Latest news

01:15Расман: Азизбек Амонов "Бухоро" футболчисига айланди  0 01:04Равшан Ҳайдаров: "Йигитларда иштиёқ катта эди. Мухлислар қўллови билан ғалабага эришдик"  0 00:57Нодирбек Абдураззоқов: "Японияга қарши ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз. Голимни Ислом Тўхтахўжаевга бағишлайман"  3 00:45"Ювентус" Консейсауни "Порту"дан тўлиқ сотиб олди  0 00:17Рэшфорд "Барса" билан шартнома имзолади (Фабрицио Романо)  1 23:55"Андижон" назорат ўйинида камбэк эвазига ғалаба қозонди  1 23:24Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ЦСКАга қарши баҳс олиб боради  1 22:59"Ливерпуль" тўхтамоқчи эмас. Клуб Франция чемпионатидан вингер сотиб олмоқчи  0 22:35U-23. Ўзбекистон – Саудия Арабистони 3:1  3 22:25Мираброр Усмонов Кубоги-2025. Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Саудия Арабистонига ҳеч қандай имконият қолдирмади  24 21:41Мюллер фаолиятини МЛСда давом эттиради  3 20:59Родриго "Реал"да қолмоқчи. Футболчи Алонсонинг фикрини ўзгартириш ниятида  5 20:21"Кристал Пэлас" Европа Лигасида четлаштирилиши бўйича спорт арбитраж судига апелляция берди  0 19:51Хави Симонс "Челси"га ўтишга рози  1 19:27Де Хеа: "Манчестер Юнайтед"да ўтказган йилларим учун Англиядан тушган таклифларни рад этдим"  2

Лушан келгач, жамоадаги муҳит ўзгардими? (Мулоҳаза) News

Лушан келгач, жамоадаги муҳит ўзгардими? (Мулоҳаза)

Охирги пайтларда “Бунёдкор” атрофида турли гап-сўзлар кўпайди.
Эмишки, Сергей Лушан бош мураббий бўлганидан кейин жамоадаги муҳит салбий тарафга ўзгарибди. Тўғри, Лушан қўл остида ўйнаган футболчилардан ҳали ҳеч ким бундай гапни айтгани йўқ. Фақат унинг даврида ўйнай олмаганлар жамоадаги муҳитдан нолишмоқда, холос. Хусусан “Футбол шарҳи”да меҳмон бўлган Алибобо Раҳматуллаев самолётнинг қанотлари сингани ҳақида гапирди. Украина ОАВга интервью берган Александр Пишур ҳам ҳозирги мураббийни ёмонлади. Бугун эса Сергей Симоненконинг танқидий фикрлари интернетда пайдо бўлди.

Клуб, умуман муҳит борасидаги танқидий гаплар асосан жамоадан кетган ўйинчилар томонидан янграётганини тушунса бўлади. Улар майдонга ўзлари истаганчалик тушмагани боис алам устида шундай гапларни айтган бўлишлари мумкин. Бундай ҳодисалар жаҳон футболида ҳам рўй бериб туради. Лекин иккинчи томондан футболда ҳар бир инсоннинг фикрини ҳурмат қилиш керак. Сергей Симоненко ўз интервьюсида клубдан беш ойлик маошини ололмаётганини айтибди. Бу энди клуб билан футболчи ўртасидаги масала.

Бизни қизиқтираётган жиҳат эса Лушан бош мураббий этиб тайинланганидан бери чиндан ҳам жамоадаги муҳит салбий томонга ўзгардими? Агар натижа борасида олиб қарайдиган бўлсак, “Бунёдкор” бу йил тўртинчи ўринни эгаллади, Кубок финалида мағлуб бўлди. Жамоа ўтган йил чемпион бўлиш билан бирга Кубокни ҳам қўлга киритганди. Бир йилдан кейинги натижа эса умуман тескариси: “Бунёдкор” ўз тарихида биринчи марта олий лигани тўртинчи поғонада тугатди.

Одатда чемпион бўлган ва кейинги мавсумни тўртинчи ўринда тугатган жамоа танқид остига олинади. “Нега ўтган йилги натижа кўрсатилмади?” каби саволлар янграйди. Лекин шу ўринда бир нарсани тушуниб етайлик, ҳозирги “Бунёдкор” - бу кечаги катта молиявий имкониятларга эга “Бунёдкор” эмас. Ҳозирги “Бунёдкор” ўз имкониятларидан келиб чиқиб етти ўлчаб бир кесадиган клуб бўлишга ҳаракат қилаётган “Бунёдкор”дир.

