Петар Шегрт: “Лёв билан бўлган суҳбатимиз ОАВда тарқалиб кетишини истамайман. ЎФАдан бўлган таклиф ҳақида сўрамайман. Тожикистондан кетганимга сабаб…”
20 jul 18:50
News


Петар Шегрт: “Лёв билан бўлган суҳбатимиз ОАВда тарқалиб кетишини истамайман. ЎФАдан бўлган таклиф ҳақида сўрамайман. Тожикистондан кетганимга сабаб…”
Тожикистон терма жамоаси билан Осиё Кубогида “фурор” кўтарган германиялик мураббий Петар Шегрт бир неча кун аввал Германия терма жамоаси собиқ бош мураббийи ва ЎФА билан музокаралар олиб бораётган, дея эълон қилинган Йоахим Лёв билан учрашгани тасвирланган сурат тарқалган эди. Биз эса Шегрт билан боғландик ва уни саволга тутдик.
- Салом, жаноб Шегрт, ишларингиз яхшими? Аввало интервьюга рози бўлганингиз учун ташаккур. Тожикистон терма жамоасидан кетганингизга бир ярим йилдан ошди, аммо ҳали ҳамон янги жамоада иш бошламадингиз. Ҳозирги кунда нималар билан бандсиз? Балки қандайдир футбол лойиҳаларида иштирок этаётгандир? Тожикистон терма жамоасидан клублар ёки терма жамоалардан таклифлар бўлмадими?
- Мен ўзимни яхши ҳис қиляпман ва жуда яхши дам оляпман. Тожикистон терма жамоаси билан ўтган ажойиб икки йилни ўтказдик. Осиё Кубоги ва Тожикистон футбол федерациясининг қўллаб-қувватлаши ва ажойиб Тожикистон халқи билан ишлашганимдан сўнг менга танаффус керак эди. Куч-қувват тўплаб олиш учун. Шунинг учун ўтган йили Германияда бўлиб ўтган Европа чемпионатининг юқори даражадаги ўйинларини, шунингдек, бутун Осиё бўйлаб кўплаб Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларини бевосита стадиондан томоша қилдим. Табиийки, Германия Бундеслигаси, Англия Премер-лигаси ва Испания Ла Лига ўйинларини ҳам кузатдим, баъзан эса клубларнинг машғулотларда ҳам қатнашдим. Чемпионлар Лигасининг кўплаб ўйинларини стадиондан томоша қилиш имкониятим бўлди. Айниқса, "Барселона" ва "Боруссия Дортмунд" каби клубларнинг машғулотларига бордим ва эски мураббий дўстларим билан учрашиш бахтига муяссар бўлдим.
Масалан, "Барселона"да Ханси Флик ва унинг хорват ёрдамчиси Тони Тапалович, "Боруссия"да эса Нико Ковач ва унинг ёрдамчиси Филип Тапалович билан кўришдик. Мен профессионал мураббий ва инсон сифатида кўпроқ нарсаларни ўрганишни ва ривожлантиришни яхши кўраман. Бутун дунё бўйлаб турли мамлакатларга саёҳат қилиш ва турли маданиятларни кўришни ёқтираман ва бўш вақтимни шундай ишларга сарфлайман. Мен 30 йилдан кўпроқ вақтдан бери Ханси Фликни танийман. У ажойиб шахс ва ақл бовар қилмас мураббий. Унинг хорватиялик ассистенти "Барселона" мураббийлар штаби аъзоси Тони Тапалович ва унинг акаси Филип Тапаловични билан ҳам 30 йилдан бери танишмиз. "Барселона" ва "Боруссия Дортмунд"даги мутахассисилар билан футбол масалаларини тўғридан-тўғри муҳокама қилиш имкониятим бор ва мен бундан хурсандман.
Чемпионлар Лигаси учрашувларини стадионда кўриш зўр, аммо ўйиндан олдин ва кейин қаҳва, тушлик ёки кечки овқат устида суҳбатлашиш ҳар бир профессионал мураббий учун жуда муҳим. Ханси Флик ва Тони Тапалович Чемпионлар лигасидаги баҳсдан сўнг мени майдонга таклиф қилишди ва биз ўйин қандай кечганини муҳокама қилдик. Мен 42 йиллик мураббий ва сўнгги 30 йил давомида профессионал футбол мураббийиман, лекин профессионал футболда, айниқса "Барселона"да бундай нарсалар рўй беришини кутмаган эдим. Бундай ҳатти-ҳаракатлар УЕФА томонидан тақиқланган, аммо Флик ва Тапалович ушбу ҳаракатлари билан мени яхши маънода ҳайрон қолдиришди. Шундай дўстларим борлигидан хурсандман. Дўстларимдан жуда миннатдорман.
Бундан ташқари сўнгги бир йил давомида кўплаб ажойиб футбол мураббийлари билан дўстона учрашдим, асосан оилаларимиз ҳақида ва ёшлигимизда рўй берган қизиқарли воқеаларни эсладик. Албатта, футбол ривожи ва юқори даражадаги футболдаги янгиликлар ҳақида ҳам гаплашдик.
Кўриб турибсизки, сўнгги бир йил мен учун ажойиб бўлди. Бироқ очиғини айтсам, яна юқори даражадаги футболни ва ишимни соғиндим. Агар яна қизиқарли имконият ва чақирув пайдо бўлса, ўйлаб кўраман.
- Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Ўзбекистоннинг саралашдаги иштирокини кузатиб бордингизми? Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ёки умуман Марказий Осиё терма жамоаларини ҳали ҳамон кузатяпсизми?
- Албатта, бутун ўзбек ҳамжамиятини ва халқни бундай катта ва тарихий натижа билан табриклайман. Шунингдек, таҳририятингизнинг барча ходимлари ва журналистларини ҳам табриклайман. Бундай натижа қайд этилишида ОАВнинг хизмати катта. Сизлар мухлислар ва жамоа ўртасидаги кўприксизлар.
Терма жамоангиз ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаши ҳам мумкин эди, назаримда. Қирғизистон терма жамоасининг ҳам бир нечта ўйинларини томоша қилдим. Эски ва қадрдон дўстларим Тожикистоннинг ҳеч қайси ўйинини ўтказиб юбормайман.
- Тожикистон терма жамоаси сизнинг қўл остингизда Осиё Кубогидаги дебютидаёқ чорак финал босқичига қадар етиб борди. Ушбу тарихий натижадан сўнг терма жамоани тарк этдингиз? Нима учун шартномани узайтирмасликка қарор қилдингиз? Тожикистонни тарк этишингизга нима сабаб бўлди?
- Шартнома 2024 йилда якунланар эди ва Тожикистон футбол федерацияси шартномани узайтиришни истаётган эди. Молиявий жиҳатдан ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Сабаби мен томондан пул ёки бошқа нарсалар ҳақида гап бўлмади, чунки пул, менинг 30 йиллик мураббийлик фаолиятимдан давомида ҳеч қачон менинг учун асосий рағбат ўрнида бўлмаган.
Мен жуда оғир оилавий муаммоларга дуч келдим ва бу ҳақда оммавий ахборот воситаларидан ҳеч кимга гапирмаганман. Чунки 6 ҳафта ичида ҳаётимдаги муҳим инсонларнинг бирини йўқотишдан олдин у билан сўнгги кунларни бирга ўтказишни истаган эдим. Бу ҳақда фақатгина Тожикистон футбол федерацияси раҳбариятига айтганман. Шунинг учун мен оилам билан сўнгги дамларни ўтказиш ва шундан сўнг янги ҳаёт бошлашни режа қилгандим. Бунинг учун менга янги куч ва бироз вақт керак эди.
Чунки сиз Грузия, Афғонистон, Малдив ороллари ва Тожикистон каби мамлакатларнинг бош мураббийи бўлиб ишлаш, ҳар доим ўша мамлакатдаги ишингизга бутун вужудингиз билан киришишингиз ва бор кучингизни сарфлашингиз талаб этилади. Мен баъзи футболчилар, одамлар ёки айниқса бош мураббий сифатида ўзимнинг фақат 50-80%га берилиб билан ишлашни ёқтирмайман. Ўзимга бўлган талабларимга кўра, мен ўз ишимга фақат ва фақат 100% берилишим керак. Бош мураббий бутун жамоага ва футболчиларга намуна бўлади. Шунинг учун, бош мураббий жамоада ҳар доим энг кўп меҳнат қилувчи шахс бўлиши керак.
Мен ўз принципларимга қарши боришни истамадим ва шу сабабли Тожикистон терма жамоасини тарк этдим. Ўша вақти мен 100% эътиборимни ишга қарата олмас эдим, бунинг сабабини эса аввалроқ айтиб ўтдим. Тожикистон терма жамоаси эса 100%лик иштиёқ билан ишлайдиган мураббийга лойиқ. Тожикистондан кетиш мен учун ҳам жуда қийин бўлди, лекин мен ўз принципларим ва ҳаётий фалсафамга қарши бора олмас эдим. Шу сабабли бундай қарорга келдим.
Тожикистон билан биринчи марта Осиё Кубоги саралашидан ўтганимиз, Қироллар Кубоги ва Мердека Кубогини қўлга киритганимиз ҳамда Тожикистон дебют мусобақада муваффақиятли иштирокимиз ва яна кўплаб ёрқин ўйинлар. Мен бу икки йилдан ортиқ вақт ичида жуда кўп куч сарфладим. Осиё Кубогидан сўнг менда куч қолмаган эди ва мен ўша пайтда оиламнинг ёнида бўлишим талаб этиларди.
Мен ҳали ҳамон Тожикистонни соғинаман, ажойиб Тожикистон халқини, айниқса бу ақл бовар қилмайдиган буюк футболчиларни. Лекин мен яна бир бор янги чақирувларга тайёр бўлишим учун биринчи навбатда оилавий муаммоларимни ҳал қилишим ва ўзимга эътибор беришим керак.
Оила аъзоларимдан бирини йўқотганимдан ва бироз вақт ўтганидан сўнг, ўзимни яна яхши ҳис қиляпман. Мен ҳозир янги ва ўзгача таклиф кутмоқдаман. Чунки ҳаётимизда, Тожикистон каби қизиқарли чақирувларни бироз кўпроқ кутишга тўғри келади.
- Бир неча кун аввал Германия терма жамоаси собиқ бош мураббийи Йоахим Лёв билан тушган суратингиз ижтимоий тармоқларда тарқалди. Яқинда эса сайтимизда Йоахим Лёв Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси билан терма жамоани бошқариш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Сиз Лёв билан ЎФА таклифи ҳақида суҳбатлашмадингизми? Агар сир бўлмаса, у билан нималарни муҳокама қилдингиз?
- "Жоги" билан 27 йиллик дўстмиз. 2008 йилда Лёв Германия терм жамоаси бош мураббийи эди, Ханси Флик эса унинг ассистенти. Ўша йилларда мен Грузияда эдим. Оливер Бирхофф эса терма жамоалар билан ишлаш бўлими бош менежери эди. Ўша йили Лёв ва Бирхофф менга қўнғироқ қилишган ва Германия U21 терма жамоасини менга топширишмоқчи эканлигини айтишган эди. Музокаралар ва муҳокамалардан сўнг мен Грузия терма жамоасида қолишни қарор қилган эдим.
Грузияда мен U21 терма жамоаси бош мураббийи ва ўша вақтдаги терма жамоа бош мураббийи Клаус Топмюллёр ассистени ва Грузия футбол федерацияси техник директори сифатида уч йил давомида фаолият юритдим.
Йоахим Лёв ва Петр Шегрт ЖЧ-2014дан олдинги йиғинлардан бирида.
Мени тушунасан деган умиддаман, биз у билан шахсий нарсаларни гаплашдик. Уларни сенга айтишим одобга тўғри келмайди. Ўзаро суҳбатимиз медиада тарқалиб кетишини Лёв ҳам, мен ҳам истамаймиз. Мен терма жамоа бош мураббийи бўла туриб, бошқа мураббийларни муҳокама қилмайман. У билан Ўзбекистондан бўлган таклиф ҳақида ҳам ҳеч қачон сўрамайман. Бу ҳар бир мураббийнинг шахсий иши.
Терма жамоа бош мураббийи Тимур Кападзени ва бутун Ўзбекистон халқини улкан муваффақият билан табриклайман. Тимур Кападзе футболчилик фаолияти давомида ҳам ажойиб футболчи эди ва терма жамоа шаънини муносиб ҳимоя қилган. Энди эса у миллий терма жамоангиз мураббийи. У ўзининг ажойиб ўйинчилари, барча ёрдамчи мураббийлари ва ходимларининг ҳамжиҳат меҳнати, шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва ҳукуматининг катта қўллаб-қувватлаши туфайли сизлар илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этасиз. Бу шунчаки ажойиб ва буюк ҳодиса.
Умид қиламанки, Ўзбекистон учун биринчи Жаҳон чемпионати ажойиб ўтади ва бутун дунёга ўзбек футболи қанчалик кучли эканлигини дунёдаги футбол бўйича энг катта мусобақа намойиш эта олади. Сизларга омад тилайман ва Ўзбекистон олдинга!
- Жаноб Шегрт ажратилган вақт ва қизиқарли суҳбат учун катта раҳмат.
- Германиядан сизнинг Петар Шегртингиз барчага салом йўллайди.
Similar news

Comments
Ҳикмат излаганига ҳикматдир дунё!