Рўзиқул Бердиев четлатилган вазият бўйича қандай фикрдасиз?
27 oct 2020 12:26
News
Рўзиқул Бердиев четлатилган вазият бўйича қандай фикрдасиз?
Гап шундаки, ўйиннинг биринчи таймига қўшиб берилган дақиқа ўтиб бораётган маҳал "Металлург" сардори Камолиддин Тожиев тўп майдон ташқарисига чиққан бўлишига қарамай, тўп учун ҳаракат қилаётган "Насаф" футболчиси Ойбек Бозоровни тирсаги билан туртиб юборди.
Юз берган вазиятни яқиндан кўрган "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз эҳтиросларини жиловлай олмай Камолиддин Тожиев шаънига номақбул сўзларни айта кетди. Бердиевнинг қўпол сўзларни ишлатиб сўкиниб гапиргани жонли эфирда яққол эшитилиб турди.
Вазият маълум: тўп майдон ташқарисига чиқиб кетганидан сўнг бир футболчи иккинчиси тирсаги билан уряпти. Бу ҳолатни бош ҳакам (Аскер Нажафалиев) ҳам, қанот ҳаками (Олим Абдувасилов) ҳам кўриб турибди, лекин миқ этмаяпти. Натижада Рўзиқул Бердиевнинг жаҳли чиқиб рақиб футболчисини бўралатиб сўкяпти ва якунда ўзи қизил карточка оляпти.
Хўш, бу вазият бўйича қандай фикрдасиз? Бердиев ўша пайтда этика нуқтаи назаридан ўзини босиши керакмиди? Яна бир савол: нега бош ҳакам туртиб юборган футболчига нисбатан жиддий чора кўрмади? Қанот ҳакамининг кўзи қаёқда эди? Назоратчи ўйиндан кейин ўша икки ҳакамга неча баҳо қўйди?
Умуман бўлиб ўтган воқеани тезроқ унутиш керакми ёки алоҳида аҳамиятга моликми? Қуйида бу борада холис фикрларингизни кутиб қоламиз.
Comments