Penalty: Шаҳбоз Эркинов: "Терма жамоадаги дебютим унутилмас бўлган"
11 feb 2016 11:44
News
Penalty: Шаҳбоз Эркинов: "Терма жамоадаги дебютим унутилмас бўлган"
Фаолияти давомида олий лиганинг бир қатор клубларида ўйнаган, Эроннинг "Пас" клубида фаолият юритган ва терма жамоа сафида майдонга тушган ҳужумчи билан суҳбат жуда ҳам қизиқарли кечди. Кўринишидан димоғдор бўлган Эркинов табиатан жуда ҳам оддий ва содда инсон эканига гувоҳи бўлдик. Ўзбекистонлик тажрибали мураббий Фурқат Эсонбоевнинг ўғли бўлган Шаҳбоз фаолияти ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.
- Футболга илк қадамлар ҳақида гапириб беринг.
- Футбол ўйнашни 5-6 ёшимдан бошлаганман. Биринчи мураббийим Коваленко Антон Михайлович бўлган. 9-10 ёшимда ТапоИЧ футбол мактабига бориб профессионал футболга кириб келганман. Фарҳод Тожиев билан бирга бу мактабда бир синфда ўқигандик.
- Ўзбек футболидаги қайси клубнинг формаси ёқади?
- Ўтган йил "Навбаҳор"нинг оқ формаси ёқди. Ундан ташқари "Пахтакор"нинг настарин рангли (сиреньевий) формаси ёқарди.
- Олий лигадаги дастлабки қадамни "Пахтакор"да қўйгансиз...
- 17 ёшимда РОЗКни битриб "Пахтакор" ёшлар жамоасида ўйнашни бошлаганман. Бир йил ўринбосарлар сафида ўйнаганман ва 2003 йил олий лигада дебют қилгандим. Кейин бошқа клубга ижарага беришганди. 2007 йилда жамоага қайтганман. Аммо ҳужум чизиғида Зайниддин Тожиев, Анвар Солиев, Александр Гейнрих ва Ихеруоме Уче каби "футбол бўрилари" бор эди (кулади). Шу боис кам майдонга тушардим. Қизиғи жамоага қайтган йилим чемпион бўлардик. 2007 йилда ҳам, 2012 йилда ҳам "Пахтакор" чемпион бўлганди. Клубдагилар ҳазиллашиб менга чемпион келтирувчи деб ном қўйишганди. 7 йил давомида шу клубда ўйнадим. Қадрдон клубларимдан бири бўлиб қолган.
- Футболда форма рангининг қанчалик таъсири бор?
- Йўқ, ҳозир замонавий футболда бу катта роль ўйнамаса керак. Олдин прожекторлар бўлмаганида бунинг аҳамияти катта эди, назаримда. Асосийси бир-биридан ажралиб турса бўлгани. 2011 йил "Шўртан" билан ОФК кубогида ўйнаганимизда сифатли формада ўйнагандик. Иссиқ давлатларда ҳам қийналмагандик.
- "Сўғдиёна"даги фаолият ҳақида нима дея оласиз?
- 2005 йил ёшлар футболидан катта футболга ўтишимга катта "трамплин" бўлган. "Пахтакор" Акмал Шораҳмедов, Алишер Маҳмудов, Акмал Рисқуллаев ва мени ижарага берганди. Суюн Муртазоев бошчилигида ўша йил олий лигада футболчи сифатида танилганман ва тажриба тўплаганман. 2008 йил эса энг сермаҳсул йилларимдан бири бўлган. Отамнинг қўл остида ҳужумчи сифатида буткул шаклланганман. Бошқалардан 100 фоиз талаб қилсалар мендан 200 фоиз талаб қилардилар. Менга жуда кўп танбеҳ берардилар. Эронга кетишимга ҳам айнан шу жамоадаги ўйинларим сабаб бўлганди. "Сўғдиёна" сафида ўша йил адашмасам 13та гол ургандим.
- Муҳим уйин олдидан қайси таомни тановвул қилиш ёқади?
- Ўйиндан бир кун олдин жамоа базага тўпланади. Шу боис шифокорлар тавсия қилган нарсаларни ейиш мумкин холос. Бир кун олдин ош тановул қилинади. Ўйин куни нонуштада фарқи йўқ, учрашувга оз қолганида эса асосан енгил таомлар берилади. Товуқ, парланган таомлар ейиш мумкин.
- 2008 йил куз ойида Эроннинг "Пас" клубига ўтдингиз. Легионер сифатида ўйнаш қандай экан?
- Эрондаги фаолиятим туфайли Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирув олганман. Терма жамоа мураббийлари бежизга легионерларни чақиришмас экан. Сабаби кучли чемпионатда ўйнаб футболга бўлган қараш бошқача эканини тушуниб етдим. Эрон чемпионати кучли, ҳамон кучли ҳисобланади. Кўпчилик нега бўлмаса ОЧЛда бизни клублар Эрон клубларини доим ютаверади дейди. Сабаби Эронда энг биринчи ўринда миллий чемпионат ва кубок баҳслари туради. Кўпчилик мураббийлар урғуни про-лигага қаратишади. У ерда маҳаллий дербилар жуда даҳаштли тарзда ўтади. "Сепахон" - "Зоб Охан", "Персеполис" - "Истиқлол" ўйинларига киришни истардим. Аммо жамоадошларим "нималар деяпсан, бизни мухлислар танишиб қолишса нима бўлишини биласанми" дейишарди. Тўғриси стадиондаги муҳитни таърифлаб бера олмайман. Кўриш керак уни.
- Ўзбек ва рус тилларидан ташқари қайси тилларни биласиз?
- Эронда форс тилини ўрганганман. Тўлиқ эмас, лекин бемалол гаплаша оламан. Инглиз тилини эса бироз камроқ биламан. Фикримни билдира оламан.
- "Шўртан", "Олмалиқ" ва "Навбаҳор"даги фаолиятингиз ҳақида нима дея оласиз?
- Эронда жароҳат олиб Ўзбекистонга қайтгандим. "Шўртан" клубидан тушган таклифни қабул қилиб Эдгар Гесс бошчилигидаги жамоада ўйнаганман. Бу жамоада Игорь Таран, Вадим Афонин, Вячеслав Понамарев каби футболчилар билан тўп тепгандим. Яхши жамоа йиғилганди. Биринчи йил тўртинчи ўринни олиб ОФК кубогида қатнашгандик. Ғузорга Яман клуби келганида кучли қор ёққанди ва рақибни 7:1 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Совуқ ҳаво бизга катта ёрдам берганди. Яманда эса бизни иссиқ билан "енгишмоқчи" бўлишган ва учрашувни 17:00га белгилашган. Бироқ биз барибир ютиб келгандик (кулади).
2013 йил "Олмалиқ"ка катта умидлар билан боргандим. Сабаби Игорь Шквирин Ўзбекистоннинг энг кучли ҳужумчиларидан бири ҳисобланади. Бу мураббий қўл остида янада ўсишни ўйлагандим. Шквириннинг тактикасига тушмадимми ёки бошқа сабабми жамоадаги фаолиятим қисқа бўлди.
"Навбаҳор"га эса Бахтиёр Ашурматов сабабли борганман. Менимча икки йил ёмон ўтгани йўқ. Баъзида молиявий муаммолар бўлди, аммо футболчилар шунга қарамай ҳар бир ўйинда майдонга тушиб ғалаба учун курашаверди. Агар шу жамоа сақланиб қолганида кейинги йил янада яхши натижа кўрсатардик. Бунга ишонаман. Ашурматов ҳам жамоадан кетди, мен ҳам кетдим. "Навбаҳор" янгидан шакллантирилмоқда.
- Бошқа спорт тури тўплари билан футбол ўйнаганда қандай кулгили ҳолатлар рўй бериши мумкин?
- Бир марта баскетбол тўпи билан футбол ўйнаганмиз. Вадим Абрамов олимпия терма жамоаси бош мураббийи эди. Бир сафар Абрамов машғулотга кеч қолган, шунда футболчилар баскетбол тўпи билан футбол ўйнагандик. Шеригимиздан бири тўпни тепиб оёғини қайриб олиб икки ҳафтага сафдан чиққанди. Вадим Карленович буни кейин билиб қолди ва агар клубда бўлганларингда сенларни катта миқдорда жаримага тортадим деб ҳазиллашганди.
- Малайзияда нима бўлди? Эркиновни келажакда ҳам хориж чемпионатида кўришимиз мумкинми?
- Малайзиядан таклиф кутилмаганда бўлди. 2 январь куни менга қўнғироқ қилишди ва 4 январда Малайзияга учиб бордим. 90 фоизга аниқ дейишгани учун боргандим. Аслида бир ҳафтага чақиришганди, 8 кун бўласан дейишди. Иккита ўйин ўтказдим. Мен ҳали жисмонан юқори даражага чиқмагандим. Январь ойида қайси ўзбекистонлик футболчи жисмоний ҳолати яхши бўлади? Мураббийлар менга февраль ойи охиригача шу ерда шуғулланиб тур агар барчаси яхши бўлса шартнома тузамиз дейишди. Бунга мен рози бўлмадим. Ўзбекистонга қайтиб Муборакнинг "Машъал" клубининг таклифини қабул қилдим. Келажакда агар хориждан яна таклиф тушса албатта ўзимни синаб кўраман.
- Ким сизни руҳлантиради?
- Отам! Отам бутун умр футбол ўйнаганлар. Биринчи устозим деб отамни ҳам тан оламан. Сабаби футболни ҳам, яшашни ҳам отам ўргатганлар. Бироз ўзимни бўш қўйсам ўзимни тезда ўз ҳолимга келтириб қўярдилар. Раҳматли бувам эса стадионга келиб ўйинларимни кўрардилар. Улар гол урсанг ва номингни газетада ўқисам бўлди деб қўярдилар (кулади).
- Миллий терма жамоада 3та ўйин ўтказгансиз. Ҳар бир учрашувга тўхталиб ўтсангиз.
- Дебютим ажойиб ва унутилмас бўлган. 2009 йил январь ойида "Пас" сафида Эрон кубоги чорак финал ўйинида майдонга тушганмиз. Мен Теҳронга учиб келиб Дубайга, терма жамоанинг БААга қарши ўйинига учишим керак эди. Об-ҳаво ёмон бўлгани туфайли Теҳронга кечикиб учиб борганмиз ва Дубай рейсига кеч қолганман. Чиптам куйган. Миржалол Қосимовга буни етказганман. "Агар улгурмасанг майли келмай қўявер" деганлар. Учрашувга 2 кун бор эди. Аэропорт ходимларидан барча маълумотларни олиб Теҳрондан Дубайга ўз ёнимдан бизнес классга чипта олиб учиб борганман. Қосимовнинг ёнига бориб вазиятни тушунтирганман. Қўшоқович мени мақтаб "жуда ҳам келгин кептида, майли БААга қарши ўйинда албатта майдонга тушираман" деганди. Мураббий сўзининг устидан чиқиб менга имконият берганди. Шундай қилиб терма жамоада дебют қилганман. Фарҳод Тожиевнинг голи эвазига сафарда ғалабага эришгандик.
ЖЧ-2010 саралаши доирасида Японияга қарши баҳсда ютқазиб қўйганмиз. Шинжи Оказаки учрашув бошида гол уриб японлар ютиб кетишганди. Адашмасам айнан ўша ғалабадан кейин Япония Жаҳон чемпионатига чиққанди. Ўша баҳсда омадимиз келмаганди, тўп дарвозага киришни истамаганди.
Босния ва Герцеговинага қарши ўртоқлик учрашуви бўлган. Тошкентда ўтган баҳсда ҳисоб очилмаганди. Ёдимда қолгани ўшанда жуда кучли ёмғир ёққанди (кулади).
- Ҳавас ва ҳасад. Футболчилар орасида қайси бири кўпроқ?
- Менимча ҳасад бизда камроқ бўлса керак. Тўғри спорт, пул бор бўлган жойда ҳасад бўлади. Аммо Россия ва Ўзбекистонда буткул бошқача. Менталитет умуман бошқачалиги ҳам муҳим роль ўйнайди. Бизда ҳавас кўпроқ. Ўзим Одил Аҳмедовга ҳавас қиламан. Сабаби у билан бирга ўйнаганмиз. 13-14 ёшидан буён танийман, ёшлигида деярли овози чиқмасди. Олимпия терма жамоасида ўйнаганимиздагина қаттиқ кулганини илк бор кўргандим. У қандай бўлса ҳамон шундайлигича қолган. Уни ҳеч нима ўзгартирмаганига қойил қоламан. Ҳавас қиламан. Ёшларга Одилни ўрнак қилиб кўрсатаман. Мени кўпчилик кўринишимга қараб жуда ҳам кеккайган одам деб ўйлайди. Аммо кўриб турибсиз оддий содда ва ҳазилкаш инсонман.
- Шаҳбоз Эркинов учун энг ноқулай ҳимоячи ёки дарвозабон?
- Шу пайтгача Игнатий Нестеровга умуман гол урмаган эканман. Ҳисоблаб чиқсам бу дарвозабонга қарши жуда кўп ўйинларда иштирок этиб тўп киритмаган эканман. Ўтган йил "Локомотив"га гол урдим, аммо ўша ўйинда Нестеров майдонга тушмаганди (кулади). Ҳимоячиларга келсак, "Локомотив"да ўйнаган Неманья Яничич жуда тажрибали ва тоза ўйнайдиган ҳимоячи экан. Қўполлик қилмасдан тўпни ҳужумчига бермайдиган ўйинчилар тоифасига киради. Бундан ташқари "Қўқон-1912"да ўйнаган Игорь Голбан ҳам менга қийинчилик туғдирди. Егор Кримец эса бежизга Хитойга кетгани йўқ. Охирги йилларда унинг ўйини жуда ҳам кучайди.
- Футболчиларга яна қандай қулайлик ва имтиёзлар яратилишини хоҳлар эдингиз?
- Кўз тегмасин йилдан-йилга шароитлар яхшиланиб бормоқда. Олий лигада 12 йилдан буён ўйнаб келаётган эканман. Мана оддий факт бугунги кунда деярли барча вилоятда янги ва замонавий стадионлар бор. Биргина камчилигимиз бу витаминизация. Акмал Шораҳмедовнинг фикрларига қўшиламан. Агар Ўзбекистонда ҳам бунга кўпроқ эътибор қаратилса натижа янада яхши бўлади.
- Отангиз фаолиятингизда қандай ўрин тутади?
- Жуда катта ўрин тутадилар. Элни оғзига элак тутиб бўлмайди. Кўпчилик отаси орқали футболчи бўлиб юрибди дейди. Ёшлигимда футбол мактабига олиб бориб мени бир ўзимни мураббийни ёнига юборганлар. Ўзлари тепага чиқиб кузатиб ўтирганлар. 300 нафар ёш бола орасида 3 кун шуғулландим. Охирги кун мураббий Ўтабоев Камил Маликович сени ота-онанг борми деганди. Шунда отамни чақирганман. Мураббий нега мени ўғлим демадингиз, нега мендан беркиниб ўтирдингиз деганди. Отам агар мени кўрсанг бунинг хатоларига кўз юмишинг мумкин эди, бу менга керак эмасди. Агар футболга тортса футболчи бўлишини истадим дегандилар. "Отасининг боласи" дейишмаслиги учун, хаттоки ёшлигимда фамилиямни Эсонбоевдан Эркиновга ўзгартиргандилар.
- Ёш Шаҳбоз кимга тақлид қилган? Бугун Шаҳбоз Эркинов кимга тақлид қилади?
- Патрик Клюйвертга тақлид қилганман. Ёшлигимда унинг ўйинларини кузатганман. Ажойиб ҳужумчи эди. Ҳозирда эса Златан Ибрагимовичнинг ўйинлари ёқади. Унинг деярли барча голлари шедевр деб аташга лойиқ бўлади.
- Танқидий савол: Нима учун сўнгги йилларда юртимизда кўп гол урадиган ҳужумчилар камайиб кетди?
- Кўп гол урадиган эмас, индивидуал кучли бўлган ҳужумчилар камайиб кетди деган бўлардим. Кўп ўйлайман шу нарсани. Ҳужумчи бўлганим учун ўзимга ҳам оламан. Ҳозирги мураббийларнинг кўпи ҳужумчига "тўпни ўзингда сақлаб қол, ярим ҳимоячига ошир" дейди. Дилшод Нуралиев қўл остида ўйнаганман, бу мураббий истисно. Нуралиев билан ўсмирлар жамоаси сафида Россияда турнирларида қатнашиб келганман. Улар болаларга "имконият борми, рақибни алдаб зарба бер" дердилар. Шу боис ҳам Нуралиев жамоасидан индивидуал кучли футболчилар етишиб чиқади. Клубларда ҳужумчиларга бироз эркинлик бериш керак. Шунда финтлар ҳам, голлар ҳам кўпайса керак.
- Дарахт бир ерда кўкаради деймиз. Футболда бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Тўппа-тўғри айтилган гап. Битта жамоада икки йил ўйнасам, иккинчи йил доим яхши ўйнаганман. Агар учинчи йил ўйнасам тасаввур қилинг қандай ўйнайман. "Машъал"ни бекорга танлаганим йўқ. Сабаби бу барқарор жамоа. Қишда таркибда икки-уч футболчи ўрнига икки-уч нафар футболчи келади холос. Асосий таркиб деярли сақланиб қолади. Битта жамоага 10-11 нафар футболчи келса жамоа сифатида шаклланиш учун ярим йил вақт кетади. Кейин йил тугаб қолади. Натижа бўлмаса мураббий ишдан кетади ва ўша футболчилар бошқа жамоага ўтиб кетишади. "Навбаҳор"да икки йил деярли битта таркиб ўйнади. Агар бу йил ҳам шу футболчилар қолганида келгуси йил жамоа янада яхши ўйнай оларди. Аммо доим ҳам сиз истаган нарса рўй бермас экан.
- Ёдингизда қолган пенальти ёки пенальтилар серияси
- Патрик Клюйверт 2000 йилги Европа чемпионати ярим финалида Италияга қарши ўйинда пенальтидан гол ура олмаганди. Пенальтилар сериясида эса Клюйверт гол урган, аммо Голландия ютқазиб қўйганди. Ўшанда кечаси билан ухлай олмагандим. Ўзимга келсак 2013 йил Анталияда "Пахтакор" билан қишки йиғин ўтказгандик. Харковнинг "Металлист" клубига қарши ўртоқлик турнирида пенальтилар сериясида гол ура олмагандим. Аммо жамоа ғалаба қозонган шу боис кўпчилик буни эсламайди ҳам (кулади).
Гулшан Саъдуллаева ва Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди.
Фото: Толибжон Қосимов
Comments