Latest news

10:33«Олимпик» 7 нафар футболчи билан шартнома тузди  1 10:09Футбол, Ҳасанбой ва бошқалар. Бугун Париж Олимпиадасида иштирок этадиган спортчиларимиз рўйхати билан танишинг  2 10:00УзПФЛ. «Нефтчи» етти нафар футболчини рўйхатдан ўтказди ва яна шунча футболчи билан хайрлашди  3 09:28FourFourTwo. Футбол тарихидаги энг яхши таянч яримҳимоячилар рейтинги тузилди  3 08:56Ибаи Гомес: "Ўзбекистонга қарши ўйинда ғалаба қозонсак, кейинги босқичга йўл олишимизга ишонаман"  12 08:25«Насаф» собиқ дарвозабони ва яна икки нафар футболчи. «Қўқон-1912» уч нафар футболчи билан шартнома тузди  1 07:55Канада терма жамоаси гуруҳда иккита учрашувда ғалаба қозонди, бироқ уларда ҳозирча 0 очко. Қандай қилиб?  2 07:24Бугун Доминикан Республикасига қарши майдонга тушамиз  21 01:30Педри ваъдасида туриб, мўйлов қўйди  6 00:30Левандовски: "Мбаппе - "Барселона" учун қўшимча мотивация"  6 00:00Назорат учрашувида "Пахтакор" "Машъал"га мағлуб бўлди  6 23:45"Челси" билан музокара ўтказган Кьеза "Тоттенхэм"га ўтиши мумкин  1 23:11"Арсенал" ҳужумчи борасида яна Италия клубига мурожаат қилди  3 22:44Мбаппе Франция клубининг бошқарув акциялари пакетини сотиб олади  1 21:55"Насаф" яна бир трансфер ҳақида эълон қилди  5

Май лауреати. Виктор Кумиков: "Ўзбекистонда 11 йилдан бери юлдузлар ўша-ўша" News

Май лауреати. Виктор Кумиков: "Ўзбекистонда 11 йилдан бери юлдузлар ўша-ўша"

Май ойи якунларига кўра, "Олмалиқ" бош мураббийи Виктор Кумиков "Championat.asia" томонидан ойнинг "Энг яхши мураббийи" деб топилди.

Натижада биз россиялик мутахассисни офисимизга таклиф этиб кенгроқ суҳбат уюштиришни лозим топдик.

Маълумот учун, Виктор Кумиковнинг Ўзбекистондаги фаолияти дастлаб 2006 йилнинг май ойида бошланган. Ўшанда Виктор Балютович "Машъал"ни қабул қилиб олганди. Кумиков 2006-2008 йилларда "Машъал"ни бошқариб, икки марта тўртинчи ва бир марта учинчи ўринни эгаллаган.

Кейинчалик "Насаф"да иш бошлаган мутахассис 2009-2010 йиллар давомида икки бор бронза медалларига сазовор бўлди. Шундан сўнг Кумиков Қозоғистонга йўл олиб, 2001-2014 йилларда "Шахтёр"ни, 2015-2016 йилги мавсумларда "Ордабаси"ни бошқарди. Бу йилдан эса "Олмалиқ"да ишлаб келмоқда ва унинг қўл остида бу жамоанинг натижалари чакки эмас.

- Виктор Балютович, яхшимисиз? Кайфиятлар жойидами?

- Ўзбекистон Кубоги баҳсларидан чиқиб кетганимизни ҳисобга олмаганда ҳаммаси жойида.


- Аслида суҳбатни бошқа бир савол билан бошлаймиз деб тургандим. Мадомики ўзингиз Кубок ҳақида сўз очган экансиз, келинг дастлаб шу ҳақда гаплашамиз. Кубок ўйинларида "Олмалиқ" олдига вазифа қўйилганмиди?
- Аниқ бир мақсад - масалан Кубок ютиш, қайсидир босқичга бориш каби вазифа қўйилмаганди. Жамоамиз олдига қўйилган вазифа яхши ўйинчиларни йиғиб, йилдан йилга юқорига кўтариладиган таркибни шакллантириш ҳисобланади. Ҳар ҳолда бу йилги мақсадимиз шунақа. Кейинги йил нима бўлишини эса вақт кўрсатади.

- Кубок ўйинида "Динамо"дан ўтказиб юборилган иккинчи гол ҳақида нима дея оласиз? "Олмалиқ" ўйин охирларида ўз дарвозасидан тўп ўтказиб шу тариқа Кубокни тарк этди.

- Бунақа голни биринчи бор ўтказаётганимиз йўқ. Шундай гол "Сўғдиёна" билан баҳсда ҳам дарвозамизга урилганди. Бу каби голлар тасодифан бўляптими ёки тақдир бизни синаяптими, бир нарса дейишим қийин. Умуман олганда, бундай голлар тўсатдан содир бўлади деган маъқул.

- "Championat.asia" томонидан май ойининг "Энг яхши мураббийи" деб топилдингиз. Бу сиз учун нимани англатади?

- Биринчи навбатда катта раҳмат. Менинг мураббийлик меҳнатим шунга лойиқ кўрилган экан, бундан хурсандман. Ҳозирча ойнинг энг яхшиси деб топилибман, агар йил охирида ҳам шундай совринга лойиқ кўрилсам, янада мамнун бўламан. Лекин мавсум узоқ, олдинда нималар бўлишини билмаймиз.

- Йил якунида энг яхши бўлиш учун ниманидир ютишингизга тўғри келади.

- Буни биламан. Ва албатта шунга ҳаракат қиламиз.


- "Олмалиқ" футбол клубидаги ишингиз қандай кетяпти? Ҳар ҳолда бу сиз учун янги жамоа ҳисобланади.
- Материал-техник томондан ҳаммаси жойида. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўйин ҳақида гапирсам, биз ҳали ўзимиз хоҳлаган футбол кўрсатишни бошламадик. Жамоам бир текисдан ўйнай олмаяпти дея оламан. Масалан, иккита гол уриб, ўз дарвозамиздан учта ўтказиб юборишимиз мумкин. Баъзан гол ўтказмаймиз ва ўзимиз ҳам уролмаймиз. Аммо ўйлашимча, секин-аста ўйин услубимиз шаклланиб боряпти.

- Бу билан "Олмалиқ" ўзингиз хоҳлаган футболни намойиш этмаяпти демоқчимисиз?

- Ҳа. Бу кўпроқ ҳужумдаги ҳаракатларимизга боғлиқ. Ҳужум чизиғида тўп тепадиган ўйинчиларимиз бир-бирларини тўлиқ тушуниб кетгани йўқ.

- "Олмалиқ" турнир жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Агар йил охирида шу ўрин сақланиб қоладиган бўлса, бу сизни қониқтирадими?

- Албатта, бу ўтган йилгига қараганда яхши натида бўлади. Лекин билишимча, "Олмалиқ" бунгача тўртинчи ўринни қўлга киритган ва мен учун 4-5-6 ўринлар орасида унчалик катта фарқ йўқ. Агар кучли учликка кириб совриндор бўлсак, унда бошқа гап. Биз Осиё чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида иштирок этишни хоҳлаймиз. Мен доим юқори ўринларни кўзлаб ҳаракат қилишни ёқтираман. Агар бешинчи ўрин учун курашамиз десам, ҳам ўзимни, ҳам футболчиларни алдаган бўламан.

- "Олмалиқ" мавсумни шундай бошладики, жамоа дастлабки тўртта ўйинда юта олмади. Бу сиз учун қийин дамлар бўлдими?

-  Биласизми, бу мен учун кутилган ҳолат эди. Биз дастлабки тўртта ўйиндан бирини ютишимиз ҳам мумкин эди. Лекин бошқа томондан тушуниб тургандим, бизда янги жамоа йиғилган бўлиб, натижа кўрсатиш учун бироз вақт керак бўларди. Жамоамизда ўйин услуби шаклланмагани, ўзимиз истаган баъзи футболчиларни қўлга кирита олмаганимиз ҳамда кучли ўйинчилар кўп бўлмагани учун мавсумни яхши бошлай олмасдик. Ғалабасиз сериядан чиқиб кетиш мендан кўра футболчилар учун кўпроқ аҳамиятли эди. Мени хурсанд қилган жиҳати ўшанда ҳеч ким қўлини туширмади, ҳамма ишлашда давом этди ва "Насаф" билан ўйиндан кейин қилган меҳнатларимиз ўзининг биринчи мевасини берди. Айнан 4-5-турлар ораси биз учун жуда муҳим роль ўйнади. Ҳамма ё яхши, ё ёмон томонга ўзгариб кетиши мумкин эди.


