Latest news

11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  1 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  13 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3

"Қизилқум"нинг "мотор"и бундан ортиқ ишламайди News

"Қизилқум"нинг "мотор"и бундан ортиқ ишламайди

Tags :  Қизилқум
Навоий жамоасининг мавсум бошидаги зафарли юришидан ҳам, сўнгги баҳслардаги "тарсаки ейиши"дан ҳам ажабланганим йўқ.

"Олтин қазувчилар" ҳар мавсум олдидан шов-шувли трансферларини амалга оширади, бироқ якунда хасга ёпишиб, зўрға жон сақлаб қолаверади. Жорий мавсум бошида ҳам "Локомотив" етакчиларини ва яна бир неча ўйинчиларни ўз сафига қўшиб олган клубнинг дастлабки натижалари томоқ қирилгунча бақирадиган даражада ажойиб эди. Бироқ бундан заррача ҳайратланганим йўқ, сабаби, "Қизилқум" айнан ўзи кучсизлантирган ҳамда молиявий тарафдан қийналиб қолган "Локомотив", "Бунёдкор", шунингдек, Про лигадан асосий дивизионга йўл олган ҳамда таркиб жиҳатдан навоийликлар (жамоа ҳозирда Тошкентда уй учрашувларини ўтказаётган бўлса ҳам) сингари қудратли бўлмаган "Нефтчи" ва "Олимпик"ни мағлубиятга учратди. Демак, дастлабки турдаги муваффақиятларни омад қушининг "Қизилқум" бошига қўнгани билан қиёсласак бўлади. Никола Лазаревич учун ҳақиқий синов кучлироқ жамоаларга қарши беллашувлар эди ва шу тўқнашувларда ҳам таблодаги ҳисобларни ўз фойдасига ҳал қила олганида, унга тан берса бўларди. Бироқ АГМК, "Насаф" каби жамоалар навоийликларда ҳамон ўзгариш бўлмаганини кўрсатиб қўйишди. Ҳатто "Металлург" ҳам сўнгги сонияларда ғалабани қўлдан чиқарди. Шундан ҳам таққослайверингки, жамоада камчиликлар етарлича, дарвоза, ҳимоя, ўйин услуби, ёш, фалон-пистон...

"Аждарлар"га қарши ўйинди "Қизилқум" ёниб кул бўлди. Тўпни назорат қилиш, ҳужумлар сонидан тортиб, сариқ карточкаларгача қаршиликлар барча кўрсаткичларни бегона қилишмади. Бешта ҳимоячи билан ўйинни бошлаган Лазаревич шогирдларининг ҳар бир орқа чизиқ вакилига қаршиликлар биттадан гол туҳфа қилишди. 

"Насаф"нинг илк голига эътибор берсангиз, ижрочи Норчаев ҳамда ассист Мозговой атрофида оқ ранг либосдаги футболчиларнинг 4-5 нафари гирдикапалак бўлиб юрибди. Узатма ҳамда зарба бўлишини эса навоийликлар кечроқ англаб етишди.


Иккинчи голда ҳам дарвозабоннинг олдига тўдаланиб олиб, орқадаги ўйинчини бемалол сайр қилса бўладиган даражада ёлғиз қолдиришган меҳмонлар тезкор иккинчи "тарсаки"ни қабул қилиб олишди. Гарчанд тўп ҳимоячига тегиб, йўналишини ўзгартирган бўлса-да, яқин бурчагини беркита олмаган Жавоҳир Илёсовнинг рақиблар учун хизмати ҳам беқиёс.

Умуман олганда, "Қизилқум"нинг "мотор"и "Насаф"нинг хориж андозасидан ўрнак олаётган замонавий "мотори"нинг соясида қолиб кетди. Дилшод Саитов каби футболчилар ўйнаб-кулиб, бутун майдон бўйлаб рақибларини ортда қолдириб югураверди.

Ҳаттоки ёши 30 дан ошган (ўзи "Қизилқум" таркибида 30 га кирмаган ким бор?" деб савол бериш ҳам мумкин) тажрибали Салим Мустафоев ҳам рақибга қаршилик кўрсатишда терлари челак бўлди. 

Шу вазиятнинг ўзида яна бир ёриқ ҳақида тўхталиб ўтамиз, бу иккинчи қават. Лазаревич шогирдлари айнан ҳаводаги курашларда кўп бор имкониятни бой бермоқда ҳамда аксарияти (кўпроғи) ўз дарвозалари тўрларининг қучоғига бориб тушмоқда.  Юқоридаги биз таъкидлаган ҳужум гол бўлиши учун сал қолишига сал қолганди, Илёсов жон ҳолатда амаллаб тўпни қайтарганди. Майдондаги футболчиларнинг бўй жиҳатдан пастроқ кўрсаткичга эга Абдураҳимовнинг зарба йўллашига Азиз Усмонов шарт-шароит ҳозирлаб берди.

Ҳимояда талатўп бўлган ҳамда гўёки пашшани ҳам ўтказмайдиган қўрғондан "Насаф" ўйинчилари "Тановар"га рақс тушиб ўтиб кетишди. Рўзиқул Бердиевдан ажойиб комбинацион ишланмасига рақиб футболчилари "фишка" вазифасини бажариб берди. Норчаев шеригининг келишини олдиндан сезган ҳолда орқачасига пас берди, Саитовни эса "Қизилқум" ҳимоя ва ярим ҳимоячилари Илёсовнинг кабинетига кузатиб қўйишди. Жавоҳир эса унга илтифот кўрсатишни истамади.

АГМКга қарши ўйинда ҳам ҳимоядаги палапартишликлар ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Марказда Хуршид Ғиёсовнинг очиқ қолдирилиши натижасида илк гол юзага келганди.


"Насаф" бунақа ўйинда йирик ҳисобда ютмаса бўлмасди. Кейинги голли вазиятда ҳаводаги курашда "Қизилқум"нинг икки футболчиси бир ўйинчининг олдида тилини тишлаб қолди.

Натижада Бойдуллаевсиз марказни буткул рақибларига топширган меҳмонлар бу вазиятда ҳам сусткашликка йўл қўйди. Навоийликларнинг қаердандир топиб келган 33 яшар ҳимоячиси Дмитриев яккама-якка курашда ютқазди. Ойбек Бозоров рақибини ёш болаларни алдагандек доғда қолдирди.

Дарвозабон тўпга чиқишга чиқди-ю, охиригача ҳаракат қилмасдан негадир тўхтаб қолди (тўпга етолмаслига шу жойда амин бўлди). Натижада Бозоровнинг тўпни авиарейс орқали кузатиб юбориши янада осонлашди.

Эстониялик 88-рақамли ҳимоячи ўйин давомида гапга ҳам, тўпга ҳам роса чув тушди. Уни эҳтимол, соч турмагига қараб жамоага олиб келишгандир. 

Қаршиликларнинг сўнгги голида ҳам марказий ҳимоячи Дмитриев ортидан қочиб кетган рақибини илғашга улгурмай қолди. Натижада Илёсов важоҳат билан келаётган рақибининг оёғига тиз чўкиб, уни майдонга қулатди ва пенальтидан навбатдаги туҳфани қабул қилиб олди.

АГМКга қарши бундан аввалги учрашувда ҳам ушбу футболчи рақибга қаршилик кўрсатишда қийналганди.

"Насаф" томонидан яна бир булутларга совурилган вазиятни кўриб чиқамиз. Азизбек Усмонов беш метр нарида турган рақибининг яқинлашаётганидан оёғи қалтирадими ёки қуёш кўзини қамаштирдими, тўпни тўхтатиш бўйича уйга вазифаларни бажармаганини ошкор этиб қўйди.

Абдураҳмоновнинг виждони қийналдими, ушбу вазиятда дарвоза устунини мўлжалга олиш билан чекланди.

Усмонов олмалиқликларга қарши ўйинда ҳам полиз экинини "тушириб", рақибига пенальти совға қилганди.

Ҳақназарийнинг голида ҳам Ғиёсов айнан Азизбекни чиройлигина доғда қолдириб, эронлик шеригига пас берди.

"Аждарлар"нинг кейинги голига диққатимизни қаратсак. Иккинчи қаватда "Қизилқум" футболчиларининг "қанотлари" уча олмаслигининг гувоҳи бўлдик. Уч киши бўлиб ҳам бир футболчини қўриқлай олмасликка қайси ҳикматли сўзни келтиришни билмадим.

Меҳмон АГМКдан (бу майдонда ким мезбон-у, ким меҳмонлигини айтишга ҳайронасан) ўтказиб юборилган иккинчи голда ҳам "Насаф"га қарши баҳсда айтиб томоғимиз қирилган юқори қаватнинг ланж ўйин намойиш этиши сабаб бўлди.

Стандарт вазиятда ҳимояланишда навоийликлар "ухлаб қолишди".

АГМК футболчилари эса бу рақибга қарши сакраб калла қўйиш билан бирга ётволиб калла қўйиш мумкинлигини ҳам кўрсатиб берди.

Айнан шунга ўхшаш гол "Металлург" футболчиси томонидан ҳам киритилган эди. "Оқлар"нинг етти ўйинчиси ўшанда учта рақибини эплаб муҳофаза қилолмаганди. Навоийликлар бундай вазиятлардан сабоқ олмаган кўринади.

"Навбаҳор"га қарши баҳс охирида ҳам юқорида фитфилион марта санаган ҳолатимиз юз берган.

Жамоа ҳужумларида қулай вазият бўла туриб, стандарт ишлаш учун тўпни ўтказиб юбориб, рақиб келиб йиқитишини кутиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Оқибатда эса чучваралар хом саналаверади. 

"Қизилқум"нинг фақатгина жорий мавсумдаги ўйинларинигина танқид қилмоқчи эмасман. Ҳарқалай, жорий мавсумдаги натижалар чакки эмас. Навоийликларнинг ҳолати аввалги йилларда бундан-да абгорроқ кўринишда бўлган. 2020 йил 9-турдан сўнг клуб тескарисига ўқиганда биринчи поғонада жойлашганди.

Ўтган йили шу тур якунидан сўнг эса жамоа "кучли ўнлик"дан ўрин эгаллаганди.

"Қизилқум" ҳар йили шов-шувли трансферларга қўл ураверади ҳамда жамоага келиб қўшилган номдор ўйинчиларнинг ёши 40 га қараб кетаётган бўлади. Ушбу мавсумда жамоанинг ўртача ёши 30.8 этиб кўрсатилган, навоийликлар ҳар йили энг фахрий жамоа номинациясида етакчилар қаторида юради. Комолафени ҳисобга олмаганда, бу йилги трансфер қилинган ўйинчиларнинг катта қисми 30 баҳорни қарши олишга улгурганлар ҳисобланади. Яна 2-3 йилдан кейин жамоага Черан, Исмоилов каби ўйинчиларни жалб этишса ҳам ажабланмайман. "Нексия"га Мерснинг шинасини, ойнасини, яна қандайдир юз қисмини қўйманг, у ҳақиқий "Мерседес"ни қувиб ўта олмайди. Чунки унинг ички тузилиши "Нексия" бўлиб қолган. "Қизилқум" ҳам пенсияга чиқиш арафасидаги футболчилар учун жарақ-жарақ маблағни сарфлаши мумкин, аммо ўзи ёшларни етиштириб чиқармаса, "кучли ўнлик" учун курашда қолаверади. Тўғри, йўқотишлар жамоа ўйинига таъсир кўрсатиши мумкин, аммо бу футбол. Мураббий бир футболчининг ўрнини иккинчиси билан тўлдира билиши лозим. Жамоа тўлиқ таркиб билан ўйнаган даврларида ҳам ниманидир қойиллатиб қўйганини яқин йилларда эслаш қийин. 

Машҳур ёзувчи Холид Ҳусайнийнинг асаридаги бир иқтибос ёдимга тушиб қолди: "Афғонистонда болалар бор, лекин болалик йўқ". "Олтин қазувчилар"да ҳам ёшлар бору, етук ёшлар жамоасини кўрмаяпман. Ҳарқалай, буни ёшлар лигаси турнир жадвалидан ҳам уқиб олиш мумкин.

Юқоридаги жадвалда пешқадамлик қилаётган жамоалардаги футболчиларнинг кўпчилиги Суперлигада ҳам иштирок этади. Аммо Навоий клубида бундай футболчиларни кўп учратмаймиз. Учратганда ҳам негадир кўнгилдагидек ўйин намойиш этолмаяпти (Тимур Набиев илк ўйинидаёқ майдондан четлатилди). Биринчи даврада имкониятни бой берган "Бунёдкор", "Локомотив" сингари ёш жамоалар тўғри йўлдан кетишда давом этса, тез орада катта кучга айланади. "Қизилқум" эса шижоатни саккизинчи планга қўйиб, тажрибага ишонган ҳолда ҳар йили янги ўйинчи сотиб олаверади. U-21 жамоасининг дарвозасини 36 ёшли Артём Макосин қўриқлайверади. Клуб келгуси турни 13-ўринда бораётган "Сурхон"га қарши ўтказади ва бу ўйинда ғалабани тантана қилса ҳам кипригимнинг учини қимирлатмайман. "Қизилқум" ҳақиқий кучини кўрсатиши керак бўлган баҳсларда ютқазиб бўлди. Уларнинг айтар жавоби эса навбатдаги баҳс эмас, "Сўғдиёна" ва "Пахтакор"га қарши ўйинларда билдирилиши лозим. "Қизилқум машинаси"нинг "мотор"и ҳозирча янгилангани йўқ, фақатгина ҳар йили унинг устки қисмига ишлов берилади, холос, ҳаракат ва натижалар эса эски ҳаммом, эски тос.


Rating: +1   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика