“Қўқон-1912”га кумуш медаллар топширилди
27 nov 2014 10:54
News
“Қўқон-1912”га кумуш медаллар топширилди
Шу муносабат билан 26 ноябрь, чоршанба куни Қўқон шаҳридаги “BOWLING” ресторанида “Қўқон-1912” футбол жамоасига кумуш медалларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тақдирлаш маросимига расмий таклиф олганимиз боис ҳамкасб акахонимиз Абдулҳафиз Абдулазиз ўғли (“ФЭ” газетаси муҳбири) билан эрта тонгда Қўқон томон йўлга чиқдик. У ерда бизни клуб матбуот котиби Анваржон Охунов кутиб олди. Маросим соат 12:00да бошланиши режалаштирилганди. Шундай ҳам бўлди. Унда Қўқон футболи фахрийлар жамоаси ҳам иштирок этди. Айтилган жойга борганимизда, меҳмонлар ташрифи давом этаётганди. Дарвоқе, тадбирга Тошкентдан таниқли журналист, устоз Ахбор ака Имомхўжаев ҳам ташриф буюргани кўпчиликни эътиборини тортди. У кишига “Ўзбекистон футболи” ва “Спорт” газеталари бош муҳаррири Ойбек Юнусов ҳамроҳлик қилди. ПФЛ вакили сифатида бу йил ҳам Валерий Лёткин келди. Шунингдек таниқли собиқ ҳужумчи, фахийлар етакчиси Тўлаган Исоқов ҳам Қўқонга қадам ранжида қилди.
Тадбир бошловчиси Рустамжон Хусанов дастлаб сўзни Қўқон шаҳар ҳокими Акрамжон Абдуллаевга берди. – Ассалому алайкум ҳурматли меҳмонлар ва футболчилар. Сизларни ва бутун Қўқон ахлини шаҳримизга катта футбол қайтгани муносабати билан муборакбод этаман. Ниҳоят ашаддий ишқибозларимиз кутган дамлар келди. “Қўқон-1912” яна олий лигада! Энди мамлакатимизнинг етакчи жамоалари ҳам шаҳримизга ташриф буюради. Бунинг ўзи ҳам катта бахт! Бундан бағоят хурсандман. Қўқон шаҳримизда футболни жуда яхши кўришади ва уни доим қадрлайди. Бунга мисол тариқасида шуни айтган бўлардимки, шаҳардаги сунъий майдонлар ва уларнинг ҳар бирида доим одамлар футбол ўйнаб келмоқда. Жамоани кучлилар сафига чиқишида мухлисларнинг ҳам қўллаб-қувватлаб туриши муҳим ўрин тутди. Қолаверса сиз футболчиларнинг ҳам меҳнатингизни юқори баҳолаймиз. Шунингдек жамоанинг ишбилармон раҳбари Бахтиёр ака Толиповнинг ҳам сайъи-ҳаракатлари эвазига клуб шу даражага кўтарилди. Келаси йил олий лигада осон бўлмаслиги аниқ. Лекин сиз футболчилардан шуни сўрардимки, элитада ҳам муносиб курашиб, ишқибозларга чинакам ўйин кўрсатиб беришларинг лозим. Шунингдек жамоа ўз ўрнини сақлаб қолиб, келгусида ОЧЛда иштирок этишини истардим. Бу йил имкон қадар жамоанинг ҳар бир уй учрашувига кириб, кўришга ҳаракат қилдим. Бемалол айта оламан, томошабинлар ташрифи борасида “Қўқон-1912” етакчилик қилди. Ўртача миқдорда 5000 мухлис бевосита стадионда ўтириб ўйинни кузатди. Ишонаманки, келгуси мавсум ҳам бу борадаги кўрсаткичлар юқори бўлади – дейди Акрамжон Анорқулович.
Шундан сўнг жамоанинг элитага қайтишида ўз улушини қўшган клуб аъзоларига кичик кумуш медаллар топширилди. Уни футболчиларга Қўқон шаҳар ҳокими Акрамжон Абдуллаев, “Қўқон спирт” ОАЖ раҳбари, клуб президенти Самигов Ҳабибулла Абдуллаевич, ПФЛ ходими Валерий Лёткин топширди.
Азиз Тўхтабоев
Андрей Бакланов
Азиз Ашуров
Хуршид Узоқбоев
Александр Критинин
Азиз Мадалиев
Жалил Кимсанов
Даврон Маматов
Рустам Ашурматов
Маъруф Зокиржонов
Авазхон Маматхўжаев
Ҳасанбой Эргашев
Баҳром Юлдашев
Баҳодир Акрамов
Раҳматулла Мелибоев
Пўлат Қирғизов
Анвар Раҳимов
Нодирбек Қўзибоев
Отабек Ҳайдаров
Абдуллажон Мирзаев
Фурқатжон Ҳасанбоев
Дониёр Усмонов
Муҳаммаданас Ҳасанов
Лазиз Сафоев
Дадахон Сулаймонов
Рустам Абдуллаев
Шуҳрат Мўминов
Арам Ананян
Шариф Афзалов
Руслан Исхақов
Маъмур Мансуров
Бахтиёржон Толипов
Ҳабибулла Самигов кумуш медал ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек бу йилги чемпионатда жами 25та гол уриб жамоа тўпурари бўлган Отабек Ҳайдаров, иккинчи босқичда жамоа сафига келиб қўшилган ва 16та голга муаллифлик қилган Дониёр Усмонов, ярим ҳимояда ишончли ўйин намойиш этган Баҳодир Акрамов, Маъруф Зокиржонов, жамоа сардори Азиз Тўхтабоев, мудофаа чизиғининг ишончли вакили бўлган Хуршид Узоқбоевга ҳомийлар томонидан тақдим этилган қимматбаҳо совғалар топширилди.
Жорий мавсум фахрийлар ўртасида ташкил этилган чемпионатда ғолибликни қўлга киритган “Қўқон-1912” жамоаси футболчиларига ҳам совғалар улашилди.
Шундан кейин хушовоз хонанда Мухторжон Тешабоев ўзининг дилтортар қўшиқлари билан чиқиш қилди.
Бир жуфт қўшиқдан сўнг, сўз навбати таниқли журналист Ахбор Имомхўжаевга берилди. – Ассалому алайкум ҳурматли меҳмонлар ва мезбонлар. Барчангизни “Қўқон-1912” жамоасининг яна кучлилар сафига қайтгани муносабати билан самимий қутлайман. Ўзбек футболи ҳақида гап кетганида, энг аввало кўз олдимизда Қўқон гавдаланади. Чунки мамлакатимизда миллионлар ўйинига айнан шу ерда асос солингани барчангизга маълум. Бундан бир аср илгари айнан Қўқон шаҳрида футбол жамоаси кашф этилган. Мен қаердадир бирорта инсон билан танишиб қолсам, шунда у киши Қўқондан эканлигини айтса, дарҳол, биласизми Қўқон ўзбек футболи ватани деган бўлардим. Бу ерда 1912 йили илк бор ўзбеклардан иборат футбол жамоаси тузилган. Шундан буён Қўқонни энг навқирон ва энг қадимий шаҳар деб билишади. Қўқон шаҳри одатда маданият, адабиёт, санъат, ёзувчилар, аскиячилар, дорбозлар ва тижоратчилари билан ном қозонган. Ва албатта 1912 йили ташкил топилган жамоаси билан ҳам бемалол фахрланади. Шунинг учун биз қўқонлик дўсту-биродарларимизни кўрганимизда алоҳида эътибор, ғурур ва ифтихор билан қарши оламиз. Барчангизга яхши маълум, бу ердан кўплаб чарм тўп усталари етишиб чиққан. Баҳром Ҳакимов, Геннадий Котлов, Тоҳир Кападзе, Рустам Абдуллаев каби ажойиб мураббийлар қўқонлик футболчиларга доимо устозлик қилиб келган. Агар уларнинг қаторида кимнидир номини ёддан чиқарган бўлсам, улардан узур сўрайман. Қўқон футболи ҳақида гап кетганида, Ўзбекистоннинг биринчи футболчиси, мен сизларга шуни қўрқмасдан айта оламан Ҳусанхон Муҳддиновни ёдга оламиз. Фурсатдан фойдаланиб яна бир жамоани элитага қайтгани билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Ушбу тадбирда иштирок этаётганимдан бениҳоят мамнуман. “Қўқон-1912” ҳар гал олий лигага чиққанида биз ҳам шаҳарга ташриф буюрамиз. Яратганга шукур, бу сафар ҳам насиб этди. Клубни кучлилар сафига қайтишида ва умуман муваффақиятга эришишида катта ҳисса қўшган вилоят ва шаҳар ҳокимлари, ажойиб, бир-биридан гўзал ҳомийлар, бундан ташқари энг асосийси жамоани қўллаб-қувватлаб турган қўқонлик футбол ишқибозларига чин кўнглимдан, қалбимдан, юрагим қўри ила раҳмат айтаман. Келаси йил Фарғона водийсидан 4та жамоа олий лигада иштирок этади. Мен “Қўқон-1912”дан бир нарсани илтимос қилардим, олдинги йиллардагидек элитага чиқиб, тушиб кетишлар бўлмасин, аксинча олий лигада ҳақиқий ўрнини топиб, мустахкам ўрнашиб олсин. Энг авввало жамоани ҳар жиҳатдан тўлиқ шакллантириб, ўйлайманки Ўзбекистоннинг қайси жамоасини олманг, у ерда албатта қўқонлик футболчилар бор. Шу боис хоҳлардимки, “Қўқон-1912”нинг энг камида олий лиганинг турнир жадвалида ўрта поғоналарида юришини. Кейинги йилларда эса жамоа замонавий ўз автобуси, стадиони ва базасига эга бўлиб, шундан сўнггина қўқонлик ишқибозлар орзуси бўлган осиё майдонларига чиқишини тилаб қоламан. Олдимда Қўқон футболи билимдони, Анваржон Охунов турибди. Укам, дўстим, биродарим бўлган Анваржон Қўқон футболи тарихини жоиз бўлса мендан ҳам жуда яхши билади. Футболчилар, мураббийлар ва турли статистикалар Охуновга ёд бўлиб кетган. Шу боис у кишидан илтимос қилардимки, жамоани олий лигага қайтгани муносабати билан “Қўқон-1912” ҳақида китоб чоп этишини. Ўйлайманки бу китобни ҳамма ишқибоз олади. Бундан ташқари Анваржон стадионда сухандонлик қилаётганида имкони борича кўпроқ, ушбу тўпни қўқонликлардан фалончи киритди деб эълон қилсин. “Қўқон-1912”нинг урган голларини мухлисларга эшиттириб, халқдан раҳмат олиш дўстимизга доим насиб қилсин.
Ахбор Имомхўжаев шунингдек Қўқонда жамоа қай тариқа тузилгани ва илгари жамоа сафида қайси ўйинчилар ҳаракат қилгани тўғрисида ҳам тадбир қатнашчиларига сўзлаб берди.
Анваржон Охунов ҳам ўз навбатида устозининг бундай эътирофидан тўлқинланиб, у кишига миннатдорчилик билдирган холда, ўтирганларга “Пахтакор”нинг СССР чемпионатида иштирок этган таркибини ёддан айтиб берган холда, кўпчиликни қойил қолдирди.
Шундан сўнг “Қўқон-1912” фахрийлар жамоаси аъзоси Зоҳид Нурматов ҳам сўзга чиқиб, “Қўқон-1912”нинг яна кучлилар сафига қайтгани билан жамоа аъзолари ва мухлисларни табриклади.
Тадбирга ташриф буюрган қизиқчи Жўрахон Пўлатов ва Акрамжон Анваров ичак-узди ҳангомалари билан залда ўтирганларга кулгу улашди. Айниқса 81 ёшни қарши олган Жўрахон отанинг бир-биридан қизиқ аскиялари кўпчиликка ёқиб тушди.
Дарвоқе, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси маҳаллий журналист, шоир Мўйдинжон Йўлдошев ҳам тадбирга қуруқ келмаган экан. У киши жамоа ва футболчиларга атаб ёзган шеърини ўқиб эшиттирди.
Мухлислар номидан эса Йўлдош ота сўзга чиқиб, футболчиларга ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди. Ишқибозлар совғасини ярим ҳимоячи Баҳодир Акрамов қабул қилиб олди.
Шу тариқа байрам кечаси ўз поёнига етди.
Исломбек Рустамбеков.
Comments