Latest news

10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  3 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионери тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  6 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0

Пауло Дибала: “Стадионимизда рақиблар қўрқувни ҳис қилишади” News

Пауло Дибала: “Стадионимизда рақиблар қўрқувни ҳис қилишади”

“Туттоспорт” нашри мухбири билан суҳбатда “Ювентус”нинг жорий мавсумдаги қаҳрамонларидан бири аргентиналик Пауло Дибала болалиги, қийинчиликлари, олдига қўйган мақсадлари хусусида саволларга жавоб қайтарди.


- Ушбу мавсумга таърифингизни бериб ўтсангиз.

- Камдан-кам рўй берадиган ҳолатни қайд этдик: скудеттони қандай ҳиссиётлар оғушида ютдик. Барчаси кутганимдек содир бўлди. Италияда ўтган уч йиллик фаолиятимда “Ювентус”га тенг келадиган жамоа йўқлигини кўргандим. Рақибларга қўрқув соладиган бундай стадион бошқа жойда йўқ. Жаҳондаги энг кучли клублардан бирига ўтаётганимни билардим.

- Жамоа ўйини қовушмаган пайтда танловда хатога йўл қўйдим деб ўйламадингизми?

- Ҳеч қачон танловимдан афсус қилмаганман. Ҳатто энг омадсиз, “Интер”дан 12 очкога ортда қолиб кетган даврда ҳам. Кўп нарса ўзгарганини тушунардим ва кўпчилик “Ювентус” нима эканлигини билиб олиши лозим эди. Ҳаммаси ўз қўлимизда эканини тушунардим, ўйинларни ютишни бошлаш етарли эди. Шундай бўлди. Бу ажойиб: муваффақиятга қандай эришилгани уни янада ҳаяжонлироқ қарши олдиради.

- Бундай ҳолатни аввал кўрганмисиз?

- Бу менга 2006 йилги мундиални яхши бошламаган Италияни эслатиб юборди. Жамоа турнирни тарк этишга яқин бўлган ҳолатда жаҳон чемпиони бўлганди.

- Илк бор қайси мундиални чинакам мухлис сифатида кузатгансиз?

- 2002 йил Япония ва Кореяда ўтган чемпионатни. Роналдиньодан ҳайратга тушардим. У амалга оширган барча нарса менга ёқарди. Майдондаги ҳаракатлари, зарбалари, ижодкорлик жиҳатлари. У менинг кумирим бўлган.Ўша пайтда Бразилиянинг ҳар бир чизиғида энг яхши футболчилар йиғилганди. Аргентиналик бўлсам ҳам Бразилияда даҳшатли жамоа бўлганини тан оламан.

- Жорий мавсумдаги энг ажойиб вазиятни айтиб ўтсангиз.

- Улар кўп. Агар бир ҳолатни ёдга олиш керак бўлса, биринчи кунни тилга оламан. Жамоа либосини кийиб, клубнинг бир бўлагига айланганимни ҳис қиламан. Бу кучли ҳиссиёт эди. Кейин Италия Суперкубоги учун Шанхайда ўйнадик ва ютдик. “Рома” билан учрашувда жамоа учун биринчи голим, “Ювентус Стэдиум”да киритган биринчи тўпимни яхши эслайман.

- Энг даҳшатлиси-чи?

- Чемпионлар лигасидан чиқиб кетиш. Ҳалигача бу тинчлик бермайди. Мен учун ўша баҳс янада ёмонроқ кечганди: беллашувни Туринда ўтириб кузатдим. Даҳшатли оқшом бўлди: деразадан қор ёғаётгани кўриниб турарди, уйда бир ўзим ўтириб, жамоага ёрдам бера олмасдим. Жамоа билан бирга бўлсам, кийиниш хонасида бундай мағлубиятга дош беришимга ёрдам бўларди. Ўшанда вазифани уддалаганимизга ишонгандим, якунгача оз қолганди. Тўп ноаниқ ёки аутга чиқиб кетганда биз кейинги босқичга йўл олардик. Бу жуда оғриқли, уни яна эслашга мажбур қилманг.

- Мавсумдаги энг кулгули ҳолат-чи?

- Жамоамизда ҳазилкашлар кўп. Поль ҳаммадан кўра ўйинларни ёқтиради. Перейра ҳаммага ҳар хил ёндошади. Ҳазил қилувчилар тез-тез ўзгариб туради.

- Қайси голингизни энг яхши деб ҳисоблайсиз?

- “Сассуоло”га қарши ўйиндагини. Бундай зарбаларни машғулотларда синаб кўрардим ва ўйинда ҳам тепишни истадим. Ўйладим ва ўша жойга тўпни йўналтирдим.

- Энг қийин гол қайси?

- “Кьево” дарвозасига пенальти. Биз бир тўп фарқи билан ютқазаётгандик. Мен кам ўйнадим, танқид қилишаётганди. Ўша пайт жамоа учун энг қийин ҳолатлардан бири бўлганди. Ўйин тугашига оз вақт қолганда ўша пенальтини тепиш осон бўлмади. Лекин тўпни ушладим ва тепишга қарор қилдим.

- Жамоада энг муҳим дўстингиз ким?

- Клаудио Маркизио. У мени биринчи кунданоқ қўллаб-қувватлади.

- Энг ақллилари кимлар?

- Буффон, Эвра ва бошқа фахрийлар. Улар кийиниш хонасида ўзларини хотиржам тутишади. Ёшлар кўпроқ ҳазиллашиш ва қувноқликни хоҳлаймиз. Улар доим эътиборларини ўйинга қаратишади.

- Жамоада фахрийларнинг ёрдами ҳақида гапиришади. Айнан нималарда уларнинг ёрдами тегади?

- Улар бизни керак бўлганда хурсандчилик қилиш ва ишлашга ўргатишади. “Юве”нинг ўзига хослигини тушунтиришади, қандай ишлаш ва муҳит қандайлигини тушунишга ёрдам беришади. Шу мавзуда кийиниш хонасида йиғилиш бўлганди. Бошқа нарса айта олмайман, у ердаги гаплар орамизда қолиши керак.

- Болаликда Роналдиньодан бошқа кумирларингиз бўлганми?

- Рикельме — унинг ўйинларидан ақлимни йўқотардим. Ўшанда “Бока” жуда кучли жамоа эди ва отам менга уларнинг ўйинини кўришга рухсат берарди. Афсуски, “Бомбонера”да бирор марта бўлмаганман, аммо телевизор орқали учрашувларни кузатардим. Яна бир сафар Кордоба шаҳрига келганда стадионга тушгандим. Бироқ “Бомбонера”да ўзига хос афсун бор дейишади.

- Ҳалигача кумирларингиз борми?

- Йўқ, фақат ўрнак учун инсонлар бор. Масалан, терма жамоа ва “Ювентус”даги дўстларим. Энди ўзим ҳам болалар учун кумир бўлишим керак.

- Месси билан солиштиришлари сизга қандай таъсир қилади?

- Буни эшитиш ёқимли. Бу меҳнат қилиб, профессионал муносабат билан буюклардан бирига айланишим мумкинлигини билдиради. Лекин Месси менинг ёшимда “Олтин тўп”ни ютиб бўлганди. Мақсадим совринларни қўлга киритиб, унга яқинлашишдан иборат. Тарихларимиз турлича: у 17 ёшда “Барселона”да дебют қилган.

- У билан терма жамоа йиғинида танишдингизми?

- Ҳа. Мен озроқ ҳаяжонландим. Кумиринг билан танишганда ҳамиша шундай бўлади. У билан машқ қилиш насиб қилмагани афсусланарли.

- Италия футболи ҳақида қандай фикрларга эгасиз?

- Бу ерда кўп ва яхши ҳимояланишади. Бу тактик футбол: кичик жамоалар Испаниядаги каби 8талаб тўп ўтказишмайди. “Атлетико” Ла Лигада буни ўзгартирмоқда, Италияда эса ўйнаш янада қийинроқ бўлиб бормоқда. Месси ва Криштиану Роналду Италияда бир мавсумда 80-90талаб гол ура олмасди. Игуаин сингари 30-40та уришар, лекин 80та эмас.

- Нима учун Италияда Аргентинага қараганда камроқ иқтидорлар юзага чиқмоқда?

- Бизда иқтидорли футболчиларни дарҳол биринчи жамоага юборишади ва 17-18 ёшда улар жисмонан ҳақиқий футболга тайёр бўлишади. Улар тезроқ ўсади ва зарбаларга дош беришни ўрганади. Бу ерда шундай ёшда дебютантларни кам кўрдим. Доннарумма бор. Яна Погба, аммо у итальян эмас. Италияда асосан ёши катта ўйинчиларга эътибор қаратилади. Иқтидорли футболчилар ўзларини кўрсатиши қийин ва бу уларнинг ўсишига халал беради.

- Фаолиятингиз Буффон ёки Дель Пьероники каби бўлиши мумкинлигини тасаввур қиласизми?

- Ўйлашимча, ҳа. Уларнинг фаолияти мени илҳомлантиради. Бир жамоада 20 йил ўйнаш сени ҳақиқий ёдгорликка айлантиради. Лекин бундай ваъда бера олмайман, чунки ҳамма нарса менга боғлиқ эмас. Уларнинг фаолиятини такрорлаш ва “Ювентус” билан улар ютган совринларни қўлга киритиш ажойиб бўларди.

- 21-рақамни ўзингизда қолдирасизми ёки бўшаб қолган тақдирда 10-рақамни оласизми?

- Ҳозир 10-рақам банд ва у ҳали анча банд бўлади деб умид қиламан. 10-рақамни олишдан хурсанд бўлардим, лекин ҳозирги рақамим ҳам ўзимга ёқади. “Ювентус” учун бу рақамда Зидан ва Пирло ўйнаган – икки ажойиб ўйинчи. Бу рақам бой тарихга эга ва уни хурсандчилик билан ўзимда сақлайман.

- Конте сизни маҳаллийлаштириб, Италия терма жамоасига жалб этмоқчи бўлганди.

- Конте мени чақирмади, шунчаки учинчи томон унинг мақсадини етказди. Рад этиш осон бўлмади, чунки Италия 4 марта жаҳон чемпионатини ютган. Аргентинада эса улар иккита холос. Лекин ўзимни аргентиналик деб ҳисоблайман ва Италия терма жамоаси либосини манфаат юзасидан кийиш ҳурматсизлик бўларди. Аргентина терма жамоасидаги кескин рақобатни биламан, бироқ мен аргентиналикман.

- “Ювентус” шунчалик буюк бўлишини кутганмидингиз?

- Ташкилий ишлар юқори даражада қилинадиган клубда пайдо бўлишимни кутгандим, аммо бунчалик эмас. Клуб ва унга шароитлар яратиш учун меҳнат қилаётган одамлар сони ҳайратлантиради. Ўйинчилар фақат футбол ҳақида ўйласа етарли. Кўп инсонларни телевизорда кўрмайсиз, аммо улар ғалабаларимиз учун имкон қадар барча ишни қилишади. Ҳеч ким танимаса-да, Скудетто уларга ҳам тегишли.

- “Ювентус Стэдиум” майдонига чиқиб келаётиб, нималарни ҳис қиласиз?

- Рақиб сифатида қўрқувни. Нима ҳақида гапираётганимни биламан. Биринчи бор “Палермо” билан келганимда жуда қийин бўлганди. Трибуналар жуда яқин бўлган муҳитда диққатни жамлаш қийин. “Ювентус” либосида эса осонроқ бўлади, чунки рақиблар кўзида ўзим илк бор келгандаги қўрқувни кўраман. Италияда бошқа бундай стадион йўқ. Яна унда Италиядаги энг кучли жамоага қарши ўйнашга тўғри келади.

- Футбол қоидаларида нимани ўзгартирган бўлардингиз?

- Билмайман, қийин савол. Балки, иқтидорли футболчиларни кўпроқ ҳимоя қилардим. Улар кўп зарбаларни қабул қилиб олишади. Мени ҳам тез-тез тепишади, бироқ бу профессионал таваккаллик ва ўйин услубимнинг бир қисмидир. Ҳимоячилар қўполлик қилишга мажбур позицияда ўйнайман. Шикоят қилишдан фойда йўқ, чунки ҳакамлар менга сариқ карточка беришади. Зарбаларни жим қабул қиламан.

- Турин билан муносабат қандай шаклланди?

- Турин – мўжизавий шаҳар. Бу ерда менга ҳамма нарса ёқади. Шахсий ҳудудимни ҳеч ким бузмайди. Одамлар жуда тарбияли. Туринда “Суперга”ни ёқтираман. У ердан шаҳарни жуда яхши кузатиш мумкин. “Гранде Торино” хотира жойида бўлдим ва ўша жамоа билан содир бўлган ҳодисадан афсусландим. Уйимдан ҳам уни кўриб тураман.

- Чап оёғингиз иқтидор натижасими ёки қатъий меҳнат?

- Менга ўрганиш ёқади. Ўйинларимни қайтадан кўриб, хатоларимни тушунишга интиламан. Майдонда машқ қилиш энг муҳим нарса. Ҳафтасига икки соатдан жарима тўпи тепишни машқ қилса, эрта ёки кеч буни ўрганиб оласан.

- Пирлосиз жарима тўпи тепишни қандай ҳал этдинглар?

- Пирло билан жарима тўпи пенальтидан яхшироқ эди. Энди ўнг тарафдан мен, чапдан Погба, Эрнанес ва Бонуччи ўзаро баҳслашади. Поль ҳафтасига икки марта жарима зарбаси тепишни машқ қилмоқда ва унинг ўсгани кўриниб турибди.

- Футболчи Дибала қандай пайдо бўлди?

- Тўрт ёшида. Уч ака-ука эдик ва отам юришни ўрганишимиз билан тўп берганди. Катта акамга иқтидор етишмади, иккинчиси ажойиб ўйнарди, фақат ҳаракатсиз. Кейин мен пайдо бўлдим. 10 ёшда жамоа сафига қўшилдим, кейин дебют қилдим. У ерда 7 йил ўтказиб, Италияга келдим. Боғимизда ўйнаётганим ва тўпнинг мендан каттароқ экани акс этган сурат бор. Аргентинада бу одатий ҳолат.

- Футболчи бўлмасангиз нима билан шуғулланишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

- Йўқ, бу саволни беришга вақт бўлмаган. Ҳамиша футбол ўйнашни хоҳлаганман ва истагимни катта мактабгача рўёбга чиқаргандим. Ўртоқларим қайси касбни танлаш ҳақида бош қотириб юрганда мен Палермога кетаётгандим.

- Палермога боғлиқликни сақлаб қолганмисиз?

- Шаҳар менга катта ёрдам берган, жамоадан ташқарида ҳам дўстларим бор. У ерга доим бажонидил қайтаман, гарчи охирги сафар менга ҳуштак чалишган бўлсалар ҳам. У Италиянинг Жанубий Америкасига ўхшайди.


Беҳзод Назаров тайёрлади.

Rating: +2   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика