Почеттино "Тоттенхэм" билан хайрлашадиган вақт келди
31 oct 2019 16:05
News
Почеттино "Тоттенхэм" билан хайрлашадиган вақт келди
Чемпионлар лигаси 2018/19 мавсумида финалга чиқишда аргентианлик мутахассис ва ғояларининг ўрни катта. Ҳа, Почеттинони қўрқмасдан буюк мураббий деса бўлади, аммо мураббий "Тоттенхэм" билан хайрлашадиган вақт келди. Тўғри ўқидингиз, "шпорлар"га янги мутахассис, Маурисиога бошқа клуб керак.
Хатто Чемпионлар лигаси сўнгги ўйинидаги "Црвена Звезда" устидан қозонилган йирик (5:0) ғалаба мухлисларни чалғитмаслиги лозим. Ундан аввалга баҳсларга бир боқинг: "Тоттенхэм" - "Уотфорд 1:1, "Брайтон" - "Тоттенхэм" 3:0, "Тоттенхэм" - "Бавария" 2:7.
АПЛ турнир жадвалида 20-ўринни эгаллаб турган "Уотфорд" билан баҳсдаги ўйинни ҳазм қилиб бўлмайди. "Тоттенхэм" 86-дақиқадаги Деле Аллининг голи эвазига мағлубиятдан қутилиб қолди, бироқ ўша вазиятда қоида бузилгандек кўринди. Дарвоза ишғол қилинишини аниқлаш учун VAR керак бўлди, аммо Крис Каван голни ҳисоблаганидан кейин ҳам ушбу вазият бўйича баҳслашувлар тўхтамади. Эсингизда бўлса, ўша баҳсда "Тоттенхэм" таблосида "гол ҳисобга олинмади" деган ёзув чиққанди...
Гап хатто бунда ҳам эмас. "Уотфорд"га қарши баҳснинг сўнгги 15 дақиқасигача "шпорлар" эмас, меҳмон жамоа ғалабага муносиб ўйин кўрсатди. "Арилар" 75-дақиқада дарвозага зарбалар сони бўйича 7:6 ҳисобида олдинда эди. Сўнгги чорак соатда "Уотфорд"га куч етишмади, "Тоттенхэм"нинг эса омади келди. 75-дақиқадан учрашув якунигача "шпорлар" меҳмон жамоа дарвозасига 7та зарба берди. "Тоттенхэм" кутилган голлар динамикаси бўйича фақат сўнгги дақиқаларда рақибдан устун бўлди.
Ушбу динамикада АПЛ аутсайдери Чемпионлар лигаси иштирокчисига қараганда вазият яратиш бўйича барқарор бўлган. Бундан ташқари, "шпорлар" таркибида Сон Хён Миндан бошқа ҳеч ким ўзини кўрсата олмади.
Чемпионат аутсайдерига қарши дуранг - бу фақат Почеттинонинг эмас, бошқа футболчиларнинг ҳам айби. Бошқача қилиб айтганда, омадсиз натижалар учун "Тоттенхэм" ўйинчилари ҳам жавоб беришади, аммо асосий масъулият аргентиналик коучнинг бўйнида. Айнан мураббий майдонга тушадиган футболчиларни танлайди. Бундан ташқари, тактик модель ҳам мутахассис истаги бўйича танланади ва ўйин давомидаги негатив тенденцияни у ўзгартириши керак бўлади. Почеттинога эътибор берсангиз, у энди жамоани илҳомлантира олмаётганини пайқаш мумкин.
"Лестер Сити" аста-секин салбий натижа қайд этиб бораётган "Тоттенхэм"нинг ғирт тескарисига айланиб боряпти. Брендан Рожерс АПЛнинг сўнгги турида "Уотфорд"га ўхшаш аутсайдер - "Саутгемптон"ни сочиб ташлади, бунинг устига меҳмонда - 9:0! "Тулкилар" бу каби хоккей ҳисобини қайд этиш учун рақиб дарвозасига 23 марта зарба беришди ва уларнинг 16таси аниқ бўлди. Фантастик рақамлар туфайли энди "Лестер Сити" Чемпионлар лигаси ҳудудида.
Ўз жамоасини ғалабаларга илҳомлантира олаётган яна бир мураббий - Фрэнк Лэмпард. "Челси" 41 ёшли коуч қўл остида АПЛнинг сўнгги 4та учрашувида 11та гол урди ва улар ҳам кучли тўртликда.
Почеттино энди шогирдларига керакли сўзларни топа олмаётгандек тасаввур уйғонмоқда. Мураббий ва жамоа бир-бирига шунчалик ўрганиб қолганки, улар ўртасидаги мулоқотга "янги ҳаво" етишмаяпти. Деле Алли ижросидаги гол бўлмаганда "Тоттенхэм" "Уотфорд"га мағлуб бўларди. "Црвена Звезда" эса АПЛ аутсайдеридан кучли деб бўлмайди.
"Тоттенхэм"нинг "Аякс"га қарши Чемпионлар лигаси ярим финал жавоб учрашувидаги ўйини ҳали ҳам кўпчиликнинг ёдида. Ўшанда Лукас Моуранинг ажойиб ҳаракатлари "шпорлар"га тарихда биринчи марта Чемпионлар лигаси финалига чиқишга имкон берди. Почеттино олқишлар чўққисида эди, клуб мухлислари эса "Тоттенхэм" раҳбариятидан мураббий учун янги шартнома талаб қилишди.
Аммо баъзида хатто энг буюк мутахассисларда ҳам порлашлардан сўнг тушунарсиз пасайишлар рўй беради. Бу кўп кузатилган жараён ва Почеттино бундай вазиятга дуч келган биринчи мутахассис эмас. Бу ҳолатда мураббий жамоани ўзгартира олишга кучи етишини тушуниши керак. Агар бундай бўлмаса, тезда янги клуб излаш лозим.
Шунга қарамасдан "шпорлар" сўнгги йиллардаги ривожланиш динамикасини давом эттиришлари керак. "Тоттенхэм"да ҳали ҳам чемпионатни кучли тўртликда якунлаб, Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи учун йўлланма қўлга киритиш имконияти бор. Почеттинога тўхталадиган бўлсак, энди у "автопилот"да ҳаракат қилмаслиги лозим. Маурисио ўрганишда ва ўсишда давом этиши керак. У "Тоттенхэм"ни тарк этган тақдирда ҳам грандлар истайдиган мураббий бўлиб қолаверади.
Ёқимсиз эшитилишига қарамасдан ҳамма айрилишларни ёмон деб бўлмайди. Баъзида бу икки томон фойдасига хизмат қиладиган қарор бўлади.
Comments