ЖЧ саралаш. Гуруҳда иккинчи ўринга тушдик, буёғига яна математика билан шуғулланамизми?
31 mar 2021 23:12
News
ЖЧ саралаш. Гуруҳда иккинчи ўринга тушдик, буёғига яна математика билан шуғулланамизми?
Саудия Арабистони терма жамоаси рақибни аяб ўтирмади ва 5:0 ҳисобида зафар қучди. Ушбу ғалабадан сўнг ЖЧ саралашдаги рақибимиз ўз очколари сонини 11тага етказиб гуруҳ пешқадамига айланиб олди. Шундай қилиб бизда ҳам, Саудияда ҳам учтадан ўйин қолди.
Саралаш баҳслари 3-15 июнь оралиғида марказлашган тартибда Саудия Арабистонида бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, бу жамоанинг гуруҳ пешқадамлигини топшириб қўйишига ишониш қийин. Лекин шуни унутмайликки, ҳаммаси ҳамон ўз қўлимизда.
Математикага бормисиз?
Шу пайтгача фақат гуруҳ пешқадамлигини кўзлаб келаётгандик, бироқ иккинчи ўринга тушиб қолгач, эндиликда иккинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқиш имкониятларимизни чамалай бошладик. Хуллас ҳар жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида биз тўқнаш келадиган математика билан яна ҳисоблашиб кўрамиз.
Ўзи бизда доим шунақа бўлган, ҳал қилувчи паллада футбол бир четда қолиб ҳисоб-китоб қилишга тушиб кетамиз. Агар фалончи жамоа ютқазиб, биз ютсак ундай бўлади, пистончи жамоа кам гол уриб, биз кўпроқ урсак бундай бўлади, хуллас ғолиб жамоага 3 очко, дуранг қайд этганга 1 очко, ютқазганга 0 очко қоидаси ёзилганидан бери математика билан овора бўлиб келганмиз.
Саудия кимлар билан ўйнайди, биз-чи?
Кечаги ғалабадан сўнг Саудия Арабистони биздан 2 очкога илгарилаб кетди. Бизда 9, уларда 11 очко бор. Саудия Арабистони терма жамоаси июнь ойидаги ўйинларда дастлаб Яман, сўнгра Сингапур ва охирида биз билан куч синашади. Бизнинг ҳам рақибларимиз Яман, Сингапур ва Саудия Арабистони.
3 июнь. Саудия Арабистони - Яман
11 июнь. Сингапур - Саудия Арабистони
15 июнь. Саудия Арабистони - Ўзбекистон
7 июнь. Ўзбекистон - Сингапур
11 июнь. Яман - Ўзбекистон
15 июнь. Саудия Арабистони - Ўзбекистон
Имкониятлар қандай?
Юқорида ҳали ҳаммаси ўз қўлимизда эканини айтиб ўтдик. Айтайлик, Саудия Арабистони дастлабки икки учрашувни ўз фойдасига ҳал этса ва биз ҳам иккита ўйинда ғолиб бўлсак, икки очколик фарқ сақланиб қолади. Сўнгра охирги ўйинда масала ҳал бўлади. Агар Саудияни ўз майдонида мағлуб эта олсак, гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқамиз ва ортиқча ҳисоб-китобларга ўрин қолмайди.
Шунда саудияликларни бир очкога ортда қолдириб кейинги босқичга чиққан бўламиз. Айтайлик, 15 июнь кунги баҳсда дуранг ё мағлубият қайд этсак, унда нима бўлади? Унда бошқа гуруҳлардаги иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар билан ўзаро ҳисоб-китоб ишларини қилишимизга тўғри келади.
Кейинги босқичга нечта жамоа чиқади?
Кўпчилик шу гуруҳдан чиқсак, марра бизники, жаҳон чемпионатига борамиз деб ўйлаяпти. Лекин бу босқич ҳали жаҳон чемпионати дегани эмас. Ахир ЖЧ йўлланмаси Саудия, Фаластин, Яман, Сингапур билан ўйинларда қўлга киритилмайди. Биз ҳали Япония, Жанубий Корея, Эрон, Австралия, Хитой каби жамоалар билан тўқнаш келганимиз йўқ.
Ҳозирча саралашнинг иккинчи босқичи давом этяпти ва бунда жами 40та жамоа 5тадан 8 гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб боряпти. Мусобақа регламентига кўра, ҳар бир гуруҳдан биринчи ўринни эгаллаган жамоалар (8та) тўғридан тўғри кейинги босқичга йўл олишади. Шунингдек, иккинчи ўриндаги энг яхши кўрсаткичга эга тўртта ёки бешта жамоа ҳам учинчи босқич йўлланмасини қўлга киритади.
Гап шундаки, ЖЧ-2022 Қатарда бўлиб ўтади ва Қатар саралашда конкурсдан ташқари иштирок этмоқда. Яъни, Қатарнинг натижалари фақат Осиё Кубоги-2023 учун керак, холос. Шу боис Қатар гуруҳда биринчи бўлса (катта эҳтимол билан шундай бўлади ҳам), унда иккинчи ўринни эгаллаганлар орасида бешинчи жамоанинг ҳам кейинги босқичга ўтиш имконияти бўлади.
Иккинчи ўриндагилар кимлар?
Табиийки 8та гуруҳ бўлганидан кейин 8та иккинчи ўриндаги жамоа ҳам бўлади. Кетма-кетликда қарайдиган бўлсак, ҳозирча Ўзбекистон 8 жамоа орасида 4-ўринни эгаллаб турибди.
1. Уммон - 12 очко (тўплар нисбати +7)
2. Қувайт - 10 очко (тўплар нисбати +14)
3. Тожикистон - 10 очко (тўплар нисбати +1)
4. Ўзбекистон - 9 очко (тўплар нисбати +6)
5. Малайзия - 9 очко (тўплар нисбати +2)
6. Баҳрайн - 9 очко (тўплар нисбати +2)
7. Жанубий Корея - 8 очко (тўплар нисбати +10)
8. Хитой - 7 очко (тўплар нисбати +11)
Аслини олганда биз ҳозир ҳам яхши ҳоатдамиз ва Яман билан Сингапурни ютиб олсак, Саудияга қарши қандай ўйнашимиздан қатъий назар кейинги босқичга чиқишимизга ишонса бўлади. Аммо бу - футбол ва кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин. Шу боис ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш керак.
Юқорида терма жамоамизнинг қолган 3та ўйини кимлар билан қачон бўлишини келтириб ўтдик. Шу ўринда бошқа гуруҳлардаги иккинчи ўрин эгалари майдонга тушадиган баҳслар тақвимини келтириб ўтамиз.
Уммон - 12 очко (тўплар нисбати +7)
7 июнь. Уммон - Қатар
11 июнь. Афғонистон - Уммон
15 июнь. Бангладеш - Уммон
Уммон айталик, Қатардан мағлубиятга учраб кейинги иккита беллашувни ютиши мумкин. Шунда уларнинг очкоси 18 бўлади. Бу томонлама олиб қарайдиган бўлсак, Уммон кейинги босқичга чиқадиган асосий даъвогарлардан бири сифатида кўриняпти.
Қувайт - 10 очко (тўплар нисбати +14)
3 июнь. Австралия - Қувайт
11 июнь. Қувайт - Иордания
15 июнь. Хитой Тайпейи - Қувайт
Марказлашган мусобақа Қувайтда ташкил этилади. Майдон эгалари илк учрашувни Австралияга қарши ўтказишади. Қувайт сўнгра Иордания ва Хитой Тайпейи билан куч синашади. Айтиш мумкинки, бу ўринда Қувайтни иккита қийин баҳс кутиб турибди.
Тожикистон - 10 очко (тўплар нисбати +1)
7 июнь. Япония - Тожикистон
15 июнь. Тожикистон - Мьянма
Ён қўшнимиз Тожикистон 25 март куни Мўғулистонга қарши майдонга тушиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Буёғига тожикларнинг иккита ўйини қолди. Айтиш мумкинки, ҳар иккала баҳс ҳам оғир кечади. Япония - гуруҳ фаворити, бунга шубҳа йўқ. Лекин Мьянма биринчи даврада Тожикистонни 4:3 ҳисобида мағлуб этганди.
Ўзбекистон - 9 очко (тўплар нисбати +6)
7 июнь. Ўзбекистон - Сингапур
11 июнь. Яман - Ўзбекистон
15 июнь. Саудия Арабистони - Ўзбекистон
Бизнинг гуруҳ ҳақида ҳали кўп тўхталамиз. Айтиб ўтганимиздек, энг асосийси дастлабки иккита беллашувни ўз фойдамизга ҳал қилиб олиш. Сўнгра Саудия билан ўйинда нима бўлишини вақт кўрсатади.
Малайзия - 9 очко (тўплар нисбати +2)
3 июнь. БАА - Малайзия
11 июнь. Малайзия - Вьетнам
15 июнь. Таиланд - Малайзия
Малайзия ҳам кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қилмоқда. Лекин бу жамоани учта қийин беллашув кутиб турибди деса бўлади. Бир сўз билан айтганда, имкониятлари жуда кам.
Баҳрайн - 9 очко (тўплар нисбати +2)
3 июнь. Баҳрайн - Камбоджа
7 июнь. Эрон - Баҳрайн
15 июнь. Баҳрайн - Гонконг
Баҳрайн термаси жуда қийин гуруҳдан жой олган. Гуруҳда Ироқ термаси пешқадамлик қилмоқда. 6 очко тўплаган Эрон эса учинчи ўринни эгаллаб турибди. Шу боис буёғига ҳар бир баҳс қизиқарли тус олади. Айтганча, кейинги ўйинлар Баҳрайнда бўлиб ўтади.
Жанубий Корея - 8 очко (тўплар нисбати +10)
3 июнь. Жанубий Корея - Туркманистон
7 июнь. Жанубий Корея - КХДР
11 июнь. Шри Ланка - Жанубий Корея
15 июнь. Жанубий Корея - Ливан
Жанубий Корея иккинчи ўринда бораётгани билан қолган ўйинларни ўз майдонида ўтказади. Шунингдек, бу жамоанинг ҳали 4та учрашуви бор. Бу дегани кореяликлар бемалол гуруҳда биринчи бўлиши мумкин. Ҳозирча эса Туркманистон пешқадамлик қилмоқда.
Хитой - 7 очко (тўплар нисбати +11)
3 июнь. Хитой - Мальдив
7 июнь. Хитой - Филиппин
11 июнь. Гуам - Хитой
15 июнь. Хитой - Сурия
Гуруҳ пешқадами Сурияда учта ўйин қолган, Хитойда эса 4та. Шу боис бу гуруҳда ҳам вазият ҳар турдан сўнг ўзгариб кетиши мумкин. Саралаш баҳслари Хитойда бўлиб ўтишини инобатга олсак, майдон эгаларида имконият юқори бўлади.
P.S. Иккинчи ўриндаги жамоалар жадвали ҳар турдан сўнг ўзгариши мумкин. Шу боис айни ҳолатга кўра ўз тахминларимизни келтириб ўтдик. Лекин биз хоҳлардикки, футболчиларимиз қолган 3та ўйиннинг ҳаммасини ғалаба билан якунлаб, гуруҳ пешқадами сифатида кейинги босқичга йўл олсак. Шунда математик ҳисоб-китобларга асло ўрин қолмасди.
Comments