Осиё кубоги-2023. Япония, БАА ва Эрон иштирокидаги ўйинлар превьюси
14 jan 16:18
News
Осиё кубоги-2023. Япония, БАА ва Эрон иштирокидаги ўйинлар превьюси
Япония — Вьетнам
Ўзаро ўйинлар тарихи
Жамоалар узоқ йиллардан бери кўплаб учрашувларни ўтказган, Осиё кубоги доирасида эса икки маротаба тўқнаш келган ва ҳар иккисида "самурайлар" устунликга эришган. 2007 йил гуруҳ босқичида 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган Япония 2019 йилги қитъа биринчилиги чорак финалида 1:0 ҳисобида зафар қучган.
Осиё кубогидаги иштирок
Япония турнирда энг кўп ғолиб чиққан мамлакат саналади, уларнинг музейида тўртта кубок мавжуд. Тўққиз маротаба мусобақада қатнашган жамоа сўнгги маротаба финалчига айланган.
Вьетнам эса дастлаб Жанубий Вьетнам, сўнгра ҳозирга ном остида тўрт маротаба турнирда қатнашган бўлиб, 1956 ва 1960 йиллар 4-ўринни эгаллаган.
Саралаш босқичи
Япония ва Вьетнам 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичининг сўнгги раундига йўл олгани сабабли автоматик равишда мусобақа иштирокчисига айланганди.
Турнирга тайёргарлик
Сўнгги пайтларда даҳшатли натижалар қайд этиб, рақибларига голларини аямаётган Япония турнир арафасида Таиландни 5:0, Иорданияни 6:1 ҳисобида доғда қолдирди.
Вьетнам эса назорат учрашувида Қирғиз Республикасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Жамоалар қиймати
Нуфузли Transfermarkt портали Япония терма жамоасини 318.4 миллион евро, Вьетнам терма жамоасини эса 5.83 миллион еврога баҳолаган.
Мураббийлар фикри
Филипп Трусье (Вьетнам бош мураббийи): "Рақибга қарши реактив бўлиш муҳим саналади. Аммо бу тўлақонли эга бўлмаслигимизни англатмайди. Кўп ўйинларда тўпга атиги 10–20 фоиз эгалик қилган ҳолатда ҳам ғалаба қозониб кетиш мумкинлигига гувоҳ бўлганмиз. Шу боис, юзага келган вазиятларда ўз имкониятимизни ишга солишимиз керак."
Ҳажиме Мориясу (Япония бош мураббийи): "Жаноб Трусье япон футболини яхши билади. Ишончим комилки, у жамоамизни яхши таҳлил қилган, лекин биз ҳам рақибни ўргандик. Мураббийлар штаби бу борада қаттиқ меҳнат қилди. Ўйин ажойиб руҳда ўтади, лекин мувозанатни сақлашимиз ва рақиб ҳужумларидан эҳтиёт бўлишимиз лозим."
Имкониятлар: 45–30–25
БАА — Гонгконг
Ўзаро ўйинлар тарихи
Мазкур икки жамоа иштирокида кам сонли тўқнашувлар бўлган. Сўнгги маротаба 2013 йил Осиё кубоги саралаш босқичи доирасида араблар ўз майдонида ва меҳмонда ҳам 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Осиё кубогидаги иштирок
БАА 10 маротаба Осиё кубогида иштирок этган бўлиб, 1996 йил ўзи мезбонлик қилган турнирда финалга қадар етиб борган ва Саудия Арабистонига имкониятни бой бериб қўйган.
Гонгконг эса 1968 йилдан бери 4-марта мусобақада қатнашиш бахтига муяссар бўлди. Жамоа 1956 йил 3-ўрин соҳибига айланган.
Саралаш босқичи
БАА 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичининг сўнгги раундига йўл олгани сабабли автоматик равишда мусобақа иштирокчисига айланганди.
Гонгконг эса Ҳиндистон, Афғонистон ва Камбоджа жойлашган гуруҳда 2-ўрин билан турнир иштирокчисига айланди.
Турнирга тайёргарлик
БАА Осиё кубоги аввалида Қирғиз Республикасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, Ўмонга худди шу ҳисобда ютқазди.
Гонгконг эса январда дастлаб Хитойни 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, кейинчалик Тожикистон (1:2) ва Саудия Арабистони (0:2)га имкониятни бой берди.
Жамоалар қиймати
Нуфузли Transfermarkt портали БАА терма жамоасини 32 миллион евро, Гонгконг терма жамоасини эса 6.1 миллион еврога баҳолаган.
Мураббийлар фикри
Паулу Бенту (БАА бош мураббийи): "Биз рақибларни ҳурмат қиламиз. Улар шиддатли ўйин намойиш этишади ҳамда қандай ҳужум ташкиллаштириш кераклигини билишади, шу боис ўйин ууман осон бўлмайди. Бизда ёш жамоа бор ва бундай мусобақа улар учун ажойиб имконият бўлади."
Ёрн Андерсен (Гонгконг бош мураббийи): "Биз эллик йилдан ошиқ вақт ўтгач, яна мусобақада иштирок этпямиз ва юқори даражадаги жамоалар билан тафовутимизни яхши биламиз. Лекин бу Гонгконг футболи учун ажойиб имконият саналади."
Қизиқарли фактлар
- БАА 2015 ва 2019 йилги турнирларнинг гуруҳ босқичидаги 6 ўйинда атиги бир маротаба мағлубиятга учради.
- Гонгконг Осиё кубоги тарихида учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган бўлса-да, ҳали бирорта ғалабага эришмаган.
Имкониятлар: 50–30–20
Эрон — Фаластин
Ўзаро ўйинлар тарихи
Икки жамоа, асосан, ўртоқлик мақомидаги учрашувларида иштирок этишган ва форслар унда рақибини йирик ҳисобларда доғда қолдирган, бироқ икки жамоа Осиё кубогида илк маротаба тўқнаш келади.
Осиё кубогидаги иштирок
Осиё кубогида 14 маротаба иштирок этган Эрон кетма-кет уч маротаба чемпионликни қўлга киритган бўлиб, энг сўнгги титулга 1976 йилда эга чиққан.
Фаластин эса икки марта мусобақада қатнашиб, гуруҳ босқичидаёқ ортга қайтган.
Саралаш босқичи
Эрон 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичининг сўнгги раундига йўл олгани сабабли автоматик равишда мусобақа иштирокчисига айланганди.
Фаластин эса учинчи саралаш босқичида Филиппин, Мўғулистон ва Яманни ортда қолдирди.
Турнирга тайёргарлик
Эрон Осиё кубоги арафасида Буркина-Фасо (2:1) ва Индонезия (5:0)ни мағлуб этишга мушарраф бўлди.
Фаластин эса Жазоирнинг 23 ёшгача футболчилари билан 1:1 ҳисоби қайд этиб, кейинчалик Ўзбекистон (0:1) ва Саудия Арабистони (0:0)га қарши назорат учрашувлари ўтказди.
Жамоалар қиймати
Нуфузли Transfermarkt портали Эрон терма жамоасини 51.58 миллион евро, Фаластин терма жамоасини эса 6.68 миллион еврога баҳолаган.
Мураббийлар фикри
Амир Ғалинои (Эрон бош мураббийи): "Қатарда эканимдан жуда хурсандман, бу ерда ажиб хотиралар қолган. Мен 40 йил муқаддам "Ал Садд"да ўйнаганман ва бу ерда эсда қоларли воқеалар содир бўлган. Ўйлайманки,мазкур турнир энг яхшиларидан бири бўлади, чунки Қатар жаҳон чемпионати ўтказгани сабабли ташкилий жиҳатдан яхши тажрибага эга. Осиё футболи 2007 йилдан буён сезиларли даражада яхшиланди, бу ўтган жаҳон чемпионатида ҳам сезилди, унда минтақанинг 3 жамоаси нимчорак финалга йўл олди. Биринчи ўйин жуда муҳим саналади. Рақибда кучли ўйинчилар ва яхши ҳимояланади. Қолаверса, охирги ўртоқлик ўйинларида яхши натижаларга эришди. Бу ердаги ҳар бир ўйин финал каби бўлади. Биз яхши ҳолатдамиз, шу бои, яхши натижага эришиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз."
Макрам Дабуб (Фаластин бош мураббийи): "Аввало, Қатардаги биродарларимизга меҳмондўстлк учун миннатдорчилик билдираман ва уларни кўзни қамаштирувчи очилиш маросими ташкил этгани билан қутлайман. Эрон қитъанинг энг яхши жамоаларидан бири саналади. Уларда кўплаб топ даражадаги ўйинчилар бор. Шунга қарамай, кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз."
Қизиқарли фактлар
- Фаластин ўз тарихида Осиё кубогида ғалаба қозонмаган.
- Эрон Осиё кубоги гуруҳ босқичидаги сўнгги 20 ўйинда мағлуб бўлмаган.
- Форслар турнирнинг 1-турида сўнгги бор 1996 йил Ироққа мағлуб бўлган ва шундан бери охирги 6 учрашувда ғалаба қозонган.
Имкониятлар: 50–30–20
Comments