Легионерга айланган Аҳрор Ўктамов: "Ўзимга ишонмаганимда бу ерга келмасдим. Кун келиб "Андижон" учун ҳам ўйнайман"
22 apr 2022 16:20
News
Легионерга айланган Аҳрор Ўктамов: "Ўзимга ишонмаганимда бу ерга келмасдим. Кун келиб "Андижон" учун ҳам ўйнайман"
Championat.asia мухбири айни пайтда Хитой Тайпейида бўлиб турган футболчи билан билан боғланди ва бир нечта саволлар билан юзланди.
- "Таинан Сити" клубига ўтишингиз қандай юз берди?
- Барчаси агентлар орқали ҳал бўлди. Кореялик агентим Хитой Тайпейи клубидан таклиф борлигини айтди. Янги чемпионатда ўз имкониятларимни синаб кўриш истаги йўқ эмасди. Легионер сифатида тўп тепишнинг ўзига яраша қийинчиликлари борлигидан хабардорман. Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлайман. Жамоам билан юксак марраларни кўзламоқдаман.
- "Таинан Сити" чорлови қанчалик сирли ва жумбоқли бўлди сиз учун? Янги клубингизни ўрганяпсизми?
- Бу чемпионат қизиқ туюлди. Худога таваккал қилиб келдим. Қароримдан афсусланмайман, деб ўйлайман. Ҳар томонлама ўйлаб кўриб таклифга розилик билдирдим.
- Андижонлик футболчи ҳисобланасиз. Қизиқ нима учун вилоят бош жамоаси таркибида ўрнингизни топа олмагансиз?
- 2017 йилгача "Андижон" жамоаси ўринбосарлари сафида. Кейинги йилларда Про лигада тўп тепдик. Суперлигада ўйнаш имконияти бўлмади ҳали. Бу йил клуб раҳбарлари таклиф қилишганди. Лекин ўтган йили Тожикистон чемпионатининг сўнгги турларида жиддий жароҳат олдим. Бир ҳафтага яқин "Андижон" жамоасининг машғулотларида иштирок этдим. Йиғинда жароҳатим қайталанди. Шу боис жамоадан кетишга қарор қилдим. Кун келиб "Андижон" учун ҳам ўйнайман.
- Тайпейликлар сафида россиялик, бразилиялик легионерлар тўп тепади. Рақобатни қандай енгиб ўтмоқчисиз?
- Биласизми, инсон доим ўз кучига ишониши керак. Ўзимга ишонганим учун ҳам бу ерга келдим. Рақобатдан қўрққанимда бошқа соҳани танлардим.
- Клубнинг қайси жиҳати сизни қизиқтира олди?
- "Таинан Сити" ўзига яраша тарихга эга. Жамоа мамлакат чемпиони, ОФК кубогида иштирок этади. Халқаро майдонда ўйнашини ҳисобга олдим.
- Шартномангиз қанча муддатга мўлжалланган?
- Бунга келсак, 6 ойга туздик. Мана шу вақт ичида ўзимдан яхши таассурот қолдиришга ҳаракат қиламан. Клуб уй, моддий таъминот билан таъминламоқда. Пандемия сабаб ҳозирда 10 кунлик карантин муддатидаман.
- Нима учун айнан 6 ойлик шартнома туздингиз?
- Буни ўзим истадим. Янги жамоа, бошқача муҳит. Бегона шаҳар. Мослашиб олишим лозим. Шу омиллар инобатга олинди.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
Comments