Latest news

16:36Расман: Умиджон Эргашев – "Навбаҳор" футболчиси!  1 16:14"Металлург" академияси ёпиладими? Академия бунга жавоб берди  0 15:53Расман: Егор Кримец - "Сўғдиёна" футболчиси!  3 15:27ЖЧ-2010нинг энг яхши футболчиси Форлан: "Испанияда "Атлетико" рамзини ҳеч қачон ўпмаганим учун танқид қилишарди"  2 14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  3 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  1 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  6 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   22 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  15 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1

Қайта қўзғалган қақнус News

Қайта қўзғалган қақнус

Райан Бабел вақтида «Ливерпул»нинг келажаги порлоқ ўйинчиларидан бири сифатида эътироф этилган ва унинг Арьен Роббен, Сейду Кейта ва ҳаттоки, Тьерри Анри даражасидан ҳам ўзиб кетиши тахмин қилинганди.

Бироқ голландиялик футболчи 2011 йили Германия бундеслигасига йўл олди-ю, бирдан эътибордан тушиб қолди. Bombardir.ru сайтининг қуйидаги мақоласи, феникс (қақнус, мифологияда ёниб кетиб, кулдан яна пайдо бўлувчи афсонавий қуш, абадий янгиланиб туриш рамзи)га қиёсланган ана шу футболчи ҳақида. Зеро, у маълум муддат тин олгач, жорий мавсум яна қўзғалди, шекилли.

Соядан чиқиш («Аякс», Голландия)

Ёш Райан Амстердамда дунёга келган барча болакайлар каби Франк Райкаардни кумир сифатида кўрар ва «Аякс» сафида тўп суришни орзу қиларди. У шу тариқа машҳур клуб академиясига кириш учун 3 марта уриниб кўради. Бироқ рақобат жуда баланд эди. Бабел ниҳоят,  учинчи уриниш самараси ўлароқ, нуфузли ўқув даргоҳи тарбияланувчисига айланади ва илк машғулотларданоқ мутахассислар эътиборини ўзига тортади. 11 ёшида эса ўсмирлар терма жамоасида етакчи ҳужумчи мақомини олган Бабел яна 6 йилдан сўнг «Аякс»нинг асосий таркибига киради. Унинг пойтахт клубидаги 4 йиллик фаолияти анча самарали бўлади - ёш футболчи Голландия эредивизиони олтин медалини бўйнига тақишдан ташқари, мамлакат миллий кубоги ва суперкубогини 2 мартадан боши узра баланд кўтаради. Шунинг­дек, Европа клубларининг асосий турнири - ЧЛда ҳам ўз голлари ҳисобини очади. Ваҳоланки, Бабел ўша вақт «Аякс»да соф ҳужумчи ҳисобланмасди. Чунончи, Райаннинг юқори тезлигидан унумлироқ фойдаланишни кўзлаган мураббий уни доимо қанотда ўйнатишни маъқул кўрарди. Хуллас, Бабел ҳужум чизиғининг ўткир «тиғи» саналмасада, бир қатор ўта муҳим голларга муаллифлик қилади. Жумладан, ЧЛда рақиблар дарвозасини 2 марта нишонга олади, мамлакат кубоги ва суперкубоки учун ўйинларда барчасини ҳал этган голларни ўз ҳисобига ёзиб қўяди. 2005 йилга келиб, Бабел Голландия миллий жамоасидаги дебютини ҳам гол билан безайди. Яъни Руминия термасига қарши кечган учрашувда кимсан Арьен Роббен ўрнига майдонга тушади ва рақиб дарвозасини ўққа тутади. Орадан бир йил ўтгач, Марко ван Бастен қаҳрамонимизни Германия-2006 мундиалига борадиган футболчилар рўйхатига киритади. Тўғри, Бабел ўша жаҳон биринчилигида атиги бир марта - гуруҳ босқичида Аргентина термаси билан бўлган баҳсда майдонга туширилади, холос. Райан Голландияда иккинчи марта суперкубок соҳибига айланганидан кейин АПЛнинг бир қатор иштирокчилари, жумладан, «Арсенал» ва «Ньюкасл» клублари унга жиддий қизиқа бошлашади. Футболчи эса унча шошилмайди ва эредивизионда яна бир мавсум тўп сургачгина туманли ўлкага йўл олади.