- "Локомотив"дан 5:0 ҳисобидаги мағлубият қабул қилиб олингач, футболчилар билан жиддий суҳбат ўтказилдими?
- Жиддий суҳбат бизда сал олдинроқ бўлганди: "Сўғдиёна" билан ўйиндан кейин. Биласизми, "Локомотив"га қарши баҳсдаги 5:0 жамоалар орасидаги фарқни кўрсатиб берди деб ўйламайман. Шундай бўлдики, улар учта жарима зарбасини голга айлантиришди. Бу биз учун бир бахтсиз ҳодиса эди. Ҳужумда ёмон ўйнамадик, лекин ҳимоядаги хатолар ҳисобнинг 5:0 бўлишига олиб келди. "Сўғдиёна"га қарши баҳсда эса ғалаба биз томонда бўлиши мумкин эди, лекин унда ҳимояда янаям қўпол хатоларга йўл қўйгандик. Шу боис жиддий суҳбат шу ўйиндан кейин бўлганди. "Локомотив" билан кечган баҳсдан сўнг доимгидек ўйинни кўриб таҳлил қилдик.

- "Насаф" билан кечган учрашув қандай роль ўйнади? Чунки шу ўйиндан кейин жамоангиз қаторасига саккиз беллашувда мағлуб бўлмади.

- Бу гапга кўз тегмасин. "Насаф"га қарши баҳс биз учун руҳият томондан муҳим эди. "Насаф" - Ўзбекистондаги энг кучли клублардан бири ва буни ҳамма билади. Уларда ўйин яхши шаклланган бўлиб, осон кечмаслигини билардик. Мен футболчиларга яхши ўйнасак, бемалол ютишимиз мумкинлигини уқтирдим. Якунда шундай бўлдики, биз ғалаба қозондик.

- Бунда натижа сиз учун бирламчи бўлганмиди?

- Албатта. Мен учун ҳар бир ўйинда натижа муҳим туради. Буни мендан олдинги мураббийлар ҳам кўп марта айтишган. Валерий Лобановский айтганидек: ўйин унутилади, натижа қолади. Ёки бўлмаса Алекс Фергюсон айтганидек: футболда энг муҳими таблода акс этган натижадир. Агар бирорта мураббий сизга ўйин натижадан муҳим деса, бу гапга ишонманг. Натижага эришиш учун аввало ўйин услубини шунга монанд шакллантириб бориш керак. Лекин барибир футболда ҳаммаси натижа учун ишланади.

- "Олмалиқ" олий лига клублари орасида ўз майдонида ҳали гол ўтказмаган ягона жамоа жамоа бўлиб турибди. Бунга қандай қилиб эришяпсиз?

- Бу ҳам аввало омадга боғлиқ. Кейин меҳнат ҳам шунга яраша. Агар омад келмаса, ҳеч бир иш содир бўлмайди. Масалан, Кубок баҳсида "Динамо" бизга иккита гол урди, демак, шу ўйинда омадимиз келмаган.

- Сиз бош мураббий сифатида ҳар бир ўйинни ютишни хоҳлайсиз. Бу тушунарли. Лекин футболчиларда олий лигага бошқача, Кубокка бошқача қараш бўлиши мумкинми?

- Агар қайсидир футболчида шуни сезиб қолсак, ўша футболчини жамоадан кетказамиз. Футболчи профессионал сифатида ҳар бир мусобақага жиддий қараши шарт. Ҳеч ким ўйин ажратмаслиги керак.


- 12 турда атиги 9та гол уриш "Олмалиқ" учун кам эмасми?
- Кам, албатта. Биламан, бизда ҳозир тўплар нисбати плюс эмас. Лекин қачондир биз ҳам кўп гол уришни бошлаймиз. Гол уриш осон эмас, ҳар ҳолда биз учун қийиндек кўриняпти. Мен учун битта ўйинни 5:0 ютиб кейин жим бўлиб қолгандан бешта учрашувни 1:0 ҳисоби билан ютган маъқул.

- Сизга итальянча схема ёқадими?

- Менга ғалаба қозониш ёқади. Агар қолган 18та ўйиннинг ҳаммасини 1:0 ҳисобида ўз фойдамизга ҳал этсак, бунга йўқ демайман.

- Олти йиллик танаффусдан кейин яна Ўзбекистонга қайтдингиз. Бу ерда қандай ўзгаришларни кўрдингиз?

- Аввало футбол инфратузилмаси кескин даражага кўтарилган. Олдин ишлаган пайтимда айтайлик, бир гал яхши майдонда ўйнаб кейинги баҳсни ёмон майдонда ўтказардик. Ҳозир ҳамма жойда майдон, стадионлар яхши. Кийим алмаштириш хоналари ҳам чиройли тусга кирибди. Лекин бевосита футбол савиясига тўхталадиган бўлсам, бу ҳақда бир нарса дейиш қийин. Албатта, ёшлар кўп, лекин улар орасида ярқ этиб порлайдиганлари кўринмаяпти. Мен Ўзбекистонда биринчи марта 2006 йил иш бошлагандим. Ўша пайтда кимлар юлудз эди? Жепаров, Аҳмедов, Кападзе, Нестеров, Гейнрих... Мана орадан 11 йил ўтди. Ҳозирги юлдузлар кимлар? Яна ўша Жепаров, Гейнрих, Кападзе, Нестеров, Аҳмедов... Демак, бу футболчиларнинг савияси анча баланд бўлган, улар чет элда ҳам фаолият олиб боришди. Ҳозир ҳам яхши савиядаги ўйинчилар бор, лекин янги юлдузлар йўқ.

- Балки ҳозирги футболчилар ўз устиларида кам ишлаётгандир?

- Ҳамма бир хил ишлаш вақтига эга бўляпти. Авваллари фақат "Машъал"да академия бор эди. Кейин "Насаф" ва "Бунёдкор"да ташкил этилди. Академиядан Шомуродов, Рашидов, Ҳамдамов сингари футболчилар чиқди, лекин улар ҳам юлдуз эмас. Яқин икки йилда ҳаммаси маълум бўлади: улар юлдуз бўла олишадими ё йўқми...

- Нима деб ўйлайсиз, профессионал футболчи бир суткада неча соат ишлаши керак?

- Қаердадир ўқигандим, футболчининг икки соатлик машғулоти оддий одамнинг 8 соат ишлагани билан тенг деб. Футболчи кунига икки соатдан тўрт соатгача ишлаши мумкин, булар орасига тикланиш машқлари ҳам киради.


- Криштиану Роналду ҳар куни олти соат машқ қилар экан...
- Юлдузларга осон эмас. Европада ёш ўтган сари футболчи ўз устида янада кўпроқ ишлайди. Албатта, Роналду кўп меҳнат қилади, ҳар ҳолда ҳозирги даражасига бежизга чиққани йўқ. Масалан, бизда ўйнаб кетган Ривалдони олайлик. Ҳамма уни "қариб" қолди, нимаям қила оларди деб ўйлаганди. Лекин Ривалдо ҳаммадан кўп ишлади ва яхши ўйин кўрсатди. Қолаверса, у бошқа футболчиларга ўрнак бўлганди. Футболчи суткасига 10 соат ишлаши мумкин, лекин ҳамма гап нима иш қилишида.

- Бизда футболчилар савияси ошганми?

- Ўртача савия ошгани бор гап. Ҳозир яхши ёш футболчилар кўп, олдинлари бунчалик кўп эмасди. Лекин юлдузлар йўқ. Балки кейинчалик чиқиб қолар.  

- Балки ҳозирги ёшлар ҳозирги ҳолатдан мамнундир? Айтайлик, бу ёшда улар яхши пул топяпти, кўп бўлмасаям майдонга тушиб туришибди. Балки бу уларни қониқтираётгандир?

- Мен бу саволга аниқ жавоб беришга тайёр эмасман. Балки уларни ҳозирги ҳолати қониқтираётган бўлиши мумкин, балки уларга вақт керакдир. Спортда ҳар доим ҳаракат бўлиши шарт. Масалан, Қозоғистонда кўп футболчилар четга чиқишни хоҳлашмайди. Нима учун? Чунки улар яхши маош олишяпти. Чехия, Словакия, Польшага бориб кам пул топасан, лекин кўп ишлашингга тўғри келади. Италия, Англияга эса савиянг тўғри келмайди. Мана, Одил Аҳмедов "Пахтакор"да қолиб фаолиятини давом эттириши мумкин эди, лекин Россияга йўл олди. Ва у ерда ўзидан яхши таассурот қолдирди.

- Нима деб ўйлайсиз, нега одамлар стадионга келмай қўйишди? Бу ўйин савияси билан боғлиқми?

- Биринчи навбатда ўйин савияси ва жамоанинг турнир жадвалида қайси ўринда бораётганига боғлиқ. Иккинчидан, реклама кам. Одамларни стадионга чақириш учун ўйинларни реклама қилиш керак. Учинчидан, қулайлик йўқ. Мухлис стадионга келдими, ўзи ёки оиласи билан тоза ўриндиққа ўтириши керак. Сиз стадионга келсангиз-у, ўриндиқлар чанг, атрофда ахлат ётган бўлса бу ёқадими? Одамларга қулайлик яратиш керак. Улар танаффусда бемалол егулик ейиш, нимадир ичиш имкониятига эга бўлсинлар. Кейин ўз-ўзидан томошабин кўпаяди. Агар шароит қилинмаса, улар яхшиси бирорта кафега бориб ўша ерда футбол кўришади.


- Қозоғистонда мухлислар ташрифи қандай?
- Ташкилотчилик қаерда яхши бўлса, одамлар ўша стадионга кўп боришади. Масалан, "Қайрат"ни олайлик. У ерда 20 мингга яқин одам тушади. Стадионда барча қулайликлар бор. Сувенирлар магазини дейсизми, салқин ичимликларми, оилавий секторларми... "Актобе" стадионида эса бундай эмас.

- 2011-2016 йиллар давомида олти йил Қозоғистонда ишладингиз. Шундай экан, ўзбек ва қозоқ футболини бемалол таққослай оласиз.

- Менга бу саволни жуда кўп беришади. Агар таққослайдиган бўлсам, биринчидан, Ўзбекистонда футбол инфратузилмаси анча юқори. Футболчилар савияси эса тахминан бир хил. Лекин Ўзбекистонда юлдуз футболчилар кўпроқ. Масалан, у ерда Одил Аҳмедов даражасига чиққан футболчи йўқ. Аммо Қозоғистонда легионерлар кўп. У ерда бемалол 8 нафар хорижликни рўйхатдан ўтказса бўлади. Ўзбек футболи маҳаллий ўйинчилари, қозоқ футболи чет элликлар эвазига кучли дея оламан.

- Нима сабабдан олий лига клубларига келаётган легионерлар савияси тушиб кетди?

- Чунки ҳаммаси пулга боғлиқ. Масалан, Қозоғистонда легионер учун ойига 10 минг доллар тўлаш муаммо эмас. У ерда 20-30 минг доллар ҳам тўлашади. Бу ерда 3 минг ёки бўлмаса 4-5 минг беришади. Шундай экан, бу пулга четдан ким келади? Мисол учун Хорватиядан бирорта легионер келадими? Яхшиси, 20 минг учун Қозоғистонга боради. Ҳаммаси оддий, ҳамма гап тўланадиган пулга боғлиқ.

- Бизда легионер-дарвозабонларни рўйхатдан ўтказиш мумкин эмас. Бунинг ёрдами тегяптими?

- Агар маҳаллий дарвозабонлар савияси шу билан ошяпти десак, ёрдами тегаётган бўлади. Мен олдин ишлаган пайтимда Игнатий Нестеров Ўзбекистондаги энг кучли дарвозабон эди. У ёш ва кучли эди. Орадан шунча йил ўтди. Кимдир Нестеровдан ўтиб кета оладими? Менимча, йўқ. Менимча, ҳозирги дарвозабонлар легионер-дарвозабонларга чеклов қўйилганидан кейин чиқишди деб ўйламайман. Айтганимдек, ҳамма гап пулда. Яхши дарвозабон кам пулга келмайди. Шундай экан, бу чекловни бекор қилса ҳам бўлаверади.


- Ҳар бир уй ёки сафар ўйинларидан олдин "Олмалиқ" кийим алмаштириш хонасида мусиқа баланд овозда янграб туради. Бунга сиз рухсат берганмисиз?
- Бизга қувноқлик ёқади. Қолаверса, ўйиндан олдин бошни эгиб жим ўтириш керак деб ўйламайман. "Машъал" ва "Насаф"да ишлаган пайтим ҳам футболчилар кийим алмаштириш хонасида мусиқа қўйишарди. Сафар ўйинларига кетаётганда автобусда ҳам шундай қилардик. Қандай мусиқа эшитиш футболчиларнинг ўзига ҳавола, мен буни қўй, буни қўйма демайман.

- Қозоғистонда ҳам шундай қилганмисиз?

- Албатта. Қозоғистонда футболчилар янада тўпори, уларга шовқин кўпроқ ёқади.  

- Муборакка "Машъал" билан ўйин ўтказиш учун борганингизда қандай ўзгаришларга гувоҳ бўлдингиз?

- Жамоа яшайдиган базани кўрганим йўқ. Лекин стадионда ўзгариш қилинибди. Майдон эса ёмон ҳолатга келиб қолибди. Авваллари энг яхши майдон Муборакда бўларди. Ҳозир бундай эмас. Бошқа катта ўзгаришларни кўрмадим.

Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.

Rating: +17   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика