Маъносиз йиғин
20 jan 16:25
News
Декабрь ойида терма жамоамиз яқинлашиб келаётган ЖЧ-2026 саралаш баҳсларига яхшироқ тайёргарлик кўриш мақсадида ФИФА кунларидан ташқарида йиғин ўтказишини маълум қилганди. Йиғиндан мақсад Суперлигада тўп тепаётган футболчиларни кўрикдан ўтказиш ва саралаб олиш эди. Йиғин Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтиши ва бугун старт олади.
Барчаси режа бўйича кетаётганди, бироқ бир неча соат олдин кутилмаган(балки кутилган) хабар эълон қилинди.
"Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларига киришади. Бош мураббий Сречко Катанец саломатлиги ёмонлашгани сабабли шифокорлар тавсиясига кўра ушбу йиғинда қатнаша олмайди. Йиғин давомида жамоамиз билан ёрдамчи мураббийлар Алеш Чех ҳамда Владо Радманович иш олиб боришади. Сречко Катанецга саломатлик тилаймиз" - дея ҳабар бермоқда ЎФА матбуот хизмати.
Сречко Катанецнинг соғлиғи билан бўлаётган муаммоларидан барчамиз хабардормиз. Бош мураббийимиз бунга қадар бир нечта учрашувни ўтказиб юборган эди. Бу янгилик эмас ва ўзбек футболига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон бундай ҳодиса яна бир бор рўй бериши мумкинлиги ҳақида билар эди. Наҳотки ЎФА йиғинларни ташкил қилишда ушбу жиҳатни ҳисобга олмаган бўлса? Ўқув-машғулот йиғинларини режалаштиришдан олдин бош мураббийнинг аҳволи билан қизиқиб, кейин эса йиғин саналарини келишиб олиш тўғрироқ бўлмасмиди?
Энди ФИФА кунларидан ташқарида ўтказилаётган йиғин масаласига тўхталсак. Суперлигада мавсум декабрь ойининг дастлабки кунларида якунланади ва футболчилар биро ойлик таътилга чиқишади, лекин айрим жамоалар Янги йилга қадар кейинги мавсум учун тайёргарликни бошлайди, масалан "Динамо". Деярли бир йил ўз клублари сафида тўп тепадиган футболчиларда дам олиш ва футболдан узоқлашиш учун бир ой вақт бўлади холос. Январда барча клублар ўз йиғинларини бошлайди. Айни дамда клублар ўз футболчилари билан Туркия ёки бошқа мамлакатларда йиғин ўтказишмоқда. Клубларимиз кейинги мавсумга пойдевор қураётган бир пайтда, ушбу жамоаларнинг етакчи футболчилари терма жамоа ихтиёрига жўнаб кетишди. Бу қанчалик тўғри қарор бўлиши мумкин? Терма жамоа манфаати учун Суперлига клублари жабр кўриши қанчалик тўғри? Сречко Катанец Суперлига клублари қачон йиғин ўтказиши ва клублар янги мавсумга тайёргарликни қачон бошлашини билмайдими ёки маҳаллий клубларни кузатмайдими?
Масалан, ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлган Анваржон Ҳожимирзаев аслида "Динамо" билан йиғинларда иштирок этиши керак эди. Самарқанд жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ҳар доим кейинги мавсумга пойдевор, декабрь ойидан бошланади деб такрорлаб келади. Футболчи ўз клуби билан йиғин ўтказиши керак бўлган пайтда, терма жамоа билан йиғинда иштирок этмоқда. Бу футболчининг яқинлашиб келаётган мавсумдаги сермаҳсуллигига таъсир қилиши мумкин.
"Яхши жамоа декабрдан бошлаб кейинги мавсумга тайёргарлик кўришни бошлайди. Вақтни йўқотмаслигимиз керак" - дея фикр билдирган Вадим Абрамов Суперлиганинг 26-туридан ўрин олган "Динамо" - "Сўғдиёна" (1:0) баҳсидан сўнг.
Энди иккинчи масалага эътибор қаратсак. ЖЧ-2026 саралаш учинчи саралаш босқичи якунланишига қадар бор-йўғи 4та учрашув қолди. Сўнги 2 йилда ҳеч қандай экспериментларга қўл урмаган ва деярли янги футболчиларни таркибга қўшмаган инсон, нега энди Суперлига футболчиларни синовдан ўтказишни истаб қолди? Менимча, энди жуда кеч. Бир-икки йил аввал янги футболчиларни таркибга қўшиш ёки уларга имконият бериш мумкин эди, ҳозир эса бунинг иложи йўқ. Биз Катанецни ҳар доим бир хил таркибни ўйнатаётгани учун кўп маротаба танқид қилганмиз, лекин ҳозирги ҳолатда Карло Анчелоттини ёки Пеп Гвардиолани бош мураббий этиб тайинласак ҳам бефойда, таркибни ўзгартириш катта хато бўлади. Январь ойида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш эса фақатгина Катанецнинг хоҳиши эмас, балки бошқа бир шахсларнинг ёки ЎФАнинг истаги билан амалга оширилаётгандек. Сабаби, Суперлигани мунтазам кузатиб борадиган инсон, январь ойида йиғин ўтказиш нотўғри эканлигини билади.
Сречко Катанецнинг қарашлари ва принципларини биз жуда яхши биламиз. Словениялик мутахассис ёш футболчиларга ишонч билдиришдан тийилади ва асосан синовдан ўтган ва тажрибали футболчиларга ишонади. Мураббийимиз ўтган йили март ойида ОФК расмий сайтига берган интервьюсида шундай деганди:
«Жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувларига ёш, тажрибасиз ва янги футболчиларни жалб этиб, уларни ўйин услубига мослаштириш учун вақт йўқ, чунки бу жуда мураккаб. Бундай муҳим баҳслар олдидан бизни келажакда нималар кутаётганини билишимиз зарур"
Демак, 61 ёшлик Катанец 11 ой ичида футболга бўлган қарашларини ва принципларини ўзгартирдими? Катанец ўз қарашларини бундай қисқа вақт ичида ўзгартиришига ишонмайман. Бу Катанец хулқига хос эмас.
Comments
Машхурлик учун йўқмиди бошқа йўл,
Ёмғир ёғиб ўтди дейман, ёғмай дўл,
Ёмғирлардан соғ-омон қолди-ку дил,
Виждон нима, биласизми Вадим тоға.
Виждонларим қийналиб кечалари,
Уйғониб кетаман соат нечалари,
Эх, армон бўлди мундиал чипталари,
Сиз қийналмаяпсизми, Вадим тоға.
Ўзбек халқи, мухлислари азалдан,
« Қарғиш – ўқ » дейишар, билмасмидингиз,
Ўша тунда бедор йиғлаб, тонг оттирган,
Фарходни шу куйга солмасмидингиз ...
Узр сўраб хам чиқмадингиз мухлисдан,
Тўрт йиллик мундиал армони учун,
Умидимиз катта эди, адашибмиз,
Замон, эркатойлар замони учун.
Энди бўшсиз, кўрсатинг бўйингизни,
«Динамо» дами ёки «Темирйўл» да ,
Машхур қилсин, чемпионлар Лигаси,
То армонлар тўкилгай хар бир дилда.
Ичларим ачишяпти шу футболга,
Таъсир қилар хали ўгитларим хам,
Ўзбекистон футбол истиқболини,
Армон қилмасмикан фарзандларим хам…
Фарходжон Умурзаков. Фаргона вилояти Куштепа тумани