Ориф Маматказин, "Обод" собиқ устози, "Нефтчи" афсонаси — U-19 чемпионатида ишлайдиган мураббийлар билан танишамиз (1-қисм)
19 mar 13:00
News
Ориф Маматказин, "Обод" собиқ устози, "Нефтчи" афсонаси — U-19 чемпионатида ишлайдиган мураббийлар билан танишамиз (1-қисм)
Ўзбекистонда футбол фақат Суперлигадан иборат эмас, шундай экан пастки бўғиндаги жамоаларни ҳам эътиборсиз қолдириш тўғри бўлмайди. Аввалги мақолаларимизда U-21 чемпионатида ишлайдиган мураббийлар, собиқ юлдузлар ҳақида маълумот берган эдик. Бугун U-19 жамоаларини бошқараётган мураббийларга навбатни берамиз. Хабарингиз бор, жорий мавсумда мазкур чемпионат 2 та шарқ ва ғарб минтақаларига бўлинган ҳолда ўтказилади. Дастлаб шарқий зона жамоаларидан бошлаймиз.
Ориф ва Артур Маматказин - "Андижон"
Нафақат Андижон балки ўзбек футболида Ориф Маматказин номи барчага таниш. Катта авлод вакиллари унинг "Андижон"даги футболчилик фаолиятини яхши эслашади. Мураббий сифатида ҳам турли йилларда "Андижон"нинг бош жамоасини бошқарган. Сўнгги йилларда Андижон футбол ассоциациясида техник директор ишлаб келаётган Ориф Исмоилович ўтган йилдан бошлаб U-19 жамоаси бошқарувини қўлга олди. Мутахассис апрель ойида Ислом Аҳмедовнинг ўрнига тайинланди. Ориф Маматказинга "Андижон" U-19да ўғли Артур Маматказин кўмаклашмоқда.
"Ҳа, мен яна ўз ишим билан шуғулланяпман. Мураббийлик менинг севимли ишим. Яна қайтганимдан хурсандман",- деган эди мураббий клуб матбуот хизматига.
Бобур Зуҳриддинов - "Бунёдкор"
"Бунёдкор" U-19 жамоаси бевосита ўринбосарлар ва асосий таркибга футболчи етказиб беришдаги муҳим боғлам ҳисобланади. Аввалги йилда "қалдирғочлар"га Темур Бобохонов ва Артур Кагиров устозлик қилган бўлса, 2024 йилда клуб бу жамоада ҳам мураббийни ўзгартиришга қарор қилди. Биринчи лигада "Бунёдкор-Фарм" билан муносиб қатнашган ва Биринчилик Кубогида ғолиб чиққан Бобур Зуҳриддинов энди U-19 жамоага масъул бўлади. Бобур Зуҳриддиновни мураббий сифатида 2016 йил "Обод"даги фаолияти орқали биламиз. 2015 йил "Обод"нинг Суперлигага йўлланма олишида унинг ҳам ҳиссаси катта бўлганди. Кейинчалик ёш мутахассис "Сўғдиёна" ёшлари билан ишлади. "Машъал"да Дилявер Ваниевга кўмаклашди.
Самуг Дадаев - "Дўстлик"
Про лигада дебют қилган "Дўстлик" эндиликда U-19 чемпионатида ҳам ўз жамоаси билан қатнашади. Бу жамоанинг мураббийи болалар футболида меҳнат қилиб келаётган Самуг Дадаев ҳисобланади. Самуг акани шахсан ўзим яхши танийман. Болалар футболидаги турли мусобақаларда, катта-кичик турнирларда мулоқот қилганман. Ушбу мураббий "Дўстлик" футбол мактаби раҳбари лавозимида ҳам фаолият олиб бормоқда. Шунингдек асосий жамоага ўз маслаҳатларини бериб келаётганини таъкидлаш жоиз. U-19 жамоаси Про лигадаги жамоага ўринбосар вазифасини ўтаб бериши кўзда тутилган.
Мансур Саидов - "Нефтчи"
Бугун "Пахтакор" собиқ футболчиларини ортга қайтариш ва мураббийликка таклиф қилиш сиёсатини "Нефтчи" аввалги йилларда бошлаган эди. U-21 жамоасида Азиз Алижонов, Ғайрат Ҳасанов фаолият юритаётган бўлса, U-19да клубнинг афсонаси Мансур Саидов ва Иқбол Акрамов ўтган мавсумдан бери меҳнат қилиб келмоқда. Саидов бошчилигидаги ёш фарғоналиклар 2023 йил чемпионатни 7-ўринда якунлашди. Бу ҳам унинг учун фойдали бўлиши аниқ. Чунки ҳозир қўли остида тўп сураётган ёшлар яқин йилларда “Нефтчи”нинг асосий жамоасига номзод саналади. Эхтимол шунда асосий жамоани ҳам Алижоновнинг ўзи бошқаришига вазият тақозо қилар.Уларнинг футболчилик давридаги ўйинлари, натижаларидан хабаримиз бор. Эндиликда мураббий сифатида ҳам "Нефтчи"ни ютуқлар сари бошлашса ажаб эмас.
Бобур Абдураҳмонов - "Пахтакор"
Шуҳрат Бўриев Биринчи лигада қатнашадиган "Пахтакор-Фарм" жамоасини бошқариши маълум бўлгач U-19га "Пахтакор" U-15 устози Бобур Абдураҳмонов мураббий этиб тайинланди. Қисқача таништириб ўтамиз, Бобур Абдураҳмонов 1992 йилда туғилган. У "Чиғатой" тарбияланувчиси бўлиб, марказий ҳимоячи позициясида тўп тепган. Катта футболда "Пахтакор" ўринбосарлари, "Оқ-тепа", "Лоотус" (Эстония) жамоалари шарафини ҳимоя қилган.
Эрнест Асанов - "Қўқон-1912"
Ўзбек футболи ватани бўлмиш Қўқон шаҳридан ҳам азалдан миллий терма жамоаси даражасидаги кўплаб иқтидорлар етишиб чиққан. Бугунги кунда ҳам бу шаҳарда болалар футболининг савиясини ёмон деб бўлмайди. Клуб раҳбарияти U-19 жамоасини бу йил ҳам Эрнест Асановга ишониб топширган. Бу мураббийга отаси Наримон Асанов ёрдам бериб келмоқда. Ёшлар билан ишлаш ҳадисини олган Наримон Асанов бир неча йиллар олдин ўзи U-18 жамоасига устозлик қилганди.
Рифат Акрамхўжаев - "Локомотив"
"Локомотив" сўнгги йилларда сиёсатида ўзгариш бўлаётганидан хабарингиз бор. Жамоа эндиликда ўз мактаби тарбияланувчиларини ҳам секин-аста асосий таркибга жалб қилиб келмоқда. Бунда U-19 жамоасининг ҳиссаси катта бўляпти дея оламиз. Ўтган йили бу жамоани Садриддин Абдуллаев тайёрлаб борди. Улар эндиликда ўринбосарлар жамоасининг ўзагини ташкил қилишмоқда. Жорий мавсумда эса U-19 жамоаси тажрибали мураббий Рифат Акрамхўжаев қўл остига ўтди. Бир неча йиллардан бери клуб тизимида фаолият олиб бораётган мутахассис энди ёш "темирйўлчилар"га устозлик қилади.
Усмон Асқаралиев ва Аъзам Ражаббаев - "Навбаҳор"
Усмон Асқаралиев тажрибали мураббий сифатида турли йилларда "Навбаҳор"нинг бош жамоасида меҳнат фаолиятини олиб борган. Жорий йилда 70 ёшни қарши оладиган Усмон Аҳмедович бир неча йиллардан бери ёш "лочинлар"га ўз тажрибаларини ўргатиб келмоқда. Унга Аъзам Ражаббаев ҳамроҳлик қиляпти. Аъзам Ражаббаев "Навбаҳор"нинг ёшлар жамоаларида кўп йиллардан буён ишламоқда. Асқаралиев ва Ражаббаев тандеми ўтган мавсумлардаги каби жорий йилда ҳам "Навбаҳор" U-19 даги ишини давом эттиради. 2022 йил U-19 чемпионатида Аъзам Ражаббаев устозлик қилган жамоа мавсум якунида олтин медалларга эга чиққан эди. Бу воқеага ҳам 2 йил бўлибди. Хўш, "Навбаҳор"нинг келажаги бўлмиш ёшлар яна муваффақиятга эриша оладими?
Талят Абибуллаев - ОКМК
Олмалиқнинг ОКМК клуби U-19 жамоасида бу йил 17 ёшли футболчилар ўйнаши кўзда тутилган. Уларга маҳаллий мутахассис Талят Абибуллаев бошчилик қилиши аниқ бўлди. 60 ёшли тажрибали мураббий футболчилик даврида "Металлург", "Кимёгар" (Олмалиқ), "Бинокор" ("Бухоро") жамоаларининг либосларида тўп тепган.
Жаҳонгир Исхаков - "Олимпик Мобиуз"
Ўтган йили Лос Анжелес-2028 Олимпиадаси йўлида очилган "Олимпик Мобиуз" бу йилдан бошлаб Про лигада қатнашмоқда. Клуб эса U-19 чемпионатига ҳам ўз жамоасини қўйди. 2007 йил туғилган футболчилардан иборат жамоага Жаҳонгир Исхаков бошчилик қилмоқда. футболчилик фаолиятида "Локомотив-БФК", "Обод" жамоаларида ўйнаган, мураббийлик фаолиятини эса 2016 йил "Обод"да бошлаган. 2018 йилдан бери Тошкент футбол академиясида 2007 йиллар билан ишлаб келмоқда. U-19 жамоаси ТФА ва "Олимпик Мобиуз" ҳамкорлигида фаолият олиб боради.
Comments