Latest news

10:49ФИФА кунлари бошланди. Миллий жамоа Кувайт ва Уругвайга қарши. Қолган ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз кимлар билан ўйнайди?  3 10:48Жеррард мураббийлик фаолиятини давом эттиришга яқин  0 10:24ОФК ЎФАни катта миқдорда жаримага тортди  21 10:23"Бавария" Англия терма жамоаси футболчиси билан музокараларни бошлади  1 09:56Ўзбекистон МТЖ собиқ футболчиси Каннаваронинг тайинланиши ҳақида: "Ассоцация қандай мезонларга таянганини билмайман"  19 09:20Туркиялик футболчининг трансфер нархи 80 миллион евро этиб белгиланди  0 08:59ФИФА президенти яна бир бор Ўзбекистон ҳақида фикр билдирди  3 08:15"Челси" январда 50 миллион фунтлик трансферни амалга оширмоқчи  0 07:45Ўзбекистон МТЖ собиқ футболчиси Каннаварони терма жамоаси устози бўлгани ҳақида фикр билдирди  7 01:57"Интер" кетма-кет 5 та пенальти қайтарган дарвозабонни сотиб олмоқчи  1 01:18Левандовски билан можаро сабаб ишсиз қолган мутахассис Қозоғистон терма жамоасини бошқариши мумкин  6 00:49"Бавария" "Барселона", "Ливерпул" ва "Реал" қизиқаётган ҳимоячи билан боғланди  0 00:15Жейми Каррагер: "Ливерпуль" деярли баскетбол жамоасига айланиб қолди"  1 23:31УЕФА "Барселона" ва "Милан"га АҚШ ва Австралияда ўйин ўтказишга рухсат берди, лекин ташкилот миллий лигалар ўйинларини чет элда ўтказишни қўллаб-қувватламайди  1 22:31ФИФА президенти Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийини табриклади  42

“Нефтчи”да янгиланиш жараёни News

“Нефтчи”да янгиланиш жараёни

2014 йил “Нефтчи” жамоаси учун ёқимли янгилик билан бошланди.
Ўзи шу жамоада ўйнаб, республика футбол жамоатчилигига танилган, кейинги йилларда мамлакатнинг етакчи жамоаси “Пахтакор” сафида фаолиятини кичик вазифадан бошлаб, уни бош мураббий сифатида чемпионлик даражасига кўтарган Муроджон Исмоилов қадрдон жамоасига қайтиб келди. “Нефтчи” да нафақат устоз ва мураббийлар, балки ўйинчилар таркиби ҳам республикамизнинг иқтидорли футболчилари ҳисобига бойитилмоқда.

Жамоада янгиланиш жараёни бундан 7 ой илгари бошланган эди. Клуб раҳбарлигига Комилжон Мирзабоев ва Амет Абдуллаевич Мемет келгач “Нефтчи” ўйинида сезиларли ўзгаришлар юз берди. 2013 йил сентябрь ойида жамоа республика биринчилигида учта учрашув ўтказиб, уччовини ғалаба билан якунлади. Қизиғи шундаки, бу учрашувларда фарғоналиклар ўз дарвозаларидан битта ҳам тўп ўтказмадилар. Бироқ октябрь ойига ўтиб жамоа ўйинларида яна пасайиш юз берди. Сафардагина эмас, Фарғонадаги учрашувларда ҳам мағлубият аламини татиб кўришга тўғри келди. Шу тариқа Фарғонанинг олий лигадаги довруқли жамоаси чемпионатни 9-ўринда якунлади. Мухлислар жамоадаги кризис ҳолатини ўнглаш учун энди қандай чора-тадбирлар кўрилар экан, деган савол билан футбол федерациясига мурожаат қила бошладилар. Бунинг устига кўпгина футболчилар турли сабабларга кўра “Нефтчи”ни тарк этишди. Янги йил байрами кунларида жамоанинг Қиргулидаги спорт базасида бўлиб, клуб раҳбарлари, футболчилари ва машқларни томоша қилаётган мухлислар билан суҳбатлашдик.

Муроджон Исмоилов-“Нефтчи” бош мураббийи:

  –Мен Фарғонага катта мақсадлар билан қайтдим. Ўтган йил ўрталаридаёқ мени “Нефтчи” га таклиф этишган эди. Лекин бошлаган ишимни чала қолдириб кетишга одатланмаганим учун бу таклифни қабул қила олмадим. “Пахтакор” билан тузилган шартномага амал қилиб жамоанинг чемпионатни муносиб якунлашини таъминлашга ҳаракат қилдим. Футбол академиясида иш бошлаб “Пахтакор”нинг бош мураббийи даражасига кўтарилганлигим ва 2012 йил мавсумида жамоа мамлакат чемпиони деган номга сазовор бўлганлиги менга катта фахр ва юксак масъулият бахш этган эди. 2014 йил 3 январь куни “Нефтчи” бош мураббийи сифатида иш бошладим. Дастлаб жамоада кўпдан бери тўп суриб келаётган ва янги келган футболчилар билан танишиб, суҳбатлашдим. Олдимизда жуда муҳим, оғир ва масъулиятли вазифалар турганлиги, Фарғонанинг олий лигадаги вакили азалий анъаналарини давом эттириб, бу йилги мавсумда энг ками кучли учлик орасида бўлиши шартлигини тушунтирдим. Сўнгра машғулотларга киришдик. Мураббийлар штаби аъзолари қайси йўналишда қандай иш олиб бориши кераклиги ҳақида бафуржа маслаҳатлашиб олдик. Ҳозирча  машғулотлар Қиргулидаги футбол майдонларида ўтказилмоқда. Режага мувофиқ ой охирларида машқларни Тошкентда ва хориж майдонларида давом эттирамиз.

  Комилжон Мирзабоев- “Нефтчи” профессионал футбол клубининг раҳбари, вилоят футбол федерациясининг биринчи вице президенти:

  –Ўтган йил ўрталарида “Нефтчи” клубига раҳбар этиб тайинланганимдан кейин менинг ҳаётимда янги давр бошланди. Аввало жамоадаги аҳволни ўнглаш, хавфли зонадан чиқишимиз ва албатта таркибни янгилашимиз керак эди. Клуб раҳбарияти айрим футболчилардаги иккиланиш ва масъулиятсизликка  барҳам беришга қарор қилган бўлса ҳам йилни якунламай, футболчилар ва мураббийлар билан тузилган шартномалар ниҳоясига етмагунча кескин ўзгаришлар қилишдан ўзларини  тийиб туришга мажбур эдилар. Яқинда футбол газеталаридан бирининг мухбири мендан  интервью олиш чоғида “Жамоани Мансур Саидов, Шукур Пўлатов, Сардор Мирзаев, Иқбол Акрамов ва Шерзод Ҳакимов каби моҳир футболчилар тарк этишди, уларнинг ўрнини боса оладиган йигитларни топиш қийин бўлмасмикин” деган савол билан мурожаат қилди.

  Бу футболчиларнинг жамоани тарк этишларида ҳеч қандай босим ўтказилгани йўқ. Айримларига ҳатто, хоҳласангиз шартнома муддатини узайтиришимиз ва янги мавсумда жамоа таркибида тўп суришингизда шароит яратишимиз мумкин, деган таклифларни ҳам айтдик. Жумладан, Сардор Мирзаевга. Лекин улар биз ўз кучимизни республикамизнинг номдор, етакчи жамоаларида синаб кўрмоқчимиз, дея жавоб беришди. Биз уларга оқ йўл тиладик. Раҳбарият кенгаши билан маслаҳатлашиб, янги йилда “Нефтчи”нинг янги таркибини шакллантириш давом этмоқда.

  Дастлабки машғулотларда Ғайрат Ҳасанов, Хислат Чилматов, Фаррух Турдалиев, Сардор Қобилжонов сингари дарвозабонлар, Диёрбек Эрматов, Вячеслав Пономарёв, Иқбол Бобохонов, Дэвид Ония, Достон Турсунов, Зокир Нурматов, Достонбек Турсунзода каби ҳимоячилар, Бахтиёр Ёқубов, Санжар Асқаралиев, Мирзакамол Камолов, Сайдулло Раҳматов, Маъруф Муродов, Ғуломқодир Ғуломов, Жавоҳир Расулов, Иззатбек Ғаниев, Алишер Файзуллаев, Павел Смоляченко, Сардор Соиповлардан иборат ярим ҳимоячилар, Носир Отақўзиев, Отабек Ҳайдаров, Умид Қодиров, Отабек Зокиров, Рўзимбой Аҳмедов ва Отабек Исроилов каби ҳужумчилар иштирок этмоқдалар.

Эътибор берган бўлсангиз, жамоа таркибида анчагина янги ўйинчилар бор. Уларнинг бир қисми республикамизнинг бошқа жамоаларидан келган бўлса, кўпчилиги вилоятимизнинг  иқтидорли ёшларидан. Ҳозиргача “Бухоро” жамоасидан дарвозабон Сардор Қобилжонов, ҳимоячи Дэвид Ония, “Навбаҳор”дан Рўзимбой Аҳмедов, “Сўғдиёна”дан Маъруф Муродов ва бошқалар билан шартнома тузилди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 1200 нафардан ортиқ ёш футболчилар иштирокида “Нефтчи”да ўйнашни хоҳлайсизми?” шиори остида синов учрашувлари ўтказилган эди. Учрашувларнинг 30 нафардан ортиқ иштирокчилари  жамоамиз назоратига олиниб, 2 нафари билан ҳозирданоқ шартнома  тузилди. Биз уларни ўринбосарлар таркибида чиниқтириб борамиз. “Нефтчи”да янгиланиш жараёни янги мавсумга тайёргарлик билан қизғин давом эттирилмоқда.

 Дэвид ОНИЯ, ҳимоячи:

– Мен кейинги йилларда футболчи сифатида Самарқанд ва Бухоро мактабларини кўрдим. Менга Фарғона футбол мактаби жозибалироқ  туюлди. Шу боис Фарғонага келиб, олий лига жамоаси билан шартнома тузиб, ишга киришдим. Маҳаллий футболчилар билан тезда тил топишиб кетдик. Мақсадимиз “Нефтчи”ни мамлакат чемпионатидаги пешқадамлар сафига олиб чиқиш,  билдирилган ишончни ҳар қандай шароитда ҳам оқлаш.

 Санжар АСҚАРАЛИЕВ, ярим ҳимоячи:

– Жамоа раҳбарияти ўзгаргандан кейин анчагина футболчилар республикамизнинг бошқа клубларига ўтиб кетишди. Уларнинг ўрнини қоплаш учун жамоага иқтидорли ёшлар жалб этилмоқда. Менга ҳам бошқа жамоалардан таклифлар тушди. Қабул қилмадим. Чунки қарийб 10 йилдан буён Фарғонанинг сувини ичиб, шу жамоа шаъни учун курашиб келмоқдаман. 2014 йилги мавсумда янги раҳбарлар бошчилигида яхши натижаларга эришишимизга ишончим комил. Бунинг учун аҳил бўлишимиз, тинмай меҳнат ва машқ қилишимиз керак.

 Абдураҳим Оламов, архитектор, футбол мухлиси:

–“Нефтчи”ни энг оғир дамларда қўллаб-қувватлаб, тўғри йўлга бошлаётганлиги, жамоага ҳар соҳада қулай шарт-шароит яратиб бераётганлиги учун кўп минг сонли мухлислар номидан вилоят ҳокимлигига миннатдорчилик билдираман.

Бу ёғи жамоа  раҳбарияти ва футболчиларнинг ўзларига боғлиқ.  Таркибга анчагина янги ўйинчилар қўшилишди. Улар эскилари билан тил топиб, аҳил бўлиб ҳаракат қилишса, Фарғона футболи ва Фарғона шаънини кўтариш учун бир ёқадан бош чиқариб ўйнашса, кўзланган мақсадга албатта эришилади. Футболчилар мухлислар ишончини оқлашга интилишлари ва уларни ҳурмат қилишлари керак. Шундагина  стадионларимиз  доим гавжум, учрашувлар натижали ва файзли бўлади. Янги йилнинг биринчи ўртоқлик учрашуви “Нефтчи” ва “Қўқон-1912” жамоалари ўртасида ўтказилиб, фарғоналиклар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганидан хурсанд бўлдик.

Дониёр ЭРГАШЕВ
“Фарғона ҳақиқати” газетасининг
2014 йил 15 январь 4-сонидан олинди
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика