Latest news

21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  1 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  1 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  5 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  8 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2 17:32Расман: Игорь Сергеев – "Пахтакор" аъзоси!  20 17:24Расман: Оскар Бразилияга қайтди  3 16:58"Қизилқум" "Олимпик" ярим ҳимоячисига қизиқмоқда  1

Камолиддин Мурзоев: «Шахтёр»га ўтиш – олдинга ташланган қадам» News

Камолиддин Мурзоев: «Шахтёр»га ўтиш – олдинга ташланган қадам»

«Бунёдкор» ва «Насаф» жамоаларининг собиқ ҳужумчиси Камолиддин Мурзоев янги мавсумни «Шахтёр» (Қарағанда)да бошлаши ҳақида хабар берган эдик.
Ўтган мавсумни Қозоғистоннинг бошқа бир жамоаси - «Иртиш» сафида ўтказган Мурзоев «кончилар» билан бир йиллик шартнома имзолаган. Камолиддин янги жамоасида ёлғизланиб қолмайди: яна бир ҳамюртимиз Шавкат Саломов ҳам «Шахтёр» шарафини ҳимоя қилади. Ўтган ҳафта охирида «Шахтёр» раҳбарияти мавсумлар оралиғида таркибга қўшиб олинган янги футболчилар тақдимотини ўтказди. Биз маросимдан сўнг Камолиддин билан боғланиб, бафуржа суҳбатлашдик.

- Камолиддин, «Иртиш»дан кетишингизга клубда юзага келган молиявий муаммо сабаб бўлди, чоғи...

- Буни асосий сабаб сифатида кўрсатолмайман. Шунчаки, Виктор Кумиковнинг чорловига  йўқ, деёлмадим. Қолаверса, бу ўзим учун жуда яхши таклиф эди. Зеро, «Шахтёр» ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган жамоа. Қисқаси, қарор қабул қилишда иккиланганим йўқ. «Шахтёр»га ўтиш - мен учун олдинга ташланган қадам бўлди.

- «Иртиш»да мураббийлар алмашгани ҳам қарорингизга таъсир ўтказгандир?

- Аслида қарағандаликлар сафига шу йилнинг бошидаёқ қўшилишим мумкин эди. Лекин ўтган мавсум охирида «Иртиш»да қолишим борасида бош мураббий билан оғзаки келишиб қўйганим учун Павлодардан кетолмаётгандим. Натижада йил бошидан ўз жамоам таркибида мавсумга тайёргарлик кўраётгандим. Бироқ кутилмаганда, Талгат Байсуфинов «Иртиш»дан кетиши ҳақида айтиб қолди. Бу нафақат мен, балки жамоанинг бошқа аъзолари учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди. Мураббий клубни тарк этгач, ўз-ўзидан «Шахтёр» варианти ҳақида ўйлай бошладим. Бош мураббийнинг кетишидан ташқари, жамоада яна бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Шу орада «Шахтёр»дан яна чорлов бўлди ва таклифни қабул қилдим.

- Саломовнинг «Шахтёр»га ўтиши қандай рўй берди?

- «Шахтёр»да легионерлар учун 2та бўш ўрин бор экан. Мураббийлар штаби бу жойда иккимизни кўришни истади. Ёдингизда бўлса, 2010 йилги мавсумда биз «Насаф»да айнан Виктор Кумиков қўл остида бирга ўйнагандик.

- «Иртиш»нинг сизлардан ўтган мавсум учун қарзи қолмадими?

- Деярли қарзи йўқ. Клуб раҳбарияти футболчилар билан ҳисоб-китоб ишларини амалга оширди.

- «Шахтёр» анча кучли ва ҳар томонлама профессионал клуб ҳисобланади. Қарағандадаги илк таассуротларингиз қандай?

- Жуда яхши. Мана, 2 кун аввал шаҳар ҳокими мухлислар билан учрашди, улкан савдо марказида мавсумлар оралиғида таркибга қўшиб олинган янги футболчилар расман таништирилди. Бу маросимлар юқори савияда ўтди.

- Клуб базаси, жамоанинг уй стадиони ҳақида нима дея оласиз?


- Очиғи, ҳали клуб базаси ва стадионига борганимиз йўқ. Тақдимот маросимидан сўнг Остона шаҳрига келдик ва ҳозир шу ерда, «Астана Арена» стадионида шуғулланяпмиз.

- Алоҳида уй беришдими ёки клуб базасида яшайсизлар?

- Ҳозирча базада яшасак керак. Кунлар исиганидан сўнг оиламизни ҳам олиб келишни режалаштирганмиз. Ўшанда уй ажратишади, албатта.

- Янги жамоангиздаги футболчилар билан яқиндан танишиб олдингизми? Ички муҳит қандай?

- Анча яхши. Футболчилар очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Ўтган йили улар билан майдонда тўқнаш келганмиз. Қисқаси, таниш чеҳралар.

- Раҳбарият клуб олдига аниқ вазифалар қўйдими?


- Шубҳасиз, вазифалар жуда юқори. «Шахтёр» барча мусобақаларда муваффақиятли қатнашиши керак. Яъни мақсад - Қозоғистон чемпионати ва мамлакат кубогида зафар қучиш. Маълумки, ўтган йили «Шахтёр» Европа ЧЛда ажо-йиб мавсумни ўтказди. Сўнгги саралаш раундида ҳатто «Селтик»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, яхшигина шов-шув кўтарганди. Агар глазголиклар тўсиғидан ўтиб олганида, гуруҳ босқичида «Барселона», «Милан» ва «Аякс» билан ўйнарди. Кейин Европа Лигаси гуруҳ босқичида иштирок этди. Бу йил ҳам вазифалар жиддий.

- Ўзингиз учун 27-рақамни танлабсиз. Бу ниманидир англатадими?

- Кўнглимга яқин рақамлар банд экан. Яқинда 27 ёшга тўлдим ва шунинг учун айнан «27»ни танладим. Бу рақам билан боғлиқ ҳеч қандай воқеа йўқ. Шунчаки, ёшимга мослаб олдим.

- «Шахтёр» ҳужум чизиғида рақобат жуда кучли. Асосий таркибдан жой олиш учун жиддий кураш кечишини тахмин қилиш қийин эмас. Таклифга розилик бераётганингизда, шу ҳақда ҳам ўйладингизми?

- Албатта. Биринчи навбатда, шуни ўйладим. Энди ҳар бир соҳада рақобатсиз ўсиш бўлмайди. Имкон қадар меҳнат қилиб, асосий таркибга киришга ҳаракат қиламан.

- Бу борада асосий рақобатчиларингиз кимлар? Ўтган йилги асосий таркиб ҳужумчиларими?


- Ўтган йилги ҳужумчилардан биргина Роман Муртазоев қолган. Яқинда Топчагич деган футболчи билан шартнома имзоланди. Шунингдек, яна икки нафар маҳаллий ёш ҳужумчи бор.

- Қозоғистон чемпионатида техникадан кўра, яккама-якка курашларга эътибор катта. Бундай футболга кўникиб қолдингизми?

- Тўғри айтдингиз, бу ерда ҳар бир ўйин курашларга бой ўтади. Майдоннинг ҳар бир қарич ери учун кураш кечади. 90 дақиқа бир маромда ўйнаш учун юқори жисмоний тайёргарликка эга бўлиш керак. Машғулотларда ҳам асосий эътибор айнан жисмоний машқларга қаратилади.

- Тўпурарлик маҳоратингизни намойиш этиш фурсати етиб келди, деб ўйлаймиз...


- Мени ҳам шу нарса тинч қўймаяпти. Бу ҳақда жуда кўп ўйлайман. Бу йил жамоам учун имкон қадар кўпроқ ва керакли голлар уришга ҳаракат қиламан. Афсуски, сурункали жароҳатлар ўтган 2 йил давомида бунга имкон бермади. Ўйлайманки, энди бошқача бўлади.

- Шу орқали терма жамоа мураббийлари эътиборига ҳам тушишингиз мумкин...

- Албатта, терма жамоага қайтиш мен учун жуда муҳим. Ўзи ҳар бир футболчи учун энг юқори марра - бу  терма жамоа либосида майдонга тушиш.

- Миллий жамоамизнинг БАА термасига қарши ўтказган ўйини ҳақида қандай фикрдасиз?

- Кўриниб турибдики, БАА жамоаси ўтган йиллар билан таққослаганда, анча кучайибди. Ўйиндан олдин ва кейин ўтказилган матбуот анжуманларида мураббийлар томонидан билдирилган фикрларни ўқидим. Бизнинг йигитларга ғалаба қозониш учун 2та нарса етишмади. Биринчидан, сифатсиз майдон, иккинчидан, мавсумнинг ҳали бошланмагани панд берди. Бундай майдонда тезкор ўйин намойиш этишнинг имкони йўқ. Кўпроқ жисмоний тайёргарлик талаб этилади. Муҳими, терма жамоамиз Осиё кубоги-2015 финал босқичи йўлланмасини қўлга киритиб бўлган. Энди қитъа чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш керак.

- Ўтган мавсумдаги фаолиятингизни оддий мухлис сифатида қандай баҳолайсиз?

- Очиғини айтсам, ҳаммаси мен учун яхши бошланганди. Бирин-кетин голлар ураётгандим. Афсуски, кутилмагам жароҳат барчасини барбод қилди.

- Виктор Кумиков билан бафуржа гаплашдингизми? У сизга қандай маслаҳат ёки тавсиялар берди?

- Виктор Балютович аввало, имкон қадар тезроқ жамоа ўйинига киришиб кетишимни тилади. Бунинг учун машғулотларда кўп тер тўкишим ва меҳнат қилишим кераклигини айтди.

- Ўзбекистон чемпионатини яна четдан кузатасиз. Миллий биринчилигимиз савияси аввалги йиллар билан таққослаганда, ошишига ишоняпсизми?


- Йилдан йилга ўзгаришлар бўляпти. Бунга мисол тариқасида бу йил қатор жамоаларимизнинг хорижда йиғин ташкил этганларини айтиш мумкин. Шу пайтгача 3-4та клубимиз БАА ёки  Туркияга борарди. Энди эса етакчилар сафига «Металлург», «Олмалиқ», «Нефтчи» жамоалари ҳам қўшилишди.

- Сизнингча, янги мавсумда қайси жамоа чемпион бўлади?

- Чемпионлик учун кураш янада қизғин кечса керак. Ўтган мавсум 3та жамоа охирги тургача чемпионлик учун кураш олиб борганди. Бу йил эса «Бунёдкор», «Пахтакор», «Локомотив», «Насаф» жамоалари янада жиддий рақобат олиб боришади, чамамда. Шунингдек, «Олмалиқ» ҳам бор. Игорь Шквирин жамоаси мавсум кашфиёти бўлиши мумкин.

- Ўзбекистон олий лигаси ва Қозоғистон премьер-лигасини жуда кўп таққослашади. Фақат сўнгги йилни олсак, сизга қайси чемпионат кучлироқ кўринди?

- Менимча, 2та турли биринчиликни таққослаш ноўрин. Ҳар икки чемпионатнинг ўз йўналиши ва мақсадлари бор. Шунга яраша кучли ва заиф жиҳатлари ҳам йўқ эмас.

- Машғулотлардаги фарқни тасвирлаб бера оласизми?


- Виктор Кумиков машғулотларда асосан жисмоний тайёргарлик ва стандарт вазиятларга эътибор қаратади. Футболчилардан катта куч ва эътибор талаб қилинади. Бундай машғулотлардан кўзланган асосий мақсад - футболчининг 90 дақиқа давомида бир маромда ўйин намойиш этишини таъминлаш. Биздаги машғулотларда эса мураббийлар кўпроқ тўпни назорат қилиш, у билан муомалада бўлишга урғу беришади. Бунинг учун «квадрат»да кўп ўйналади.

- Вақтида дунёга машҳур мураббий Сколари қўл остида ҳам шуғуллангансиз. Шундан келиб чиқсак, янги жамоангиздаги машғулотлар қийинчилик туғдирмаётган бўлса керак...


- Шундай деса ҳам бўлади. Дунё даражасидаги мураббий қўл остида озми-кўп ўйнаганимдан хурсандман. Қолаверса, Ривалдо билан елкама-елка тўп сурдим. Бу мен учун катта бахт. Ўша таркибда яна Сервер Жепаров, Темур Кападзе сингари миллий жамоамизнинг етакчи футболчилари ўйнашарди. 2009 йилги мавсумнинг 1-даврасини «Насаф»да ўтказгандим. Ўшанда 14та ўйинда 7та гол урганман. Ўйинларимни кузатиб борган Сколари мени «Бунёдкор»га таклиф қилган. Аммо янги жамоа сафидаги ўйинларим муваффақиятли чиқмади. 5та учрашувда майдонга тушиб, бирорта гол уролмадим. Шундан кейин 2010 йилги мавсумни яна «Насаф»да бошладим. Бир йил тўлиқ ўйнаганимдан сўнг яна «Бунёдкор»га чақиришди. Тўғри, ўшанда жамоа билан бирга мамлакат чемпионлиги ва кубогини қўлга киритдим. Лекин шахсий кўрсаткичларим билан мақтанолмайман.

- Бақоев расман «Иртиш»да қолдими? У билан яқин орада гаплашдингизми?

- Улуғбек билан ижтимоий тармоқ орқали кунора ёзишиб турибмиз. Собиқ жамоам янги мавсумга Туркияда тайёргарлик кўрмоқда. Бақоев ҳам павлодарликлар сафида шуғулланяпти. У жамоада қолди ва янги мавсумни ҳам «Иртиш» таркибида бошлайди.

- Европа футболидан ҳам бохабар бўлиб боряпсизми?


- Албатта. Касбимиз футбол бўлганидан кейин бусиз иложи йўқ. Лекин кўп ўйин кўришга вақт етишмайди. «Шахтёр»да кун тартибига катта эътибор қаратилар экан. Вақтида ухлаш, дам олиш керак. Шу боис имкон даражасида муҳим ва қизиқарли ўйинларни кўряпман, холос. ЕЧЛ ва ЕЛ ўйинларини томоша қилдим. Шунингдек, Испания ва Италия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувини кўрдим.

- Ўзи қайси жамоаларга мухлислик қиласиз?

- «Реал» ва «Манчестер Юнайтед»га. Лекин фанатлик даражасида эмас. Шунингдек, Лондоннинг икки жамоаси - «Арсенал» ва «Челси» иштирокидаги ўйинларга ҳам бефарқ эмасман. Умуман олганда, менга Англия футболи маъқул.

- «Реал»нинг ишлари ёмон эмас. Лекин «Манчестер Юнайтед» жамоаси ўзига умуман ўхшамаяпти. Алекс Фергюсоннинг бош мураббийлик ваколатини топшириши жамоа натижаларига шунчалик таъсир қилдимикан...?

- Шубҳасиз. Фергюсон катта шахс. У «МЮ» учун афсона. Тўғри, Дэвид Мойесни ўзи тавсия қилди. Аммо шотландиялик билан шотландияликнинг фарқи бор экан. Эҳтимол, Мойесга ҳам вақт бериш керакдир. Лекин бошқа томондан, «қизил иблислар» бу йил еврокубоклардан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. Мана, клуб ҳаттоки, ўз майдонида ўртамиёна рақибларга имкониятни бой бериб қўймоқда. Таркиб эса деярли ўзгаргани йўқ - Фергюсон тузган жамоа ҳамон ўйнаяпти. Демак, ҳамма гап бош мураббийда...

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика