Орзуларини рўёбга чиқара олган болакай
25 nov 2018 11:13
News
Ишқилиб ютайлик-да. Эҳ, оёқ кийимим йўқ-ку. Энди нима қилсам экан? Бўлди, Сардордан сўрайман".
Шундай хаёл билан болакай ўзидан икки эшик нарида турадиган қўшнисининг эшигини тақиллатди.
- Ким бу?
- Мен... (уялибигина), Сардор, бутсангни бериб тур...
- Ошна хафа бўлма...
Кўнгил чўкди, лекин тан бериш йўқ. Майли, бутса бўлмаса бўлмабди. Калиш бор-ку. Муҳими, майдонга тушсам бўлгани. Ўйин бошланди. Кичкинага ошир тўпни, ҳаммангдан яхши ўйнаяпти. Томошабинлар катта футболчиларга болакайга тўпни ошириш кераклигини бақириб айтиб турибдилар. Тўп унга етказиб берилди, эҳ қўполлик билан йиқитишди уни: пенальти! Жамоа сардори Ботирбой зарб билан ғалаба тўпини киритди. Ҳамма болакайни қучоқлаб олганди.
- Она, она... Биз ғалаба қозондик. Она тандирда иссиқ нон ёпарди, кел ўғлим, мана сенга соврин. Онанинг қўли билан ёпилган иссиқ нонга етадиган неъмат борми бу дунёда, агар ундан муқаддас зотнинг тафти келиб турса!
- Ота, она мен кетаман!
- Қаерга ўғлим?
- Тошкенга!
Ота айтди: - У ерда нима қиласан, юрибсан-ку шу ерда?
- Йўқ, мен Миржалол Қосимов билан футбол ўйнайман!
Ота ва она дуо қилди. Болакай 12 ёшида бегона шаҳарга келди. Ҳеч кими йўқ, икки нафар дўсти. Ҳали бирон клубга жойлашиб ҳам олмаган. Қийинчилик бошланди. Баъзан ўйлади, кетиб юборсаммикин қишлоғимга. Йўқ, мен ҳали юлдуз бўламан деб овутди ўзини. Бир маҳал залга курашчилар кириб келди, ҳей болалар туринглар, биз машғулот ўтказамиз. Болакай спорт залида ётарди. Энди уйқу келганди-я, ҳа майли, чидаймиз. Дўстларини турғазиб машғулотга кетди.
Кўп ўтмади, болакайни ўқишга қабул қилишди. Энди бинода ўзининг ётоғи бор. Аммо, аммо яхши ўйин кўрсатай деса бутса ҳамон йўқ. 25 ноябрь, болакайнинг туғилган куни. Қишлоқдан ота-онаси келди. "Ўғлим, бу сенга", она яп-янги оёқ кийимни боласига берди. Болакайдан хурсанд инсон йўқ эди. Эҳ, кейин билса она сўнгги зебини сотиб унга бутса олиб берган экан. Ният қилди, ортга қадам йўқ, мен учун фақат оила!
Болакай сал катта бўла бошлагач тилга тушди. Аммо ақча йўқ, бирон-бир жамоада ўйнай деса пул бериш керак. "Сен бизга тўғри келмадинг", айнан шундай гапни айтади паровоз ҳайдовчиси. Ният қилади, "Эй, Оллоҳим, менга сабр бер, имкон бер, Ватанга содиқ фарзанд бўлишга ваъда бераман!". Кўп ўтмади, унга Республиканинг энг кучли жамоаси оғиз солди. Буёғи таваккал, ахир ўзи эмасми Қосимов билан ўйнайман деб уйдан чиқиб кетган? Лекин у борганида Қосимов кетиб бўлганди. Аммо болакайнинг атрофида миллий терма жамоанинг бошқа юлдузлари машғулот ўтказарди. "Ҳали ҳам ўринбосарлар сафида юрибсанми?", кулиб кетди бир кун қўшни шаҳар жамоасида дебют мавсумини ўтказаётган дўсти. Қирққа чидаган, қирқ бирига ҳам чидаш керак. Буюк клуб 50 ёшга тўлган кеча юлдузлар сафида стадионда эди. Бу ўйинда ҳамма бор эътиборни Саша акага қаратди. Гейнрих юлдуз эди. Орадан йиллар ўтди... Саша ака Сурия терма жамоасига гол урди ва тўғридан-тўғри эфирда ТВга шундай интервью берди, "Одил ака пробил, Саша ака забил"!
Ўша болакай куни кеча Хитой чемпионатида бош совринни ютди, айни пайтда оила даврасида, ваъда берганидек, ота-онаси учун барча нарсани муҳайё қилди ва бугун бор эътиборини Осиё Кубогига қаратяпти. Туғилган кунинг билан, Одил!
Ҳаётий ҳикоя!
Comments