Мутолаа учун. Роберт Левандовски: "Клоппга деярли ҳар куни 50 евро тўлар эдим"
17 jan 2021 16:18
News
Мутолаа учун. Роберт Левандовски: "Клоппга деярли ҳар куни 50 евро тўлар эдим"
Унда футболчи ФИФАнинг "Йилнинг энг яхши футболчиси" мукофоти, ота-онаси, футболдаги муваффақиятсиз уринишлари ва Юрген Клопп билан танишиши ҳақида ҳикоя қилиб берди. Левандовски агар ўз ҳаёти ҳақида фильм суратга олинса қандай бўлиши ҳақида гапирди.
Кино
Бир неча кун олдин мен уйқудан уйғониб ўгирилдим ва ёнимдаги ёстиқда ғалати бир нарса ётганини кўрдим. Сиз бу туйғуни чиндан ҳам яхши уйқудан уйғонганингизда биласиз ва сизга бу туш ҳали ҳам давом этаётганга ўхшайди. Хўш, бу нарсага менинг биринчи муносабатим (Роберт ётоқда бирга суратга тушган ФИФАнинг энг яхши футболчиси учун мукофот ҳақида) шундай бўлди: "Нима? Бу қандай қилиб бу ерга етиб келди?"
Маросимда бўлганим ва мукофот олганим ҳақида аллақандай ажойиб хотираларим бор эди. Аммо унинг ҳақиқатга айланиши жуда ғалати туюларди. Кейин мен ушбу мукофотни қўлга киритдим ва "Вой... Бу туш эмас", - деб ўйладим. Бу ҳақиқий эди. Улар сизни дунёдаги энг яхши футболчи деб аташди. Ва сиз кубокни ётоққа олиб кетдингиз! Бу кулгили, аммо ёқимли эди.
Нимага эришганимни тушуниш учун, албатта, ушбу кубокка диққат билан қарашим керак эди. Аслида бу бутунлай тўғри эмас. Ростини айтсам, мен буни ҳали ҳам тўлиқ англаб етмаганман. Польшаликлар ҳақида бир нарсани тушунтириб берай, кейин тушунарсиз балки. Маросим олдидан мен "Бавария"да ажойиб мавсум ўтказганимни билар эдим. Мукофотни ютишим мумкинлигини ҳам билардим. Эҳтимол, мен бунга лойиқман. Аммо, Польшада кўплаб одамлар ўзларининг паст даражаларига эга. Ҳеч бир польшалик футболчи дунёнинг энг яхши футболчиси деб номланмаган. Мамлакатимизда томоша қиладиган ва ҳайратланадиган супер юлдузлар йўқ. Скаутлар ҳар доим шундай дейишади: "У ёмон эмас... польшалик йигит учун". Демак, польшаликларда ҳеч ким ҳеч қачон мукофот олишга қодир эмаслиги, ҳеч бири ҳеч қачон муваффақиятга эриша олмаслиги ҳисси бор.
Польшадан келган болалар дунёдаги энг яхши бўлишлари шарт эмас, ҳеч ким уларга бундай фикрлашни сингдирмайди. Мен мукофотим ҳақида ўйлар эканман, бундай бўлмаслиги кераклигини тушундим. Шунинг учун, кубокни қўлга киритганимга ишонмадим. Биламан, одамлар буни ибора деб ўйлашади, лекин ҳаётим ҳақиқатан ҳам кўз олдимда порлаб турди. Тўп билан биринчи қадамларимни, лойли далалардаги биринчи ўйинларимни ва шу даражага етишимга ёрдам берган барча одамларни кўрдим. Бу худди кино каби эди. Бутун драма учта актда намойиш этилган ва мен сиз билан ушбу "фильм"ни баҳам кўрмоқчиман. Биламан, ҳозирда футболда катта карьерани орзу қиладиган ва менинг ютуқларимни такрорлаш мумкин эмас деб ўйлайдиган болалар бор. Ушбу воқеа улар учун учта актдан иборат. Фильм шундай кўринишга эга бўлар эди:
АКТ I: Даҳлдорлик
Мен болалигимда, биринчи марта маҳаллий черковда жамоат билан уни қабул қилдим. Католик динини яхши билганлар учун бу - ҳақиқатан ҳам алоҳида кун. Бу черковдаги "Масса"( католикларда-ибодат ва шу ибодат вақтида айтиладиган куй) билан бошланади, кейин биз бутун оиламиз билан бирга нишонлаймиз. Муаммо шундаки, "Масса"дан уч соат ўтгач мени футбол ўйиним бор эди ва стадионга етиб бориш жуда узоқ бўлган.
Шундай қилиб, таътил олдидан отам Кшиштоф руҳоний билан бироз суҳбатлашди. Бу менинг туғилган шаҳрим Лешнода бўлган эди, Варшавадан ғарбий 40 дақиқа узоқликда жойлашган кичкина қишлоқлиги учун отам у ердаги ҳамма билан таниш эди.
У шундай деди: "Эшитинг ота, эҳтимол биз бу ишни ярим соат олдин бошлашимиз мумкинми? Ёки маросимнинг охирини 10 дақиқага қисқартириш керакми? Кўряпсизми, бу кун менинг ўғлимнинг футбол учрашуви бор...". Балки бу бир оз ақлдан озгандек туюлиши мумкин, лекин аслида руҳоний мени шунчалик яхши билар эдики, у бир зум ўйланиб турди ва кейин шундай деди: "Албатта, нега бўлмасин? Биз унинг футболни қанчалик севишини биламиз. Биз буни уддалаймиз ва у тезда бўш бўлади".
Шундай қилиб, муқаддас маросим тугагандан сўнг, отам билан мен машинага югурдик ва ўйин томон йўл олдик! Бу кулгили эди! Ҳа, албатта, биз ўша баҳсда ғалаба қозондик. Менимча, бу воқеа менинг болалигимни сарҳисоб қилади. Футболдаги фаолиятим тўғри йўналишда ривожланиши учун отам доим менга ёрдам беришга ҳаракат қилган.
Беш ёшимдан футбол ўйнашни бошлаганимда, Лешнода менинг ёшимдаги болалар учун жамоалар йўқ эди, шунинг учун мен икки ёш катта болалар билан ўйнашга мажбур бўлдим. Бу жуда қийин эди, чунки мен жуда уятчан, новча йигит эдим ва бу ёш учун икки йил жуда катта фарқ. Кўп йиллар давомида мен Варшавадаги жамоада ҳам ўйнаганимда машғулотга бориб қайтиш учун бир соатдан йўл босишим керак эди. Агар мени у ерга олиб боришни хоҳлайдиган, менга ишонадиган ота-онам бўлмаганида эди, демак, менинг футбол орзуим ҳали бошланмасдан тугаган бўлар эди.
Онам ҳам, отам ҳам жисмоний тарбия ўқитувчилари бўлишган. Отам мактабда менинг жисмоний тарбия ўқитувчим эди. Мактабдан кейин у мени машғулотга олиб борди, икки соат машғулотим тугашини кутиб турди ва кейин уйга олиб кетди. Клубда кийим алмаштириш хоналари йўқ эди, шунинг учун мен тез-тез ёмғир остида югуриб, лойга ботган ҳолда машинага қайтиб келдим. Кейин қоронғида йўл бўйлаб кетдик ва кечки соат 10да уйга қайтдик. Ҳа, бу мен машғулот қилишим учун дадамга ҳар кунги тўрт соатлик саёҳат эди. Бошқа баъзи ота-оналар уни ақлдан озган деб ўйлашди. Улар ҳақиқатан ҳам унга шундай дейишди. Мен ҳазиллашмаяпман. Мен бошқа ота-оналарнинг ота-онамдан ҳеч бир муболағасиз "Нега бундай қиляпсан, нега шунча вақтни саёҳатга сарфлайсан?", - деганини эшитдим.
Ота-онам ҳеч қачон фарзандининг профессионал бўлишини хоҳлашларини айтмаганлар. Бунинг ўрнига улар "Робертнинг орзуси бор ва у бу ўйинни яхши кўради", - деб жавоб беришди. Ҳеч қачон мана бундай бўлмаган: "О, биз Робертнинг профессионалга айланиши, юқори даражага кўтарилиши ва бойиб кетиши учун ҳамма нарсани қилишимиз керак", - дейишмаган. Ота-онам мени бахтли қилиш учун шундай қилишди.
Биласизми, кўплаб ота-оналар фарзандларига муваффақият қозониш учун босим ўтказадилар. Мен четда турган оталарни 10 ёшли болаларга яхшироқ ўйнаши учун бақираётганларини кўрдим. Мен болалигимда бу жуда яхши туртки эмаслигини англадим. Ва ҳозир деярли ҳеч нарса ўзгармади. Чунки бу ота-оналар спортчи бўлиш қандай эканлигини билишмайди. Улар сизнинг футболга бўлган муҳаббатингиз қалбингиздан чиқиши кераклигини англамайдилар. Агар бола қилган ишидан нафратланса, уни муваффақиятли ўйинчи қила олмайсиз.
Ҳатто, ёшлигимда аллақачон мени футбол учун жуда кичкина ва ингичка деб ўйлайдиган одамлар бўлган. Аммо ота-онам мени доим ўзим ҳақимда ўйлашга, бошқаларнинг сўзларини эътиборсиз қолдиришга ундашган. Улар менга доим шундай дейишарди, лекин улар нимани назарда тутишини аниқлаш учун йиллар керак бўлди. Улар: "Роберт... ўз сезгиларингга ишон", - дерди. Бу ҳужумчи ёки бошқалар учун яхши сабоқ.
АКТ II:Рад этиш
16 ёшлигимда отам узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди. Мен учун қанчалик қийин бўлганини тасвирлаш ҳали ҳам жуда қийин. Болалигингизда баъзи нарсалар борки, улар ҳақида фақат отангиз билан гаплашишингиз мумкин. Масалан, улғайиш ва қандай қилиб ҳақиқий эркакка айланиш ҳақида. У вафот этганидан кейин мен у билан бу нарсалар ҳақида тез-тез гаплашишни хоҳлардим. Мен унга телефон орқали қўнғироқ қилиб, унинг овозини эшитишни, маълум бир вазиятда унинг фикрини билишни хоҳлаган пайтларим кўп бўлган. Ҳатто 10 дақиқа давомида. Аммо отам энди мен билан гаплаша олмасди... Онам менга қўлидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилди ва мен учун қилган ишларини жуда ҳурмат қиламан. У ҳам она, ҳам ота бўлиши керак эди. Бу жуда қийин. Ўша пайтда Польшанинг энг катта клубларидан бири бўлган "Легия" (Варшава)нинг захира жамоасида ўйнаганман. Биз учинчи дивизионда ўйнардик. Тахминан 12 ойдан сўнг, 2006 йилда менинг шартномам тугади ва клуб шартномани яна бир йилга узайтириши тўғрисида қарор қабул қилиши керак эди.
Афсуски, мен тиззамдан жиддий жароҳат олдим ва клубдаги баъзи одамлар энди мени бошқа ҳеч қачон юқори даражада ўйнай олмайди деб ўйлашди. Бу даҳшатли вақт эди ва мен клубдан улар нима қилишмоқчи эканликларини сўрадим. Улар ҳаттоки менга мураббий ёки техник директорни юборишга фурсат топишмади. Улар котибни юборишди... У менга шартнома узайтирилмаслигини айтди.
Бу ҳаётимдаги энг ёмон кунлардан бири эди. Отам вафот этди, энди карьерам барбод бўлган эди. Янгиликларни эшитиб онам кутиб турган машинага қайтдим. У дарҳол англади. Ва мен шунчаки ҳиссиётларимни жиловлай олмадим... Мен йиғлаб юбордим ва онамга нима бўлганини айтиб бердим.
Онам ҳар доим кучли аёл бўлган. У: "Яхши, биз ишлашимиз керак. Таслим бўлиш ва ўтмиш ҳақида ўйлашдан фойда йўқ. Олдинга қара. Биз бирон нарса қилишимиз керак", - деди.
Шундай қилиб у Прусковдан "Знич" клуби вакиллари билан алоқага чиқди. Улар учинчи дивизионда ҳам ўйнашган, аммо клубнинг ўзи жуда камтар эди. Аслида улар бир-икки ой олдин мен билан ҳамкорлик қилмоқчи эди, аммо кейин мен: "Знич"? Нега бундай клуб учун "Легия"ни тарк этаман?" - деб ўйлагандим.
Аммо энди улар мен билан ҳали ҳам ҳамкорлик қилмоқчи эканликларидан хурсанд бўлдим. Мен у ерга бордим ва у ерда жароҳатимдан тиклана бошладим. Ростини айтсам, мен жуда ёмон аҳволда эдим, ҳатто одатдагидек югура олмасдим. Худдики, бир оёғим тўпиғи атрофида бир цемент блок бордек, иккинчисидан орқада қолгандек. Биласизми, бу кулгили кўринарди.
Тасаввур қилинг, агар мен гап-сўзларга эътибор берадиган бўлсам, кейин бу жароҳат фаолиятимни якунлашга мажбур қиларди. Ўзингиз ўйлаб кўринг: 18 ёшида катта иқтидор эгалари "Бавария", "Барселона" ёки "Манчестер Юнайтед" каби клубларда ўйнашган. Ва ўша пайтда мен Польшанинг учинчи дивизиони клуби футболчиси эдим, умуман қандай қилиб тўғри югуриш кераклигини эслашга ҳаракат қилардим.
Албатта, мен ҳаётимнинг ўша даврида жуда кўп нарсаларни ўргандим. Ишончим устида кўп ишлашим керак эди. Ва яхши ҳолатга қайтишим учун анча вақт керак бўлди. Аммо буни амалга оширгач, деярли ҳар бир учрашувда гол уришни бошладим.
Тўрт йил ўтиб, менга Польша футболини тарк этиш таклифлари ёғилди. Миш-мишлар тарқалди, одамлар менга нима қилишим кераклигини айтарди. Кўп жойларга ташриф буюришим мумкин эди. Аммо ота-онамнинг менга айтган сўзлари эсимга тушди: "Ўз сезгиларингга ишон". Мен ҳар доим қаерга боришни хоҳлаётганимни билар эдим. Германия мени кутиб турарди.
АКТ III: Ишониш
Мен бир пайтлар Юрген Клопп билан гаров ўйнаганман. 2010 йил эди ва мен бир неча ойни "Боруссия"да шунчаки ўтказаётгандим. Ростини айтсам, бу жуда қийин эди. Мен келганимда, немис тилида зўрға гаплаша олардим. "Danke" (раҳмат) ва яна бир нечта сўзларни айтардим. Клоппнинг машғулотлари интенсивлиги жуда юқори эди. Мен жамоа учун фойдали бўлишни жуда хоҳлардим, Юрген эса менга қарши чиқишни хоҳлади. Шундай қилиб, биз у билан гаров ўйнадик. Агар мен машғулотда 10 та гол урсам, у менга 50 евро берган бўларди. Агар бундай қилолмасам, унга 50 евро берар эдим.
Бошида бир неча ҳафта ичида Клоппга деярли ҳар куни 50 евро тўлашим керак эди. У менга кулиб қўйди ва бу давом этади деб ўйларди. Аммо бир неча ойдан кейин вазият ўзгарди. Мен Клоппдан доимий тарзда пул олишни бошладим. Бир марта у: "Тўхта! Етарли. Энди мен сенинг жамоага фойда келтиришга тайёр эканлигингни кўриб турибман", - деди. Аммо тўғрисини айтсам, мен ҳали тайёр эмас эдим. Учрашувлар эса машғулотлардан анча фарқ қиларди.
Ўша мавсумда мен тез-тез захирадан тушардим. Мавсумнинг иккинчи ярмида кўпроқ ўйнадим, лекин дастлаб ўзимни қулай ҳис қиладиган тўғри позицияда ўйнашим керак эди. Мен ҳужумчилар ортида ўйнашим, уларга ёрдам беришим керак эди. Бироқ, мен Юргенга ушбу олти ой учун миннатдорчилик билдиришим керак. Қандай қилиб пастдан тўғри ҳаракат қилиш ва қандай қилиб ҳужумчиларга эргашиш кераклиги ҳақида жуда кўп нарсаларни билиб олдим.
Иккинчи мавсум бошланганда, мен ҳали ҳам асосий чизиқдан жой олиш учун курашдим. Юрген мендан нимадир истаётганини ҳис қилдим, лекин аниқ нима қилишим кераклигини тушунмадим. Чемпионлар Лигасида "Марсель"дан учралган оғир мағлубият (0:3)дан сўнг унинг олдига бориб: "Юрген, кеттик. Биз гаплашишимиз керак. Фақат мендан нима кутаётганингизни айтинг?" - дедим. Унинг менга айтган ҳамма гапларини эслай олмайман - немис тилим ҳали ҳам мукаммалликдан йироқ эди, лекин мен аллақачон билган сўзларим ва имо-ишоралар ёрдамида биз бир-биримизни тушунардик. Биз ажойиб суҳбат ўтказдик.
Уч кундан сўнг, "Аугсбург" билан ўйинда мен хет-трик қайд этдим ва Гётцега самарали пас бердим. Биз 4:0 ҳисобида ғалаба қозондик ва бу мен учун бурилиш нуқтаси бўлди. Бу руҳан менинг характеримдаги баъзи бир нозик ўзгаришлар эди. Ва менимча, бу менинг отам билан боғлиқ. Ўша пайтда бу ҳақда ўйламаган эдим. Аммо энди англадимки, Юрген билан суҳбатим отам билан бўлишни истаган суҳбатимдай бўлган. Юрген билан ҳар қандай нарса ҳақида гаплашишим, унга ишонишим мумкин эди. У оилам аъзосидек, шахсий ҳаётимда юз бераётган воқеаларга жуда хайрихоҳ эди.
Юрген мен учун нафақат ота эди, балки мураббий сифатида у "ёмон ўқитувчи"га ўхшарди. Ва мен бу сўзни энг яхши маънода айтмоқчиман. Тушунтириб берай. Мактабда ўқиган пайтларингизни эсланг. Қайси ўқитувчини кўпроқ эслайсиз? Ҳаётингизни осонлаштирган ва сиздан ҳеч нарса кутмаган одамни эмас. Йўқ, албатта у эмас. Ёмон ўқитувчини эслайсиз, сизга қаттиққўл бўлган ва доимо кўпроқ нарсани талаб қиладиган кишини. Сизга босим ўтказган ва сиздан максимал даражада фойдаланиш учун ҳамма нарсани қилган инсонни. Айнан шу ўқитувчи сизни яхши қилади, тўғрими? Юрген ҳам шундай эди.
Клопп шунчаки бирон бир ишни яхши бажараётган талабани ҳеч қачон мақтамайди. Юрген ҳар доим ўз "шогирдлари" дан ҳамма нарсани мукаммал қилишни талаб қиларди! У сизни ўзи учун эмас, балки ўзингиз учун энг яхши бўлишингизни хоҳларди. У менга кўп нарсани ўргатди. Дортмундга келганимда, мен тезда ҳамма нарсани қилишни хоҳлардим: ҳар доим тўпни бир тегиниш билан ўйнашни, тўпни ушлаб турмасликни, лекин Юрген тинчланишим кераклигини ва шунчаки ўйин ритмини ҳис қилиб, ўз сезгим билан ҳаракат қилишни ўрганишимни айтди. Очиқ-ойдин кўриниб турган қарор ҳар доим ҳам тўғри бўлмайди. Баъзида қарор қабул қилишга шошилгандан кўра, тўпни тўхтатиб, унга икки марта тегиб, кейин зарба берган яхшироқ эканлигини айтди. Мен учун бу ғалати эди, сабаби мен бундай ўйнашга одатланмаган эдим, лекин тез орада кўпроқ гол уришни бошладим ва Юрген кўпроқ нарсаларга қодир эканимни тушунганини англадим.
Мен учун барчаси яхши томонга ўзгариб, барқарор гол уришни бошлаганимда, Юрген мени яна тўпга бир тегиш билан тезкор ўйнашга ундади: сиз тўпни кўрасиз ва дарвозага дарров зарба беришингиз керак. Бу ғалати ва содда туюлади, лекин аслида у ажойиб эди. У нимани энг яхши қилишим мумкинлигини ва буни қандай қилиб ўргатишни жуда яхши тушунарди.
Юрген биз биринчи навбатда одамлар эканлигимизни, иккинчидан, футболчилигимизни ҳеч қачон унутмаган. Эсимда, бир куни биз дам олиш кунидан кейин кийим алмаштириш хонасида эдик. Биласизми, ўйинчи ичганида классик ҳийла-найранг бу эртаси куни эрталаб оғзингиздан спиртли ичимлик ҳидини сезилмаслиги учун кўп саримсоқ истеъмол қилишдир. Шундай қилиб, Юрген машғулот олдидан келиб, бизни ҳидлай бошлади. У овчи итга ўхшарди. "Хушбўй ҳид. Хушбўй ҳид", - деб, ниҳоят, у: "Мен ғалати ҳидни сезяпман... бу саримсоқми?" - деди.
Албатта, у буни билар эди. Ва биз ҳам унинг билиб қолганини сезардик. Аммо у шунчаки саволни ҳавода қолдириб, бошқа сўз айтмасдан кетиб қолди. Бир лаҳза сукут сақлаб қолдик, кейин ҳаммамиз бир-биримизга қараб кулишни бошладик. Дарс: ҳеч қачон Юрген Клоппни алдашга уринманг. У жуда ақлли!
Албатта, Юрген мени яхши томонга ўзгаришимга ёрдам берган ягона одам эмас эди. Мюнхеннинг "Бавария"сига ўтганимда Юпп Хайнкес, Пеп Гвардиола, Карло Анчелотти ва ҳозирда Ханси Флик каби мураббийлардан кўп нарсаларни ўргандим. Шунчаки "Бавария"да ўйнаш ҳақиқатдан ҳам ажойиб, чунки талаблар жуда юқори ва клуб шунчалик профессионалки, сиз ўз стандартларингизни кўтаришингиз керак ва сиз буни бажарасиз. Аммо яқинларимнинг ёрдамисиз мен бу қадар яхши ўйнамаган бўлардим. Турмуш ўртоғим Анна ҳаётимда менга энг кўп ёрдам беради ва бу шунчаки сўзлар эмас.
"Знич"да ўйнаганимда биз университетда учрашдик. У махсус парҳезларнинг спортчилар ривожланишига таъсирини ўрганиб чиқди. Тахминан 26 ёшимда, ўйинга психологик ёндашувимни яхшилаш учун унинг билимларидан қандай фойдаланиш ҳақида ўйлай бошладик. Биз ҳар бир муаммо ҳақида суҳбатлашдик ва мен мураббийлар барча ёш футболчилардан нимани хоҳлашини тушуниб етдим: ҳар доим ўз муаммоларингиз ҳақида гапирганда, уларни ичингизда сақлаш ўрнига муаммони ҳал қилишингиз керак.
Бу менинг футболчи ва шахс сифатида ривожланишимда катта қадам бўлди. Ҳаётимда бўлган барча воқеаларни, бу "фильм" миямда айланаётганини кўриб, ўзимни қанчалик омадли эканимни тушунаман. Совринларни ҳеч қачон бир ўзингиз қўлга киритмайсиз. Мен қўлимда ушлаб турган ёки мен билан бирга ётган барча совринларни энг яхши бўлишимга ёрдам берган барча жамоадошларим билан бирга қўлга киритдим. Болалигимдаги дўстларим, мураббийларим, синглим, муқаддас маросимдан эрта чиқиб кетишимга имкон берган руҳоний... Ва, албатта, карьерамни эрта тугатишга яқин бўлганимда, ёнимда бўлган онам.
Ва мен отам ҳақида албатта айтиб ўтишим керак. У менинг профессионал футболчи бўлишимни кўриш учун яшамади, гарчи ҳозир у барча ўйинларимни осмондан томоша қилмоқда деб ўйлаётган бўлсамда. Уни биринчи марта тўпни менинг оёқларимга қўйгани, нега мен футбол ўйнаганимни ҳеч қачон унутишимга йўл қўймайди. Кубоклар учун эмас. Пул учун эмас. Шон-шараф учун эмас. Йўқ, биз уни севганимиз учун ўйнаймиз. Раҳмат ота.
Ушбу фильмни қандай тугатган бўлардим? Мен хаёлимда кўп марта ўйлаган фильмнинг сўнгги саҳнаси... бу отам билан эпизод бўлади. Мен ҳеч нарсага эришишдан олдин ота-онам билан бахтли ҳаётнинг хотираси. Илгари бизнинг қишлоқни ташқарисидагина кимдир менинг исмимни билар эди. Ҳеч қандай соврин ютишни бошламасимдан олдин. Бегона одам учун бу хотира оддий бўлиб туюлади, лекин мен учун бу - ҳаётимдаги энг қадрли хотиралардан бири.
Эрта тонгда отам мени Польшанинг нариги томонидаги ўйинларга олиб бораяпти, биз эса футбол ҳақида, ёки мактаб ҳақида, ҳатто сукут сақлаш ҳақида гаплашяпмиз. Биз машинада бирга ўтирамиз, мен эса деразадан дарахтларга қарайман ва кейинги ўйинни кутаман.
Биз: дадам ва мен машинада кетамиз. Футболга. Бахт учун буларнинг барчаси зарур эди. Бу энг яхши хотира.
Хуршида Абдикулова таржимаси
Comments