Олимпиада сари ҳаракат. Бешинчи уриниш. Лондон-2012
16 jul 2021 15:25
News
Олимпиада сари ҳаракат. Бешинчи уриниш. Лондон-2012
Мексика - олтин медаллар соҳиби!
Аввало шуни айтиш керак, 2012 йил ёзги Олимпиадада Мексика U-23 терма жамоаси олтин медалларни қўлга киритган. Мексикаликлар финалда Бразилияни 2:1 ҳисобида мағлуб этишган. Ўшанда Мексика сафида Орибе Пералта иккита гол урган бўлса, Бразилия таркибида Халк ягона гол муаллифи бўлганди.
Лондон мезбонлик қилган Олимпия ўйинларида Осиёдан учта жамоа иштирок этган: Япония, Жанубий Корея ва БАА. "A" гуруҳида баҳс олиб борган БАА олимпиячилари Сенегал билан 1:1 ўйнаб, Уругвайга 1:2 ва Буюк Британия терма жамоасига эса 1:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, гуруҳда охирги ўрин билан мусобақани тарк этган.
Жавнубий Корея "B" гуруҳида Мексикага қарши баҳсни 0:0 ҳисобида дуранг билан бошлаган. 2-турда Швейцария 2:1 ҳисобида мағлуб этилган бўлса, охирги турда Габон билан 0:0 ўйнаган кореяликлар 5 очко билан кейинги босқичга чиқишган.
Япония эса ўз ўйинларини "D" гуруҳида ўтказган ва илк турда Испанияни 1:0 ҳисобида мағлуб этган. Иккинчи турда Марокаш ҳам 1:0 ҳисобида мағлуб этилган ва 3-турда Гондурас билан 0:0 қайд этилган. Натижада японлар 7 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб чорак финалга йўл олишган.
Чорак финалда Япония Мисрни 3:0, Жанубий Корея эса Буюк Британияни пенальтилар сериясида 5:4 ҳисобида мағлуб этган (ўйин 1:1 ҳисобида тугаган). Лекин ярим финал Осиёнинг икки жамоаси учун омадсиз якун топган. Япония Мексикага 1:3, Жанубий Корея Бразилияга 0:3 ҳисобида мағлуб бўлган ва ҳар икки жамоа ўртасидаги бронза медаллар учун курашда кореяликларнинг қўли баланд келиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган.
Осиёда саралаш
Осиёда Олимпия ўйинларига саралаш бу сафар 4 босқичда ўтказилган бўлиб, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси биринчи босқичда, яъни плей-офф ўйинларида иштирок этмаган. Вакилларимиз тўғридан тўғри иккинчи босқичга йўл олишган. Иккинчи босқичда 24 жамоа 12та жуфтликка бўлинган ҳолда плей-офф ўйинларини ўтказган. Биз бу босқичда Гонконг олимпиячиларидан устун келганмиз.
19.06.2011. Ўзбекистон - Гонконг 1:0
Гол: Фозил Мусаев, 58.
23.06.2011. Гонконг - Ўзбекистон 0:2
Голлар: Фозил Мусаев, 8. Темурхўжа Абдухолиқов, 19.
Учинчи босқичда плей-оффдан ўтган 12 жамоа 4тадан 3 гуруҳга бўлинган. Ўйинлар уй-меҳмон тарзида ўтказилган бўлиб, ҳар бир гуруҳ ғолиби тўғридан тўғри Олимпиадага йўл олган. Шунингдек, иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар марказлашган тартибда ўтказилган плей-оффда иштирок этган. Вадим Абрамов мураббийлик қилган Ўзбекистон ОТЖ "B" гуруҳида учрашувларни ўтказган.
"A" гуруҳи: Жанубий Корея, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони.
"B" гуруҳи: БАА, Ўзбекистон, Ироқ, Австралия.
"C" гуруҳи: Япония, Сурия, Баҳрайн, Малайзия.
Қуйида Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг ўйинларини келтириб ўтамиз.
21.09.2021. Ўзбекистон - Ироқ 2:0
Голлар: Темурхўжа Абдухолиқов, 71. Кенжа Тўраев, 78.
23.11.2011. БАА - Ўзбекистон 0:0
27.11.2011. Австралия - Ўзбекистон 0:0
05.02.2012. Ўзбекистон - Австралия 2:0
Голлар: Кенжа Тўраев, 27. Олег Зотеев, 85.
21.02.2012. Ироқ - Ўзбекистон 2:1
Гол: Фозил Мусаев, 23.
14.03.2012. Ўзбекистон - БАА 2:3
Голлар: Олег Зотеев, 34. Фозил Мусаев, 47.
Мана шу босқичдаги ўйинларни ёдга олганда кўпчилик иккита учрашувни алоҳида эслайди: Тошкентда Австралия ва БАА билан кечган баҳслар. Австралия билан баҳс биз учун қизиқ эди, чунки Австралия ОФК аъзоси сифатида энди саралашда қатнашганди. Биз уларни 2:0 ҳисобида мағлуб этганмиз, эсимда Олег Зотеев узоқдан жуда чиройли гол урганди.
Иккинчи ўйин эса БАА олимпия термасига қарши кечган ўша машъум беллашув. "Жар" стадионида бўлиб ўтган ўйинда биз 2:0 ҳисобида ғалаба қозона туриб, якунда мағлуб бўлганмиз. Бу ўйинда Зотеев гол уриб ҳисобни очганди. Иккинчи тайм бошида эса Фозил Мусаев ҳисобни 2:0 кўриниш келтирган. Лекин қандайдир тўрт дақиқа оралиғида Амирлик футболчиси Аҳмад Халил иккита тўп киритишнинг уддасидан чиқади. Унинг голлари 51 ва 55-дақиқаларда рўй берган. 90+3-дақиқада эса БАА ғалаба тўпини киритиб, улар Олимпидага йўлланма олишади.
Ўзбекистон ОТЖ эса гуруҳда иккинчи ўрин билан плей-офф учрашувларига йўл олади. Ўз гуруҳларида иккинчи ўринни эгаллаган Уммон, Ўзбекистон, Сурия ўртасида 25, 27, 29 март кунлари Вьетнам пойтахти Ханойда плей-офф ўйинлари бўлиб ўтади. Гарчи Сурияни мағлуб этсак-да, Уммонга 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган ҳолда Лондон-2012 йўлидаги саралаш ўйинларини тугатганмиз.
27.03.2012. Ўзбекистон - Сурия 2:1
Голлар: Кенжа Тўраев, 73. Олег Зотеев, 88.
29.03.2012. Уммон - Ўзбекистон 2:0
P.S. Шу йилнинг 23 апрель санасида Уммон ва Сенегал ўртасида Олимпиада учун Афро-Осиё плей-офф учрашуви ўтказилган. Англиянинг Ковентри шаҳри мезбонлик қилган баҳсда Сенегал 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Олимпия ўйинларига йўл олган.
Comments