Осиё Кубоги - ўхшаши йўқ мусобақа
05 jan 2018 12:21
News
Осиё Кубоги - ўхшаши йўқ мусобақа
Осиё Кубоги шубҳасиз, Осиё қитъасидаги энг катта мусобақа ҳисобланади. 1956 йил илк бор ўтказилган мусобақа вақт ўтиб энг нуфузли тунир номини олди. Клублар ўртасидаги энг обрўли мусобақа Осиё чемпионлар лигаси ҳисобланса, терма жамоалар ўртасида Осиё Кубогига етадигани йўқ.
Маълумки, ОФКга 1954 йил Манилада асос солинган. Ўшанда 12та давлат ташкилотга аъзо эди. ОФК тузилиб орадан икки йил ўтгач, биринчи Осиё чемпионати ўтказилади. Гонконгда бўлиб ўтган мусобақада 8та жамоа иштирок этган. Вақт ўтиб мусобақага қизиқиш ортиб борди, шу билан бирга иштирокчилар сафи ҳам кенгайди.
Аввалига Жанубий Корея чемпион бўлиш бўйича етакчиликни ўз қўлига олган бўлса, кейинчалик Эрон терма жамоаси ўз ҳукмронлигини ўрната бошлади ва 1968 йилдан 1976 йилгача кетма-кет уч марта бош совринни қўлга киритди. 80-йиллардан бошлаб араб жамоалари етакчиликни яққол қўлга олишди.
Дарвоқе, Осиё Кубогида ғолиб чиққан биринчи араб жамоаси Қувайт ҳисобланади. Қувайт 1980 йилги мусобақада ғолиб бўлган. Шундан сўнг кейинги тўртта мусобақанинг учтасида Саудия Арабистони чемпионликни нишонлади. Қолаверса, қаторасига беш марта финалда ўйнади.
Орада Япониянинг даври келди ва "Кунчиқар юрт" вакиллари 1992, 2000 ва 2004 йилларда Осиё Кубоги ғолиби бўлишди. 2007 йил биринчи марта мусобақа тўрт мамлакатда ўтказилди: Малайзия, Таиланд, Индонезия ва Вьетнам. Бунда шов-шувли тарзда Ироқ ғолибликни қўлга киритди. Ўша мусобақада Юнис Маҳмуд порлагани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.
Ундан кейин яна Япония пешқадамликни қўлдан бой бермаган бўлса, 2015 йил Австралияда бўлиб ўтган қитъа биринчилигида эса мезбон жамоа Австралия Жанубий Кореяни енгиб ўз тарихида илк бор чемпион бўлган.
Осиё Кубогининг барча ғолиблари
1956 й. Жанубий Корея
1960 й. Жанубий Корея
1964 й. Исроил
1968 й. Эрон
1972 й. Эрон
1976 й. Эрон
1980 й. Қувайт
1984 й. Саудия Арабистони
1988 й. Саудия Арабистони
1992 й. Япония
1996 й. Саудия Арабистони
2000 й. Япония
2004 й. Япония
2007 й. Ироқ
2011 й. Япония
2015 й. Австралия
Comments