"Мухлисдан савол". Элдор Шомуродов: "Машъал"га келганимда бутсаларим бўлмаган"
22 feb 2019 13:30
News
"Мухлисдан савол". Элдор Шомуродов: "Машъал"га келганимда бутсаларим бўлмаган"
4та учрашувда майдонга тушган Шомуродов рақиблари дарвозасига 4та гол уриб жамоамизнинг тўпурари бўлди. "Мухлисдан савол" рукни доирасида "Ростов" билан Испанияда йиғин ўтказаётган футболчига ўқувчиларимиздан келиб тушган энг сара ва қизиқарли саволлар билан мурожаат қилдик.
Элдор Шомуродовга савол йўлланг
- Элдор сиз тарбия топган "Машъал" клуби ва "Машъал" академияси ҳақида нима дея оласиз?
- "Машъал" Ўзбекистонда ўз ўрнига эга бўлган клублардан бири. "Машъал" академияси эса мамлакатимизнинг энг яхшиларидан бири эди. Ўзбекистон терма жамоасига кўплаб футболчилар етиштириб берган. Шу даражага етишимда "Машъал"нинг ўрни катта. Бу клубда бирга ишлаган барча мураббийлар, раҳбарлар ва ходимларга миннатдорчилик билдираман. Ўтган мавсум клуб биринчи лигага тушиб кетганини эшитгандим. Бундан албатта хафа бўлдим. "Машъал" имкон қадар тез Суперлигага қайтади ҳамда аввалги мавқеини тиклайди деган умиддаман.
- Футболдаги биринчи мураббийингиз ҳақида гапириб беринг.
- "Машъал" академиясига борганимда дастлаб 1994-1995 йилда туғилган футболчилар битта гуруҳ эди. Бу гуруҳда Отажон Авезов ва Баҳодир Шаймардонов мураббий эдилар. Кейинчалик 1995 йилги туғилган болалар алоҳида бўлишган ва Дилшод Андаевга топширилган. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишим керак. Отажон Авезовнинг турмуш ўртоғи Марал Авезова мактабда синф раҳбарим бўлган ва айнан уларнинг қўлида мактабни битирганман. Муборакда ўзимни ёлғиз ҳис қилганимда жуда ҳам катта ёрдам берганлар. Шунингдек академияда кўплаб мураббийлар билан ишлаганман. Шу даражага етишимда ҳар бир мураббийнинг ўрни катта. Шу боис уларнинг барчасига таъзим қилиб, катта раҳмат айтаман.
- Биринчи кийган бутсангизни ким, қачон олиб берган?
- "Машъал" академиясига келганимда тўғриси бутсам йўқ эди. Ўша ерда Музаффар деган боланинг бутсасини кийганман. Ўша пайтларни ҳозир ҳам жуда яхши эслайман. Кейинчалик Илҳом акам (Шомуродов) бутсадан ҳам, бошқа нарсалардан ҳам ёрдам бериб турганлар.
- Вақти келиб ўғил фарзандингиз бўлса ва у футболчи бўлишни истаса бунга қаршилик қилмайсизми?
- Худо хоҳласа фарзандлик бўлсам, у футболга бораман деса умуман қаршилик қилмайман, аксинча хурсанд бўламан.
- Амакингиз Отабек Шомуродов ҳозир қаерда ва нима иш билан машғул?
- Отабек акам Сурхондарёда яшаяптилар. Жарқўрғон туманида ўз бизнеслари бор. Ҳозирда шу иш билан шуғулланаяптилар.
- БААда ўтган Осиё Кубогини "Ростов"даги футболчи ва мурабийлар кўришибдими? Терма жамоамиз ҳақида улар нима дейишди?
- Ҳа, имкон қадар кузатиб боришибди. Ҳар бир ўйиндан кейин ғалаба қозонсак, клубдошларим табриклаб туришди. Мураббийлар эса мусобақадан қайтганимдан сўнг ҳаракатларим яхши чиққанини айтишди.
- Сиз термада ажойиб ўйинлар кўрсатдингиз, аммо "Ростов"да ўйинингиз қовушмаяпти. Бунинг сабаби нимада? У ерда рақобат кучлилиги учунми? Балки жамоани алмаштиришни ҳам ўйлаб кўрарсиз?
- "Ростов" билан яна икки ярим йиллик шартномам бор. Рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Худо хоҳласа терма жамоадаги ўйинимни "Ростов"да ҳам кўрсатаман. Мураббий билан алоқам жуда яхши. Шу боис кетиш ҳақида умуман ўйлаётганим йўқ.
- Авваллари терма жамоага Азиз Ҳайдаров витаминлар етказиб турарди. Ҳозир бу ишни ЎФА ўз зиммасига олганми ёки аввалгидек футболчиларниг ўзи амаллаяптими?
- Ҳозир барчасини Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўз зиммасига олган.
- Агар сизга Англия, Испания, Германия, Италия ёки Франциядан ҳозирги маошингизни учдан бирини берамиз дейишса, ўша жамоа сўнгги ўринда бўлса ўтармидингиз?
- Ҳозир "Ростов"да ҳам катта маош олаётганим йўқ. Аслида ниятим ҳам ўша чемпионатларда ўйнаш. Кейинчалик Европага йўл олиш учун ҳам айнан "Ростов"ни танлаганман.
- Тасаввур қилинг сизга икки хил таклиф бор: Биринчиси катта пул эвазига Осиё клубларида ўйнаш ва кам пулга Франция чемпионатига қайсини танлардингиз?
- Менда деярли шунга ўхшаш таклиф бўлган. Фақат Франция чемпионати ўрнида Россия чемпионати бўлди.
- Осиё Кубогида гол урганингиздан сўнг сажда қилганингизга гувоҳига айландик ва бундан хурсанд бўлдик. Авваллари бундай нишонламас эдингиз. Бунга нима сабаб бўлди?
- Осиё Кубогидан олдин энди гол урсам шундай нишонлайман деб ният қилгандим.
- Негадир Элдор Шомуродов ва Отабек Шукуровнинг ёши "урилган" деган гаплар юради.
- Йўқ бу бўлмаган гап.
- Ёш футболчиларимизга қандай маслаҳат берасиз?
- Ҳамма кераксиз хаёлларни бошдан чиқариб, фақат футбол ҳақида ўйлаб ниятни яхши қилиб, меҳнат қилса ўзлари ўйлаган ютуқларга албатта эришади.
- Тўй қачон?
- (кулади) Ҳозирча режада йўқ. Балки 2-3 йилдадир.
- Футболдаги энг қувончли ва қайғули ҳолат ёдингиздами?
- Қувончли ҳолатлар жуда кўп бўлган. Энг қайғули кун эса 2018 йилги Жаҳон чемпионати саралаши доирасида сафарда Хитойга ютқазган кунимиз.
- Элдор исмли энг машҳур уч инсонни айта оласизми?
- Элдор Суюнов, Элдор Мустафоев ва Элдор Бойматов. Қолгани ёдимга тушмаяпти.
- Европада қайси клубда ўйнашни орзу қиласиз?
- Яхши кўрган клубим Лондоннинг "Челси" клуби. Айнан шу жамоада ўйнашни орзу қиламан.
- Хорижда қайси футбол юлдузини ёқтирасиз?
- Испаниялик Фернандо Торрес ва африкалик Дидье Дрогба.
"Мухлисдан савол" рукни давом этади. Тез орада қайси футболчига савол юборишингиз мумкинлигини эълон қиламиз. Сайтимизни кузатиб боринг.
Comments