"Нефтчи"нинг жонкуяр мухлиси: Кимга тўй, кимга аза...
02 dec 2020 13:41
News
"Нефтчи"нинг жонкуяр мухлиси: Кимга тўй, кимга аза...
Кеча ўйиндан кейинги воқеалар ҳамма қатори биз азалий “Нефтчи” мухлисларини ҳам ранжитди, йил ўйини йил фожиасига айланиб кетишига бир баҳя қолди. Албатта, бунда ўзини бошқара олмаган футболчилар-у, ҳиссиётларини жиловлай олмаган бир гуруҳ мухлисларнинг айби катта. Бу борада ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Кечадан буён “Нефтчи” шаънига, мухлислари номига сериалли айбловлар юбораётган ҳурматли футбол билимдонлари, илтимос озгина дўппини олиб қўйиб бирга мулоҳаза қилсак, майлими.
Ўйинни шундай тарзда якун топишига аввало “Нефтчи”нинг ўзи айбдор. Ҳамма ишни охирги турга қолдирмаслик керак эди. “Динамо”ни ютганда ҳаммаси ҳал бўларди, лекин юта олмади, тўғрироғи ютишни хоҳламади.
Кечаги ҳакамлик ҳақида икки оғиз гапириб ўтсам, ростдан ҳам Насибуллаев ёмон ҳакамлик қилмади, лекин унинг кичик ҳатолари ўйин тақдирига таъсир ўтказди. Бу билан ҳаммасига ҳакам айбдор демоқчи эмасман, агар жамоа кучли ўйнаса ҳеч қандай таъсир ўтмайди. Ҳакам ўша хатоларга йўл қўймаганида ҳам “Нефтчи” ютқазиши мумкин эди. Лекин озгина мулоҳаза қилсак, ҳакам меҳмонларга қизил карточка бермади, тўғри ўйинни бузиб қўйиши мумкин эди. Унда нимага Яйпандаги баҳсда шунга ўхшаш ҳолатда Саидовга берилган?
Ўйинни бузиб қўйишни ҳоҳламаган ҳакам дастлабки дақиқаларда 50/50 вазиятда пенальти бериши адолатданми. "Турон" киритган гол тоза бўлди, ҳалоли бўлсин. Лекин ўша пайт аут тўпи майдон маркази яқинидан ташланиши керак бўлган ҳолда, камида ўн метр олдинга юрилгани, жарима майдони ёнидан ташланган тўп голга олиб келганини ҳеч ким гапирмаяпти. Охирги дақиқаларда пенальти бор эди, илтимос баҳснинг кераги йўқ.
Бу гапларни кўпчилигимиздан ёши улуғ ва тажрибали мутахассис фикрини билганимдан кейин айтяпман. Майли, 50/50 дейлик пенальтини, лекин ҳакам холис бўлса унда инсонлик фактори бўлади. Инсонийлик фактори бундай ҳолларда майдон эгасига озгина симпатия кўрсатилиши дунё футболида ҳам учаб туради. Балки ноҳақдирмиз, бу борада бошқа тўхталмаймиз.
“Нефтчи” ўйинчилари ва мухлислари шунчалик маданиятсиз экан, унда “Динамо”га ютқазганда нимага уришмади ҳакамни, ўша ўйин ҳам ҳал қиларди-ку. Яна умид бор эди дейсизлар-да, йўқ, жуда кўп мухлислар ўша ўйиндан кейин умидини узишган, ҳаммаси сценарий асосида кетаётганини тушинишган.
Қанақа сценарийми, жуда пухта ишлаб чиқилган сценарий. “Нефтчи” “Шўртан” ва “Динамо” билан бўлган ўйинда икки марта ютиб, икки марта ютқазди. “Турон” билан икки дуранг бир ғалаба, охирги турда ютқазиши аниқ эди. Буни айнан шу гуруҳдаги кўпчилигингиз ҳам айтгандиз, тоза ютганига шубҳам бор деб. Ҳа, “Нефтчи” “Динамо” билан бўлган ўйинда Суперлига йўлланмасини қўлдан чиқарганди.
Про лига ёняпти деган Диёр Имомхўжаев лигани тутатиб-тутатиб портлатишга олиб келди. Регламентдаги аҳмоқона тажриба келишилган ўйинларга замин яратмадими? Агар регламент икки даврали уй-сафар тизимида ўтказилиб тугатилганда шунчалик мажоролар бўлмас эди.
Қуйи тўртликни қаранг, “Истиқлол” ва “Оқтепа” иккинчи босқичда қолганларга ем бўлишди, чунки нимага интилишсин,бешинчи ўриндан тепага чиқолмаса. Шуми ПФЛни адолати, шуми қайноқ интрига?
Мухлислар ҳам нотўғри қилишди, буни тан оламиз. Лекин сизлар тош отаётган ўша мухлислар ичида қанчаси ўйингоҳдан йиғлаб чиқиб кетди, сизлар биргина болакайнинг кўз ёшини кўрдингиз. Бу мухлисларда айб нима? “Нефтчи” мухлислари ҳақида гапиришда сал эҳтиёт бўлинглар, илтимос. Бундай маданиятсизлик фақат Фарғонада бўлди деб ўйлайсизларми? Яйпанда мухлисларга бўлган босим, ҳақоратларни ҳеч ким гапирмайдими?
Биз “Турон” раҳбарларига берган ваъдамизнинг устидан чиқдик, меҳмонларни ҳеч бир муаммосиз ва эътирозсиз жўнатдик. Бунинг учун телеграм каналларда маданиятли бўлайлик, жамоамизга муносиб бўлайлик деб қанча тушунтириш олиб бордик, яна биз айбдормизми.
Яна “Нефтчи”ни бутунлай ҳайдаш ҳақида турли гаплар айтиляпти. Бундай ҳолат ўзбек футболида биринчи бўлишими? Қутибоев ва Фёдоров хакамни дўппослагани учун уч йилга футболдан четлатиб, жарима солинган холос. Ўзбек футболида айбдорлар аёвсиз жазоланиши керакми? Андижонлик мухлислар темир панжарани бузиб майдонга тушиб кетган, меҳмонга борганимизда тошбўрон қилишиб, биронта Фарғона рақамли машинанинг синмаган жойи қолмаган. Наманганда Эрматов тошбўрон қилинган ўйинда нечта фарғоналикнинг боши ёрилган, нечтасининг кўзи чиққан. Ўшанда жамоага жазо қўлланилганмиди?
Ҳиссиётни жиловлай олмаган мухлислар майдонга тушиб кетгани учун шундай жазоланадими. Ҳа, Тўрақулов хакамни уриб нотўғри қилди, лекин намунча мусулмончиликдан маъруза ўқийсизлар. Жиноят қилдими, жазосини орган ходимлари беради, гуноҳи бўлса Оллоҳ жазолайди.
Насибуллаев бировнинг боласи деяпсиз, Жамшид-чи? Қарғаманг, керак эмас, унинг ўрнида сиз ва бизнинг яқинимиз бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Мусулмончилик ҳақида кўп эслаяпсизлар, раҳмат. Лекин баъзи жамоалар мутасаддилари телеграм каналда “Нефтчи” мухлисларига айтилган гапларни кўчадаги шалтоқлар ҳам ишлатмайди, ана ўшаларга ҳам насиҳат қилинглар.
Водий дербиларида мутасаддилар ўзини тутиши кераклигини ёзиб, кимларнидир сўзларидан келтирган эдим. Аслида ўша сўзларнинг жуда кўпини ўзимдан қўшган, икки жамоа мухлислари ўртасидаги низони бартараф қилиш учун шундай йўл тутган эдим. Қарангки, айнан ўша гапларга урғу бердинглар, гапирганни даҳога чиқариб, шуми хақиқат?
“Нефтчи” манзилига, мухлислари номига кечадан бери тўхтамай тош отаяпсиз. Бизнинг футбол тозами, унда жазоланган учта ҳакам ҳақида гапиринг, ман атайин топанғич раҳбар ҳақида хаёлий ҳикоя ташлагандим, фикрларингни билмоқчи бўлиб, гап нима ҳақидалигини билиб туриб ҳам бирорта фикр айта олмадиларинг-ку барака топкурлар. Бу ҳакамлар ортида қанча келишилган ўйинлар, коррупция турганини нимага ёзмаяпсизлар?
Ёки ҳамма нарсага етган ақлингиз шу ерга келганда оқсадими. Гапни ҳам роса чўздим, нима қилай ичим тўлиб кетган. ПФЛ Про лигани ҳалол ўтказди деб ўйлайсизлар, шундайми. Яқиндагина шахсан ўзим ва кўплаб “Нефтчи” мухлислари ҳурмат қиладиган яҳши инсон нотўғри йўналишдаги поезд йўловчиси бўлиб қолганини гапирган эди. Бу нимани англатишини ҳаммамиз жуда яхши тушунамиз, чунки айнан Яйпандаги ўйиндан кейин айтилган бу фикрлар. Демак ПФЛ ва ўзбек футболи нотўғри йўналишда кетаётгани бор гап экан-да. Ёки кечаги ўйиндан кейин поезд ўз йўналишини топиб олдимикан.
Ҳа, “Нефтчи”ни роса хўрлашди, илтимос унга тош отишни бас қилинг. Энди елкамизга офтоб текканда бурнимиз қонади, энди тепкилаб ўтманг. Биз “Нефтчи”ни борича яхши кўрамиз. Юзта мухлис қолса шунинг ичида бўламиз, биттагина қолса ўша ҳам биз бўламиз. Кимнидир дилини ранжитган бўлсам кечирасизлар. Буларнинг бари тўпори мухлиснинг дил кечинмалари холос.
Сайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ
Comments