Ла Лига. "Реал Мадрид" ва "Реал Сосьедад" 2002 йилдан буён илк бор бирорта гол ура олишмади
21 sep 2020 01:50
News
Ла Лига. "Реал Мадрид" ва "Реал Сосьедад" 2002 йилдан буён илк бор бирорта гол ура олишмади
Ушбу саҳифада учрашувнинг матнли трансляциясини кузатишингиз мумкин бўлди.
Шу тариқа, мамлакатнинг амалдаги чемпиони "Реал Мадрид" қанчалик уринмасин, кўплаб ҳужумлар уюштирмасин, янги мавсумни нурсиз эмас-ку, голсиз дуранг билан бошлади. Эътиборингиз учун ташаккур, соғ ва саломат бўлинг.
90+3-дақиқа. Бу сафар ҳам бурчак тўпидан кейин Зидан шогирдлари дарвоза томон зарба беролмади. Кейинги уринишда Карим Бензема ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган бўлиб чиқди.
90+2-дақиқа. Айнан ёш футболчига нисбатан қўполлик ишлатилди, меҳмонлар ўйинни тезда бошлаб кетишди ва бурчак тўпи ишлаб олишди.
90+1-дақиқа. Винисиуснинг ўрнига Серхио Аррибас ўйинга қўшилди.
Таъкидлаб ўтамиз, сўнгги бор ушбу рақиблар ўйинида 2002 йилда 0:0 ҳисоби қайд этилганди.
89-дақиқа. Андер Гуевара майдонни тарк этди, унинг ўрнига Урко Гонсалез тушди.
87-дақиқа. Жарима майдонига яқин жойда тўпни эгаллаган Давид Сильва узоқ ўйлаб ўтирмай зарба берди, тўп йўлига Рафаэль Варан тўғаноқ бўлди. Франциялик ҳимоячига шифокорларнинг ёрдами зарур.
86-дақиқа. Ҳар икки жамоа футболчилари тўп оширишда хатоларга йўл қўйишмоқда.
83-дақиқа. Рақиб ҳужумини қайтаришда қўпол ўйнагани учун Карвахалга сариқ карточка кўрсатилди. Испаниялик ҳимоячи ёки ўйиннинг боришидан, ёки сал олдин тўп учун курашда сусткашликка йўл қўйган Вальвердедан жахли чиқиб, испанчасига бир нималар деди.
80-дақиқа. Гол уриш учун олдинга ўтган Менди рақиб жарима майдони ичида қоидани бузди.
75-дақиқа. Менди кескин тўп ошириши билан Бенземани "топди", франциялик ҳужумчи бир уринишдаёқ Винисиусни қулай вазиятга чиқариб юбормоқчи эди, аммо бразилиялик тўпни олдириб қўйди. Қўшимчасига, ён ҳакам Винни ўйиндан ташқари ҳолатда эканлигини маълум қилди.
74-дақиқа. "Реал Мадрид" узоқ вақт давомида тўпни ўзида ушлаб турди ва кейин олдириб қўйди, Кристиан Португез қанотдан олдинга ўтиб кетмоқчи эди, лекин унга Кроос қаршилик кўрсатди ва "Сосьедад" футболчиси қўполлик ишлатишга мажбур бўлди.
71-дақиқа. Ҳужумчиларнинг иши юришмаётганини сезган Тони Кроос ўзи зарба бериб кўрди. Унинг зарбаси кучли, лекин ноаниқ бўлди.
69-дақиқа. Эдегор, Модрич ва Родриго учун бугунги баҳс якунланди.
68-дақиқа. "Реал Мадрид" яна бурчак тўпларини амалга ошириш билан машғул, лекин бугун 10 дан зиёд бурчак тўпи тепганига қарамай, "Қироллик клуби" улардан кейин қулай имкониятга эга бўлолмаяпти, ҳозирча.
"Реал Мадрид" сафида бир йўла уч футболчи алмаштирилади. Уларнинг ўрнига Каземиро, Вальверде ва Марвин Олавале майдонга тушади.
66-дақиқа. Рақиб ҳимоясини ёриб ўтишда муаммоларга дуч келаётган "Реал" узун пасларга мурожаат қилиб кўрмоқда. Ҳужумга қўшилган Карвахаль қанчалик сакрамасин тўпга ета олмади.
64-дақиқа. Бензема тўпни майдон марказида олиб қўйди, тезкор қарши ҳужум уюштирилди, Винисиус-Бензема-Родриго... Аммо Родриго тўп оширишда хатога йўл қўйди ва ҳужум якунига етмай қолди.
63-дақиқа. Мезбонлар таркибида тажрибали Давид Сильва майдонга тушди. Майдонда ижодкор футболчилар биттага кўпайди.
60-дақиқа. Тўп йўқотилгач, Рамос курашиш учун рақиб ҳимоячисинида тақиб қилди, тўп ундан ўтказилди ва "Реал Сосьедад"нинг олдинда турган футболчисига етказилди, лекин уни ҳимоячиларга ёрдамга қайтган Винисиус тўхтатди ва тўпни жамоасига олиб берди. Ҳужумдаги Рамос ва ҳимоядаги Винисиусни кўрганмидингиз?
59-дақиқа. Операторлар бизга Каземирони кўрсатишди, катта эҳтимол билан у Эдегорни алиштирса керак ва таянч ярим ҳимоячиси ўз нуқтасига боради, Кроос эса олдинроққа чиқади.
58-дақиқа. "Сосьедад" футболчиси чап қанотдан жарима майдонига кириб борди ва зарба берди, лекин ноаниқ.
54-дақиқа. Винисиус жарима майдонига кириб бормоқчи бўлганди, рақиблар тўпни майдондан чиқариб юборишди. Бурчак тўпидан эса яна наф чиқмади.
53-дақиқа. Менди марказда қўполлик ишлатди ва рақиблар ҳакамдан унга иккинчи сариқ карточка кўрсатилишини талаб қилишди, лекин ҳакам бу сафар ҳимоячини аяди.
52-дақиқа. Эдегордан тўпни қабул қилиб олган Бензема зарба берди, аммо Элустондо мукаммал зарба бериш имконини қолдирмади.
47-дақиқа. Бўлимдаги илк хавфли вазият "Реал Сосьедад" футболчилари томонидан уюштирилди, лекин охирги зарбага аниқлик етишмади.
Иккинчи бўлим бошланди.
ТАНАФФУС! Ҳакам биринчи бўлимга умуман вақт қўшиб бермади ва жамоаларни танаффусга чорлади. Ҳозирча ҳисоб 0:0, аммо иккинчи бўлимда бизни бунданда қизиқарлироқ ва шидддатли ўйин кутиб турганига ишониб қоламиз.
45-дақиқа. "Реал" чап қанотдан олдинга ўтмоқчи бўлди, аммо Винисиусга ошириб берилган тўпга етишнинг иложи бўлмади.
43-дақиқа. Кутилмаганда "Реал Сосьедад" футболчилари қулай имкониятга эга бўлди. Деярли бир тайм хавфли ҳужум ташкиллаштира олмаган мезбонлар гол уриб кетишига Куртуа тўсқинлик қилди. Баъзилар қанчалик хоҳламасин тўп "Реал Мадрид" дарвозасига бориб тушмади.
41-дақиқа. Рамос билан курашда Порту жамоаси учун илк бурчак зарбасини ишлаб олди - 6:1.
40-дақиқа. Майда паслар орқали "қаймоқранглилар" жарима майдонига кириб боришди ва Бензема зарба берди, аммо бироз ноаниқ.
38-дақиқа. Дарвозабон ва ҳимоячиларнинг қўпол хатосидан кейин тўп меҳмонларга бориб тушди, хавфли вазият юзага келиши мумкин эди, бироқ Карим Бензема ўйиндан ташқари ҳолатда деб топилди. Такрорий лавҳада кўрдикки, франциялик тўғри жойлашган ва тўп дарвозага бориб тушганда, гол инобатга олинарди.
36-дақиқа. "Мадрид"нинг навбатдаги уриниши бурчак тўпи билан якунланди. Иккинчи уринишдан Рамос кучли зарба амалга оширди, аммо тўп йўлига ҳимоячи тўғаноқ бўлди. Яна бурчак тўпи.
33-дақиқа. Родриго тезникаси ва тезлигини ишга солиб рақибини алдаб кетаётганди, лекин ҳимоячи уни қўйиб юборгиси келмади. Бу ҳаракати учун ҳакам Айхен Муньесга сариқ карточка кўрсатди. Сариқ карточкалар бўйича ҳисоб 2:1.
30-дақиқа. Ҳимояга ёрдамга келган Карим Бензема шу ердан ҳужумни бошламоқчи эди, аммо қўполлик билан тўхтатилди.
29-дақиқа. Ферлан Менди қарши ҳужумга кетаётган Португа нисбатан қўпол ўйнади ва ҳакам ҳимоячига сариқ карточка кўрсатди.
26-дақиқа. Родриго ва Винисиус фаоллигидан кейин "Реал Мадрид" учинчи (3:0) бурчак тўпини ишлаб олди. Аммо узатмадан кейин Вараннинг зарбасига аниқлик етишмади.
25-дақиқа. Тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткич: 28 - 72 "Мадрид" фойдасига.
24-дақиқа. Карвахалга нисбатан қўпол ўйнагани учун Андер Барренецеа Мугуруза сариқ карточка олди.
24-дақиқа. "Сосьедад" рақиб жарима майдони яқинида бир нечта "пас"ни амалга оширди, лекин охирги узатма ўхшамади ва Куртуа тўпни эгаллаб олди.
23-дақиқа. Тўп жарима майдонига оширилди, аммо тўп учун курашда меҳмонлар қоидани бузган бўлиб чиқди.
22-дақиқа. Дарвозабоннинг тўп узатишдаги хатосидан кейин Родриго уни эгаллаб олди ва дарҳол Бенземани олға бошламоқчи бўлди, ҳимоячи франциялик футболчидан тезроқ ҳаракат қилди. Бурчак тўпи.
22-дақиқа. Родриго тўпни қабул қилиб олдинга ўтмоқчи бўлган вазиятда қоида бузилди.
21-дақиқа. "Реал Мадрид" рақиби ҳужумга ўтганидан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилди, лекин Эдегорнинг яхши узатмасидан кейин Винисиус тўпга етгунча ҳимоячи уни "аут"га тепиб юборди.
19-дақиқа. "Сосьедад" бир неча дақиқага ўйинни ўз дарвозасидан узоқлаштиргандек, аммо айтарли ҳужум уюштиришга имкон топа олишмаяпти мезбонлар.
17-дақиқа. Кроос бурчак зарбасини амалга оширди, майдон марказига бир бориб келган тўп яна германиялик футболчига келиб тушганда, ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилди.
16-дақиқа. Ўйиндаги биринчи бурчак зарбасини "Мадрид" амалга оширадиган бўлди. Чап қанотдан Менди тўпни жарима майдони ичига узатганди, ҳимоячи уни майдон ташқарисига тепиб юборди.
14-дақиқа. Эдегор билан "девор" услубида тўпни ўйнаган Карим Бензема аниқ зарба берди, дарвозабон қийинчиликсиз тўпни эгаллаб олди.
12-дақиқа. Ҳозирча "Реал Мадрид" катта устунликка эга бўлмоқда, аммо чинакам хавфли вазиятлар бўлгани йўқ.
10-дақиқа. Винисиус икки рақибини доғда қолдириб, жарима майдонига кириб кетаётганда йиқитилди. Кроос амалга ошириб берган жарима зарбасидан кейин ҳимоячилар тўпни узоқлаштришди.
8-дақиқа. Марказга яқин ҳудудда Кроосга нисбатан қўполлик ишлатилди. Меҳмонларнинг чап қанотдан уюштирилган ҳужуми самарасиз якунланди.
6-дақиқа. "Реал Сосьедад"нинг биринчи ҳужуми ўнг қанотдан уюштирилди. Ойарсабалнинг фаоллиги самараси ўлароқ мезбонлар олдинга ўтишганди, лекин Рамос тўпни рақибдан олиб қўйиб, Куртуага етказди ва посбон уни узоқлаштирди.
4-дақиқа. Бугун кўпчилигимиз Мартин Эдегор "Қироллик клуби" сафида майдонга тушишига эътибор қаратдик, лекин шу ўринда асосий таркибда бразилиялик футболчи Каземиронинг йўқлиги ҳам клубнинг ашаддий мухлислари диққатига сазовор бўлгани табиий. Ҳозирча таянч зонага Тони Кроос жавоб бермоқда.
2-дақиқа. Илк дақиқаларда фаворит дейилган "Мадрид" тўпни ўз назоратида ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда. "Сосьедад" эса тезкор қарши ҳужумлар ва Исаакнинг имкониятларига таяниб ҳаракат қиладигандек тасаввур уйғотмоқда.
1-дақиқа. Ўйинни майдон эгалари бошлаб беришди.
Жамоалар майдонга тушиб келишди.
Бугун футбол кўп, уларнинг аксарияти ҳозир ҳам давом этмоқда. Биз учун энг муҳими Ўзбекистон вакили "Пахтакор" ОЧЛ плей-офф йўлланмаси тақдирини амалда ҳал қилувчи ўйинда иштирок этмоқда. Аммо Ла Лиганинг, "Реал Мадрид" ва "Реал Сосьедад"нинг асл мухлислари бу ўйинни эътиборсиз қолдиришмаслиги аниқ.
Киноқахрамонларга ўхшаб кетаётган Серхио Рамос
Мартин Эдегор бу сафар "Мадрид" сафида "Реал Сосьедад"га қарши тўп тепади.
Бугун Ла Лига доирасида икки "Реал" баҳсига гувоҳ бўламиз.
Реал Сосьедад – Реал Мадрид
00.00, «Реале Арена»
Реал Сосьедад – Ремиро, Муньос, Горосабель, Элустондо, Ле Норман, Барренечеа, Гевара, Ойарсабаль, Мерино, Порту, Исак.
Реал Мадрид – Куртуа, Менди, Рамос, Варан, Карвахаль, Кроос, Модрич, Винисиус Жуниор, Эдегор, Родриго, Бензема.
Comments