Карантин тугади ҳам дейлик, неча кундан кейин ўйинларни бошлаган маъқул?
16 apr 2020 12:40
News
Карантин тугади ҳам дейлик, неча кундан кейин ўйинларни бошлаган маъқул?
Эртами-кечми карантин бекор қилинади ва барча яна одатий иш кунига қайтади. Фақат бу ерда асосий савол бор: қачон? Афсуски, бу саволнинг жавобини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмайди. Чунки биз коронавирус билан боғлиқ вазият эрта ё индин қандай тус олишини билмаймиз. Шу боис ҳамма гап карантин қачон тугашига қолган.
Жамоаларга машғулот ўтказишга рухсат берилганидан кейин биринчи расмий ўйингача интервал неча кун бўлади?
ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев "Тезкор студия"даги чиқиши давомида ушбу саволга тўхталиб ўтди:
- Бу ўринда бир нарсага эътибор қаратиш лозим, карантиндан кейин барча жамоалар бир хил ҳолатда бўлади. Ҳозир ҳеч ким машғулот ўтказаётгани йўқ. Шу боис карантиндан кейин вақтдан ютқазиб қўймаслик учун беш кун - бир ҳафта етарли бўлади деб ўйлайман. Айтайлик, жамоалар машғулотни бошлади ва орадан бир ўтиб расмий баҳсда майдонга тушишлари мумкин.
- Чунки қанча чўзганимиз сари вақтдан шунча ютқазамиз ва декабрга бориб қоламиз. Агар вақтимиз кўп бўлиб, икки-уч ҳафта берсак бу ҳар томонлама яхши бўлади. Бу борада қарор чиқаришдан олдин албатта клублар мураббийлари билан маслаҳатлашамиз. Барча мураббийлар бир бўлиб бизга бир ҳафта етарли эмас дейишса, унда ўйинларни яна қолдириб туришга мажбур бўламиз.
- Менимча, мураббийлар ҳам чемпионатни тезроқ давом эттириш тарафдори бўлишса керак, чунки июлнинг иссиғида ва декабрнинг совуғида футбол ўйнагандан кўра, тезроқ олтин оралиқни топган маъқул.
Хўш, бу борада Қатар қандай қандай йўл тутишга ҳаракат қиляпти?
Қатар футбол ассоциациясида фаолият олиб бораётган ҳамюртимиз Алишер Никимбаев қатарликлар режаси ҳақида фикр билдирди:
- Қатар ҳам тезроқ чемпионатни якунлаб олиш ҳаракатида. Машғулотларни бошлаб яна ўйинга қайтиш учун икки ҳафта кераклиги ҳақида гап боряпти. Европада эса бир ой керак дейишяпти. Бир ой танаффусми, демак тўлиқ тайёр бўлиш учун яна бир ой керак дейишяпти. Хуллас бу ўринда ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун қўшимча бир кун деган гап боряпти.
- Қатарда ҳам карантин тугаганидан кейин бу бўйича мураббийлар билан маслаҳат қилинади. Лекин ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб икки ҳафтадан кам бўлмайди.
Бизнинг фикр: Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу ўринда ҳаммаси аввало карантин қачон тугашига боғлиқ. Ҳозир футболчилар уйда индивидуал машғулот ўтказаётгани билан жамоавий тарзда шуғулланишни бошлаганидан кейин ўйлаймизки, камида 10 кун ўтиб Суперлигани келган жойидан давом эттирса бўлади.
Негаки футболда энг яхши тайёргарлик бу - навбатдаги ўйин. Бу ўринда уч ҳафталик машғулотлар кўп ҳам фойда бермаслиги мумкин. Чунки ҳар бир футболчи аввало расмий ўйинга ўзини тайёрлаб боради. Ҳозирча Суперлигада 3та тур ўтказиб бўлинди ва айтайлик, икки ойлик карантиндан сўнг тахминан 10 кун оралиғида чемпионатни давом эттирса бўлади. Ҳар ҳолда тез-тез ўтказиладиган учрашувлар жамоаларнинг ўйин ритмига янада тезроқ тушиб олишига сабаб бўлиши мумкин.
Х.Холиқов.
Comments