1та ўйинда тақдири ўзгариб кетган Козак учун хурсандман...
20 oct 2018 13:16
News
1та ўйинда тақдири ўзгариб кетган Козак учун хурсандман...
Аллақачон жамоа сардорига айланиб улгурган Аҳмедов хонадан чиқиб кетган, 16 ёшли Владимир Козак эса ТВда мультфильм кўриб ўтирар эди. Кулдим, Козак мультфильм кўраяпсанми? Ҳа, ака (наманганча шевада) деб кулиб қўйди. 4 кун аввал 16 ёшида асосий таркибда дебют қилган тўрақўрғонлик футболчини ҳали ёшлик тарк этмаган эди. Содда болада барчаси табиий эди.
Отаси Анатолий 80-йилларда Ўзбекистонга келиб "Косонсой" жамоаси сафида жавлон урган эди. Шу-шу Наманган вилоятида қолиб кетди, кейинчалик Тўрақўрғондан уйланди. Шунинг учун ҳам Козак ўзбек тилида равон гапирадиган иймонли фарзанд сифатида вояга етди. 12 ёшида пойтахтга келади ва Дмитрий Ким қўл остида шуғуллана бошлади. Бу "Пахтакор"нинг 1993 йилда таваллуд топган футболчиларни жамлаган олтин авлоди эди. Болалигини кўп ҳам эсламайман, ўша пайтдаёқ жамоа сардори эди.
Афсуски ёш вундеркиндни асрай олмадик. Уни гоҳ ёшлар терма жамоасига, гоҳ олимпия, яна МТЖга ҳам чақирган пайтлари бўлди. Бу пайтда у бор йўғи 17-18 ёшда эди. "Нагрузка" кўпайиб кетди. "Пахтакор" дам берса битта терма жамоага, бири тугаса иккинчиси бошланаверди ва Козакнинг болалик йиллари ўз ёшига мос бўлмаган оғир юкламаларни олишга қолиб кетди. Иккинчи Одил Аҳмедов бўлиши кутилган футболчида 22 ёшга тўлганида орқага кетиш ҳолати кузатилди. Чунки 17-18 ёшида олган нотўғри юкламаларининг асорати унинг соғлиғига таъсир қила бошлади. Бироз юкламани оширсангиз, танасида кучли оғриқ пайдо бўла бошлади. Айнан шунинг учун у бугун хорижда эмас, Ўзбекистонда фаолият олиб бораяпти.
Бундан 2 йил аввал МТЖга чақирилганида кўпчилик уни ҳақорат қила бошлади, "Бабаяннинг ўғли". Бугун эса Купер уни асосий таркибга қўя бошлади. Шота Арвеладзенинг муҳим ўйинчиларидан бирига айланди. Мен ёшликдаги Козакни яна кўра бошладим, у бировнинг ўғли эмас, ўз истеъдоди билан асосий таркиб аъзоси эканлигини исботлаётганидан кўпроқ мен хурсанд бўлаётгандекман. Ҳудди укамдек ўсган футболчи бўлганлиги сабаб бўлса керак. Ҳозир у позициясини ўзгартирган, ҳимоя чизиғида тўп тепаяпти. Ўз пайтида гуллаган "Анжи" машғулотида қатнашиб қайтган эди. Ўшанда ҳам унга жароҳати ҳалақит қилган. Ўз пайтида Илҳом Суюнов ва Одил Аҳмедовнинг 16 ёшли болакайнинг қўллаб-қувватлаши натижасида бугун у яна мухлислар қаршисида йўқолиб қолмаяпти.
Хотиралардан...
"Металлург" - "Пахтакор" - 1:1
21.10.2009. Олий лига 25-тур.
Бош ҳакам: Хотамов Арслон.
Голлар: 0:1 - Гейнрих Александр, 1:1 - Нагаев Иван, 90+3
"Пахтакор": Жўраев Тимур, Бердимурадов Рахматулло, Ўрунов Ғулом, Миладинович Боян, Холмуҳамедов Мурод, Маркович Дарко (Холматов Акмал, 73), Тожиев Фарҳод (Николич Милан, 40) (Холмуродов Акмал, 90), Гейнрих Александр, Аҳмедов Одил, Андреев Станислав, Козак Владимир.
Comments