Latest news

23:30Жоау Канселунинг кейинги манзили Саудия Арабистони бўладими?  0 22:55Ханс-Дитер Флик: "Ямалнинг оёғи ердан узилмаслиги керак"  0 22:15ОКМК назорат ўйинида "Олимпик"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 21:35Матс Хуммелс Еврокубокларда ўйнайдиган А Серия клубига ўтиши мумкин  0 20:54"Қизилқум" назорат ўйинида "Локомотив U21"га мағлуб бўлди  0 20:31Расман: Стадиондаги муаммо сабаб "Динамо" — "Навбаҳор" учрашуви қолдирилди  46 20:00Де Хеа фаолиятини А Cерияда давом эттирадими?  0 19:39Ана холос! "Рома" ва "Тоттенхэм" собиқ ҳужумчиси 11 йилдан сўнг фаолиятини тиклашга қарор қилди  4 19:13УEФА Суперкубоги ўйинини ким бошқариши маълум  0 18:49Погбанинг акаси Бельгиянинг учинчи лигасида ўйнайди  4 18:25"Бунёдкор" собиқ бош мураббийи Парижда ўғриликка учради  13 18:01"Шўртан" учта трансферни амалга оширди  3 17:39"Ланс" "Челси" собиқ ҳимоячиси билан битим тузди. У Ҳусановга рақобатчи бўлади  5 17:15Тер Штеген – "Барса"да сардорлик учун асосий номзод  2 16:48"Хоразм" бир қатор футболчиларни сафига қўшиб олди  4

Қийинчиликларни бошдан кечираётган "Бунёдкор" ҳақида News

Қийинчиликларни бошдан кечираётган "Бунёдкор" ҳақида

Ўз пайтида Ўзбекистоннинг энг кучли клуби бўлган “Бунёдкор” ҳозир қийин аҳволга тушиб қолгани ҳақида охирги пайтларда тез-тез эшитяпмиз.

Ким ўйлабди дейсиз вақтида Ривалдо, Денилсон, Вильянуэва каби футболчиларни ўйнатган, Зико ва Сколари каби жаҳонга машҳур мураббийларнинг Тошкентга келиб ишлашига сабабчи бўлган клубнинг орадан кўп ўтмай мушкул вазиятга тушиб қолишини. Ҳозирги “Бунёдкор”ни биринчи навбатда молиявий ҳолат қийнамоқда. Бизга маълум бўлишича, клубнинг ҳамон футболчилардан ўтган йил бўйича қарзи бор. Баъзи мукофот пуллари ҳалиям берилмаган.

Бу ҳам камлик қилганидек, футболчилар бошқа клуб топишлари ҳамоноқ кетиш тараддудига тушиб қолган. Ўтган йил дастлаб шов-шувли тарзда Элдор Шомуродов жамоани тарк этиб, Россиянинг “Ростов” клуби билан шартнома тузди. Мавсум тугаганидан кейин Отабек Шукуров БААнинг “Шаржа” клубига ўтиб кетди. Маълумки, Отабек жамоанинг асосий фигураларидан  бири эди. Янги мавсум бошланишига бир неча кун қолганида Достон Ҳамдамов ҳам жамоадан кетиб қолди. Уни Россиянинг бошқа бир клуби “Анжи” билан шартнома тузганини эшитдик. Бироқ “Анжи” янги футболчиларни таништираётганида Достонга кўзимиз тушмади. Ҳамдамов ҳозир қаерда, нималар қилиб юрибди, бундан хабаримиз йўқ.

Ўтган ҳафта Шоҳруҳ Гадоевнинг ҳам клубдан кетгани ойдинлашди. “Бунёдкор”нинг АГМКга қарши баҳсида Гадоев ўйин қайдномасига киритилмади, баҳс якунига етгач бош мураббий Миржалол Қосимов бу футболчининг ҳам жамоани тарк этганини маълум қилди. Фақат ҳозирча қайси давлатга кетгани ойдин эмас. Майли, футболчилар четга кетяпти, клуб шу орқали трансфер сиёсатини юритяпти ҳам дейлик, аммо муаммо шу билан бартараф бўлгани йўқ. Ҳимоячи Дилшод Аҳмадалиевнинг футболдан бутунлай четлатилгани “Бунёдкор”га қаттиқ зарба бўлди. “Бунёдкор” футболдан четлатилган ўйинчини Дубайга олиб кетгани учун клубга 500 миллион сўм жарима солинди. Хуллас, “Бунёдкор” атрофида юзага келаётган гап-сўзлар ҳеч тинмаяпти.

Айнан молиявий муаммолар туфайли “Бунёдкор” селекция жараёнини кўнгилдагидек олиб бора олмади. Жамоа ўз сафига атиги уч нафар футболчини қўшиб олди, ваҳоланки бошқа клублар ўнлаб янги ўйинчиларни таклиф этди. Мирғиёс Сулаймонов билан Муроджон Тошматов “Металлург”дан келиб қўшилган бўлса, ўтган мавсумни “Қўқон-1912”да ўтказган Филипп Райевац ҳам “Бунёдкор” билан шартнома имзолади.

Биз клубдаги вазият билан яқиндан танишиш мақсадида “Бунёдкор” ПФК бош директори Мурод Алиев ҳамда жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимовни суҳбатга тортдик.



Мурод Алиев: “Дилшод Аҳмадалиев афв этилишидан умидвормиз”


- Мурод Боқиевич, “Бунёдкор” футбол клубидаги қийинчилик ҳамон давом этяптими?

- Молиявий муаммолар нисбатан ёпилди деса бўлади. Лекин қайсидир тарафдан ҳали камчиликлар бор. Яхши биласиз, Нефтегаз компанияси нафақат бизни, балки бошқа клубларни ҳам, масалан “Насаф”ни молиялаштиради. Шу боис янги мавсум учун бюджет ажратилаётганида улар барчага пулни бир хил тақсимлашни хоҳлайди.

Лекин бошқа томондан ПФЛ клублар олдига йиллик смета 25 миллиард сўмдан кам бўлмаслиги ҳақида талаб қўйган. Ўйлайманки, булар ҳаммаси ечса бўладиган масалалар. Клубимиз президенти пул албатта бўлишини, фақат футболчилар яхши ўйнаб берса бўлди деган гапни айтдилар. Шундай экан,  ҳаммаси яхши бўлишидан умид қилиб турибмиз. Биз ишлашда давом этяпмиз. Маблағ кўп бўладими ё камми футболчиларнинг тўхтаб қолмасдан ўз устиларида ишлашини хоҳлаймиз. Жамоа олдига юқори мақсад қўйилган ва шу мақсад йўлида оғишмай ҳаракат қилишимиз лозим.


- Ўтган йилги мукофот пулларидан ҳалиям қарздорлик бор деб эшитдик.
- Тўғри, ўтган йилги баъзи ўйинлардан қарз қолган. Тез кунларда бу муаммо ҳам ижобий ҳал этилишидан умидвормиз.

- Қарз борлиги футболчиларни хавотирга солмайдими?
- Йўқ. Биз барча ўйинчиларга вазиятни тушунтирганмиз. Жамоадаги ҳамма ҳозирги ҳолатдан хабардор.

- Маълумки, сиз ЎФА Ижроия қўмитаси аъзоси ҳисобланасиз. Бирор қарор чиқаришдан олдин Ижроқўм йиғиладими?

- Саволингизни тушундим. Сиз Дилшод Аҳмадалиев бўйича чиқарилган қарорни назарда тутаётган бўлсангиз керак. Яхши биласиз, Аҳмадалиев ёшини кичрайтиргани учун футболдан четлатилди. Шунга қарамай, биз ўйинини йўқотиб қўймасин дея уни ҳам Дубайдаги ўқув-машғулот йиғинига олиб кетдик. Кейин вазиятдан хабар топган ЎФА футболчини ўртоқлик учрашувларида майдонга туширганимиз учун клубга 500 миллион сўм миқдорида жарима солди. Жарима солинганида мен Дубайда эдим ва Ижроқўмнинг ушбу йиғилишида қатнаша олмадим.


- Клубга 500 миллион сўм жарима солиниши кўп эмасми?
- Албатта, кўп. Лекин бу Ижроқўм қарори ва уни ҳурмат қилишимиз керак. Ўйлайманки, ЎФА бу масалани бошқатдан кўриб чиқади.

- ПФЛ томонидан клубларнинг йиллик бюджети 25 миллиард сўмдан кам бўлиши керак эмас деган фикрга қандай қарайсиз?
- Ажойиб фикр. Агар бу пуллар тўғри мақсад йўлида сарфланса ҳамма клублар кучайиб боради, бу эса ўз-ўзидан футболимиз ривожига хизмат қилади.

- Чемпионат ва Кубокда иштирок этиш учун тўланадиган 500 миллион сўм бадал пулига қандай муносабат билдирасиз?

- Албатта, бу ҳам кўпдек кўриниши мумкин. Лекин бир нарсани унутмайлик, бу йилдан ҳакамларга тўланадиган пул миқдори оширилди. Қолаверса, иккита даврали ўйинлардан сўнг юқори олтиликка кирган жамоаларга мавсум охирида эгаллаган ўрнидан келиб чиқиб мукофот пули бериладиган бўлди. Масаланинг мана шу томонларини ҳам эътиборга олсак, 500 миллион сўм ўзидан ўзи хаёлга келган рақам эмас. Менимча, буларнинг ҳаммаси ўйлаб қилинган ҳисоб-китоб натижаси.


- Ўтган йил бир йил ичида “Бунёдкор”нинг уч нафар футболчиси хорижга кетди. Одамларда савол туғиляпти: наҳотки клуб ўйинчилар трансферидан пул ишламаган бўлса?
- Йўқ, ундай эмас. Маълум миқдордаги сумма Элдор Шомуродовнинг трансферидан клуб ҳисоб-рақамига тушди. Лекин Достон Ҳамдамов масаласи бироз мужмалроқ бўлиб турибди. Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади деганларидек биз ёш ўйинчилар билан янада узоқроқ муддатга шартнома тузишни мўлжаллаб турибмиз.

- “Бунёдкор” катта структурага эга клуб ҳисобланади. Клуб тизимида асосий ва ўринбосарлардан ташқари аёллар, футзал жамоалари, шунингдек кўп ўринли футбол академияси фаолият юритмоқда. Мана шундай оғир шароитда клубни бир текис ушлаб туриш қийин эмасми?
- Қийинчилик бор ва буни бекитиш керак эмас. Ишчиларимизга тўланадиган маош бўйича катта қарздорлик йўқ. Имкон қадар ойликларни вақтида бериб боришга ҳаракат қиляпмиз. Фақат айтиб ўтганимдек, ўйинчиларга мукофот пули бўйича қарзимиз қолган.

- Футболдан четлатилган Дилшод Аҳмадалиев масаласи яқин кунларда ижобий ҳал этилиши мумкинми?
- Биз ҳам шундан умидвормиз. Аҳмадалиев - яхши футболчи, кейинчалик у миллий терма жамоада ҳам ўйнаб кетиши мумкин. Биз ЎФАга унинг масаласи бўйича хат билан чиққанмиз. Балки Суперлиганинг иккинчи-учинчи турларида Дилшод яна майдонга тушиб қолар.



Миржалол Қосимов: "Ҳозирги ёшлар маслаҳат сўрамайдиган бўлиб кетган"


- Миржалол Қўшоқович, сиз ҳам фаолиятингизнинг бир қисмини БАА, Россия клубларида ўтказгансиз. Шундан келиб чиқиб футболчилар четга кетаётганда сиздан маслаҳат сўрайдими?

- Мен футболчиларга доим бир гапни айтиб келаман: кетишдан олдин нимадир ютиш керак. Чунки “Бунёдкор” оддий жамоа эмас. Олдин клубда ўйнаб, бирор соврин ютиб, мухлислар меҳрини қозониб ана ундан кейин кетса ярашади. Бундан ташқари, футболчи кетаётганида унинг олдида фақат битта вариант бўлиши керак эмас. Яхши футболчида ҳар доим уч-тўртта вариант туради. Қолаверса, жамоани тарк этган футболчи ортидан клуб ҳам обрў топишини хоҳлаймиз.


- Наҳотки кетганларнинг ҳеч бири бир оғиз маслаҳат сўрамаган бўлса?
- Отбаек Шукуров сўраганди. Олдимда иккита вариант бор, Қатарга борайми ё БАА клубигами деб сўраганди. Кейин эса “Шаржа”ни танлади. Бошқа ҳеч ким келиб маслаҳат олгани йўқ. Ўзи ҳозирги ёшлар маслаҳат сўрамайдиган бўлиб кетган.

- Нима деб ўйлайсиз, сиз ўйнаган давр билан таққослаганда ҳозирги пайтда футболчиларни чалғитиш осонми?
- Чалғитишмас-у, лекин ҳозир агентлар футболнинг бир қисми бўлиб қолди. Авваллари футболчини клуб чақирарди, кейин кетардик. Энди эса ўртада агентлар катта роль ўйнаяпти. Қолаверса агентлик фирмалари ҳам кўпайиб кетди. Футбол тобора ривожланиб бормоқда. Ҳозир Россияда ҳам ўйнаш осон эмас. Ўз ўйинчиларидан ташқари уларнинг клубларида кўплаб легионерлар бор ва рақобатни енгиб ўтиш осон бўлмайди.

- Достон Ҳамдамовнинг ўрнини ким билан тўлдирмоқчисиз?
- Албатта, Достон жамоамиз учун катта йўқотиш ва унинг ўрнини бирданига тўлдириш қийин бўлади. Шу боис ҳам биз Мурод Тошматовни таклиф қилдик. Санжар Қодирқулов ҳам яхши ўйнаб кетиши мумкин.

- “Бунёдкор” олдида яна бир муаммо турибди: бу - Дилшод Аҳмадалиев масаласи...

- Дилшод ҳали ёш ва уни синдириб қўйишимиз керак эмас. Умуман олганда, мен Дилшодни келажаги порлоқ ҳимоячилардан бири деб биламан. У вақти келса миллий терма жамоада ҳам ўйнаб кета олади. Акмал Шораҳмедов 33га кириб қолди, энди бўлса ёшларни тарбиялаш керак. Ўйлайманки, Аҳмадалиев келажакда айнан Акмалнинг ўрнини эгаллайдиган футболчилардан бири. Дилшод майдонда жуда катта ҳажмдаги ишни бажара олади. У кутилмаганда ҳужумга қўшилади ва тўп узатиш бўйича ҳам тўғри қарор чиқаради. У ҳужумга ўтганда худди ҳужумчига ўхшаб ўйнайди. Лекин ҳозирча бу футболчини рўйхатдан ўтказа олмаймиз, балки кейинчалик вазият ўнгланиб кетса керак.


- Сизнингча, ЎФА бу масалани яна кўриб чиқадими?
- Тўғри, у ёшини кичрайтирган бўлиши мумкин, лекин унда 12 ёш бўлган ва нима қилаётганини тушуниб етмаган. Бундан эса энг кўп футболчининг ўзи жабр чекиб қолмоқда. Ҳозир Аҳмадалиев жудаям сиқилиб юрибди, лекин биз унга ёрдам беришимиз керак. Негаки у катта футболга ўтди ва буёғига ўйнаши керак деб ҳисоблайман. Албатта, биз ҳам ЎФА бу ишни бошқатдан кўриб чиқишига умидвормиз. Аҳмадалиев яна майдонга қайтса ҳаммамиз учун яхши бўларди.

Хулоса ўрнида

Хулоса шуки, “Бунёдкор” молиявий томондан қийин аҳволга тушиб қолган. Қолаверса, клуб футболдан бутунлай четлатилган Дилшод Аҳмадалиевни қайтариш бўйича турли чора-тадбирларни кўрмоқда. Миржалол Қосимов айтиб ўтганидек, Дилшод чиндан ҳам яхши футболчи ва тинмай меҳнат қилади. Ўйини ҳам чакки эмас. Албатта, шундай футболчининг миллионлар ўйинидан четда қолгани аввало ўзига оғир ботяпти. Ахир у айни ўйнайдиган ёшда бўлса.

Тўғри, ЎФА ёшини кичрайтирган футболчиларга қарши курашиб тўғри қиляпти, бунга асло қаршилигимиз йўқ. Лекин унутмайликки, Дилшод атайлаб ўз ёшини ўзи кичрайтирмаган. Демак, бунинг орқасида кимлардир турган. Федерация жазолашни маъқул кўрдими, марҳамат унда ҳаммани бирма-бир текшириб чиқсин. Шунда ким аслида неча ёш экани ойдинлашади. Лекин ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб ЎФА Дилшод Аҳмадалиев масаласини яна бир бор кўриб чиқса адолатли бўларди. Зеро, биз мақталаётган Суперлигада иқтидорли футболчилар ўйнашини хоҳлаймиз.

Rating: +26   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика