани элитага чиқиши учун бутун мавсум давомида барча шароитларни яратиб берган клуб раҳбариятига миннатдорчилик билдириб қоламан. Улардан ҳам бугунги мағлубият учун узур сўрайман.
- Ўйинга бўлган тайёргарлик қониқарли кечганди. Йигитларда қандайдир ўзига бўлган ишонч ҳаддан зиёд ортиб кетди. Балки улар бугун рақибни осонликча мағлуб этамиз деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин. Шуни билган холда, уларга учрашувдан олдин ҳам айтгандим, олдин ютиб олайлик, кейин ҳаммаси яхши бўлади деб. Ҳар қандай холатда ҳам рақибга ҳурмат билан қараш керак.
- Тўғриси, мағлубиятдан кейин олий лигага чиқққанимиз мен учун унчалик таътимади. Қолган икки ўйинда ютиш учун ўйнаймиз. Чунки мукофот пулларини олиш керак. Бугун ундан қуруқ қолдик. Агарда ғалаба қозонганимизда, футболчи ўша мукофот пулига 15-20 кун яхши яшаши мумкин эди.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Comments