Қанот қоқиш («Ливерпуль», Англия)

«Қизиллар» 2007 йилнинг 12 июль куни Райан Бабел трансферига 11 млн. фунт тўлашганини расман эълон қилишади. Голланд футболчиси яна 5 кундан сўнг «Ливерпуль» либосида майдонга тушади. Умуман олганда, 4 йил давомида мерсисайдликлар шарафини ҳимоя қилган ва асосан қанот ҳужумчиси сифатида тўп сурган Бабел жами 22та гол уради. Лекин мухлислар хотирасида шу голлари эмас, балки жанжалкашлиги билан жой олади. Йўқ, Бабел аслида уруш­қоқ эмас, бироқ қандайдир сабабларга кўра, мудом мухлислар, мутасаддилар ёки мураббийлар билан чиқишолмасди. Оддий айтганда, келажаги порлоқ кўринган истеъдод эгаси «Ливерпул»да навбати билан барчанинг жиғига тегади. Хусусан, Рафаэль Бенитес билан муносабати ёмонлашгач, мураббий уни шунчаки, майдонга туширмай қўяди. Оқибатда ҳужумчининг жамоадан кетиши ҳақидаги миш-мишлар авжига чиқади. Бироқ Бабелнинг ўзи шошилмасди. У шу зайлда кўпчиликнинг кўнглидан қолади. Охир-оқибат, жамоада жой тополмайдиган ва кейинги фаолиятлари трансфер мавсумининг сўнгги соатларида ҳал бўладиган ношуд футболчилар қаторига қўшилади. Ҳарқалай, мухлислар уни алоҳида «таъриф-лаш»га одатланишади:  Babel Copfer. Чунончи, ҳужумчи жанжалкаш табиатини ҳакамларга ҳам кўрсата бошлаганди.

Узилиш («Хоффенхайм», Германия)

Навбатдаги можародан кейин «Ливерпуль» Бабелдан тезроқ қутулиш йўлларини қидира бошлади. Қарангки, айни ўша вақт Райаннинг жонажон клуби - «Аякс»дан таклиф этилган Луис Суарес янги жамоасига кутилганидан-да кўпроқ манфаат келтирди. Дарвоқе, Бабел Голландия терма жамоасидаги ўрнини ҳам йўқотди. Хусусан, ван Бастен Евро-2008дан кейин истеъфога чиқди, унинг ўрнини эгаллаган Берт ван Марвейк эса Райанни жамоага чақирган бўлсада, майдонга деярли туширмади. Шундай қилиб, ҳужумчи ЖАР мундиалида умуман ўйнамай туриб, кумуш медаль соҳибига айланди. Якунда «Ливерпуль» голландиялик футболчига харидор топди ва 8 млн. фунтга сотди. Хуллас, «Хоффенхайм» сафини тўлдирган Бабел Германияда 1,5 йил тўп суриб, бу вақт оралиғида атиги 5та гол урди. Ўз навбатида, немислар ҳам узоқ юз-хотирлаб ўтиришмади. Зеро, кўплаб футболчилар ҳам Бабел жамоани ортга тортаётгани ҳақида очиқ-ойдин киноя қилишарди. Масалан, дарвозабон Том Старке Германия телеканали орқали шундай деди: «Райан аслида ажойиб йигит. Лекин унга нима бўлаётганини сира тушунолмаяпмиз. Гўёки, айни пайт мутлақо бот-қоқ ичидадек». Эътиборлиси, «Хоффенхайм» бош мураббийи Эрнст Таннер бундай очиқ-ошкора фикрлар учун бирор шогирдини алоҳида жазоламади.

Гўшага қайтиш («Аякс», Голландия; «Қосимпошо», Туркия)

Бабел Германиядаги муҳитга ҳам мослашолмаганидан кейин, қандайдир тушкун ҳолатга тушиб қолди. Энди ҳеч ким футболчини аввалгидек Анри ёки Роббенга тенглаштирмас, у билан ҳамкорлик қилишни истайдиган клублар ҳам  қолмаганди. Бундай вазиятда жонажон жамоага қайтиш энг тўғри қарор ҳисобланади. Хуллас, «Аякс» ўз тарбияланувчисини бир йиллик шартнома ва ўзи учун қадрли «49» рақами билан сийлади. Афсуски, Райан энди-энди ўзини ўнглаб, бирин-кетин гол ура бошлаган вақт ёқимсиз жароҳатга йўлиқди. Аниқроқ айтсак, «Аякс» либосида 16 марта майдонга тушганидан кейин мавсумнинг якуний қисмини муолажалар жараёнига сарфлашдан ўзга чора тополмади. Клуб билан шартномаси муддати якунига етгач эса, ҳужумчи бир пайтлар «Аякс» тузини ичган грузиялик Шота Арвеладзедан аниқ таклиф олди. Ўшанда таниқли собиқ ҳужумчи «Қосимпошо» клубига устозлик қиларди. Шундай қилиб, Райан турк диёрида 2 йил тўп суриб, ўз ҳисобига 14та гол ёзиб қўйди. Бу ярим ҳимоя чизиғида ҳаракатланган футболчи учун ёмон натижа эмасди. Айниқса, «Қосимпошо»дек ўртамиёна жамоа вакили учун. Шуни инобатга олсак, турклар Бабелдан мамнун эдилар. Бироқ футболчининг ўзи Туркия лигасида зерикди, чоғи.

Васваса («Ал-Айн», БАА)

Бабел аввалига Европа клубларидан таклиф кутди, бироқ ҳеч қандай қизиқиш аломати сезилмагач, мўмай даромад илинжида БААга равона бўлди. «Ал-Айн» бунгача қаторасига 3 марта чемпионлик унвонини ютганди. Лекин 2015|2016 йиллар мавсумида охирги 4 йил ичида илк марта 2-ўрин билан кифояланди. Эътиборли жиҳати, Райан айнан ўша мавсум бошланиши арафасида жамоа сафига қўшилганди. Афсуски, у Осиёда ўта суст ўйин намойиш қилди ва 14та учрашувда рақиблар дарвозасига атиги бир марта йўл топди, холос. Бу ҳам етмагандек, турли можаролар сабабчисига айланди. Хусусан, ижтимоий тармоқлардаги беъмани чиқишлари кучли норозиликлар келтириб чиқарди. Бабел аввалига собиқ устози Рафаэль Бенитеснинг «Реал» бош мураббийи лавозимини эгаллагани хусусида фикр билдириб, испаниялик мутахассис Криштиану Роналдуни ажойиб ҳимоячига айлантиришини башорат қилди. Табиийки, шундан сўнг мухлисларадан бири Ра-йанни Бенитесга нисбатан кек сақлаганликда айблади. Футболчи эса бунга жавобан ўша мухлисага ҳақоратлар ёғдира бошлади. Тўғри, кейинчалик «Твиттер»даги шахсий саҳифаси орқали изоҳ бериш учун 6 марта чиқиш қилди. Аммо узр сўрашни ҳаттоки, хаёлига ҳам келтирмади. Аксинча, футбол борасида аёллар билан баҳслашишни ёқтирмаслиги хусусида ваъз ўқиди. Оқибатда, «Ал-Айн» 2015 йилнинг декабрида Бабел билан тузилган шартномани бекор қилди. Футболчининг ўзи бу ажрашишни жамоанинг ўйин ва натижаларидан қониқмаганлиги билан изоҳлади, аммо клуб голландиялик легионернинг интизомсизлигини рўкач қилди.

Умид («Депортиво», Испания)

Таажжубки, Райан Бабел яна «кўҳна қитъа» жамоалари орасидан ўзига харидор топди. Бу масалада ҳужумчининг қандай воситалардан фойдаланганлиги номаълум. Аммо факт шуки, у айни пайт яна еврофутбол марказида. Яъни топ-чемпионатлардан бирида иштирок этмоқда. «Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Албатта, узоқ танаффусдан кейин юксак савияда ўйнаш осон эмас. Бироқ бой тажрибам ва маҳорат эвазига бу тўсиқни бартараф этишимга ишонаман», - деди Бабел испаниялик журналист билан суҳбатда. Ҳа, «Аякс» тарбияланувчиси Европа клубларидан мустаҳкам жой олиш учун яна бир марта уриниб кўрмоқда. Ёши 30га яқинлашиб қолганини инобатга олсак, бу унинг сўнгги умидидир, эҳтимол. Муҳими, Бабел ўз фаолиятини тиклаш имкониятига эга. Бу йўлда унга яна жароҳатлар, можаролар ёки қандайдир бошқа муаммолар халал бермаса, бас...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Rating: +2   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика