Ўзига келган қанот ҳимоячилари, ўйинни ўзгартира олган Қосимов, АГМКдан "супер камбэк"
23 apr 2021 08:07
News
Ўзига келган қанот ҳимоячилари, ўйинни ўзгартира олган Қосимов, АГМКдан "супер камбэк"
Мусобақанинг "A" гуруҳидан жой олган АГМК жамоаси 3-турда БААнинг "Шабаб Ал Аҳли" клуби билан баҳс олиб борди. Қизиқарли кечган учрашувда Миржалол Қосимов шогирдлари "супер камбэк"ни амалга оширишди.
AGMK Jovan Djokic - 87', Akramjon Komilov - 90' |
AFC Champions League Grp. A . Round 3 22/04/2021, 01:00 1
:
2
Finished
|
Shabab Al-Ahli Dubai FC Ahmed Al Hashmi - 28' |
Бир хил тактик схемани танлаган мураббийлар, АГМКда Фортес, "Шабаб Ал Аҳли"да Машарипов асосий таркибга қайтди
Учрашувга ҳар иккила жамоа бош мураббийлари ҳам бир хил 4-2-3-1 тактик схемасини танлашди. Миржалол Қосимов Элвин Фортесни бошланғич таркибга қайтарган бўлса, Маҳди Али икки ўйинлик дисквалификацияни ўтказган Жалолиддин Машариповни асосий таркибда туширди.
ОЧЛ-2021 гуруҳ ўйинларининг дастлабки икки турида баҳсни захирада бошлаган Элвин Фортес бу сафар асосий таркибдан жой олди.
Амирликлар сафида эса ҳамюртимиз Жалолиддин Машарипов бошланғич таркибда майдонга тушди.
Миржалол Қосимов "Истиқлол" билан беллашувдаги асосий таркибга учта ўзгартириш киритди. Ҳужумчи ортида Санжар Шоаҳмедов ўрнига Миржамол Қосимов, ўнг қанот вингери Мурод Тошматов ўрнига Элвин Фортес ва дарвозада Валижон Раҳимов ўрнини Суҳроб Султонов эгаллади.
Ўтказиб юборилган гол, Полвоновнинг жароҳати ва устун... АГМК учун ёқимсиз биринчи бўлим
Учрашувнинг 38-сониясида Фортес марказда Комиловга пас бераман деб тўпни Ҳариб Абдаллага бериб қўйди. У эса Карлос Эдуардони Султонов билан бирга-бир вазиятга чиқариб юборди. Бразилиялик тўпни дарвозабондан ўтказди, яхши ҳам Бобур Йўлдошев тўпни қайтариб қолди. Акс ҳолда, дастлабки дақиқадаёқ оддий вазиятдаги хато эвазига гол ўтказиб юборилган бўларди. Олмалиқликлар 9-дақиқага келиб жавоб зарбасини беришди. Жокичнинг пасидан кейин Зафар Полвонов чап оёқда жуда ҳам хавфли зарба йўллади. Мажид Носир тўпни қайтариб қолишга улгурди.
11-дақиқада ноҳуш ҳолат кузатилди. М.Қосимов тўпни жарима майдончасига ҳаволаб узатганидан кейин бирйўла уч ўйинчи (дарвозабон Мажид Носир, марказий ҳимоячи Салмин Ҳамис ва АГМК ҳужумчиси Зафар Полвонов) тўқнашиб кетишди. Такрорий лавҳаларда Полвонов рақиб киперидан қандай кучли зарба қабул қилиб олганини кўриш мумкин эди. Айнан шу тўқнашув сабаб тўпураримиз 30-дақиқада ўз ўрнини Александр Касьянга бўшатиб берди. Елкасидаги оғриқ унга ўйинни давом эттириш имконини бермади.
28-дақиқага келиб беллашувда ҳисоб очилди. 34-рақамдаги Ҳариб Абдалла бир қарашда бартараф этилгандек кўринган ҳужумни иккинчи темпда кескинлаштириб юборди. Аввалига у икки рақибни алдаб Салмин Ҳамис (2-рақам)га пас берди, Аҳмадалиев тўпни Ҳамисни оёғи остидан қайтариб қолганидан кейин яна ўша Абдалла (34) тўпни эгаллаб олди ва бироз ичкарига кириб шерикларига ерлатиб пас берди. Бу сафар ҳам Аҳмадалиев пасни йўққа чиқарди, аммо қайтган тўп яна ўша Абдаллага келиб тушди ва учинчи уринишдаги пас голга олиб борди. Аҳмед Ал Ҳашми (77) тўп учун ҳаводаги курашда Акром Комилов билан кураш олиб борди ва боши билан Султонов дарвозасини ишғол қилди. Бўйи у қадар баланд бўлмаган ва иккинчи қаватда кучли бўлмаган Комиловни ўша эпизодни бой бергани учун айблаш тўғри бўлмайди, назаримда. Голда фақат Бобур Йўлдошев сусткашликка йўл қўйди. Абдалланинг биринчи пасига чиқиб борган ҳимоячи пасни ўтказиб юборганидан кейин на рақибни тақиб қилди ва на жарима майдончаси марказига қайтмади. Балки, пассив ҳаракат билан жараённинг томошабинига айланди. Дастлабки дақиқада голдан қутқарган эпизодидаги каби фаол бўлмади. Умид қиламиз, кейинги ўйинларда бу жиҳатга ҳимоячи эътибор қаратади. Зеро, халқаро майдонда бирорта эпизодда сусткашликка йўл қўйиб бўлмаслигини ҳар ўйинда кўриб келяпмиз.
Олмалиқликлар биринчи бўлимни қутқариб қолишлари мумкин эди. Аммо, 40-дақиқада Турсуновдан чиройли узатмани қабул қилиб олган ва олдинга интилган Фортеснинг яқин бурчакка йўллаган зарбасини дарвоза устуни қайтариб қолди. Жароҳат, ўтказилган гол ва устундан кейин АГМК учун ёқимсиз ўтган биринчи бўлим якунланди.
Биринчи бўлим статистикаси
АГМК:
Зарбалар: 3
Аниқ зарба: 1
"Шабаб Ал Аҳли":
Зарбалар: 3
Аниқ зарбалар: 2
ВИДЕО "Тезкор студия". АГМКдан ажойиб камбэк ва тарихий ғалаба ҳақида
Танаффусда рақиб ўйинидаги кемтикни топа олган Қосимов ўша "нуқта"га босимни оширди
Маҳди Али жамоасининг дастлабки 45 дақиқаликдаги ўйинида бир жиҳат кузатилди, буни ҳимояланишда кемтик бўлиши мумкин эди ва мураббийлар буни пайқашди.
Юқоридаги чизма ҳар иккала жамоа ўйинчиларининг 1-бўлимдаги "қайноқ харитаси". Кўриб турганингиздек, АГМКнинг тўрт ҳимоячиси ўз зонасида ҳаракат қилган ва тартибли ўйинни бузмаган. Амирликларда эса 9-рақамдаги ўнг қанот ҳимоячиси Абдулазиз Ҳайкалнинг "қайноқ карта"даги ўрни қолган чизиқдошларидан анча юқори. Ҳайкал ҳужумларда жуда фаол қатнашди, бу олдинга ўтишда зўр, лекин ҳимояланишда етарлича муаммоларни олиб келиши мумкин. Суратда кўриниб турганидек Ҳайкалнинг олдинга ўтиши унинг зонасида катта бўш зонани юзага келтирган. Аммо, ўша қанотда ўйнаган вингер Шоҳрух Гадоев марказроққа силжиб ҳаракат қилгани сабаб бундан фойдалана олмади. Кейин эса...
Бу суратда захирадан майдонга тушганларнинг ҳам ҳаракатланиш зоналари "қайноқ харита"га киритилган. Миржалол Қосимов танаффусдан кейин Фортесни захирага олиб Гадоевни ўнгга ўтказди ва Фортесни ўрнига тушган Ҳусниддин Ғофуров чап қанотга жойлашди. Ғофуров кўпроқ айнан қанотда, чизиқ яқинида ўйнашни ҳуш кўради. Бу эса юқоридаги зонада Ҳайкалга катта босим ўтказиши керак эди ва шундай бўлди ҳам.
Шу ўринда 2-бўлимдаги зарбалар статистикасини ҳам келтириб ўтамиз. Эслатиб ўтамиз, дарвоза устуни ёки тўсинига теккан зарбалар аниқ зарба деб ҳисобланмайди.
Иккинчи бўлим статистикаси
АГМК:
Зарбалар: 9
Аниқ зарба: 2
"Шабаб Ал Аҳли":
Зарбалар: 5
Аниқ зарбалар: 4
Султонов ва Касьяннинг сейвлари АГМК учун камбэк умидини сақлаб қолди
"Шабаб Ал Аҳли" баҳс тақдирини иккинчи бўлимнинг дастлабки 20 дақиқалигида ҳал қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо, АГМК кипери ва ҳужумчиси бунга йўл қўймади десак хато бўлмайди. 56-дақиқада Машарипов жарима зарбасини ижро этди. Узоқ пастки бурчакка йўлланган зарбани Султонов майдон ташқарисига чиқариб юборди. Орадан 9 дақиқа ўтиб бу сафар Машариповнинг пасидан кейин Карлос Эдуардо бош билан жуда хавфли зарба йўллади. Лекин, бу сафар ҳам "Валуев" (Суҳроб Султонов бу ташбеҳимиздан ҳафа бўлмайди деб умид қиламиз) ўзини қойилмақом тарзда кўрсатди. Чиройли пас, ундан чиройли зарба ва ҳар иккисидан ҳам чиройли сейв. Суҳроб икки бор жамоасини муқаррар голдан қутқарди ва умид учқунлари ўчмаслигини таминлади. Умуман 90 дақиқа давомида дарвозабон рақибларимизнинг 6та аниқ зарбасидан бештасини бартараф этди.
Худди ўша Эдуардонинг зарбаси ва Султоновнинг сейвидан кейин амирликлар бурчак зарбаси ижро этишди. Жалолиддин стандартни амалга оширди ва бу сафар олмалиқликлар ҳужумчиси Александр Касьян кетма-кет икки бор катта саҳнага чиқди. Бурчакдан кейин Турсунов тўпни қайтариб юборди, аммо қайтган тўпни марказий ҳимоячи Салмин (2)га келиб тушди. Унинг зарбасини Касьян боши билан қайтариб қолди. Қайтган тўпга бу сафар бошқа бир марказий ҳимоячи Марзуқ (4) зарба берди. Авалги "сейв"дан кейин бироз мувозанатини йўқотган Касьян ўзини ўнглаб олди ва иккинчи зарбани ҳам қайтарди. Ажойиб дабл блок. Шу учрашув давомида АГМК вакиллари рақибнинг жами 6та зарбасига блок қўйишган. Яъни, олтита зарба Султоновгача етиб бормаслигини унинг майдондаги шериклари таминлашган. Солиштириш учун "Шабаб Ал Аҳли" ўйинчиларида бу рақам - 0.
Яна устун, АГМКдан иккита жамоавий гол
Беллашувнинг 84-дақиқасида Аҳмадалиевнинг жарима майдончасига узатган тўпидан кейин палапартишлик юзага келди ва тўп Марзуқнинг танасидан Санжар Шоаҳмедовнинг оёғига келиб тушди. 11 метрлик нуқтадан сал олдинроқда ҳеч қандай қаршилик ва босимсиз қолган Санжар зарба йўллади. Афсуски, иккинчи бор АГМКни голдан дарвоза устуни маҳрум қилди. Қосимов шогирдлари босимни ошириб боришарди ва жамоа голга яқинлаша бошлади.
87-дақиқага келиб ниҳоят мувозанат тикланди. Касьян ва Марзуқ тўп учун курашганидан кейин Муҳаммад Жобир (21) тўпни олдинга тепиб юборди. Дилшод Аҳмадалиев ҳаводан келаётган тўпга югуриб чиқиб борди ва уни эгаллаб олиб олдинга интилди. Кейин Шоаҳмедовга, у Жокич, у Ғофуровга пас берди. Ҳусниддиннинг зарбасини яна устун қайтарди. Қайтган тўпни эса Тошматов ичкарига кўтарди, Касьян боши билан янада ичкарига йўналтирди ва Жокич оёғи билан якуний нуқтани қўйди - 1:1. Ушбу голда АГМКнинг жами 6 ўйинчиси бевосита иштирок этди, ажойиб жамоавий гол.
90+1-дақиқада Акром Комилов кучли зарбаси билан тарихий ғалабани таминлади. Бу гол иштирокчилари сони ва комбинация нуқтаи-назаридан биринчисидан ҳам ўтиб тушди. Дарвозабон Мажид Носир тўпни олдиндаги жамоадоши Машарипов томон тепиб юборди. Аммо, бу сафар ҳам Аҳмадалиев тўпга чиқиб борди ва жамоасининг иккинчи голини ҳам бошлаб берди. Аҳмадалиев Тошматовга, у Жокичга, у Жўраевга, у Аҳмадалиевга, Дилшод эса Волид Аббос (5)ни алдаб ўтиб Жокичга, у Ғофуровга, Ҳусниддин эса бир сония пауза ушлаб олдинга югурган Комиловга пас берди. Акром эса яқин бурчакни очиқ қолдирган киперни кучли зарбаси билан ожиз қолдирди. Бу гол жами саккизта паслар кетма-кетлигидан кейин киритилди, бунда Дилшод ва Йован комбинацияда икки бор қатнашишди. АГМК иккинчи голини ҳам чиройли комбинация эвазига киритди. Иккита жамоавий гол ва супер камбэк.
Шу куни АГМКнинг икки қанот ҳимоячилари олдинги хатолардан тўғри хулоса чиқара олганликлари ҳурсанд қилди. Акром ғалаба голида керак пайтда ва керакли жойга очила олгани ва зарбани ҳам самарали якунлай олгани билан 3 очко тақдим этди.Дилшод Аҳмадалиевни эса алоҳида эътироф этишни хоҳлардим. Олдинги икки ўйиндан кейин "Тезкор студия"да Аҳмадалиевни кескин танқид қилгандим. Бугун эса унинг ажойиб перформанс намойиш этиб берганини олқишлайман. Ҳар иккала голни ҳам айнан Дилшод бошлаб берди, иккинчисида икки марталаб қатнашди комбинацияда. Шахсан мен учун АГМК - "Шабаб Ал Аҳли" учрашувида энг яхши ўйинчи айнан Аҳмадалиев бўлди.
Умид қиламиз, Миржалол Қосимов бошчилигидаги АГМК навбатдаги ўйинларда ҳам рақибларга мана шундай жанг таклиф қилади ва керакли очколарни жамғаради. Биз эса халқаро майдонда клубларимиздан ижобий натижа кутишда давом этамиз.
Comments