"Пахтакор" - "Сурхон" учрашувида белгиланган пенальти қандай бекор қилинди?
23 aug 2019 09:57
News
"Пахтакор" - "Сурхон" учрашувида белгиланган пенальти қандай бекор қилинди?
"Сурхон" жарима майдончасида тўпни бош билан ўйнаган Чераннинг ҳаракатидан кейин тўп Ҳусниддин Ғофуровнинг кўкрагига тегди. Ўйин бош ҳаками Ильгиз Танташев эса мазкур вазиятда тўп рақиб футболчисининг қўлига тегди, деб ҳисоблаб "нуқта"ни кўрсатди. Аммо бироз вақт ўтгач, белгиланган пенальтини бош ҳакам Танташев бекор қилди.
Тўғри, такрорий лавҳада тўп қўлга эмас, балки Ғофуровнинг кўкрагига теккани яққол кўринди. Аммо Танташев дастлаб белгилаган пенальтини нимага асосланиб бекор қилгани қизиқ.
Бизда VAR йўқ. Лекин кечаги учрашувда "Сурхон" зарарига, "Пахтакор" фойдасига қўйилган хато пенальти ўз вақтида бекор қилинди.
Учрашувдан кейин маълум бўлишича, Танташевга биринчи навбатда ўша чизиқда яқин турган ён ҳакам Ҳусниддин Шодмонов бу вазиятда тўп қўлга тегмаганини айтган. Шунингдек, захира ҳаками сифатида ишлаган Ҳусан Музаффаров ҳам ҳеч қандай пенальти бўлмаганини бош ҳакамга етказиб, хато қарорни тўғрилаш учун ёрдам берган. Бу вазиятда эса Ильгиз Танташев ўз хатосини вақтида тўғрилаб, тезда белгилаган пенальтисини бекор қилди. Шунингдек, ўша вазиятда иштирок этган "Пахтакор" футболчиси Драган Черан ҳам тўп қўлга тегмананини таъкидлаб, пенальтини бекор қилиш қарорини қўллаб-қувватлаган.
Қайд этиш керакки, Драган Черан ўша эпизоддан кейин ҳакамга пенальти белгилаши ҳақида ишора ҳам қилмаган ва кейинчалик қоида бузилмаганини тан олган.
Гарчи бизда ҳали VAR тизими йўлга қўйилмаган бўлсада, кечаги эпизоддаги ҳолат бўйича Ильгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи жуда оқилона қарорга келишди. Бу эса албатта таҳсинга сазовор иш.
Шу боисдан ҳам мазкур ўйинда биринчи ён қанот ҳаками ҳамда захира ҳаками сифатида ишлаган Ҳусниддин Шодмонов ва Ҳусан Музаффаровнинг вазиятни тўғри баҳолай олгани, бош ҳакамга чин маънода ёрдам кўрсатгани эътирофга лойиқ.
Comments