Сергей Симоненко айтган баъзи гапларга шахсан мен унчалик қўшилмайман. Муҳит ёмонлашди дейиш учун шунга яраша асос бўлиши керак. Аввало унинг ўзи қойиллатиб ўйнаб қўйдими? Масалан, нечта ўйини кўрган бўлсам, бирортасида у менда илиқ таассурот қолдиргани йўқ. Хусусан унинг биринчи даврада “Навбаҳор”га ижарага берилган Шукур Пўлатовдан бир калла устун эмаслиги кўриниб турди. Шу ўринда барча олий лиганинг барча клублари мураббийларига бир гапни айтмоқчимиз: украиналик легионерлар доим нимадандир нолийверадиган футболчи бўлишади. Буни “Машъал”да ишлаганимда ҳам кўрганман. Шундай экан, иложи борича ўша ёқдан футболчи олиб келмаслик керак.

“Бунёдкор” ушбу мавсумни уч нафар мураббий бошчилигида ўтказди. Олий лиганинг дастлабки уч турида Миржалол Қосимов, 4-10 турларда Александр Волков, 11-турдан бошлаб чемпионат охиригача жамоани Сергей Лушан бошқарди. Қосимов пайтида “Бунёдкор” учта ўйиндан иккитасида ғалаба қозонди ва бир марта дуранг ўйнади. Волков бошқарган ўйинларда эса жамоа тўртта ютди, икки марта дуранг ўйнаб, бир бор мағлуб бўлди.

Энди Сергей Лушан давридаги 16та ўйинга эътибор қаратамиз: 9та ғалаба, 4 мағлубият ва уч дуранг. Жамоа икки бор “Пахтакор”га ютқазди, шунингдек “Насаф” билан “Динамо”га ҳам имкониятни бой берди. Қизиғи шундаки, “Бунёдкор” мана шу тўртта мағлубиятдан учтасини ўз майдонида қабул қилиб олди. Тан олиш керак, “Пахтакор”, “Насаф”га қарши баҳсларда жамоа охиригача характер кўрсата олмади, “Бунёдкор” ҳақли мағлубиятга учради. “Динамо” билан кечган ўйинда эса шунчаки омадсизлик рўй берди. Бундан ташқари, Лушан жамоаси икки ўйинда “Нефтчи”ни мағлуб эта олмади, шунингдек сафарда “Навбаҳор” билан ҳам дуранг қайд этилди.

Давралар оралиғида “Бунёдкор”ни Сергей Симоненко, Саҳоб Жўраев, Баҳодир Пардаев, Бобир Акбаров каби футболчилар тарк этишди. Биргина “Пахтакор” сафига қўшилган Пардаевнинг ярқ этиб порлаганини ҳисобга олмаганда, бошқа футболчилар ҳеч нарсани қойиллата олишмади. Хўш, “Бунёдкор” сафига қўшилганлар ўзларини кўрсата олишдими? Шукурали Пўлатов чемпионатнинг олтита учрашувида майдонга тушди. 12та ўйинда ҳаракат қилган Иван Милошевич ҳартугул ёмон кўринмади. Худди шунча ўйинда тўп тепган Самир Бекрич эса ўзининг  алоҳида бир жиҳатлари билан ажралиб турмади. Лекин япониялик Сато Минорининг яхши ўйнаб кетганини айтсак бўлади.

Ўйлашимизча, клубга Самир Бекричнинг олиб келиниши Лушаннинг хатоси бўлди. Чунки легионер бўлгани билан унинг кучли томонларини кўрмадик. Аммо 41 ёшли мураббийнинг амалга оширган энг яхши иши Акром Комилов, Забихилло Ўринбоев, Достон Ҳамдамов каби клуб тарбияланувчиларига олий лигада ўйнаш имконини бергани бўлди. Қолаверса, Темур Аюпов ҳам Лушан қўл остида ўзини кўрсата олди. Эндиликда Хуршид Ғиёсов, Ҳасан Асқаров, Сардор Азимов каби футболчиларга ҳам олий лига эшиклари очилса ажаб эмас.

Бизни хурсанд қилган яна бир муҳим томони Сергей Лушан турли олди-сотдиларга аралашмасдан, фақат машғулот ўтказиш ва жамоани ўйинга тайёрлаш билан машғул бўлди. Эҳтимол, “Бунёдкор”  кучли учликка кира олмагани ва Кубокни бой бергани учун уни танқид қилувчилар кўпдир, бироқ футболда ҳамма нарсани натижа белгилаб бермайди. Футболда натижадан ҳам муҳим нарсалар бор, бу соф ва ҳалол ишлашдир. Мана шу томондан олиб қараганда Лушан келганидан сўнг “Бунёдкор”да муҳит ўзгарди, вазият ёмонлашди деган гапларга эътибор бериш керак эмас. Лушан янги жамоани шакллантиришга ҳаракат қилмоқда ва бу борада унга омад тилаймиз. Фақат пул ва натижа билан боғлиқ айрим ишларга ўралашиб қолмаса бўлгани.

Хайрулла Холиқов.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика