Равшан Ҳайдаров: "Қозоғистон билан ўйинларда икки хил таркибдан фойдаландик. Ўринбоев мушакларидан жароҳат олди"
14 oct 20:11
News


Равшан Ҳайдаров: "Қозоғистон билан ўйинларда икки хил таркибдан фойдаландик. Ўринбоев мушакларидан жароҳат олди"
- Бугунги ва ўтган ўйин ҳақидаги фикрларингиз...
- Бугунги ўйин билан йиғинимиз якунига етди. Ўйлайманки, ушбу йиғин 2005-2006 йилги болаларга, яъни олимпиячиларга бағишланди. Йигитлар, айниқса, биринчи марта термага келган болалар синовдан ўтиб олишди. Биз учун ахборотга эга бўлиш муҳим эди. Саволларга жавоб олдик деб ўйлайман. Ҳали ўйинларимизни таҳлил қиламиз, шаклланиш жараёнидамиз. Учрашувларда икки хил таркибдан фойдаландик. Ҳали камчиликлар талайгина, ишлайдиган жиҳатларимиз кўп. Буларнинг барчасини кўриб олдик.
- Ушбу йиғиндан қай даражада кўнглингиз тўлди?
- Кўнглим тўлган жойи шундаки, бу йигитларни шу ерда йиғиб, кўриб олганимизда бўлди деб айта оламан. Аксарият футболчилар учун бу биринчи чақирув эди. Ўзини кўрсата олмаган футболчилар ҳам бўлди, бу ҳам керак. Бу болаларга мотивация бағишлайди. Ўз клубига қайтганида, ўз устида янада кўпроқ ишлайди ва чақирув олишга уринишади. Футболчиларнинг ҳозирги кундаги савиясини кўриб олдик. Олдинги жамоалар билан таққослаш имконимиз бор. Битта йиғинда ҳаммаси бирдан бўлмайди. Ўйлайманки, секин-аста ўйинни шакллантириб борамиз. Умуман олганда, натижа бор, бу хурсанд қилади. Бироқ камчиликларни ҳам тўғрилай билишимиз лозим.
- Муҳаммадали Ўринбоев биринчи ўйиндаги жароҳат туфайли аллақачон клуби ихтиёрига – Бельгияга учиб кетибди. Бу жароҳат жиддий эмасми?
- Мушакларидан жароҳат олди. Ўзимиз текрирайлик десак, "Антверпен" клуби вакиллари унинг қайтишини ва ўзлари тиббий текширувдан ўтказишларини хоҳлашди. Шу боис, уни Бельгияга жўнатиб юбордик.
- Кейинги йил январь ойида Саудия Арабистонида U-23 Осиё Кубоги бор, декабрда эса ФИФА кунлари йўқ. Декабрда U-23 терма жамоаси билан йиғин ўтказасизми? Бу пайтда Суперлига ва Про лига тугайди, футболчилар эса дам олиши кеарк. Шу вазият сизни қанчалик ўйлантиряпти?
- Албатта ўйлантирмоқда. Лекин иложимиз қанча. Футболчиларга озроқ дам берамиз, йиғин декабрь ўрталарига режалаштирилган. Бу пайтда легионерларни жалб этиш мушкул. Ўзимиздаги жамоалар футболчиларини йиғиб турамиз. Декабрь охирида ўртоқлик ўйинлари ташкил этилади. Бу борада иш кетмоқда. Январь ойида биз мусобақага киришамиз. Ҳаммаси режалаштирилган. Кўп ўйин амалиётига эга ва оғир юкламали футболчилар билан индивидуал ишлаймиз. Бу ҳисобга олинади. Ҳаммасини ҳисоблаб бориб, декабрда бир хулосага келамиз. Жисмоний тайёргарликни қисқа вақт бўлса-да, мавжуд вазиятга қараб иш тутамиз.
- U-23 саралашида айнан U-23 терма жамоаси қатнашди. Осиё Кубогида ҳам худди ўша жамоа қатнашадими ёки раҳбарият ва ўзингизда 2 ёш кичиклар билан боришимиз керак, деган фикр борми?
- Бор. Ҳар хил фикрлар мавжуд. Мураббийлар кенгашида бу масалани кўриб чиқамиз. Ҳозирги таркиб аъзолари Қозоғистондан 1 ёш катта эди. Шу ўйинчиларни пишитиб боряпмиз. Ноябрь ойида ҳам бир турнир бор. Эҳтимол, аралаш таркибни ўйнатиб кўрамиз. Шуни муҳокамаси кетмоқда. Ниятимиз — урғуни 2005-2006 йилги футболчиларга қаратиш.
Similar news

Comments